RU

Последние новости

16:36Расман: Умиджон Эргашев – "Навбаҳор" футболчиси!  0 16:14"Металлург" академияси ёпиладими? Академия бунга жавоб берди  0 15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  3 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  2 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  6 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  15 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1

Отабек Ғуломхўжаев: "Ҳақиқий кучимиз саралаш ўйинларида кўринади" Новости

Отабек Ғуломхўжаев: "Ҳақиқий кучимиз саралаш ўйинларида кўринади"

Ўзбекистон U-19 терма жамоаси шу йилнинг ноябрь ойида Осиё чемпионати саралаш босқичида иштирок этади.

Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган саралаш ўйинлари 6-10 ноябрь оралиғида ўтказилади. Гуруҳимизда Саудия Арабистони, Афғонистон ва Ҳиндистон ўрин олган. Ҳозирда Ўзбекистон U-19 терма жамоасига Отабек Ғуломхўжаев мураббийлик қилмоқда. Яқинда ёш мураббий билан учрашиб, терма жамоанинг тайёргарлиги ва бошқа мавзулар устида суҳбат қурдик. 


- Отабек ака, келинг суҳбатимизни Ўзбекистон U-19 терма жамоасининг Тожикистонда ташкил этилган CAFA U-19 Championship мусобақасидаги иштироки билан бошласак. Маълумки, бешта жамоа (Эрон, Тожикистон, Ўзбекистон, Афғонистон, Туркманистон) қатнашган мазкур мусобақада биз 3-ўринни эгалладик. Фақат Туркманистонни мағлуб этганимизни ҳисобга олмасак, Эрондан мағлуб бўлдик, Афғонистон ва Тожикистон билан 2:2 ўйнадик. Табиийки Афғонистон, Тожикистон каби жамоаларни юта олмаганимиз мухлисларга ёқмади. Натижада кўпчилик иштирокни салбий баҳолади. Сиз бу ҳақда нима дейсиз? 

- Энди CAFA U-19 Championship мусобақасидаги иштирокка келадиган бўлсак, Тожикистонга кетишдан олдин ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов билан учрашганимизда Равшан Сайфиддинович ҳозирча натижа керак эмас, муҳими ўйиндаги камчиликларимизни билиб олсангиз бўлгани, асосий мақсад Осиё чемпионатига чиқиш дедилар. 

Ўтган йил октябрь ойида Испаниядаги турнирга бориб келгандик. Мана энди салкам 10 ой деганда иккинчи бор четга чиқдик. Ҳозирги пайтда иккита тенг кучли таркибга эгамиз. Насиб қилса ҳозирги U-19 жамоамиз пайти келиб “олтин авлод” сифатида шаклланиши керак, чунки болаларда салоҳият юқори. 

Тожикистондаги мусобақага Жасур Жалолиддинов, Абдувоҳид Неъматов каби етакчи ўйинчиларни олиб кетмадик. Чунки улар ўз клубларининг асосий таркибида ўйнашяпти. Шу боис бошқаларни синаб кўрдик. Эронга нисбатан жисмоний ҳолатда ютқаздик. Шунда ҳам 65-дақиқадан кейин толиқиб қолаётганимиз кўриниб қолди. 

Афғонистонга қарши жамоамизни бир нечта тактикада синаб кўрдим. Ҳимоявий ўйин кўрсатдик, учинчи зонада фаол прессинг ишлатдик, умуман мусобақа давомида ҳар хил таркибни турлича ўйнатиб кўрдим. Мақсад жамоамизнинг ҳозирги кучи ва камчиликларини билиб олиш эди. Бу ерда вазифа чемпион бўлиб қайтиш эмасди. Биз учун муҳими жамоавий ўйинни шакллантириб олиш. 

Афғонистон билан ўйинда ҳаммаси кўнгилдагидек бошланди, биз 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб қолдик. Шунда мен бошқа тактикани синаб кўриш мақсадида юқори прессингни танладим. Жамоа юқори прессинг қилганда тўпни йўқотдими, тезда орқага қайтиши лозим бўлади. Мана шу ерда бизнинг камчилик кўзга ташланди: биз юқори прессинга ҳали тайёр эмас эканмиз, бунинг натижасида охирги 10 дақиқада иккита гол ўтказиб юбордик. Ўйиндан кейин футболчиларни уришиб тергаганим йўқ, аксинча ҳар бир учрашув биз учун ўзига хос дарс бўлди.


