Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида
06 дек 2019 12:49
Новости
Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ф а р м о н и
Сўнгги йилларда халқимизнинг саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, миллионлар ўйини бўлган ва мамлакатимизда алоҳида ўрин тутадиган спортнинг футбол турига аҳолини, айниқса, ёшларни кенг жалб этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Шу билан бирга, бугунги кунда мамлакатимизда юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш (селекция) тизими ва футбол инфратузилмасини янада ривожлантириш, футбол бўйича спорт мактаблари фаолиятини янги босқичга кўтариш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва уларни моддий рағбатлантириш тизимини яхшилаш, ўтказилаётган мусобақалар савиясини юксалтириш каби масалалар долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Ўзбекистонда футболни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турига айлантириш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, мамлакат футболини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш, футбол клублари фаолиятини ривожлантириш, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этиш, мамлакатимизда футбол бўйича йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ўтказиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг қуйидагиларни Ўзбекистон Республикасида профессионал футболни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилаш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин:
болалар ва ўсмирларнинг футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактаблари, бошқа таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда футбол бўйича мусобақаларни мунтазам равишда ташкил этиш;
юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш ва саралаб олиш (селекция) тизимини тубдан такомиллаштириш, уларни босқичма-босқич профессионал тайёргарликдан ўтказиб бориш орқали футболи ривожланаётган давлатларнинг етакчи клубларига “футболчилар экспорти”ни амалга ошириш тизимини йўлга қўйиш;
футбол соҳасига хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш ва уларни рағбатлантириш, футбол соҳасини бозор механизмлари асосида бошқариш, футбол клубларини хусусий секторга ўтказиш ҳамда улар орасида соғлом спорт рақобати муҳитини яратиш;
футбол мусобақалари томошабоплигини ошириш ҳамда футболни ривожлантиришнинг янги тизимини самарали йўлга қўйиш орқали “ўзбек футболи” мактабини яратиш;
футбол соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, танлаб олиш ва ривожлантиришга илғор илмий-методик ва инновацион технологияларни жорий этиш;
футбол соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, футбол инфратузилмасини моддий-техник жиҳатдан янада яхшилаш ҳамда халқаро талабларга мослаштириш.
2. Қуйидагилар:
Ўзбекистонда профессионал футболни ривожлантириш схемаси
1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш концепцияси 2-иловага мувофиқ;
Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш концепциясини 2019-2020 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харита” 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг “Йўл харита”да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли бажариш юзасидан шахсий жавобгарлиги кўрсатиб ўтилсин.
3. Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ (кейинги ўринларда – Мақсадли кўрсаткичлар) тасдиқлансин ва унда шу жумладан қуйидагилар назарда тутилсин:
умумий аҳолига нисбатан футбол билан мунтазам шуғулланувчилар сонини камида 5 фоизгача етказиш орқали республикада футболнинг оммавийлигини таъминлаш;
Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерациясининг миллий терма жамоалар рейтингида Ўзбекистон миллий терма жамоасининг кучли 50 таликка киришига эришиш;
хусусий футбол мактаблари ва хусусий профессионал футбол мактаблари сонини босқичма-босқич ошириш;
Ўзбекистон Республикасида Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси ва Осиё Футбол Конфедерацияси таснифига кирувчи чемпионатлар ва расмий халқаро турнирларни ташкил қилиш ва ўтказиш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Мақсадли кўрсаткичларга эришиш, белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида ва самарали бажариш учун масъул бўлган вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолияти мувофиқлаштирилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг:
профессионал футбол клублари қошидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган болалар-ўсмирлар футбол мактаблари негизида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол маҳорат мактаблари (кейинги ўринларда – футбол маҳорат мактаблари) ҳамда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда аҳоли сонидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча футбол маҳорат мактабларини ташкил этиш;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги болалар ва ўсмирлар футбол академияларини футбол маҳорат мактаблари этиб қайта ташкил этиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги тасарруфига ўтказиш;
ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари негизида олимпия захиралари коллежларини ҳамда уларга ажратилган қабул квотаси доирасида футбол бўлимларини ташкил этиш ва уларда футбол бўйича мутахассисларни (спортчилардан ташқари) тайёрлаш;
футбол маҳорат мактабларининг раҳбарлари, тренерлари ва бошқа ходимларига олимпия захиралари коллежлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини қўллаш;
футбол маҳорат мактабларини тегишлича ҳудудий профессионал футбол клубларига бириктириш;
