"Пахтакор-79"ни хотирлаб: Юрий Загуменних
23 июл 2019 16:34
Новости
"Пахтакор-79"ни хотирлаб: Юрий Загуменних
Юрий Загуменних 1947 йил Россиянинг Владивосток шаҳрида туғилган. Ота-онасидан эрта жудо бўлган Юра ва укасини махсус ўқув юртига қабул қилишади. Ўша ерда ўқиш жараёнида улар бўш вақт бўлиши билан футбол ўйнашарди. Загуменнихнинг катта футболга кириб келишида Валентин Саенко ва Александр Кочетковнинг ҳиссаси катта бўлган. Кочетков унга деярли отадек бўлган. 17 ёшдаёқ бу мураббий уни Владивостокнинг "Луч" жамоасига қабул қилган. Аста-секинлик билан машғулотдаги маслаҳатларни ўзлаштириб борган Юра тез орада асосий таркиб футболчисига айланди. Тўпни яхши бошқариши, аутдан тўпни жуда узоққа етказиб бериши, охиригача ўйнаши ва таслим бўлмаслиги каби жиҳатлар Загуменнихни ажратиб турарди. Уч мавсум тўлиқ асосий таркибда ўйнагач, 1970 йил СССР Кубоги учрашуви доирасида "Зенит" билан баҳсда ажойиб ўйин намойиш қилгандан кейин унга "Зенит"дан таклиф тушади. Бунга жавобан Юра фақат асосий таркибдан жой кафолатланган тақдирда ўтишини маълум қилади. Охир-оқибат "Зенит" унинг шартига кўнади. Кейинги беш мавсумда у "Зенит"да чап қанот ҳимоясидаги ўрнини ҳеч кимга бериб қўймади. Ажойиб ҳаракатлари билан барчанинг олқишларига сазовор бўлди. 1972 йил СССРнинг энг кучли 33 футболчилари рўйхатидан ўрин олди.
1975 йил Загуменних машғулотда умуртқасидан жиддий жароҳат олди. Мураккаб операциядан сўнг унга иккинчи гуруҳ ногиронлигини беришди. 7 ой мобайнида Юра тўшакка михланиб ётди. Бироқ у таслим бўлишни хаёлига келтирмади - имкон бўлиши билан ётиб, ўтириб, эмаклаб машқ қилишни бошлади. Аста-секинлик билан оёққа турди ва югуришни бошлади. Унга фақат ўтириб ишлаш кераклигини айтишган бўлса-да, катта футболга қайтди. Аммо "Зенит"да унга рад жавобини беришди. Бу пайтда Александр Кочетков "Пахтакор"ни бошқараётганди. Қадрдон мураббий уни Тошкентга келишга кўндирди. Албатта, икки йил футбол ўйнамаган Юрани олиб келишда Кочетков жамоа раҳбариятини амаллаб кўндирганди.
1977 йил "Пахтакор" сафида 37 ўйинда 4 гол муаллифига айланиб, жамоанинг олий лигага қайтишига катта ҳисса қўшди. 1978 йил юқори лигада 28 учрашувда 2 тўп киритишга муваффақ бўлди. Жамоага жуда тез киришиб кетиши билан Загуменних мураббийларда муаммо туғдирмасди. Тошкентда ҳам қисқа вақт ичида у ишқибозлар ёқимтойига айланди. 1979 йил у 15 баҳсда иштирок этиб улгурганди. Ўша йили ёзда Юрий Морозов уни "Зенит"га яна таклиф этган ва Загуменних йиғинда иштирок этганди. Олег Базилевич эса Юрани қўйиб юборишга рози бўлмаганди. Минскка йўл олиш чоғида Юрий Загуменних жамоадошлари билан бирга авиаҳалокатга учради.
Бугунги кунда Владивостокда ҳар йили Юрий Загуменних хотирасига бағишланган мусобақалар ташкил этилади. Унинг ушбу ҳудуд футболида тутган ўрни жуда юқори баҳоланади. "Зенит" тарихида эса у энг кучли 55 футболчи рўйхатига киритилган.
Комментарии