⚡️ "Пахтакор" бу йил ҳам чемпионлик учун асосий фаворитми? Янги сарбон ва ўйинчилар, "шерлар"нинг "заявка"си
03 мар 2022 08:05
Новости
⚡️ "Пахтакор" бу йил ҳам чемпионлик учун асосий фаворитми? Янги сарбон ва ўйинчилар, "шерлар"нинг "заявка"си
Янги мавсум олдидан Суперлиганинг айрим клублари ҳақида алоҳида мақола тайёрлашни лозим топдик. Кеча Фарғонанинг "Нефтчи" клубига бағишланган материални эътиборингизга ҳавола этган эдик.
Бугун эса мамлакатимизнинг амалдаги чемпиони "Пахтакор"га навбат. Жамоа чемпионатни бугун Самарқандда "Динамо"га қарши беллашув билан бошлайди.
Суперлигага тайёргарликнинг асосий қисми Анталияда бўлиб ўтди
"Пахтакор" тайёргарликни нисбатан бироз кечроқ бошлади. Жамоа 8 январдагина Қибрайдаги базада бўлажак мавсумга тайёргарликни бошлади. 11 январь куни "шерлар" янги бош мураббий Славче Войнески бошчилигида дастлабки машғулотни ўтказишди.
ФОТО "Пахтакор"нинг янги мураббий бошчилигидаги дастлабки машғулоти аъло кайфиятда ўтди ГАЛЕРЕЯ
Тайёргарликнинг Қибрайдаги биринчи босқичи доирасида Про лига вакили "Янгиер" (2:0) ҳамда Биринчи лига аъзоси "Дўстлик" (6:0) жамоаларига қарши ўртоқлик назорат ўйинлари ўтказилди. Шундан сўнг жамоа 5 февраль куни иккинчи ва асосий босқич учун Туркияга йўл олди. Анталиядаги йиғин 20 февралгача давом этди. Войнески шогирдлари у ерда 4та ўртоқлик ўйинида майдонга тушишди. "Championat.asia" сайти ҳам икки кишилик таркиб билан Анталияга борди. Шахсан ўзим "Пахтакор"нинг 3та ("Уфа" ва икки "Динамо"га қарши) ўйинини ва битта машғулотини тўлиқ кузатдим.
ВИДЕО САфарда. "Пахтакор" "Уфа" билан дуранг ўйнади + Сардор Рашидовдан интервью
14 январь кунги машғулотга бордик ва у ерда янги "Микрофон" лойиҳамизни ҳам олдик. Бу "Динамо" Тбилисига қарши баҳсдан олдинги машғулот эди.
ВИДЕО "Микрофон". Бу сафар у Элдор Суюновга тақилди, шунингдек, Драган Черандан интервью
"Пахтакор"нинг Анталиядаги ўртоқлик ўйинлари
"Пахтакор" - "Минай" (Украина) - 1:0
"Пахтакор" - "Уфа" (Россия) - 1:1
"Пахтакор" - "Динамо" (Грузия) - 0:3
"Пахтакор" - "Динамо" (Украина) - 0:0
Анталия йиғинидан сўнг жамоа 22 февралдан яна Қибрайда машғулотларга киришди ва 27 февраль куни Ўзбекистон Суперкубоги-2022 доирасида "Насаф" билан беллашди ва ўз тарихида иккинчи бор суперкубокни ўзиники қилди.
ВИДЕО "Кичкина камера": "Пахтакор" - кетма-кет иккинчи йил Суперкубок соҳиби
"Пахтакор"нинг Суперлига дастлабки 5 туридаги рақиблари
1-тур, 03.03.2022
"Динамо" - "Пахтакор"
2-тур, 10.03.2022
"Пахтакор" - "Нефтчи"
3-тур, 16.03.2022
"Олимпик" - "Пахтакор"
4-тур, 01.04.2022
"Пахтакор" - "Навбаҳор"
5-турда "шерлар" Бекободда "Металлург" меҳмони бўлиши керак. Аммо, у пайтда чемпионларимиз ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этаётган бўлишади. Шу сабаб, жамоанинг бешинчи турдаги ўйини бошқа муддатга қолдирилган.
Янги сарбон ва ўйинчилар
"Пахтакор"ни мавсум олдидан янги мураббий қабул қилиб олди. Питер Хюстрадан сўнг жамоа рулига Шимолий македониялик Славче Войнески олиб келинди. Унинг биринчи машғулотидан суратлар ва лавҳани юқорида жойлаган эдик. Славче қувноқ мураббий, футболчилар билан жуда яхши чиқишиб кетди. Машғулотларда ҳам буни пайқаш қийин эмас. ОАВ мулоқот қилишни яхши кўради, "Динамо" (Тбилиси)дан учралган йирик (0:3) мағлубиятдан кейин интервью беришини сўраганимда лаббай деган ва барча саволларимга жавоб берганди.
