RU

Последние новости

08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  0 07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  0 03:00Франция. ПСЖ "Тулуза" дарвозасига 3та гол урди  0 03:00Бундеслига. "Бавария" йирик ғалабага эришди, Кейндан хет-трик  0 01:47Арне Слот: "Гвардиоланинг қолишидан хурсанд бўлдим"  0 01:13"Манчестер Сити" Чемпионшипга тушириб юборилса, Пеп жамоада қоладими? Унинг ўзи жавоб берди  1 00:43Флик Левандовскининг оффсайди борасида тушунтириш беришларини сўради  3 00:10Саудия Арабистони. Обамеянгнинг голи "Ал Насср"ни мағлуб қилди, Роналдудан 911-гол  15 23:33Россия. "Рубин" "Акрон"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 23:17Рубен Аморим: "Ўзимга, футболчиларга ва клубга ишонаман"  2 22:44Месси Флик "Барселона" бош мураббийи бўлгани ҳақида гапирди  8 22:08"Интер Майами"ни ким бошқариши аниқ  1 21:48Виталий Левченко: "Нефтчи"да ёшлар йўқ? Бунинг учун шароитлар йўқ"   8 21:35Рўзиқул Бердиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"  15 21:09Жамшид Саидов: "Ёш болалардек ўйнадик, рақиб бизни янчиб ташлади"  0

Ростовдаги ўзимизнинг йигит ёхуд Андрей Акопянц билан дилдан суҳбат Новости

Ростовдаги ўзимизнинг йигит ёхуд Андрей Акопянц билан дилдан суҳбат

Мухлисларимизга яхши таниш бўлган Андрей Акопянц айни пайтда Россияда. Маълумки, у ўтган йили чемпионатимизга қайтган ва “Бухоро” билан “Нефтчи”да фаолият олиб борганди.

Бироқ унинг бу ердаги ишлари юришмади. Кейин яна Россияга қайтиб кетди. 38 ёшли Акопянц ҳозирда нима иш билан машғул? Нега унинг чемпионатимиздаги иштироки муваффақиятли чиқмади? Хуллас, у билан гаплашадиган гапларимиз кўп эди.

- Андрей, агар сир бўлмаса айтинг-чи, айни чоғда қандай ишлар билан машғулсиз?
- Ҳозир вилоят миқёсида ўйнаяпман, ёш болаларга устозлик қилмоқдаман.

- Сизни ўйновчи мураббий деб айтиш мумкинми?
- Ҳа, бемалол шундай атасангиз бўлаверади.

- Ўзингиз шуғуллантираётган жамоа ҳақида бироз гапириб берсангиз?
- Авваллари бўлгани каби асосан болалар ва ўсмирлар мактабида уларга таълим беряпман.


- Ўша мактаб Ростов вилоятидами?
- Ҳа, шундай.

- Адашмасам, ўзимизда тўп сурган охирги жамоаларингиз – “Бухоро” ва “Нефтчи” ҳисобланади, тўғрими?
- Ҳа, янглишмадингиз.

- Лекин ўша клубларда фаолиятингиз кўнгилдагидек чиқмаган. Буни қандай изоҳлаган бўлардингиз?
- Агар ҳаммасини гапириб берсам, буни оқизмай-томизмай ёзадиган бўлсангиз, Ўзбекистонда мен ҳақимда нотўғри тушунча пайдо бўлиши турган гап. Ваҳоланки, менда футбол борасида тажриба, орттирган обрў ва ҳурмат бор эди. Ростини айтадиган бўлсам, футболда теран тушунмайдиган мураббийлар қўлига тушиб қолгандим. Буларнинг бири – Эдгар Гесс эди. Иккинчиси ҳақида гапиришни ҳам истамайман. Хуллас, бир-биримизни тушунмаганмиз. Сиз менинг майдонга тушган ҳолда кўрсатган ўйинимдан келиб хулоса чиқарасиз. Лекин ўша кезларда ўйингача бўлган жараёнлардан хабарингиз йўқ.   

- Эдгар Гесс ишлаган охирги клуб “Андижон” ҳисобланади. Унинг бу жамоада ҳам ишлари юришмаган...
- Мен уни футбол мураббийи деб аташни ҳам истамаган бўлардим.