- Жамоангиз баҳорда ва ёзнинг биринчи-иккинчи ойларида нима билан машғул бўлди? 

- Асосан Тошкентда йиғилиб ўқув-машғулот ташкил этиш билан чекландик. Фақат баҳорнинг бошларида, унда “Динамо” ҳали Суперлигада иштирок этиши маълум эмасди, Пролигага тайёргарлик кўраётган маҳал Чиғатойда ўртоқлик учрашуви ўтказдик ва бу ўйин ҳам биз учун катта дарс бўлди. 

U-19 Осиё чемпионати саралаш баҳсларига икки ой қолди, буёғига биз учун энг кераклиси тактика устида ишлаб пишитиб олишимиз керак. Шунингдек, водийда Берлин академияси билан ўйнаганимиздан хабарингиз бор. Бу рақиб бизнинг даражамизга мос эмасди, фақат бизни хурсанд қилган жиҳати ўйин водийда ташкил этилгани бўлди. Одам кўп келди ва футболчиларимиз мухлислар қаршисида тўп тепиш қанақа бўлишини ҳис этдилар.


- Сиз мураббий сифатида айтайлик, ҳар бир ўйинни атрофлича тушунтириб беришингиз, керак бўлса ЎФА ва бошқа мутахассислар буни яхши тушуниши мумкин. Лекин оддий мухлис барибир Афғонистон ва Тожикистон билан дурангни ҳазм қила олмайди. 

- Бу саволга қуйидагича жавоб бераман. Агар бизга CAFA U-19 Championship мусобақасида натижа керак бўлганида Тожикистонни ҳам, Афғонистонни ҳам ютардик. Лекин бунда мен ўз принципларимдан воз кечиб болаларга бирорта тактикани ўргатмасдан фақат натижа учун ўйнардик. Бу жамоаларга гол урган қайсидир футболчи ном чиқарарди ҳам, аммо эртага саралаш ўйинларида ўша бола ўзини кўрсата олмаса нима бўлади? Одамлар Тожикистон билан Афғонистонга гол урган ўйинчи қани деб сўраса-чи? Менинг принципим шунақа: ҳозир болаларга тўғри йўналиш бериш керак. 

Саралашдаги рақибимиз Ҳиндистон ёшлар термаси йил бошидан бери 14та ўйин ўтказди. Улар ҳар бир ўйинда турлича тактикаларни қўллаб кўрди: бир гал ҳужумкор, бир гал ҳимоявий, баъзи ўйинларда прессинг. Ҳиндистон мана шу 14та ўйиндан иккитасини ютиб, бир марта дуранг ўйнади ва қолган ҳамма беллашувларда ютқазди. Улардан ҳам ҳозир ҳеч ким натижа сўраётгани йўқ. 

Мен ҳам шуни хоҳлайман, насиб қилса саралашда яна Афғонистон билан ўйнаймиз. Бу жамоага қарши баҳсда футболчиларимизнинг ҳақиқий кучини кўрасизлар. Яна бир гапни айтишим керак, мени ҳозирги пайтда рақибларнинг нима билан машғуллиги кўп ҳам ўйлантираётгани йўқ, мен асосан ўз жамоам ҳақида қайғуряпман. Бундан ташқари ҳеч қачон рақибни бутун жамоа сифатида ўрганмайман, балки индивидуал кучли футболчиларига эътибор қаратаман.


- Бу ёшдаги футболчиларни ҳали ёш деб ҳисоблайсизми ёки катта бўлиб қолишдими?

