Н.Ю: "Кеча, бугун, эртага" - Ўзбекистон - БАА 1:1
06 мар 2014 10:33
Новости
Н.Ю: "Кеча, бугун, эртага" - Ўзбекистон - БАА 1:1
Кўрдик, БАА кучли, аммо доим ҳам биздан очко оладиган даражадаги кучли эмас. Бизга фақатгина яхши тайёргарлик ва керакли ўртоқлик ўйинлари етишмаяпти.
МТЖнинг йиғилган кунидан бошлаб бир кун бўлсада машғулотларни қўйиб юбормадим. Кимнинг кайфияти қандай, йигитлар ўртасидаги муносабат, мураббий ва футболчиларнинг ўзаро тушуниши. Ҳаммаси аъло. Бугун эса ҳамма гина қудрат четга сурилган, барча БАА устидан ғалаба қозонишга тайёрдек эди, аммо... Ишонинг яқин яқингача ҳам бундай эмасди. "Кеча, бугун, эртага" - Ўзбекистон - БАА 1:1.
ЙЎҚОЛГАН АВЛОД
Афсуски мана шу муаммолар жон-жонимизга тегиб кетди. Ўйин олди матбуот анжуманида БАА терма жамоасининг бош мураббийи аниқ ва тиниқ дастур асосида иш олиб борилаётганлиги, бунинг учун БАА ФФ Про лига билан ҳамкорликда ёш футболчиларни МТЖ сафига тайёрлаш ва яхши ўйинлар орқали ФИФА рейтингида ўз ўрнини кўтариш борасида иш олиб кўрилаётганлигини такидлади. Биздачи? Бизнинг олий лигамизда МТЖга тортадиган ўйинчи қолдими? Олтин авлодимиз бўлган Аҳмад Убайдуллаев шогирдлари қани? 1994 йилда туғилган ўсмирларчи? БААда битта эмас саккизта футболчи МТЖнинг асосий таркибидан жой олиб турган бир пайтда, бизда...
Маҳди Алига "Сизга кўпроқ қайси терма жамоамиз кучли кўринган, БАА ОТЖнинг рақиби бўлган Ўзбекистон ОТЖми ёки ўша таркибни йўқотиб қўйган Ўзбекистон МТЖ?". Мураббий ЎФФ, аниқроғи Марказ фаолиятига икки баҳо қўйишга ийманди. Бу унинг ваколитида эмаслигини айтиб, ёшларга имкон бериш кераклигини билдириб, мени саволимни қўллаб қувватлагандек бўлди.
ФАҲРИЙЛАРДАН ВОЗ КЕЧА ОЛМАЙМИЗ...
Чунки биз ўртада бир авлодни йўқотдик, Мексикадагиларни ҳам йўқотиб бўлганмиз, аммо бу ҳозирча билинмаяпти. Буни 3 йилдан кейин тушуниб етамиз. 1989 йилги ёшларимиз бугун 25 ёшга тўлдилар, 25 ёшда Аҳмедов "Анжи"да жавлон ураётган эди. Агар биз бу авлодни сақлай олганимизда, бугун иккиланмасдан фахрийларнинг хизматидан воз кечиб юборишимиз мумкин эди. Аммо Гейнрихни алмаштириш керак бўлган Шихов, Карпенко ўрнига ўнг қанотда пас бериши керак бўлган Каримов, ўртадаги Мамадалиев, чап қанотда Жасур Ҳасанов. Ҳимоядаги Акмал Холмуродов, Ғулом Ўрунов қани? “Динамо”да деманг, улар Москва ёки Киевнинг “Динамо”сида эмаслар, ўзимизнинг Самарқанднинг “Динамо”сидалар. Бугунги таркибни тўлиқлигича 1993ларга бўшатиб бера олмаймиз. Осиё Кубогида Кагава, Ҳалфан каби футболчилар бизга рақиблик қилади. Уммонда инқирозга юз тутган терма жамоамиз уларга қаршилик кўрсата олмайди.