- Эҳтимол, бу саволим сизга ёқмасдан жавоб беришни истамаслигингиз ҳам мумкин. Агар жавоб бермаган тақдирингизда ҳам бунинг учун хафа бўлиб ўтирмайман. Сизни “Нефтчи”га Андрей Фёдоров олиб келганди. Ўшанда Фёдоров “Мен Андрей Акопянцга худди ўзимга ишонгандек ишонаман” деганди. Бироқ жамоада ўйнаб кета олмаганингизнинг сабаби нимада бўлган?
- Андрей Фёдоров ҳақида салбий фикр билдиришга ботина олмайман. Аммо жамоада ундан ташқари яна бошқа одамлар ҳам бор бўлиб, улар ҳам клуб вакиллари эди. Нимага шундай бўлганини билмайман-у, у ҳеч қандай сабабсиз менга бўлган совуқ муносабатини илк кунлардан намойиш этишга тушган. Эҳтимол, ўша кишига қолган ўйинчиларни руҳлантира олиши мумкин бўлган тажрибали ижрочи шарт бўлмаган кўринади. Акмал Холматов ҳам мен билан тенгқур, бироқ Мурод Исмоиловга нимам ёқмаган экан, ҳеч англаб етмаганман. Мен учун қизиқ, ҳозир Исмоилов қаерда? У бирор жамоани бошқаряптими?   

- “Нефтчи”дан кетганидан сўнг у “Қўқон-1912”ни қабул қилиб олганди. Шундай жамоа борлигини унутиб қўймаган бўлсангиз керак?
- Ҳа, биламан.


- Хуллас, Қўқонда 5 ёки 7 тур ишлаганидан сўнг у ердан ҳам истъефога чиқишга  мажбур бўлган. Ҳозир яна “Нефтчи”да ишлаяпти. Энди у Фёдоровнинг ёрдамчиси ҳисобланади.  
- Демак, бу мураббийлар ҳақида гапирган чоғимда хатога йўл қўймаганимни англатади. Агар улар ўз ишининг ҳақиқий усталари бўлиб, бошқараётган клублари билан ғалабаларга эришган тақдирда ҳозир ҳам бош мураббий вазифасини бажараётган бўлардилар. Албатта, бундай оҳангда гапириб уларнинг устидан мағзава ағдаришни истамайман. Менга шуниси алам қилганки, фаолиятимни бошлаган жойда тамомлаш имкониятидан маҳрум бўлдим. Бу эса кишига жуда алам қилар экан.

- Ўша кезларда айрим одамлар “Андрей Акопянц анча қариб қолибди, шунинг учун ҳам ортга қайтишга қарор қилган шекилли...” деган гапларни ҳам айтгандилар...
- Бу уларнинг ҳуқуқи. Одамларни у гапни айтма, буни гапирма, дея чеклаб қўя олмайсиз. Улар истаган гапини гапиришлари мумкин. Телевидение орқали намойиш этилган ўйинни томоша қилган ҳолда ҳаммаси аксинча бўлганини кўрасиз. Адашмасам, ўша учрашувлардан бирида “Локомотив”га қарши майдонга тушгандим. Менда ўша беллашувнинг диски ҳам бор. Қаерда ўйнамай, бор кучимни ишга солишга одатланганман. Гарчи ёшим бошқаларга нисбатан катта бўлса-да, бемалол ўйнашда давом этардим. Ҳаммаси мураббийга боғлиқ. Агар у сенга ишонса, ишончини оқлаш учун жонингни жабборга бергудек тўп сурасан. Бунинг акси бўлса-чи, майдонга тушиб тўп суришга бўлган иштиёқинг ҳам сўниши турган гап. Агар мураббийга ёқмай қолган бўлсанг, у сени захирадан майдонга тушириши, орадан 10 дақиқа ўтар-ўтмас, сени бошқа ўйинчига алмаштириб юбориши ҳам мумкин. Бундай муносабат эса ўйинчини руҳан чўктириб қўяди.   

- “Ростов” клубида бир неча йил муваффақиятли тўп сургансиз. Айтинг-чи, собиқ жамоангизни кузатишда давом этяпсизми? “Ростов” ниҳоясига етган мавсумда кумуш медалларга эга чиқишдан ташқари, келгуси мавсумни ЧЛ саралашида бошлаш имкониятини ҳам қўлга киритди.
- Ҳа, “Ростов”нинг ўйинларини кузатиб бораман. Боз устига тез-тез жамоага ташриф буюриб тураман. Биз Қурбон Бердиев ташкил этган семинарларда ундан мураббийлик сирларини ўрганамиз. Умуман, ушбу жамоада олиб борилаётган ишлар жуда қониқарли йўлга қўйилган. Устига-устак энди ”Ростов”да бир пайтлар ўзим билан тўп сурган айрим кишилар, жумладан Кириченко ҳам ишламоқда.

