Превью. А Серия: "Милан" "Наполи"дан аламини оладими?
21 янв 2017 20:32
Новости
Превью. А Серия: "Милан" "Наполи"дан аламини оладими?
Турни очиб берадиган ўйин Веронада ўтказилади. Унда маҳаллий "Кьево" жамоаси Флоренциянинг "Фиорентина"сини қабул қилади. Ўтган турда "Интер"га мағлуб бўлган Роландо Маран шогирдлари чемпионат пешқадами "Ювентус"ни доғда қолдирган "Фиорентина"нинг қаршилигини енгишга ҳаракат қилиб кўришади.
"Кьево" ўз уйида ўтказилган 10та учрашувнинг 4тасини ўз фойдасига ҳал этишга муваффақ бўлган. Учта ўйинда эса дуранг ва яна шунча баҳсда имкониятни бой берган.
"Фиорентина" эса меҳмондаги 9та беллашувнинг учтасини ғалаба билан якунлаган. Шунингдек, сафардаги ўйинларнинг биттаси дуранг ва яна бештаси мағлубият билан тугаган.
Жамоалар ушбу ўйинга икки хил кайфият билан келишмоқда. "Кьево" ўтган турдаги муваффақиятсиз ўйиндан сўнг ўз мухлислари кўз ўнгида ғалабани кўзласа, "Фиорентина" ғалабали одимни давом эттиришга уриниб кўради.
Флоренцияда ўтган биринчи давра ўйинида "Фиорентина" Карлос Санчеснинг голи эвазига ғалаба қозонганди. Шунингдек, ушбу жамоалар яқинда Италия Кубоги доирасида ҳам ўзаро дуч келишди. Бу тўқнашувнинг илк учрашувида ҳам "Фиорентина" кичик ҳисобда устун келди.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
Ушбу жамоалар жами 25 маротаба ўзаро куч синашишган. Бу баҳсларнинг бештасида "Кьево"нинг қўли баланд келган бўлса, 17та ўйин "Фиорентина"нинг фойдасига ҳал бўлган. Қолган учта беллашувда эса ғолиб номи аниқланмаган.
А Серия, 21-тур. Турнир жадвали
"Кьево" - "Фиорентина" (22:00)
"Бентегоди" стадиони.
Бош ҳакам: Фабио Мареска.
Турнинг ва куннинг марказий ва қизиқарли учрашуви Миланда бўлиб ўтади. "Сан Сиро" стадиони Тошкент вақти билан 00:45да ажойиб футбол спектаклига мезбонлик қилади. Турнир жадвалида деярли ёнма-ён кетаётган ушбу икки жамоалар бугун 6 очколик қийматга эга баҳсда ўз кучларини синаб кўришади. "Милан" жамоаси "Наполи"дан битта кам ўйин ўтказиб, улардан 4 очкога ортда қолмоқда. Бу ўйиндаги ғалаба қайси жамоа "Ювентус"га чемпионлик учун бўладиган курашда тўсқинлик қилишга уриниб кўришига қайсидир маънода ойдинлик киритади. "Наполи" агарда имкониятни бой берадиган бўлса, унда "Милан"ни ўзига яқинлаштириб олади ва "Рома" ва "Ювентус"ни олдинга қўйиб юбориши мумкин. "Милан" ўзи учун керакли натижани қўлга кирита олмаса, унда Монтелла шогирдлари учун кучли-учлик эшиклари қаттиқроқ ёпилади.
"Милан" жамоаси 13 декабрдан буён (5 ўйин) мағлубият нималигини билмай келмоқда. "Наполи" эса охирги марта "Ювентус"га ютқазганди. Мауро Сарри жамоасининг мағлубиятсиз серияси 13та етди. Улар сўнгги бор 29 октябрь куни имкониятни бой беришганди.
Бу жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашуви жуда шиддаткор ва кескин курашларга бой тарзда ўтганди. Жами олтита гол киритилган ўйинда "Наполи" 4:2 ҳисобида устун келганди.
"Милан" ўша баҳс учун ҳам алам олиш мақсадида бугун икки ҳисса куч билан майдонга тушишини тахмин қилиш мумкин.
Ўзаро ўйинлардаги факт:
Бу жамоаларнинг ўзаро ўйинлар тарихи анча узун. Устунлик эса "Милан" тарафида. "Россонерилар" ўтказилган 139 учрашувнинг 54тасида ғалаба нашидасини суришган. "Наполи"да эса ғалаба кўрсаткичи 41тага тенг. Қолган 44та ўйинда эса дуранг қайд этилган.
"Милан" - "Наполи" (00:45)
"Сан Сиро" стадиони.
Бош ҳакам: Жанлука Рокки.
Трансляция: (Сетанта Спорт + - Aleziya.com (TAS-IX)
* Италия А Сериясининг 21-туридан ўрин олган қолган учрашувлар якшанба куни бўлиб ўтади.
Комментарии