- Йўқ, ёш эмас. Бу ўйинчилар аллақачон катта бўлган. Тўғриси, ўзимнинг бошимдан ўтган воқеа - жамоанинг функционал тайёргарлиги пайтида штангалар билан машқ қилиш керак эмас деб ўйлардим. Эронлик жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий билан гаплашганимда ундан сизларда болалар анча бақувват, ишқилиб ҳаммаси ўзи ёшидами деб сўрадим. Шунда у менга ҳа албатта, фақат биз 12 ёшдан болани жисмоний машқлар билан шуғуллантирамиз, 15-16 ёшида ўзининг вазнига қараб юклама берамиз, 17-18 ёшдан кейин футболчилар 80-90 кг. юк кўтариб машқ қилишади деди. 

Энди бизда вазият қанақа? Терма жамоага “Насаф”дан жисмоний тайёргарлик бўйича мураббий Ильнур Сибагатулинни таклиф этдим. Сибагатулин болаларни кўриб жаҳли чиқди, булар намунча нимжон дейди. Ўйлаб қарасам, бизда ҳам жисмоний тайёргарлик бўйича соҳа мутахассисларини кўпайтириб ҳар бир футбол мактабига бириктириш керак экан. Биз нима қиляпмиз? Болага 12 ёшда тактика, тўп билан ишлаш, прессингни ўргатяпмиз-у, лекин унинг жисмоний ҳолатига эътибор бермаяпмиз. Унинг кучи билан ҳисоблашмаяпмиз. 

Тўғрисини айтиш керак, куч жиҳатдан Осиёнинг кўп жамоаларига ютқазиб бўлдик. Бошқалар биздан анча ўзиб кетди. Масалан, Эронни олайлик. Ҳаммаси бақувват ва гавдали. Эҳтимол бу генетика туфайли ҳам дейлик, лекин жамоадаги ҳамманинг генетикаси зўр эмасдир. Буларнинг барчасига сабаб жисмоний машқлар ва ҳар бир футболчи билан жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийнинг алоҳида ишлаши. 

18-19 ёшда болага жисмоний машғулот бериш кеч, мушаклар аллақачон формага кириб бўлган бўлади. Бошқа футболчиларни кўринг, формасини ечса гавдасининг спортчига хос кўринишини кўриб ҳавасингиз келади, бизнинг футболчилар форма кийса елкаси осилиб қолади. Жуда кўп жамоаларда футболчи қачон асосий таркибга ўтсагина тренажёр нима эканини кўради, унгача фақат майдонда тўп тепиб юраверади. Демак, бу борада ҳам алоҳида ишлаш талаб этилади.

 

- Балки тренажёр залида шуғулланишни Суперлига клублари қошидаги футбол мактабларига бириктириш керакдир? 

- Буни энди мутахассислар бир жойга йиғилиб обдон маслаҳат қилган ҳолда амалга ошириши лозим. Футболда ҳеч нарса ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Футболчиларга жисмоний юклама неча ёшда қанча берилишини соҳа мутахассислари ҳал қилгани маъқул. Мен яна шуни хоҳлардимки, футбол мактабларида дарвозабонлар билан алоҳида, ҳимоячилар, ярим ҳимоячилар ва ҳужумчилар билан ҳам алоҳида мураббий ишласа. 

Шу нарса ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимизда бўлганида эди, анча олдинга қадам ташлаган бўлардик. Европада худди шундай: ёшлар ва ўсмирлар терма жамоасида жуда кўп мураббийлар ишлайди, улар имкон қадар ҳар бир бола билан алоҳида шуғулланади. Футболчи қачонки миллий терма жамоага борганидан кейингина пишиб етилган бўлади ва у билан алоҳида ишлайдиган мураббийга ҳожат қолмайди. 


- U-19 терма жамоасида селекция ишлари тугадими ёки ҳалиям янги футболчиларни кузатяпсизми? 

- Селекция ҳеч қачон тугамайди. Албатта, терма жамоанинг ўзаги бор, лекин мен доим янгиларни қидиришда давом этаман. “Бунёдкор”га яқинда бир футболчини олиб келишди, Самарқандда туғилган, Москва клубида ўйнаган экан. Андижонлик икки нафар яхши футболчи ҳақида маълумот топдим. Ким кучли бўлса терма жамоа эшиги ҳар доим очиқ.

 

- Ўз вақтида Тимур Ҳакимов, Аббос Махситалиев каби ёшлар порлаб чиққанди, бироқ кўп ўтмай кўринмай кетди. Қўл остингиздаги футболчилар билан ҳам эртага шу ҳолат такрорланмаслиги учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз? 