- Қурбон Бердиев бошчилигидаги мазкур клубда эронлик Сардор Азмун тўп сурмоқда. Билсангиз керак, Ўзбекистон жаҳон чемпионати саралаш баҳсларининг охирги босқичида Эронга қарши ҳам тўп суради. Гуруҳимизда бундан ташқари, Қатар, Жанубий Корея, Хитой ва Сурия терма жамоалари ҳам ўрин олганлар. “Ростов”да ўйнаётган Сардор Азмун ҳақида сиздан бежиз сўрамадим. У ҳақида нима деган бўлардингиз?
- Терма жамоамиз ҳақида нима дейишим мумкин? Охирги саралаш раундларида термамиз жуда яхши ўйин кўрсатган бўлса-да, якунда омад юз ўгирди. Омадсизлик муттасил равишда давом этавермайди-ку! Бир кун келиб омадсизликка чек қўйилиши керак. Умид қиламанки, терма жамоамиз учун бундай пайт етиб келди. Бизда иқтидорли ўйинчилар жуда кўп. Қолаверса, ҳозир терма жамоада ўзим билан тўп сурган бир қанча ижрочилар ҳам бўлса керак. Йигитларимизга омад кулиб боқиши тарафдориман. Ўзим ўйнаган пайтларда ҳам термамизга охирги пайтда нимадир етишмай қоларди. Бу сафар ҳаммаси яхши ниҳоясига етишидан умид қилиб қолайлик. Азмунни эса ўйинлар чоғида кўрдим, чакки эмас. Футболда ҳар қандай рақибни енгиш мумкин.   

- Собиқ клубингиз, охирги икки йил давомида мамлакат чемпионлигини қўлга киритган “Пахтакор” жорий мавсумда барқарор кўринмаяпти. Шунинг эвазига натижалар кўнгилдагидек эмас. Қолаверса, қониқарсиз натижалар учун бош мураббий Нўъмон Ҳасанов истеъфога чиқди...
- Ие, уни ишдан бўшатишдими? Дарҳақиқат, имкон қадар “Пахтакор”даги ишлар қандай кетаётганини кузатиб боришга ҳаракат қиламан. Яқинда мусобақа жадвалини кўрдим, “Пахтакор” жадвалда 6- ёки 7-ўринда бораётгади, шекилли...  


- 7-ўринни эгаллаб турибди...
- Очиғини айтсам, клубни бу ўринда бораётганини кўриш мени ҳайрон қолдирди. Эҳтимол, Бабаян кетганидан сўнг жамоада нимадир ўзгарган бўлиши мумкин. Ўзим у ерда бўлмаганим боис клубдаги вазиятдан бехабарман.