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тегишли таълим муассасаларида футбол клублари, спорт таълим муассасалари учун спорт шифокори, спорт психологи, спорт фармакологи, спорт ҳуқуқшуноси ва спорт диетологи йўналишлари бўйича малакали мутахассислар тайёрлашни ташкил қилиш;
замонавий илмий ютуқлар ва инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда тренер, селекционер (скаут), таҳлилчи, ҳакам, маркетолог ва футбол менежери йўналишлари бўйича юқори малакали футбол мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида маҳаллий ҳамда хорижий мутахассисларни кенг жалб қилиш орқали Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказини ташкил этиш;
халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Халқаро Футбол Ассоциациялари Федерацияси, Осиё Футбол Конфедерацияси талабларига мувофиқ, 2021 йилги футбол мавсумидан бошлаб Суперлига жамоалари ўртасидаги учрашувларда адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида VAR (Video Assistant Referee, видео ёрдамчи ҳакам) тизимини жорий этиш;
халқаро талаблардан келиб чиқиб, салоҳияти юқори футболчиларни профессионал даражада тайёрлаш, улар хорижий давлатларнинг нуфузли футбол клубларида профессионал фаолият олиб боришини таъминлаш, шунингдек, футболчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида футбол бўйича агентлар (воситачилар)нинг фаолиятини тартибга солиш ва уларни аккредитациядан ўтказиш ваколатини Ўзбекистон футбол ассоциациясига юклаш;
2021 йил 1 январдан бошлаб халқаро тажрибадан келиб чиқиб, спорт соҳасини, айниқса, футболни янада ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, қўшимча маблағларни жалб қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат бериш;
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Республика болалар ва ўсмирлар футбол академиясининг тузилмасига қўшимча иккита селекционер штат бирлигини киритиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар шахслар томонидан букмекерлик фаолиятини амалга оширишни бузиш, шунингдек, тотализатор ўйнаш, ўйинга ёки унинг натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишилган ўйинлар ўтказиш, уларда иштирок этиш юзасидан жавобгарликни белгилаш бўйича Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
5. Белгилаб қўйилсинки:
мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари ва спорт таълим муассасаларида футбол бўйича ўқув, ўқув-машқ, тарбияланувчи ва ўқувчиларни саралаб олиш (селекция) ҳамда уларда мусобақаларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан белгиланади ва мувофиқлаштириб борилади;
футбол маҳорат мактаблари директорлари ва спорт бўйича директор ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Ўзбекистон футбол ассоциациясининг тақдимномасига асосан Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.
6. 2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол маҳорат мактабларини ташкил этиш, уларда қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш жадвали 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2020 йил ва келгуси йилларда Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантиришда ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатларига асосан футбол маҳорат мактабларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун марказлашган капитал қуйилмалар лимитлари ажратилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги футбол маҳорат мактабларини қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини комплекс экспертизадан ўтказишни таъминласин ва қурилиш-монтаж ишларининг сифатли бажарилиши устидан давлат архитектура-қурилиш назоратини ўрнатсин.
7. Белгилаб қўйилсинки:
а) умумтаълим мактаблари ўртасида:
ҳар бир туман (шаҳар)да доимий равишда йилига камида икки маротаба “Мактаблар футбол лигаси” мусобақалари ўтказиб борилади;
“Мактаблар футбол лигаси” мусобақалари туман (шаҳар) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига ҳамда Ўзбекистон “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамиятига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Бунда “Мактаблар футбол лигаси” мусобақаларини ўтказиш натижалари бўйича иқтидорли ўқувчилар туман (шаҳар) болалар-ўсмирлар спорт мактабларининг футбол бўлинмалари ҳамда хусусий футбол мактабларига саралаб олинади (селекция);
б) туман (шаҳар) болалар-ўсмирлар спорт мактаблари футбол бўлинмалари ва хусусий футбол мактаблари ўртасида:
ёш тоифасидан келиб чиқиб белгиланган меъёрлар асосида туман (шаҳар), Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда республика миқёсида “Спорт мактаблари футбол лигаси” мусобақалари ўтказиб борилади;
“Спорт мактаблари футбол лигаси” мусобақалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Бунда “Спорт мактаблари футбол лигаси” мусобақаларини ўтказиш натижалари бўйича футбол маҳорат мактаблари, хусусий профессионал футбол мактаблари ва профессионал футбол клублари ҳузуридаги футбол академияларига футболчилар саралаб олинади (селекция);
в) футбол маҳорат мактаблари, хусусий профессионал футбол мактаблари ва профессионал футбол клублари ҳузуридаги футбол академиялари ўртасида:
ёш тоифасидан келиб чиқиб белгиланган меъёрлар асосида “Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақалари ўтказиб борилади;
“Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақаларини ўтказиш натижалари бўйича ҳудудий профессионал футбол клубларига футболчилар саралаб олинади (селекция);
“Профессионал футбол мактаблари лигаси” мусобақалари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаларига ажратилган маблағлар доирасида молиялаштирилади.