- Албатта, бу борада футболчилар билан доим тарбиявий соат ўтамиз. Ҳозир бизнинг ўйинчиларни ким танийди? Ҳеч ким. Уларни Осиёда тугул ўзимизда ҳам яхши билишмайди. Шунга қарамай кимдир ўзидан кетиб қолаётганини кўрсак, дарҳол жойига тушириб қўямиз. 

Лекин барибир кўп нарса кўчадаги маданият ва уйдаги тарбияга ҳам боғлиқ. Агар футболчи машинам бор, уйли бўлдим ва шунинг ўзи  етади деб ўйласа катта хато қилади. Нима учун Месси ва Роналду шу билан тўхтаб қолмайди? Нима учун улар ҳар йили янада зўр бўлишга ҳаракат қилишади? Чунки уларда курашувчанлик менталитети бор. Бизда эса афсусуки, сал нарсага эришдими, футболчи тўхтаб қолади. 

Ҳозирги ёшларга Элдор Шомуродовни ўрнак қилиб кўрсатган бўлардим, Элдор футболдан ташқари ҳеч нарсани ўйлаётгани йўқ, шу боис ҳам унинг ошиғи олчи. Хоҳлардимки, Ўзбекистон U-19 терма жамоасида тўп тепаётган футболчилар ҳам бир кун келиб камида Шомуродов даражасига чиқса бундан ниҳоятда бахтиёр бўлардим.


- Осиё чемпионати саралаш ўйинларига икки ой қолди. Тайёргарликнинг кейинги босқичи қандай кўринишда бўлади?

- Сентябрда Иорданияга йўл олиб, шу юрт U-19 терма жамоаси билан иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиб қайтамиз. Октябрда эса Таиландда бўлиб ўтадиган халқаро турнирга таклиф олганмиз. У ерда Жанубий Корея, Вьетнам ва Таиланд билан ўйнаймиз. Шундан сўнг ноябрда Тошкентда қисқа муддат йиғин ўтказиб, Саудия Арабистонига жўнаб кетамиз.

 

- Барибир саралаш ўйинларида асосий рақиб Саудия Арабистони бўлиб қолаверади. Мусобақа ҳам Саудия Арабистонида бўлиб ўтади. Шундан келиб чиқиб бу жамоа иштирокидаги бирорта ўйинни кўрдингизми? 

- Саудия Арабистони ёшлар термаси ҳақида маълумот олиш осон бўлмаяпти. Чунки улар ҳаммасини ёпиқ ҳолда бажаряпти ва ҳеч қаерга маълумот чиқаришмаяпти. Саудия Арабистони ўз уйида Тожикистон ёшларини чақириб иккита ўртоқлик учрашуви ўтказди, тожикларнинг ҳамма сарф-харажатларини қоплаб берди ва бунинг эвазига уларга ўйинни ёзиб олишга рухсат бермади. Саудияликлар фақат ўзлари учун ўйинни тасвирга туширишда ва ҳеч кимга бергани йўқ.

 

- Маълумки, икки йил олдин Дилшод Нуралиев қўл остидаги жамоа ҳам Осиё чемпионати саралаш босқичини Саудия Арабистонида ўтказиб, ўшанда саудияликлар бизнинг ўйинни иссиқ вақтга қўйиб, ўзлари салқинда ўйнашган ва бунинг оқибатида бизни қолдириб Осиё чемпионатига йўл олишганди. Бу йил ҳам шундай бўлмаслигининг олдини олса бўладими?

- Ҳар қандай шароитга тайёр туришимиз керак. Дилшод ака борган пайт қандай муаммоларга дуч келган яхши билмайман. Лекин баъзи воқеалардан хабарим бор. Имкон қадар саралаш ўйинлари яқинлашаётган маҳал Равшан Сайфиддинович билан ўзаро маслаҳат қилган ҳолда мусобақага бир ҳафта қолганида кимнидир юбориб, ташкилий ишлар билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишини сўраймиз. 

(давоми бор...) 

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +9   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика