Ўзбек футболининг бугунги даражаси ҳақида
28 июл 2020 15:40
Новости
Ўзбек футболининг бугунги даражаси ҳақида
Дарҳақиқат, ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегментида футболимиз, унинг раҳбарияти, футболчилар ва мураббийлар доимий равишда муҳокама қилинади. Кимдир ўзбек футболини тамомила тугатиш кераклигини тарғиб қилса, кимдир футболимиз даражаси ва футбол кишиларидан нолийди. Яқинда "Facebook"да шундай ёзишди:
Ҳа, ўзбек "фудбол"ини кузатиш, у ҳақида тушунча ҳосил қилиш тугул, ушбу спорт турининг номини тўғри ёзолмайдиган кишилар ҳам; МТЖ ўйинини бирор марта кузатмаган, аммо ҳинд сериалларини 2 мартадан (такрорий қисми билан) кўрадиган амакилар ҳам; футбол деса, кўз олдига тўп билан деразасини уриб синдирган болачалар келадиган Бойчечак холаям танқид қилаверади бу соҳани. Начора, бизга ўйлаш, мушоҳада қилиш учун иньом қилинган ақл ва фаросат ўрнига, гапириш учун берилган бир қарич тилдан кўпроқ фойдаламиз.
Ҳамма шу ҳақда гапираётган экан, мен ҳам ўз муносабатимни билдиришга қарор қилдим. Қуйида ўқийдиганларингизнинг барчаси шахсий фикрлардир.
Ўзбекистонга футбол нима учун керак?
Биринчидан, ҳеч қайси соҳа мамлакатни спортчалик машҳур қилолмайди. Футбол эса спортнинг бошқа турларига қараганда кўпроқ кузатувчилар, мухлисларга эга. Мисол учун, кўпчилигимизда Бутан давлати ҳақида ҳақида фақат битта маълумот бор: мунтазам равишда ФИФА рейтингининг сўнгги поғоналарида юради. Энди тасаввур қилинг, Бутан терма жамоаси мундиал гуруҳ босқичида Бразилия, Германия ёки Италия билан ўйнаяпти. Бутун дунё аҳолисининг эътибори Бутанга қаратилади. Миллиардлаб одамлар шундай мамлакат борлиги ҳақида тасаввурга эга бўлади ва у ҳақида маълумотларни қидириб кўради. Бу эса мазкур ўлкага туристлар оқимининг кескин ошишига олиб келади.
Иккинчидан, футболда жуда катта пул айланади, у орқали кўп миқдорда хориж валютаси кириб келиши мумкин. Тасаввур қилинг, 10 йилдан кейин хориж бозорига 200 нафар легионер чиқардик. Ўртача ҳисобда бир йилда уларнинг ҳар бири ўз оиласига 500 минг АҚШ доллари миқдорида пул жўнатиб турса, Ўзбекистонга ҳар йили 100 миллион доллар (!) кириб келади.
Учинчидан, халқимиз спортнинг бошқа турларига нисбатан футболни кўпроқ яхши кўради. Минглаб ёшларимиз шу спорт тури билан шуғулланишни маъқул кўради. Уларнинг барчаси катта футболга ўтолмаслиги мумкин, аммо энг камида соғлом бўлади...
Ўзбек футболининг даражаси қай аҳволда?
Яқинда эьтиборингизга ҳавола қилинган мақолалардан бирида шундай ёзган эдим:
Эътибор қилганмисиз, футбол масаласида ўта позитив инсонлармиз. Ўз навбатида, футболчилар, мураббийлар, спорт аҳлига нисбатан ҳаддан ташқари шафқатсиз ҳам. Мамлакатимиз таълим, медицина, робототехника ёки ИТ соҳаси бўйича жаҳонда энг кучли 32 талик тугул, Осиёда ҳам етакчилар қаторига киролмаса, фожиа ясамаймиз. Лекин жамиятдаги аҳвол нуқтаи назаридан қараганда ўз бўйидан 1 эмас, 2 бош баланд сакраган миллий терма жамоамизнинг мундиалга чиқолмагани биз учун фиаско саналади. Уялмай (аламдан) футбол кишиларининг шахсияти борасида концертларда "емаган" ҳазиллар қилишгача ҳам бора оламиз.
Ўйлашимча, спортда (хусусан, футболда ҳам) камчиликлар етарлича, аммо жамият ҳаётидаги исталган бошқа йўналишга нисбатан кўпроқ ривожлана олган. Келинг, вазиятга реал баҳо берайлик. Футболимиздан қитъанинг энг яхши футболчилари чиқди, футбол тарихида рекорд ўрнатган ҳакам чиқди, терма жамоаларимиз қитъада тенгсиз бўлди, жаҳонда энг кучли саккизликка ҳам кира олдик.
Кино, қизиқчилик, тиббиёт, таълим, иқтисод, ИТ ёки сизнинг (ҳурматли ўқувчи, қайси йўналишда фаолият юритасиз?) соҳангиз рейтинг бўйича футболдан юқори эканига ишонасизми?! Сизга ҳам қатор саволлар билан мурожаат қилишимиз мумкин:
Нега ёшларга тўғри тарбия бермаяпсиз?; нега кишилар ҳаётини сақлаб қололмаяпсиз?; нега иқтисодий ривожланишнинг "ўзбек мўжизаси" деб номланиши мумкин бўлган тараққиёт йўлини ишлаб чиқиб, ҳукуматга тақдим қилмаяпсиз?; нега кучингизни жаҳон ахборот технологиялари бозорида инқилоб ясаш учун ҳаракат қилиш ўрнига аллақайси футбол одамини муҳокама қилиш, сўкиш учун сарфлаяпсиз?
Футболни Али ҳам, Вали ҳам танқид қилаверади. Бу яхши. Лекин бировнинг шахсиятига тегадиган сўзлар ишлатиш, сўкиниш — ёмон. Натижаларга қарасак, футбол бошқа соҳалардан икки бош баланддек кўриняпти. Шундай экан, мундиалга чиқолмаган футболчиларни ҳақорат қилиш учун сарфлайдиган энергиямизни ўзимиз фаолият юритадиган соҳа бўйича жаҳонда энг кучли 32 таликка кириш учун сарфлайлик. Зеро, футбол ҳаёт учун муҳим бўлмаслиги мумкин. Лекин таълим ва тиббиёт сингари соҳалар бизнинг, фарзадларимизнинг — барчамизнинг ҳаётимиз учун бирламчи аҳамият касб этади.
Комментарии