АНЗУР ҚАНИ?
Марказнинг иши клубларга хат ёзиш эмас. "Чанчун Ятай" ҳар хил баҳоналар билан Исмоиловни қўйиб юборишни истамади. Камига касалхонага олиб кириб, уни касал ҳолда кўрсатиб олинган суратини юборишди. Табиийки РАМКАга солиб, осиб қўйиш учун эмас. Бу билан “Чанчун Ятай” ўз ишини қойиллатди. Жамоа чемпионатдаги уч очкони қўлга киритиш учун айёрлик қилишни уддасидан чиқди. Молодец! Лекин бу баҳона эканлигини жуда яхши билдик, буни Анзурни ўзи ҳам "сотди". Шундай экан кўззи чирт юмид Хитойга чипта олиб, футболчини машғулот устида тутиб олиш мумкин эди-ку!? Ўзи айтиб турибдику, кеча Корея клубига қарши майдонга тушдим деб. Эрон ҳам ўзи учун қулай вақтга ўйинни тўғирлаб олганда, рад жавобини бера олмаган эдик. Биз эса ФИФА рейтингидаги муҳим очкони қўлдан бой бердик.
МАЙСАГА КИМ ЖАВОБ БЕРАДИ?
Балки Англияда майсани қумга экарлар, аммо бизда турпоққа экиш керак. Англиядан келган мутахассислар мана иккинчи маротабадирки, ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишмади. Бир йил давомида футбол ўйнамаларинг дейишди, ўйнамадик. Қуёш йўқ дейишди, сунъий қуёш олиб бердик. Бу орада "Локомотив" ва "Пахтакор" Хитой ва Голландиядан ярим йил ичида жаҳон талабларига 100% жавоб берадиган майсага эга бўлиб чемпионатни якунладирлар ҳамки, "Бунёдкор" стадионидаги чим илдиз отмади. Айнан мана шу майсанинг сифатсизлиги деб Ливанга керагидан анча кам гол урдик, Қатар билан ўйинда қийналдик ва ЖЧдан мосуво бўлдик. Бугун эса бир неча кунлик меҳнатни расвоси чиқди. Тўғри БАА ҳам шу майдонда ўйнади, аммо биринчи бўлимдаги ҳужумларимиз сонидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, биринчи бўлимда майсага, иккинчи бўлимда БААга имкониятни бой бердик.
СПОРТ ТВ ҚАНИ?
Шанба, 1 март куни Мадина Аметовани, кеча тўйма-тўй юрган иккита ёш оператор билан съёмкага чиққанлигини инобатга олмаса, "Спорт ТВ"дан биронта ходим МТЖнинг ҳолидан хабар олмади. Спорт ТВда таҳлилий кўрсатувларни йўқлиги ҳам футболимизнинг орқага кетишига олиб келяпти. Футболи ривожланган давлатлар ТВга бўй суниб ишлайдиган бир пайтда... Сайт ва газетада чиқадиган фикрни узоғи билан 30-40 минг нафар ўқувчи ўқийди, Спорт ТВни эса миллионлар томоша қилади. ТВга чиқиб кетишдан қўрқадиганлар қанча? 3 кун аввал Спорт ТВ ходимларидан бири, сайтимиз томонидан туширилган тасвирни беришимизни илтимос қилганига нима дейсиз? Сайт бўлиб биз амалга оширмоқчи бўлган ишни, нима учун ТВ каналимиз қилмайди? Кеча ўйинни шарҳлаганлар, бир маротаба бўлсада МТЖ йиғинига келиб керакли ахборотларни олдиларми? Матбуот анжуманларида берилаётган саволларни эшитсангиз, куласиз. Ким дарвозани қўрқилайди, Суюновми ёки Нестеров? Машғулотга кел, кўрасан ким асосий посбон эканлигини.
ЯНГИ ФУТБОЛКА...
Терма жамоамиз янги футболкаларни олганлигини ўйин бошлаганида билибмиз. Пашшадан фил ясашни қачон ўрганамиз? Ҳар йили Европа клублари янги мавсумда киядиган либосларни кўз-кўз қиладилар. Битта манекенга кийдириб, тақдимот ўтказиб юборса бўлади-ку? Чўнтакбоп қилган ҳолда мухлисларга сотсин, пул ишласин. Афсуки улардан биттасини Ҳайдаров БААлик дўстига бериб юборди. Бунинг учун жамоамиз маъмури гап эшитмаса бўлди эди.
ФУТБОЛЧИ ВА МУРАББИЙЛАРНИ ШАҲСИЯТИГА ТЕГМАЙЛИК
Жепаров етиб келди... Пайтида салтоларига мас бўлмадикми? Гейнрих қариди, у артист... Пайтида финтларини олқишламадикми? МТЖ йўлида ишлаган пенальтиларидан мазза қилмадикми? Қосимов ... Менимча, футболга бўлган бу муносабатимиз билан, ҳамма ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганизда, Моуриньонга Гусс Хиддинк ёрдамчи бўлса ҳам ЖЧга чиқа олмаймиз. Аввал атрофни беш қилиб қўйиш керак, атрофни. Ундан кейин майдон ичидагилар натижага эришмасинлар, мана мени ўзим биринчилардан бўлиб уларни танқид қиламан. Мени ҳам МТЖ билан ЖЧга боргим келади, бу дунёда қанча яшайман, ёлғиз худодан, ким билади, балки мен... Армон бўлмасин ЖЧ... Шунинг учун шаҳсиятга тегадиган ҳақоратларни ёзмайлик...
Ишонасизми йўқми, биринчи маротаба мураббий ва футболчиларнинг меҳнатларига росманасига ачиндим. Йиғин давомида росманасига ишланди. Авваллари Қосимов ўйинга қайси таркибни тушуришини биринчи машғулотдан кейиноқ айтиб берар эдим. Бу борада ўзи ҳам ҳайратга тушган пайти бўлган. Чунки ўша пайтлар асосий таркиб алоҳида, захира футболчилари эса алоҳида Мақсудов билан шуғулланар эдилар. БААга қарши ўйин олдидан мен чалғиб кетдим. Ҳар куни ҳар хил таркиб. Мақсудов гоҳ Аҳмедов билан, гоҳ Мусаев билан ишлади. Аниқ таркибни айтиб бўлмади. Бу ҳолат футболчиларнинг ўзига ҳам мақул келди. Чунки захира футболчиси деб башорат қилган ўйинчим, кеча асосий таркибда майдонга тушди. Демак, энди ҳамма учун муносабат бирдек. Бу услуб давом этса анча яхши, асосий таркибни эса ўртоқлик учрашуви орқали аниқлаб олишимиз лозим.
Ўйиндан кейинг матбуот анжуманида бежизга савол бермадим. “Нима учун марказ ва стадион маъмуриятининг хатолари туфайли мураббий ва футболчиларимиз тана дашномларни эшитишлари керак, Марказ билан жиддий тарзда гаплашса бўлмайдими?”... Жавоб эса қисқа бўлди, “тома-тома кўл бўлур”. Ҳақиқатдан ҳам майда бўлиб кўринаётган кичик яралар, йиринглаб кетяпти.
ПФЛда Магометовнинг атрофидагиларни тозалаш керак бўлганидек, Марказда Асқар акани атрофидагиларни янгилаш керак. Толибжоновни кўпчилик ёмон кўришини яшириб ўтирмайман. Аммо у кишини тил билмаслигидан, атрофидаги тилшуносларимиз фойдаланишяпти. Форма борасида аниқ ахборотга эга эмасман-ку, аммо ўртоқлик учрашувлари ва сафар уюштириш билан унинг атрофидагилар шуғулланади. Лекин уларни сиз ва биз танимаймиз, билганимиз Толибжонов. Балки Толибжоновни ёнини олаётганлигим учун мени танқид қиларсиз, аммо мен ҳам аҳмоқ эмасман, ўз обрўимни соҳта мақтовга алмашадиган. Мен ҳам ўз меҳнатимга ачинаман. Мен ҳам юқорида айтиб ўтганимдек ЖЧга чиқсак дейман, сайтим рекламадан бойиб кетиши учун эмас, халқимиз ЖЧни кўришини истаганимдан.
Қосимов бошқарар экан, Ўзбекистонни ютқазишини истайман дейдиганлар ҳам кўп. Ваттанга шахс учун, эмас ватанлиги учун ишқибозлик қилиш керак.
ПФЛ
Гапирмадим... Ўзи энди киндердан қутулди. БАА билан солиштирсак, билганим БАА чемпионати биздан ўтиб кетиб бўлди. Бизни Олий лигамизда Азиз Ҳайдаров савиясидаги футболчи борми? Йўқ. БААда эса бор, оддий саволга, оддий жавоб. БАА бизникиларга ўхшаб, пулини тўлатиб қаланғи қасанғиларни ўйнатишга йўл қўймайди.
ЕЧИМИ БОРДИР?
Нега йўқ бўлмасин? Бор албатта. Кўззи чирт юмиб, Марказга, танлов ва аниқ дастурга эга бўлган ёшларни жалб этиш керак. Бизнинг пайтимиз аллақачон келди. Биз ёшлар, каттталар каби Хиросимадаги ғалабамиз билан фахрланмаймиз, Ҳиндистонда эришган ютуғимиз билан сармаст бўлмаймиз, биз ёшлар ҳали ҳеч бир натижага эришмаганмиз ва биз бу билан Ўзбекистон МТЖси билан эришиш, кейинчалик бугунги қаҳрамонларимиз каби, кейинги ёш авлодга мақтаниш учун ҳам ишлаймиз.
ЎРТОҚЛИК УЧРАШУВЛАРИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИШ КЕРАК?
Қуруқ қоғозга инглиз тилида икки энлик хатни ёзиш билан ФИФА рўйхатидаги терма жамоаларни ўртоқлик учрашувига таклиф этиб бўлмайди. Қандай қилиш керак дейсизми?
Аввал сиз бутун дунёда ўз аудиториясига эга бўлган ТВ компаниялар билан учрашасиз. Масалан, “Евроспорт ТВ” билан. Савол берасиз, агар биз Испания билан ўртоқлик учрашуви ўтказсак неча пул берасан, Чили билан ўйнасак қанча берасан. Кейин анъанавий тарзда жаҳон чемпионатлари ва етакчи жамоаларнинг ўртоқлик учрашувларида ўз маҳсулотларини реклама қиладиган компаниялар билан майдон атрофидаги баннер учун нарх навони ўрганасиз. Шуни ўзидаёқ қўлингизда аниқ сумма пайдо бўлади. Чили 300 000 АҚШ долларига келаман деяпти, ТВ ва реклама ҳамкорликлари орқали сиз мазкур ўйиндан 200 000 ишлаяпсиз дейлик. Ҳали чипта савдоси бор, фақат зарар эмас, бундай ўйинлардан фойда ҳам қилиш мумкин, аммо бунинг учун лойиҳа ва дастур керак холос. Бизда эса қандай, “Чили неча пул сўраяпти, 300 минг, ҳа қиммат экан, рад жавобини беринг”... Аслини олганда бу ўйин ортида неча мингга тенг фойда ётганини эса кўрмаймиз.
П.С: “Комент”ни ҳис ҳаяжонга берилмасдан қолдиришингизни сўрайман.
Нодирхўжа Юлдашев
Комментарии