Рўзиқул Бердиев: «Чемпионлик – бу фахр, бу ғурур»
10 ноя 08:52
Новости
Рўзиқул Бердиев: «Чемпионлик – бу фахр, бу ғурур»
Беллашувдан сўнг жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида иштирок этди.
Ўйин ҳақида кўп тўхталмоқчи эмасман. Биз учун асосий воқеа бугунги байрам эди. Олдимиздаги мақсадга эришганимиздан хурсандмиз. Мухлисларимиз ва ўзимизнинг орзумизга эришдик. Бу тарихий воқеа билан барча мухлисларимизни, клуб раҳбариятини, жамоамиз аъзоларини, меҳнат қилган ва қўллаб-қувватлаган инсонларни тарихий воқеа билан чин қалбимдан табриклайман.
Чемпионлик билан табриклаймиз. Келаси йил ҳам чемпионлик кутамиз...
Бу қашқадарёликлар, Насаф мухлислари учун тарихий воқеа. Бу фахр, бу ғурур. Бундай ютуқлар ҳар доим ҳам бўлавермайди. Жуда хурсандмиз. Бугунги ўйинни ҳеч ким эсламаса керак. Аммо бугунги кунни тарихий кун, чемпионлик нишонлаш сифатида узоқ йиллар эслаб қолинади.
«Насаф» келаси йили Элит чемпионлар лигасида ўйнайди. Кейинги йилга қандайдир ўзгаришлар кутсак бўладими?
Биласизлар, бу ҳам бизнинг бир ютуғимизки, жамоанинг даражасини, савиясини анча кўтариб олдик. Мен шунча йилдан бери ушбу жамоа билан биргаман. Қачон Кубокни ютарканмиз ёки қачон халқаро майдонда ўйнарканмиз, деб орзу қилардик. Ҳозирги даражамизни кўриб кўпчилик хурсанд бўлади ва ҳавас қилишади. Шунинг учун бу даражамизни ушлаб туришимиз керак. Чунки бирор мавқега чиқадиган бўлсак, бунга муносиб бўлиш лозим. Албатта, бу борада клубимиз иш олиб боради. Бунга имкониятимиз ва шароитимиз бор. Ўйлайманки, олдимизга янада юқори мақсадлар қўйилади.
4 та Кубокни ютиш оғирроқми ёки бир марта Суперлигани ютишми?
Чемпион бўлиш ёқимлироқ. Чунки биз 7 та Кубок ютганмиз. Лекин буни ҳис қилиш, мухлислар билан нишонлаш бошқача экан. Шу сабабли энди фақат чемпионликка ҳаракат қилишимиз керак. Олдингиздаги мақсадга эришсангиз бундан яхшироқ хурсандчилик йўқ. Тарихда биринчи марта чемпионликни қўлга киритдик. Жуда хурсандмиз. Бунинг қадри ва хурсандчилиги катта.
Ёши улғайган футболчиларнинг тақдири нима бўлади?
Бу – футбол. Буни тушунишимиз ва тўғри қабул қилишимиз лозим. Қаердадир тажрибали ўйинчилар керак. Аммо жамоалар олдига ёшартириш мақсадини ҳам қўйиш мумкин. Буни чуқурроқ ўйлаб, маслаҳатлашиб, кейин қарор қабул қиламиз. Кимдир хизмат қилиб, жамоамизга катта ёрдами тегиб хайрлашган тақдиримизда ҳам барча футболчиларга миннатдорчилик билдириб қоламиз. Кейинги йил бўйича ҳали аниқ муҳокама қилинмаган.
Қайси чизиқлар сизни кўпроқ ташвишлантиряпти?
Чизиқларни қўйинг, биз ҳозир чемпионмиз (кулади).
«Сўғдиёна» чемпион жамоани иккала учрашувда ҳам бир хил ҳисобда таслим этди. Насаф учун Сўғдиёна нимаси билан ноқулай рақиб?
Барибир ўйин ҳақида гапиришга тўғри келди. Кўрдинглар, биз рақибдан анча устун ўйнадик. Ўйин мазмуни бўйича ҳам. Улар гол уришди, биз эса гол уролмадик. Биринчи даврадаги учрашув такрорлангандек бўлди. Ўшанда ҳам устунликка эришгандик. Лекин баъзида бизга ноқулай рақиб бўлади. «Ал Ҳусайн»ни ҳам кўрдинглар, жамоамиздан унчалик устун эмасди. Лекин иккала учрашувда ҳам ютқаздик. Бу – футбол. Шунинг учун бу нарсани қабул қилишимиз лозим. Буни алоҳида муҳим жиҳати йўқ. Кўп жамоаларни иккита ўйинда ҳам ютганмиз. Қайсидир клуб эса бизни 10 марталаб ҳам юта олмаяпти. Бу статистика, бунга мен қизиқмайман. Муҳими, натижага эришдик.
Комментарии