Бунда футбол маҳорат мактаблари, хусусий профессионал футбол мактаблари ва профессионал футбол клублари ҳузуридаги футбол академиялари футболчилари республика ҳамда халқаро миқёсдаги мусобақаларда иштирок этади;
г) Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Республика болалар
ва ўсмирлар футбол академиясида футбол бўйича турли ёш тоифасидаги терма жамоалар тайёргарлик кўрадилар.
8. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг давлат корхоналари ва ташкилотлари томонидан молиялаштириладиган профессионал футбол клублари устав фондларидаги давлат ва давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари улушларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиш орқали хусусий инвесторларга сотиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиладиган профессионал футбол клублари устав фондидаги давлат ва давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларининг улушлари рўйхати 6-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Қайд этилсинки:
профессионал футбол клублари устав фондидаги давлат улуши бўлган хўжалик жамиятлари улушлари Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига хўжалик жамиятлари устав капиталидаги давлат улуши ва хўжалик жамиятларининг улушларини баланс қийматида камайтириш ҳисобига берилади;
мазкур Фармоннинг 6-иловасида кўзда тутилган профессионал футбол клубларининг устав фондидаги давлат улушлари Давлат мулкини сотишда тендер савдоларини ўтказиш бўйича давлат комиссиясининг қарорига асосан белгиланган тартибда сотилади.
10. Профессионал футбол клубларига давлат корхоналари ва давлат улуши мавжуд ташкилотлар томонидан ажратилаётган молиявий маблағларнинг самарали фойдаланилиши устидан Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан мониторинг ўтказиш амалиёти жорий қилинсин.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси:
мониторинг натижалари юзасидан давлат корхоналари ва ташкилотларига, шунингдек, юқори турувчи органларга таклиф ва тавсиялар киритиб борсин;
профессионал футбол клубларидаги спортчи ва бошқа мутахассисларни рағбатлантириш тизими шаффофлигини таъминлаш мақсадида икки ой муддатда ягона тартибни ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.
11. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳудудий футбол ассоциациялари фаолияти тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадлари ҳисобидан молиялаштирилишини таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Тошкент вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон футбол ассоциациясининг 2020-2021 йилларда:
Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ тумани, Янгибозор қўрғони ҳудудида футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот марказини ташкил этиш;
Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида функционал диагностика, спортчиларни соғломлаштириш ва реабилитацияси учун замонавий спорт тиббий марказини ташкил қилиш ва зарур тиббий асбоб-ускуна ва жиҳозлар билан таъминлаш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йилги Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурининг марказлашган капитал қуйилмалар лимитлари доирасида футбол бўйича миллий терма жамоалар учун ўқув-машғулот марказини қуриш ишларининг лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Молия вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Адлия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан биргаликда 2020 йил 1 июнга қадар букмекерлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Вазирлар Маҳкамасига киритсин ва уларда шу жумладан қуйидагиларни:
букмекерлик фаолиятини лицензиялаш Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги томонидан амалга оширилишини;
букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан телекоммуникация тармоқларида, шу жумладан, Интернет тармоғи провайдерларида хизматлар кўрсатилишини тартибга солишни;
букмекерлик фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари даромадларининг бир қисмини спорт турлари, шу жумладан, футболни ривожлантириш учун йўналтиришни;
букмекерлик фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш механизмлари жорий этилишини назарда тутсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги футбол маҳорат мактаблари фаолияти билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, уларни футболи ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб, замонавий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминлаш харажатлари учун зарур маблағларни 2020 йилда Давлат бюджетининг “Маданият ва спорт” соҳасига ажратиладиган маблағлар доирасида ажратсин ва 2021 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутсин.
15. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2020 йил 1 февралга қадар тегишли ҳудудларда стадион ва футбол майдонларини хатловдан ўтказсин ва хатлов натижаси бўйича эгаси номаълум стадион ва футбол майдонлари қонунчиликда белгиланган тартибда жойлардаги туман (шаҳар) болалар-ўсмирлар спорт мактабларига ўтказилишини таъминласин.
16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 7-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
17. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги Адлия вазирлиги, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
18. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси А.А.Азизов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2019 йил 4 декабрь
Комментарии