Очиқлик сиёсати ёхуд яна ўша прожекторлар ҳақида
29 июн 2021 00:02
Новости
Очиқлик сиёсати ёхуд яна ўша прожекторлар ҳақида
Мана шу каби ислоҳотлар негизида соҳалар бўйича матбуот хизматлари ташкил этилди. Эндиликда сиз бирон корхона ёки ташкилот ёки давлат органи фаолияти ҳақида қизиқаётган бўлсангиз, марҳамат ўша ташкилотларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига ташриф буюринг, матбуот хизмати вакиллари истаганингизча янгилик ва хабарларни тақдим этиб боришмоқда.
Куни кеча юртимизда "Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни" байрам сифатида кенг нишонланди. Айнан ушбу кунда "Локомотив" клуби матбуот котиби ва Championat.asia ходими Хайрулла Холиқов прожекторлар масаласида ўзининг бир оз танқидий қарашлари билан ЎзПФЛ манзилига салом йўллади. Унинг саломига жавобан ташкилот раҳбари Диёр Имомхўжаев ўзининг телеграмдаги саҳифасида бир оз кескинроқ фикрларни қолдирганидан ҳам хабардорсиз албатта. Ушбу тортишувда ким ҳақ ёки ноҳақлигини мен ҳал қилмайман, чунки бунга даражам ҳам, малакам ҳам етмаслиги мумкин. Унда нега бу мавзуда ёзаяпман? Кимдир икки машҳур шахслар ўртасидаги тортишувга аралашиб ўзини ПИАР қилишга уринаяпти деб ҳам ўйлаши мумкин. Лекин бу нотўғри жавоб. Айни масала юзасидан баъзи саволлар мени жуда ҳам қизиқтириб қолди-ки, ёзишга жазм қилдим. Аслида спорт журналистикаси оламида кўп ҳам чиқиш қилмайман, асосан футболчи ва мураббийлардан интервьюлар ташкиллайман, матбуот анжуманларида иштирок этаман ва уларнинг матнини тераман, хуллас шу кабилар холос. Аҳён-аҳёнда бирон мақола ёзиб қолмасам, аксарият холларда бу менинг ишим эмас. Лекин айтиб ўтганимдек, прожекторлар масаласи юзасидан мени қизиқтираётган баъзи саволлар бор. Бу аслида раддия ҳам эмас, шунчаки жавоби қизиқтираётган саволлар акс этган кичкина мақола. Балки бу масала фақат мени эмас, сизни ҳам қизиқтираётгандир. Биргаликда жавоб олишга уриниб кўрамизми?
Биринчи савол. Журналист Хайрулла Холиқов прожекторлар масаласида мақола ёзибди, нега у саволларига ЎзПФЛ раҳбари билан боғланиб жавоб олиши керак? Шунда мақолада кўтарилган мавзунинг сабабидан фақатгина ўзи хабардор бўлади холосми? Прожекторлар ва тақвимга зид равишда ўзгараётган стадионлар юзасидан туғилган саволлар мухлисларни қизиқтирмайдими? Бири-бирида контакти борлар ўзаро фикр алмашиб олаверишса, футбол жамоатчилиги гап нима ҳақида кетаётганлигини билишга ҳаққи йўқми? ЎзПФЛ раҳбарининг фикрича, масалани аввал суриштирмасдан омманинг олдига олиб чиққан нашр вакили - яхши журналист эмас экан. Шундоқ ҳам ҳаммаси кўриниб турган холат бўйича журналист нега суриштирув ўтказиши керак? Булар бир оз ғалати кўринмаяптми?
Иккинчи савол. Стадион прожекторларида муаммоси бор клублар нейтрал майдонда ўйнаши белгилаб қўйилган бўлса, унда нега Суперлиганинг 11-тури доирасидаги "Турон" - "Машъал" учрашуви Яйпанда ўтказилди? Бу ўйинда "Турон" расман мезбон, "Машъал" эса меҳмон мақомида ўйнади? Иккинчи даврада эса яйпанликлар Муборакка меҳмон сифатида борадими? Хўш, Диёр Имомхўжаевнинг постида келтирилган фикрларга таянсак, клублар ўзаро келишибди, бир клубни икки бор жазолаш нотўғри экан. Сизгаям қизиқми шу жойи? Юқорида уй стадионидаги прожекторлар билан боғлиқ муаммоси бор клублар мезбонлик мақомидаги ўйинларини нейтрал майдонда ўтказиши ҳақида айтилган эдику! ЎзПФЛ нега бунинг ижросини таъминламади? Клублар келишса бўлди, шу билан масала ёпилиб қолаверадими?
Учинчи савол. Буниси энди ростдан ҳам жуда қизиқ. "Андижон" клубида ҳам стадион прожекторлари билан боғлиқ муаммо сабаб АГМК билан ўйинни номинал мезбон сифатида Олмалиқда ўтказди. Андижонликлар иккинчи даврада АГМК билан бўлиб ўтадиган учрашувни худди ўша стадионда меҳмон сифатида ўтказадиларми? Унда ЎзПФЛ раҳбарининг бир клубни икки марта жазолаш тўғри эмаслиги ҳақидаги фикри ҳам аслида тўғри эмасга айланиб қолаяптими шунда? Бу ерда кимдир ҳақиқий, кимдир эса ўгай фарзандга ўхшаб қолмаяптими? Мантиқ қани?
Сўнги йилларда ЎзПФЛ томонидан сезиларли тарзда ижобий ислоҳотлар олиб борилмоқда. Биринчи навбатда ташкилот раҳбари томонидан ҳар бир туғилаётган саволнинг жавоби аниқ ва лўнда қилиб тушунтириб келинаяпти. Бу ташкилотдаги очиқлик сиёсатининг яққол кўриниши. Шунингдек, ЎзПФЛ мутасаддилари томонидан эскирган регламентлар янгича ва замонавий бандлар билан тўлдирилаётганлиги ҳақида ҳам эшитаяпмиз.
Бундан ташқари сўнги йилларда миллий чемпионатларимиз (Суперлига ва Про-лига) ўз титул хомийларига эга бўлишди, тарихда илк бор Про-лига ўйинлари телевидение орқали жонли эфирга олиб чиқилди. Бундай натижалар ЎзПФЛнинг маркетинг тизими фаолияти самарали ташкил этилаётганлигидан далолат беради.
Айтиш жоиз, шахсан ўзим бугунга қадар ЎзПФЛ билан боғлиқ барча саволларга жавоб олиб келаётгандим. Хатто ишнинг яхши ташкил этилаётганидан саволлар ҳам пайдо бўлмаётганди. Негадир шу прожекторлар билан боғлиқ холатлар тушунарсиз, қарорлар эса мантиқсиздек туюлмоқда, айтиб ўтганимдек аввал бунақаси бўлмаганди. Умид қиламиз-ки, сиз, биз ва барчамиз тез орада юқоридаги саволларга жавоб оламиз. Эътиборингиз учун ташаккур дўстлар!
Бекзод Толибов
Комментарии