ПФЛ раҳбарининг ваколати доирасига кирмайдиган масалаларга аралашишга ҳаққи борми?
18 авг 2020 14:28
Новости
ПФЛ раҳбарининг ваколати доирасига кирмайдиган масалаларга аралашишга ҳаққи борми?
Куни кеча ЎзПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаев ўз Телеграм каналида бу вазиятга ўз қарашларини баён этди. Бизга маълум бўлишича, кеча Ўзбекистон футбол ассосиациясида ушбу можароли ҳолат бўйича йиғилиш ўтказилиб унда ПФЛ раҳбари, “Бунёдкор”нинг собиқ раҳбари ва жамоа бош мураббийи иштирок этган. Йиғилиш давомида Жасур Жалолиддиновнинг Москва клубига трансфер қилиниши ФИФА қонун-қоидаларига мос тарзда амалга оширилгани тушунтириб берилган.
Албатта, мақсад ва вазифалари “Мамлакатимизда профессионал футболни такомиллаштириш тизими биринчи навбатда профессионал футбол клубларимизнинг Осиё чемпионлари лигасида муваффақиятли қатнашувини таъминлаш, шунингдек ФИФА, ОФК чемпионатлари ва халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қиладиган юқори малакали футболчилар билан терма жамоаларимиз таркибини мустаҳкамлашдан иборат” дегувчи ташкилот раҳбарининг бу вазиятга ўз муносабатини билдириши қувонарли ҳол. Чунки бунгача ташкилотда раҳбарлик қилганларнинг бу каби вазиятларда умуман муносабат билдиришганини эслай олмаймиз. Аммо Диёр Аброровичнинг бу вазиятга бўлган шубҳали муносабати бизда ҳам баъзи шубҳаларни уйғотди.
Масалан, “Жалолиддиновга Туркиядан 400 минг евролик таклиф турганда нега у эркин агентга айлантирилиб, кейин “Локомотив”га йўналтирилган?” дея ўқувчиларга савол билан мурожаат қилган ташкилот раҳбари бундай савол билан фақатгина клуб президенти қўли остидаги ходимларга ёки трансферни амалга оширишга бош-қош бўлган инсонларга мурожаат қилиши мумкинлигини наҳот билмаса ёки тушунмаса?
Агар билмасангиз, билдириб қўямиз: клуб ички ишига аралашиш, қайсидир футболчининг қайси клубга ўтишига ёки майдон майсасини қайси техника билан ўриш, пардозлашига аралашиш мутлақо ПФЛнинг, директор вазифасини бажарувчи раҳбари ваколатига ҳам кирмайди.
Қолаверса, футболчининг ўзи Россия клубига ўтиши олдидан берган интервьюсида Туркия ва Россия клубидан таклиф бўлгани ҳақида гапириб, айнан ўзи “Локомотив” вариантини танлаганини очиқ-ойдин айтиб ўтган. Кейин эндигина 18 ёшга тўлган, ҳали терма жамоа таркибидан муқим жой олмаган футболчи трансферидан клуб ғазнасига яхшигина маблағ (350 минг евро) келиб тушган. Юқорида таъкидлаганимиздек, ушбу трансфер халқаро мақомга эга бўлган ва ФИФА қонун-қоидаларига мос тарзда амалга ошган. Агар ҳужжатларида қандайдир ноаниқликлар бўлганида, бу ўтиш амалга ошмаган бўларди.
“Давлат активларини бошқариш агентлиги Жалолиддинов трансфери борасида ахборот беришни сўраб икки марта “Бунёдкор”га мурожаат қилган, аммо иш пишмагунига қадар “Бунёдкор” жавоб хатини пайсалга солган. Нега?”
Билишимизча, “Бунёдкор” аллақачон Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтган, яъни агентлик клуб бошқарувини қўлга олган. Демак агентлик ўз қўли остидаги клубга хат билан мурожаат қилган. Жавоб олмаган бўлишиям мумкин. Хўп, бунинг ПФЛга қандай алоқаси бор? Ёки агентлик ПФЛга “клубга хат билан чиқдик, жавоб бермаяпти” деб арз қилганми? Арз қилган тақдирдаям икки ташкилот ўртасидаги ўзаро келишув ёки келишмовчиликни ПФЛ раҳбари томонидан оммага олиб чиқилишидан ким манфаатдор? Ўқувчиларига бу тарзда кескин ва маҳум саволлар билан мурожаат қилиш нимага керак бўлди? ЎФА Этика қўмитасидан ПФЛ бош директори вазифасини бажарувчи Диёр Имомхўжаевнинг ушбу ҳаракати юзасидан муносабатини кутамиз.
Комментарии