“Реал”га нима етишмаяпти ёки ким ортиқча?
17 янв 2018 10:31
Новости
“Реал”га нима етишмаяпти ёки ким ортиқча?
Факт шуки, футболчи айнан Пеп ташрифидан кейин “Барселона”ни тарк этди ва Каталония клуби ўзи учун янги бўлган эрани бошлади. Бунда асосий ролда энди Лионель Месси деган футболчи бор эди.
“Реал”нинг бугунги ҳолати ҳар сафар ўша воқеаларни ёдга солади. “Қироллик клуби”га янги мотивация керак эди ва уни ҳозирги ҳолатда топиш қийинроқ эди чамамда. Чунки “Реал” кетма-кет икки йил Европани зир титратди, ўзи 5 йилдан буён кутаётгани Ла Лига тожини кийди. Зиданнинг битта тўлиқ мавсуми учун етарли даражада муваффақият.
Португалия билан Европа, “Реал” билан эса ўзи истаган барча совринларни ютган, қўшимчасига “Олтин тўп”ларини Мессиники билан тенглаштириб олган Роналдунинг Мадридни тарк этишини кутдим. Ҳатто бунга ишончим 100 фоиз комил ҳам эди. Бироқ Кришти қолди ва “Реал” учун мотивация йўқолди, назаримда.
Роналду ҳозирги ҳолатида Англиянинг бирор-бир клубида янада муваффақиятли ўйнаши мумкин. Буни турли факторлар билан асослашга уринса бўлади. АПЛда тобора кўпайиб бораётган испанияликлар асосан муваффақиятли ўйнашяптики, Ла Лигада бир неча йил кўпчиликни титратган футболчи АПЛда яна бемалол 2—3 йил жавлон урса бўларди.
“Реал” биринчи навбатда унинг орқасидан пул ишлаб оларди, Зидан эса қолган йигитларига янги мотивация топиб берарди. Энди мадридликлар Криштиану Роналдусиз нималарга қодир эканликларини исботлашга уриниб кўришарди чамамда. Ўша тенглашган “Олтин тўп”лардан кейин Месси ва Роналду рақобати шу кунгача бўлгани каби трендда эмас, сезяпсизми? Аксинча, Роналдунинг майдонга ҳар бир чиқиши ўзига ҳозирча минус олиб келаётгандек.
Ҳа, Кришти бир неча йил давомида юқори нотада ўйнай олади, мен бунга ишонаман. Бироқ у ҳам ўзига Мессидан бошқа овунчоқ топиб, уни кўзигада суртишга тайёр бўлган Альбион клубларидан бирини танласа, мантиқийроқдек кўринди.
“Реал”да Иско бор, келиши билан Роналдудан кам бўлмаслик учун ҳаракат қилиб, кейин лазаретга ётиб олган Бэйл бор, Асенсио чиқиб келаётганди ва ҳоказо. Қолаверса, Роналдунинг пулига Зидан исталган бошқа бир футболчисини қўлга киритиши ҳам мумкин эди. Балки Агуэро, балки Азар ёки бўлмаса Кейн билан Алли.
Европани кетма-кет икки марта олган таркиб бир-биридан чарчагандек, зеро “Реал”даги барча футболчилар жуда керак бўлганида топ даражада ўйнай олади бемалол. Бироқ янги қон қуядиган вақт бўлади доим. Роналду, Роналдиньо каби футболчилар шундай мавқега чиқиб улгурганки, улар билан маълум бир жамоа бошқа, уларсиз эса умуман бошқага айланади. Гап фақатгина шунда.
“Барселона” ҳам вақти келиб Мессини кетказиши керакми? Менимча шу хусусда Месси ва Роналдуни ёнма-ён қўймаган бўлардим. Зеро Лео “Барса”да “туғилди” ва шу клубда “ўлишга” ҳақли футболчи. Унинг йўриғи Мальдини, Жеррард ёки Тоттиники каби бўлиши мумкин. Жуда нари борса, вақти келиб Европани бутунлай тарк этиб, океан ортига ёки ватанига жўнаб кетар. Роналду эса Роналдо, Роналдиньо ва Зиданнинг ўзи каби бўлса ажабланмайман. Сиз бу борада қандай фикрдасиз?
Комментарии