Осиё кубоги-2023. Жанубий Корея, Ироқ ва Иордания иштирокидаги ўйинлар превьюси
15 янв 17:00
Новости
Осиё кубоги-2023. Жанубий Корея, Ироқ ва Иордания иштирокидаги ўйинлар превьюси
Жанубий Корея — Баҳрайн
Ўзаро ўйинлар тарихи
Жамоалар Осиё кубоги доирасида уч маротаба тўқнаш келган. 2007 йилги турнир гуруҳ босқичида Баҳрайн 2:1 ҳисобида устун келган. 2011 ва 2019 йилги мусобақаларда эса Жанубий Корея бир хил — 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган. Икки жамоа жами 24 маротаба тўқнаш келган бўлиб, уларнинг 16 тасида Жанубий Корея, 3 тасида Баҳрайн ғалаба қозонган, яна 5 ўйинда кучлар тенг келган.
Осиё кубогидаги иштирок
Жанубий Корея 15-маротаба қитъа биринчилигида иштирок этмоқда. Кореяликлар турнир тарихидаги дастлабки икки титулни қўлга киритган ва 1960 йилдан буён бошқа соврин юта олмаган.
Баҳрайн эса 6 маротаба финал босқичида қатнашиб, 2004 йил 4-ўрин билан кифояланган.
Саралаш босқичи
Жанубий Корея 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги раундига йўл олгани сабабли автоматик равишда мусобақа иштирокчисига айланганди.
Баҳрайн эса 3-саралаш босқичида Малайзия, Туркманистон ва Бангладешни ортда қолдирди.
Турнирга тайёргарлик
Жанубий Корея турнир арафасида БААнинг Абу Даби шаҳрида йиғин ўтказиб, Ироққа қарши назорат учрашувида майдонга тушди ва 1:0 ҳисобида зафар қучди.
Баҳрайн ҳам БААда йиғин ўтказиб, Австралия (0:2) ва Ангола (0:3)га ютқазиб қўйди.
Жамоалар қиймати
Нуфузли Transfermarkt портали Жанубий Корея терма жамоасини 193 миллион евро, Баҳрайн терма жамоасини эса 10 миллион еврога баҳолаган.
Мураббийлар фикри
Юрген Клинсманн (Жанубий Корея бош мураббийи): "Дастлабки ўйин биз учун жуда муҳим, турнирни яхши кайфиятда бошлашни истаймиз. Мусобақадаги барча жамоалар кучли, биз ҳеч бир рақибнинг имкониятини паст баҳоламаймиз.
Биз узоқ келажак ҳақида ўйламаймиз, ҳозирда фақат Баҳрайн тўғрисида бош қотиряпмиз. Бизни қийин ўйин кутиб турибди, лекин ўз ўйинимизни кўрсатиб, охиригача шу ерда қолишни истаймиз."
Хуан Антонио Пицци (Баҳрайн бош мураббийи): "Биз жуда оптимистмиз, бизни олдинда учта қийин ўйин кутиб турганини яхши биламиз. Жанубий Кореяда ажойиб ўйинчилар мавжуд, бироқ рақибга қаршилик қилишга ҳаракат қиламан. Умид қиламанки, яхши натижага эришамиз. Ҳозирги мақсадимиз — 1/8 финалга чиқиш."
Қизиқарли фактлар
- Жанубий Корея охирги икки Осиё кубоги гуруҳ босқичида (6 ўйин) ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормаган, фақат Эрон (2011–2019 йиллар оралиғида 8 ўйин) яхшироқ натижа қайд этган.
- Жанубий Корея аввалги 14 иштироки давомида дастлабки турда фақат бир маротаба мағлуб бўлган (5 ғалаба, 8 дуранг), ягона мағлубият 1964 йил Ҳиндистон билан учрашувда содир бўлган.
- Баҳрайн ўз тарихида Осиё кубогининг 1-турида ғалаба қозона олмаган (3 дуранг, 3 мағлубият), шу жумладан, 2011 йил Жанубий Кореяга ютқазган.
Имкониятлар: 50–30–20
Индонезия — Ироқ
Ўзаро ўйинлар тарихи
Индонезия ва Ироқ ҳозирга қадар 12 маротаба тўқнаш келган бўлиб, уларнинг 7 тасида Ироқ, 2 тасида Индонезия ғалаба қозонган, яна 3 учрашув дуранг билан якунланган.
Осиё кубогидаги иштирок
Индонезия 4 маротаба турнирда иштирок этиб, ҳозирга қадар гуруҳ босқичидан нарига ўта олмаган.
Ироқ 9 марта мусобақада қатнашиб, 2007 йил бош совринни қўлга киритган.
Саралаш босқичи
Индонезия 3-босқичда Иордания, Кувайт ва Непал жойлашган гуруҳда 2-ўринни эгаллади.
Ироқ 2022 йилги жаҳон чемпионати саралаш босқичининг сўнгги раундига йўл олгани сабабли автоматик равишда мусобақа иштирокчисига айланганди.
Турнирга тайёргарлик
Индонезия январь ойи Туркияда Африка вакили Либяга қарши иккита ўртоқлик учрашуви ўтказиб, 0:4 ва 1:2 ҳисобларида мағлуб бўлди. Кейинчалик Қатарда Эронга 0:5 ҳисобида ютқазди.
Ироқ БААнинг Абу Даби шаҳрида Жанубий Корея билан куч синашиб, 0:1 ҳисобида ютқазди.
Жамоалар қиймати
Нуфузли Transfermarkt портали Индонезия терма жамоасини 8.9 миллион евро, Ироқ терма жамоасини эса 12.35 миллион еврога баҳолаган.
Мураббийлар фикри
Син Тхэ Ён (Индонезия бош мураббийи): "Ироқ билан жамоамиз ўртасида катта тафовут мавжуд, икки жамоа имкониятларини барча билади.
Биз гуруҳдаги энг ёш жамоамиз, шунга қарамай, йигитларда улкан салоҳият бор. Биз нафақат ўз даражамизни, балки натижаларимизни ҳам яхшиламоқчимиз. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди.
Гуруҳ аутсайдери ҳисоблансак-да, орқага ётиб олиб ҳимояланаверсак, Индонезия футболи ривожланмайди. Биз замонавий футбол тенденцияларига эргашиш ва босқичма-босқич кучли даражада чиқишни истаймиз, бунинг учун қўлимиздан келганини амалга оширамиз. Бизнинг тактикамиз нафақат натижага, балки Индонезия футболини ривожлантиришга қаратилади.
Хесус Касас (Ироқ бош мураббийи): "Индонезия биз каби футболи ривожланаётган ҳамда Европадан ўйинчилар олиб келаётган терма жамоа ҳисобланади, шу боис, бўлажак ўйин қийин ўтиши табиий. Биз ғалаба қозонишни истаймиз, лекин бунга осонлик билан эришиб бўлмайди. Индонезия ўзаро сўнгги ўйиндаги мағлубият учун реванш олиш илинжида майдонга тушади. Биз бўлажак учрашувга бор диққатимизни қаратамиз."
Қизиқарли фактлар
- Икки жамоа Осиё кубоги доирасида илк маротаба тўқнаш келади.
- Индонезия тўрт маротаба Осиё кубогида қатнашиб, бирор марта плей-оффга чиқа олмаган бўлса-да, дастлабки турда мағлубиятга учрамаган (2 ғалаба, 2 дуранг). Шу жумладан, охирги икки иштироки давомида 1-турда ғолиб чиққан.
- Ироқ Осиё кубоги гуруҳ босқичидаги сўнгги 8 учрашувнинг фақат биттасида мағлуб бўлди (6 ғалаба, 1 дуранг).
- Ироқ охирги марта 2011 йилги мусобақанинг 1-турида Эронга мағлубиятга учраган.
Имкониятлар: 30-30-40
Малайзия — Иордания
Ўзаро ўйинлар тарихи
Малайзия ва Иордания ўзаро 5 маротаба тўқнаш келган бўлиб, уларнинг 3 тасида Иордания ғалаба қозонган, яна 2 ўйинда дуранг қайд этилган.
Осиё кубогидаги иштирок
Дастлаб Малая, кейинчалик ҳозирги ном остида Осиё кубогида иштирок эта бошлаган Малайзия уч маротаба гуруҳ босқичида қолиб кетган.
Иордания тўрт маротаба турнирда қатнашиб, учтасида гуруҳдан чиқишни уддалаган. Энг яхши натижа — чорак финал.
Саралаш босқичи
Малайзия 3-саралаш босқичида Баҳрайн, Туркманистон ва Бангладеш билан бир гуруҳдан жой олиб, гуруҳда 2-ўринни эгаллади.
Иордания худди шу босқичда Индонезия, Кувайт ва Непални ортда қолдирди.
Турнирга тайёргарлик
Малайзия январь ойида Сурияга қарши назорат учрашувида майдонга тушиб, 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
Иордания йил бошида Қатарни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, Японияга 1:6 ҳисобида мағлуб бўлди.
Жамоалар қиймати
Нуфузли Transfermarkt портали Малайзия терма жамоасини 6.78 миллион евро, Иордания терма жамоасини эса 13.65 миллион еврога баҳолаган.
Мураббийлар фикри
Ким Пан Гон (Малайзия бош мураббийи): "Жамоамиз Иорданияга қарши учрашувга тўлиқ тайёр. Ўйлайманки, биз ўз ўйинимизни намойиш эта оламиз. Жароҳат олган футболчилар борлигига қарамай, бўлажак ўйин учун кучли жамоа шаклланган.
Иордания учун ўйин режасини ишлаб чиқдик, шогирдларимнинг ўзига бўлган ишончи юқори. Иорданияни мағлуб этиб, тарих саҳифаларидан ўрин олмоқчимиз. Нимчорак финал учун курашамиз."
Ҳусайн Аммута (Иордания бош мураббийи): "Дастлабки ўйин барча жамоалар учун муҳим аҳамиятга эга, биз эртанги учрашувни интиқлик билан кутяпмиз. Асосий этиборимиз мустаҳкам ҳимояни ташкил этган ҳолда уч очкони қўлга киритишга қаратилган. Ўйин осон ўтмаслигини ҳис қилиб турибмиз. Ҳар бир рақибнинг ўзига хос кучли жиҳатлари борлигини инобатга олсак, бирор рақибни аутсайдер деб айта олмаймиз.
Бош мақсадимиз — уч очко қўлга киритиш ва турнирни ижобий натижа билан бошлаш."
Қизиқарли фактлар
- Икки жамоа Осиё кубогида илк маротаба тўқнаш келмоқда. Улар ўртасида халқаро даражадаги ягона учрашув 1988 йилги Осиё кубоги саралаш босқичига тўғри келди, мазкур баҳсда ҳисоб очилмаган.
- Иордания охирги Осиё кубоги гуруҳ босқичида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
- Малайзия Осиё кубогидаги 9 ўйиннинг атиги биттасида ғалаба қозонган.
Имкониятлар: 30-30-40
Комментарии