Кеча "шерлар" янги футболчиларни ОАВ ва мухлисларга таништиришди. Алексей Ларин, Камен Хаджиев, Жасур Ёқубов, Икром Алибоев, Сардор Рашидов, Миржаҳон Мираҳмадов ҳамда Оливер Шаркичларга рақамлари туширилган либослар ҳам топширилди.
"Пахтакор"ни Анзур Исмоилов, Егор Кримец, Достон Ҳамдамов, Аброр Исмоилов, Шерзод Темиров, Боян Матичлар тарк этишди. Унчалик кўп ўйнамаган айрим футболчиларни санаб ўтирмадим. Кетганлар ўрни эса ортиғи билан тўлдирилди. Анзурнинг кетиши ҳимоя чизиғини кучсизлантириб қўйганди. Аммо, Ларин ва Хаджиевнинг келиши бу муаммони бартараф этди. Алибоев ҳамда Рашидов ҳам асосий таркибнинг муқим ўйинчилари бўлишади. Ёқубов, Мираҳмадов ва Шаркич эса асосий таркибга кириш учун курашишлари керак.
Энг фойдали "трансфер" - Камен Хаджиев ва Икром Алибоев
Одатда, бу йўналишда фақат бир нафар ўйинчини танлаб олардим. Лекин, бу сафар Камен ва Икромнинг фойдалилик даражасини бирдек деб билдим. Хаджиев катта эҳтимол билан Шерзод Аъзамовга асосий тандем бўлади. Чап оёқда ўйновчи болгариялик Анталиядаги ўртоқликларда ва Суперкубок баҳсида жуда яхши таассурот қолдирди. Камен 1.88 метр бўй ва яхшигина вазнга қарамай жуда тез югуради, унинг тезлиги марказий ҳимоячиларга хос эмас. Майдонда ҳаракатлари ишончли, шошиб қолмайди. Шахсий фикримча, бу мавсум чемпионатимизда энг яхши икки легионер ҳимоячидан бири айнан Хаджиев бўлади. Иккинчиси эса... Бу ҳақда кейинги мақолаларда.
Икром Алибоев ҳам фойдалилик тарафлама Камендан кам эмас. Жуссаси кичик бўлишига қарамай якка курашларда кўп бор устун келади. Ўзидан анча гавдали ўйинчилар билан ҳам елкама-елка курашларни ютиб чиқмоқда. Тўпни ўзида яхши сақлай олади, брак паслари кам. Бир сўз билан айтганда, Икром Алибоев "Пахтакор"ни яхшигина кучайтира олди.
"Пахтакор" жамоасининг Coca Cola Суперлига-2022 учун ЎзПФЛда рўйхатдан ўтказган футболчилари
РАҚАМИ | Исми шарифи | Туғилган санаси | Амплуа |
33 | Элдор Суюнов | 12.04.1991 | Дарвозабон |
35 | Санжар Қувватов | 08.01.1990 | Дарвозабон |
44 | Азиз Исақов | 23.12.2000 | Дарвозабон |
51 | Отабек Боймуродов | 05.06.2003 | Дарвозабон |
3 | Ҳожиакбар Алижонов | 19.04.1997 | Ҳимоячи |
5 | Алексей Ларин (Украина) | 04.06.1994 | Ҳимоячи |
21 | Камен Хаджиев (Болгария) | 22.09.1991 | Ҳимоячи |
23 | Шерзод Аъзамов | 14.01.1990 | Ҳимоячи |
29 | Жасур Ёқубов | 26.03.1999 | Ҳимоячи |
34 | Фарруҳ Сайфиев | 17.01.1991 | Ҳимоячи |
48 | Миркомил Абдураззоқов | 26.01.2004 | Ҳимоячи |
54 | Иззат Пўлатов | 15.06.2003 | Ҳимоячи |
55 | Рустам Позилов | 12.04.2003 | Ҳимоячи |
58 | Абубакир Ашуров | 12.06.2003 | Ҳимоячи |
73 | Суннат Поёнов | 16.06.2004 | Ҳимоячи |
88 | Шаҳзод Азмиддинов | 07.06.2000 | Ҳимоячи |
6 | Икром Алибоев | 09.01.1994 | Ярим ҳимоячи |
7 | Одил Ҳамробеков | 13.02.1996 | Ярим ҳимоячи |
8 | Азиз Турғунбоев | 01.10.1994 | Ярим ҳимоячи |
10 | Драган Черан (Сербия) | 06.10.1987 | Ярим ҳимоячи |
11 | Сардор Рашидов | 14.06.1991 | Ярим ҳимоячи |
16 | Руслан Розиев | 10.11.2002 | Ярим ҳимоячи |
18 | Ҳожимат Эркинов | 29.05.2001 | Ярим ҳимоячи |
19 | Ҳумоюнмирзо Иминов | 15.01.2000 | Ярим ҳимоячи |
27 | Сардор Собирхўжаев | 06.11.1994 | Ярим ҳимоячи |
28 | Диёр Холматов | 22.07.2002 | Ярим ҳимоячи |
31 | Абдуллоҳ Абдулазизов | 07.08.2002 | Ярим ҳимоячи |
32 | Беҳруз Асқаров | 08.03.2003 | Ярим ҳимоячи |
36 | Аббос Эргашбоев | 28.03.2003 | Ярим ҳимоячи |
42 | Аббос Файзуллаев | 03.10.2003 | Ярим ҳимоячи |
43 | Муҳаммад Мансуров | 16.07.2002 | Ярим ҳимоячи |
62 | Данат Мифтахутдинов | 17.09.2003 | Ярим ҳимоячи |
63 | Муҳаммадали Ўринбоев | 24.04.2005 | Ярим ҳимоячи |
14 | Оливер Шаркич(Бельгия) | 23.07.1997 | Ҳужумчи |
46 | Шаҳриёр Жабборов | 14.01.2003 | Ҳужумчи |
66 | Рустам Турдимуродов | 04.04.2004 | Ҳужумчи |
77 | Миржаҳон Мираҳмадов | 15.07.1997 | Ҳужумчи |
"Пахтакор" бу йил ҳам чемпионлик учун асосий фаворитми?
Славче Войнески "Пахтакор" бу мавсум ҳам чемпионлик учун етаклашга ҳаракат қилади. Кеча бўлиб ўтган таништирув маросимида мутахассис бўлажак мавсум олдидан умумий фикрларини билдириб ўтди.
"Ҳар бир лигани ютиш қийин. Ҳеч бир жойда совринга эга чиқиш осон эмас. Суперкубок ўйини қанчалик оғир кечганини ҳамма кўрди. Ҳар бир жамоа бизга жиддий қаршилик кўрсатишга уринади. Чемпионлар Лигасида гуруҳдан чиқишни истаймиз. Ўйинлар Рамазон ойида бўлади ва биз барчани ҳисобга олишимиз керак. Биз ҳар 4-5 кунда майдонга тушишимиз лозим. Шундай тиғиз тақвимда ўйнаймиз. Апрель ва майда жуда кўп ўйинда майдонга тушамиз. Бу ҳолатда барча кичик жиҳатларгача эътибор қаратамиз. Миллий терма жамоада ҳам ўнга яқин футболчи тўп тепади".
"Пахтакор" Суперлигада ҳимояси энг кучли жамоа назаримда. Қанотларда Алижонов ва Сайфиев, марказда Аъзамов, Хаджиев ҳамда Ларин. Марказий ярим ҳимояси ҳам жуда кучли. Буни Суперкубок баҳсидан кейинги матбуот анжуманида "Насаф" устози Рўзиқул Бердиев ҳам таъкидлаб ўтди. Жамоада биргина чизиқ муаммоли - ҳужум. Шу сабаб мураббий Суперкубокда ҳам марказий ҳужумга Драган Черанни туширди, Сардор Собирхўжаев эса ҳужумчи ортига тушди. Ҳужумдаги муаммоларни Войнески Черан билан ҳал қилмоқчи. Ҳужумчи сифатида олиб келинган Шаркич эса ҳужумчи ортида (Черанни жойида) яхшироқ кўринмоқда ва мураббийлар уни айнан ҳужумчи ортида ўйнатишни бошлашди.
"Пахтакор" таркиб жиҳатидан ўтган мавсумдан кучсизланмади, ўйин жиҳатидан ҳам "шерлар"да ҳаммаси жойида. "Насаф"га қарши беллашувда "Пахтакор" бу йил ҳам чемпионлик учун асосий давогар бўлишини кўрсата олди. Шу жойига Рўзиқул Бердиевдан Анталияда олган интервьюм пайтидаги "Насаф" устозининг гапини келтириб кетмоқчиман: "Пахтакор" таркиб жиҳатдан ёки салоҳият жиҳатдан бошқалардан ажралиб турса керак. Жамоага келганлар кетганлардан кучли бўлса кучли, лекин аниқ кучсиз эмас. Бошқаларга нисбатан "Пахтакор" устунроқ".
Назаримда, бу йил бош соврин йўлида "шерлар"га "Насаф", "Навбаҳор" ва АГМК жиддий қаршилик қилиши мумкин. Лекин, "Пахтакор" асосий фаворитлигича қолади.
Комментарии