Ўртоқлик ўйини олдидан. 15 кунлик машғулот маҳсулини бугун кўрамизми?
06 сен 2018 12:00
Новости
Ўртоқлик ўйини олдидан. 15 кунлик машғулот маҳсулини бугун кўрамизми?
Аргентиналик мутахассис Эктор Купер қўл остида машғулотларга киришган терма жамоамиз бугун Сурия билан куч синашади. Энг қизиғи, рақибимизда ҳам янги мураббий иш бошлаган. Осиё Кубогига Сурияни германиялик мураббий Бернд Штанге тайёрламоқда. Кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида иккала мураббий ҳам ўз жамоаси ҳақида илиқ фикрларни билдирди.
Албатта, бизнинг эътиборда кўпроқ Эктор Купер бўлди. Купер матбуот анжуманида асосан умумий гапларни айтиш билан чекланди. Сурия билан ҳужумкор ўйин намойиш этамиз ёки ҳимояга эътибор берамиз демади, балки вазиятга қараб иш тутамиз деди. Бернд Штанге эса Ўзбекистонда футбол йилдан йилга ривожланаётганини айтиб ўтди. (Албатта, ўзбек футболини ичидан кузатмайдиган мутахассиснинг футболимиз ҳақида илиқ фикр билдириши жуда қувонарли).
Эктор Купернинг терма жамоа билан йиғин бошлаганига 15 кун бўлди. 15 кундирки жамоа ҳар хил майдонларда машғулот олиб борди. Фақат ўйин бўладиган асосий майдондан ташқари. "Миллий" стадионда кечаги расмий машғулот ҳам ўтказилмади. Терма жамоамиз яна "Жар"да, Сурия эса "Миллий" стадионнинг захира майдонида шуғулланди.
15 кун давомида Купер нима иш қилганининг кичик мевасини бугун кўрсак ажаб эмас. Энг муҳими, янги мураббий футболчиларимизни ва ким қаерда тўп тепишини ўрганиб олса бўлгани. Аммо машғулотлардан келиб чиқиб бугунги баҳсда асосий таркибни топиш бирмунча мушкул. Купер балки қайсидир ўйинчини ўзи ўрганмаган чизиқда синаб кўриши ҳам мумкин. Чунки ўртоқлик ўйинлари экспериментларни амалга ошириш учун ташкил этилади.
Эктор Купернинг хаёлидан нималар ўтаётганини билмаймиз. Ўйинга қўйган мақсади ҳам фақат ўзига аён. Ҳозирча қўлимиздан келгани кутиш ва терма жамоага мухлислик қилиш.
Сурия терма жамоаси анча жиддий рақиб. Бу жамоа ёзнинг бошидан бери йиғилиб шуғулланиб келмоқда. Сурия термаси ЖЧ-2018 саралаш босқичида биз билан битта гуруҳда эди. Тошкентда бўлиб ўтган баҳсда уларни 1:0 ҳисобида мағлуб этганмиз. Сафардаги ўйинда эса шу ҳисобда ютқазиб қўйганмиз. Ўзбекистон ва Сурия ҳозирча ўзаро ўртоқлик учрашуви ўтказмаган. Демак, бугунги баҳс биринчиси бўлади.
Шу пайтгача Сурияга қарши учта расмий ўйин ўтказган бўлсак, бу жамоа дарвозасига фақат 2та гол урганмиз. Голлардан бири Сергей Лебедев, иккинчиси Александр Гейнрихга тегишли. Бугун ким рақиб дарвозасини ишғол қилса, бу борада янги футболчига айланади. Имкониятлар борасида эса 50/50 дея оламиз.
Х.Холиқов.
Комментарии