- Саволим бироз қўпол чиқса, сиздан олдиндан узр сўрайман. Биз журналистлар дангал гапиришга одатланганмиз. Ўзбекистон чемпионатига қайтишингиз барибир омадсиз чиқди. Бунинг сабабини ҳеч ўзингиздан излаб кўрганмисиз? Юқорида мураббийларни айбдор сифатида кўрсатдингиз...
- Биласизми, агар мураббийлар менга ишонишда давом этганларида ҳозир ҳам юртимизда ўйнаётган бўлардим. Чунки спортчи бўлганим боис жисмоний имкониятларимни яхши биламан. Ишонмасангиз, буни “Бухоро” ва “Нефтчи”да ўзим билан тўп сурган бошқа йигитлардан ҳам сўрашингиз мумкин. Қолаверса, ишқибоз халқи ёлғон гапирмайди. Мухлислар ҳам бу саволга бемалол жавоб бера оладилар. Шундай экан, бухоролик ёки фарғоналик ишқибозлар билан учрашиб уларга “Клубингизга Акопянц келганини ва қандай ўйнагани эсингиздами?” – дея савол беришингиз ҳам мумкин. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, улар бу саволингизга “Ҳа, Акопянц фахрий ёшда бўлишига қарамасдан, майдонда жуда яхши ўйнади” деган жавобни берадилар. Хуллас, кўп нарса мураббийга боғлиқ. Мен ҳам одамман, баъзида мураббий билан айтишиб кетган бўлишим мумкин. Лекин қуюшқондан чиқиб кетишим камдан-кам ҳолларда юз беради. Аксарият вазиятларда ўзимга устозлик қиладиган мураббийларнинг кўрсатмаларига амал қилишга одатланганман. Биласизми, “Нефтчи”да клуб раиси бўлиб ишлаган Тоҳир Кападзе ҳам узоқ қолмаганимдан карахт аҳволга тушганди. Чунки ўйинчи учун жамоада охирги сўзни доим мураббий айтади. Майдонга тушган пайтларимда мураббийнинг ишончини оқлаш учун доим астойдил ҳаракат қилганман. Бу билан Андрей ўзини оқламоқчи бўляпти, деган хаёлга борманг. Ўзингиз ўйланг, мен юртимга шарманда бўлиш учун қайтганмидим? Йўқ, аксинча, яна маълум вақт юқори савияда тўп суриб фаолиятимни Ўзбекистонда ниҳоясига етказишни мақсад қилгандим. Бу ерда мантиқни кўрмаяпман. Чақиришди, келдим, мавсумолди йиғинларида қатнашдим. Чемпионат бошланган пайтда эса аксарият ҳолларда захирада қолиб кетдим... Айниқса, “Бухоро”даги ҳолат хавфсаламни пир қилганди. Лекин “Нефтчи”га ўтган чоғимда ҳаммаси бошқача бўлишидан умидвор эдим. Аксига олиб у ерда ҳам шу ҳолат такрорланди. Агар мураббий ишонч билдиришда давом этганида мавсумни бемалол юқори савияда ўйин кўрсатган ҳолда ниҳоясига етказишим мумкин эди. Мабодо, Рўзим Аҳмедовдан интервью оладиган бўлсангиз, унга шундай саволни беришингиз мумкин: “Андрей Акопянц ҳақида нима дея оласиз? У “Нефтчи”да қандай ўйин кўрсатган? Қарилиги панд бериб қўймаганми?” Ёки Вячеслав Пономарёвдан шу ҳақида сўрашингиз мумкин. Ўйлайманки, иккиси ҳам бу саволга “Акопянц яхши ўйин кўрсатган” дея жавоб қайтариши тайин. Биласизми, Фарғонадан кетаётган пайтимда ўйинчилар “Андрей, яхшиси қол, шу ерда катта футбол билан хайрлашсанг кўнгилдагидек иш бўларди” дейишган.   

- Ўйинчилик фаолиятингиз давомида Ўзбекистон, Россия, Белоруссия ва Латвияда ҳам тўп сургансиз. Фақат ростини айтинг, қайси биринчиликда ўзингизни қулай ҳис қилгансиз?
- Фаолиятимнинг кўп қисми ўтган Россиядан ташқари уйимга, Ўзбекистонга қайтган чоғимда ўзимни ҳар томонлама қулай сезганман. Белоруссия билан Латвия чемпионатларининг савиясини юқори дея олмайман. Барибир менга ўзимизда ўйнаш кўпроқ ёқарди. Авваллари қайтган пайтимда “Пахтакор”, кейинчалик “Динамо”да ўйнаганман. 37 ёшимда юртимизга қайтиб келганимда қандай аҳволга тушганимни ўзингиз яхши биласиз. Мен – профессионалман. Майли, асосий клубда ўйнамай, лекин ўринбосарлар учун тўп суришим кераклигини айтган тақдирда ҳам мураббийларнинг гапини икки қилмасдан ўринбосарлар жамоаларида миқ этмасдан тўп сурган бўлардим. 


- Яқинда Александр Григорьян билан ҳам суҳбатлашгандим. У сиз ҳақингизда жуда илиқ гапларни айтди...  
- Григорьянми, у менга мураббийлик қилганди.

- У ўтган йили маълум вақт “Пахтакор”да ишлади. Энди эса Хабаровскда “СКА-Энергия”ни бошқармоқда.
- Бундан хабарим бор. Қолаверса, ўша жамоада икки ўртоғим бор.

- Андрей, Ўзбекистон чемпионатини кузатиб боряпсизми?
- Юқорида айтиб ўтганимдек, кўпинча интернет орқали Ўзбекистон чемпионатининг мусобақа жадвалини кузатиб бораман. Ҳозир адашмасам, биринчиликда “Локомотив” пешқадам бўлиб турибди. Ундан кейинги ўринларни эса “Бунёдкор” ва “Насаф” клублари банд этганлар.

- Фаолиятингиз мобайнида Ўзбекистон терма жамоасида кўплаб учрашувларда майдонга тушгансиз. Мухлислар ҳам сизни ёқтирардилар. Термадаги фаолиятингиздан қолган илиқ хотиралар билан ўртоқлашсангиз.
- Ҳа, Ўзбекистон терма жамоаси сафида майдонга тушган кезларимни яхши эслайман. Бундан менда фақат илиқ таассуротлар қолган.

- Ҳозир 38 ёшдасиз. Агар бирор-бир клуб хизматингизга эҳтиёж сезиб, таклиф юборса қабул қилган бўлармидингиз?
- Кўча-кўйда танишларим учратиб қолишса, “Андрей, шу ёшингда ҳам навқирон йигитлардек кўринасан” деб қолишади. Ҳа, мен футболчи учун фахрий ёшда бўлсам ҳам ортга қайтишни ва ўйинчилик фаолиятимни юртимда тамомлашни истадим ва бунга ҳаракат қилдим. Лекин ўзим билан юз берган охирги икки ҳолат руҳиятимга акс таъсир ўтказмасдан қолмади. Аммо мен осонликча таслим бўлмайман. Агар паспортимга қарамасдан хизматимга эҳтиёж сезадиган клуб топилса, бемалол 1-2 мавсум тўп сура олишимга ишончим комил.  


- Тез орада Европа чемпионати баҳсларига старт берилади. Иштирокчилардан қайси бирига мухлислик қиласиз?
- Биринчи навбатда Россия терма жамоасига. Шунингдек, менга қитъанинг охирги йиллардаги чемпиони ҳисобланадиган Испания терма жамоаси ёқади.

- Агар футболчи бўлмаганингизда қайси касбни танлардингиз?
- (кулади)  Ростини айтсам, бу ҳақида сира ўйлашга вақтим бўлмаган. Чунки болалик чоғимдан тўпга ошно тутинганман. Кейин профессионал даражага кўтарилдим. Менимча, бундан кейин ҳам футболда қолсам керак. Саволингизни жавобсиз қолдирмаслигим керак, агар футболчи бўлмаганимда, балки инглиз тили бўйича мутахассис сифатида ишлармидим?!  

- Арман миллатига мансуб бир қанча мутахассислар – Самвел Бабаян, Юрий Саркисян, Вадим Абрамов футболда анча танилганлар. Масалан, Бабаян эндиликда миллий терма жамоамизнинг бош мураббийи ҳисобланади...
- Ҳа, албатта бундан хабарим бор. (кулганча) Бу гап билан нимага ишора қилмоқчи бўлганингизни тушуниб турибман. Уларнинг орасида биргина Абрамов ҳозир ишламаяпти. Дарҳақиқат, кейинчалик ўзимни мураббий сифатида синаб кўриш ниятим йўқ эмас. Ким билсин, балки орадан йиллар ўтиб юртимга клублардан бирини бошқариш учун қайтиб келарман... Ҳозирча бу йўлдаги ҳаракатни болалар билан ишлаш орқали бошлаб юбордим. Қолаверса, вилоят миқёсида бўлса ҳам ўйинларда иштирок этиб турибман. Дарвоқе, Холматов ҳали ҳам фаолиятини давом эттиряптими?   

- Ҳа, яқинда у “Нефтчи”га қайтган.
- Кўряпсизми, у мен билан тенгдош бўлса ҳам ўйнашда давом этмоқда. Ўзим ҳам худди у каби миллий чемпионатимизда жон деб тўп сурган бўлардим. Лекин охирги воқеалар сабаб энди менда бундай имконият йўқ.  Кетганимдан бери ортга қайтганим йўқ.

- Охирги савол: мухлисларимизга нима деган бўлардингиз?
- Ўзим ўйнаб юрган кезларда уларнинг менга бўлган илиқ муносабатини умрбод эсдан чиқармасам керак. Мухлисларимиз узоқ йиллардан бери терма жамоамизнинг жаҳон чемпионатида иштирок этишини интиқлик билан кутмоқдалар. Насиб қилса, шундай кунлар ҳам албатта келади. Уларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, омад ёр бўлишини тилаб қоламан.  


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
   

Рейтинг: +7   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика