RU

Последние новости

02:55АПЛ. МЮнинг мағлубиятлари давом этади, бу сафар "Ньюкасл" уларни таслим қилди  14 02:51АПЛ. "Челси" ўз уйида мағлуб бўлди, "Астон Вилла" ғалабани қўлдан чиқарди  9 01:37Инглиз ҳакамлари ВАРдан сўнг ўз қарорини оммага эълон қилишни бошлайди  2 00:50Ниҳоят! Рэшфорд 5та ўйиндан сўнг МЮ қайдномасига киритилди  1 23:52Аббос Файзуллаев ва ЦСКАнинг бошқа футболчилари 158 нафар болакайларга қарши майдонга тушишди  1 23:43"Барселона" ваъдасининг устидан чиқа олмади  8 22:53U20 Осиё Кубогининг энг яхши дарвозабони "Пахтакор" билан хайрлашди  3 22:28Риан Исламов "Навбаҳор"га ўтди  4 22:02Испан клуби МЮ билан Антони борасида музокаралар ўтказмоқда  2 21:09"Пахтакор" ўз стадиони тайёр бўлгунча ўйинларни қайси аренада қабул қилади?  6 20:44Ҳоланд, Винисиус, Ямаль — дунёнинг энг қиммат футболчилари  18 20:20Слотт "Ливерпуль" ҳимоячиси жароҳат олганини маълум қилди  3 19:58Магуайр Аморим билан тен Ҳагни солиштирди  7 19:35"Қуёш чиқади. Биз қайтамиз" — Гвардиола  1 19:13"Манчестер Сити" нигериялик қанот ҳимоячисига қизиқмоқда  0

Мутолаа учун. Иқтидорини тўлиқ намоён қила олмаган Кассано Новости

Мутолаа учун. Иқтидорини тўлиқ намоён қила олмаган Кассано

Қайсидир жамоа ёки футболчи дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар меҳрини қозонишининг камида минглаб сабаблари мавжуд.

Ким учундир бу драматик лаҳзада бажарилган ҳаракат ва сўнгги дақиқаларда қўлга киритилган ғалаба билан бошланган. Яна кимдир тасодифан у ёки бу дербини томоша қилган ва у ердаги ўзгача муҳит уни ўзига ром қилган бўлади. Яна кимлардадир бошқа сабаблар. 

Баъзи романтикларга севимли жамоаси либосида ўзи ўйинларини ёқтириб томоша қиладиган футболчининг майдонга тушиши, клубнинг шонли тарихи, бугуни ва келажагини ўзида акс эттиради. Бу лаҳзаларни ўша инсон ҳеч нарсага алишмайди, айнан шунинг учун у футболни яхши кўради. 

Яна кимлардир футболчини нафақат майдондаги ҳаракатлари, балки унинг ташқарисидаги ҳаёт тарзи туфайли, ундаги интригага бой воқеалар учун хуш кўради. Мисол учун, Барининг олтин боласи — Антонио Кассано.

Бари-Веккьянинг қашшоқ Сан-Никола районида отасиз улғайган Антонио ва унинг онаси ўзларини ҳимоя қилишга мажбур эдилар. Антонио ёш бўлишига қарамай, қатъиятли ва болалигидан ҳаётининг асосий мақсадини — ўзи туғилган жамиятнинг навбатдаги қурбони бўлмаслик ва Яратган берган қобилиятидан фойдаланиб, "қуёш остидан" жой топиш эканлигини аниқлаб олди.

Деярли барча ночор районларда бўлгани каби Антониони ҳам футбол ўзига жалб қилди. Футбол — қашшоқ масканларда очликдан ўлиб қолмасликнинг ягона йўли эди: у ёши катта маҳаллий болаларга қарши ўзига пул тикарди, топган пулига эса нон сотиб оларди. Бир куни маҳаллий "Бари" клуби скаути ёш боалакайнинг иқтидорини сезиб қолди. Кассано 1999 йил 17 декабрда А Серия доирасида маҳаллий дерби "Лечче"га қарши баҳсда дебют қилди. Иқтидорли футболчи бутун ярим оролни ларзага солишига озгина вақт қолганди.

Техник жиҳатдан иқтидорли ва "Бари-Веккьянинг марвариди" иккинчи ўйиндаёқ гол уриб, "Сан-Никола" аренасига йиғилганларни қувончдан "портлатиб юборди". Бу ҳар қандай футболчининг қўлидан келмайди. Баҳснинг 89-дақиқасида Кассано дарвозадан 40 метр узоқликда катта тезлик билан тўпга эга бўлди ва секин-асталик ўнг оёғи билан тўпни назорат қилди. Жарима майдонига кириб борган футболчи кўп йиллик тажрибага эга Пануччи ва Блан орасидан тўпни олиб ўтди ва осонлик билан Анжело Перуцци дарвозасини ишғол қилди - 2:1, "Интер" мағлуб бўлди.




2010 йилда "Dico Tutto" ("Сизга ҳаммаси ҳақида айтиб бераман") номли автобиографиясида ёзганидек, декабрь ойида бўлиб ўтган ушбу баҳс ёш футболчининг карьерасида ҳал қилиувчи роль ўйнаган экан: "Агар ўша "Интер"га қарши баҳс бўлмаганида, мен футболдан кетган ва ўғри ёки ундан ҳам ёмонроқ одам бўлардим... Ўша учрашув ва ўша гол менга иқтидоримни кўрсатиб берди ва айнан шу нарса мени келажагимдаги салбий ишлардан сақлаб қолди".

"Fantantonio"га бўлган муҳаббат тез ўсди. У катталар футболида ўзининг ноёб иқтидорини биринчи мавсумданоқ намоён қила бошлади. Аммо шунда ҳам аниқ бўлдики, агар у Роберто Бажога етиб олиш ва Италиянинг энг яхши футболчиларидан бирига айланишни истаса, унинг карьерасига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган жиззаки характери устида ишлаши керак эди.

"Хўрозчалар" билан ўтган икки мавсумдан кейин 19 ёшли Кассано мамлакатнинг амалдаги чемпиони "Рома" (мураббий — Фабио Капелло) билан шартнома имзолаш учун пойтахт томон йўл олди. "Рома" бу трансфер учун 60 млрд лир (тахминан 30 млн евро) тўлади — бу ўша пайт ўсмирлар ўртасидаги энг қиммат трансфер эди. Афсонавий Франческо Тотти билан бир жамоада тўп тепаётган Кассано "жаллоросси"нинг энг ёрқин футболчиларидан бирига айланди. Лекин Капеллонинг энг катта муаммоси Антонионинг чексиз имкониятларидан қандай фойдаланиш эмас, балки ўша иқтидорни кўрсатиш учун ўспириннинг феъл-атвори билан қандай курашиш экани қисқа вақт ичида аён бўлди.

Кассано ўзининг биринчи мавсумида 5та гол урди, А Серияда "Йилнинг энг яхши ёш футболчиси" мукофотига сазовор бўлди. Бироқ ўсмир йигит Римда кўп марта омадсизликларга дуч келди. 2002/03 йилги Италия Кубоги иккинчи финал ўйини. Кассано ҳакамни туртиб, унга қарата ноодатий бир ҳаракат қилиб майдонни тарк этганидан сўнг, Капелло билан ўйинчи ўртасида ҳақиқий жанг бошланади. 2006 йилнинг январь ойида "ёмон бола" деб ном олиб улгурган плеймейкер бор йўғи 5 млн евро эвазига "Реал" билан шартнома имзолаб, Испания пойтахтига кўчиб ўтади.

"Лос Бланкос"да Рауль, Зинедин Зидан ва Дэвид Бекхэм каби афсоналар билан бирга чиройли ўйин намойиш этиш ҳар қандай ёш футболчига ҳақиқий мотивация беради. Лекин Кассано билан ундай бўлмади. Охири йўқ базмлар, сон-саноқсиз "ошиқлар", диетага риоя қилмаслик — Кассанони "марварид"дан "Эль Гордито"га ("бақалоқ") айлантирди.




Марчелло Липпи бунга кўз юмиб, жим кетолмади ва 2006 йилги Жаҳон Чемпионати учун Кассанони терма жамоанинг кенгайтирилган таркибидан четлатиши ҳақидаги қарор жуда тўғри бўлди. "Аззурри" Берлиннинг "Олимпия" стадионида тўртинчи титулни қўлга киритди, Кассано эса уйида телевизор орқали ўйинни томоша қилди. Эҳтимол, у ўша пайт қандай қилиб ўз орзусини қўлдан бой бергани ҳақида ўйлагандир...

Капелло фаолиятида иккинчи бор 2006 йилнинг ёзида яна Мадриднинг "Реал" клуби жамоаси рулига ўтирди. Бу бир нарсадан далолат берарди: Кассано истаган жойига кетиши мумкин эди, у билан мураббий ўртасидаги барча эшиклар берк эди.

Кассано кейинги 4 йилни Генуяда ўтказди. Антонио формасини яхшилади ва Лигуриянинг муҳим ўйинчиларидан бирига айланди. Ўзига хос услуб, кўра олиш, тўпни назорат қилиш ва тўпурарлик иқтидори (А Сериянинг 22 ўйинида 9 гол ва 6 узатма) — буларнинг бари "Блучеркъяти"га 5-ўринни эгаллаш ва УЕФА Кубогига чиқиш имкониятини берди.

Аммо бундай муваффақиятли мавсум ҳам жанжаллардан ҳоли бўлмади. Март ойида Антонио "Торино"га қарши баҳсда қизил карточка олди ва жаҳл устида футболкасини чим устига отди. Натижада 5 ўйинга дисквалификация қилинди ва 15 000 евро миқдорида жаримага тортилди. Шунга қарамасдан, клуб эгаси Риккардо Гарроне уни "Реал"дан атиги 3 млн еврога сотиб олди. Кассанонинг жанжаллари анча камайди ва Анжело Паломбодан кейин у жамоанинг вице-сардори этиб тайинланди. Бу нарса у футболни ҳиссиётларидан устун қўйишидан далолат берарди.

Жампаоло Паццини "Фиорентина"дан келганидан сўнг январда улар генуяликларни Чемпионлар Лигасига олиб чиқадиган режаларни туза бошлашди. Гарроне эса уларни 1990/91 йилги мавсумда тарихида ягона Скудеттони қўлга киритишда ёрдам берган Роберто Манчини ва Жанлука Виалли жуфтлигига ўхшатаверарди. Ҳаммаси кўнгилдагидек кетаётган бир пайтда, Кассанонинг характери яна эски ҳолига қайтиб, жамоа хўжайини ташкиллаштирган хайрия тушликларига бормай қўйди. Бу эса охир-оқибат Гарроне билан жанжал ва навбатдаги "ажралиш" билан якунланди — кейинги бекат "Милан". "Россонери" 2011 йилнинг январида форвардни 3 миллион еврога олди.

"Милан" билан ўтган икки мавсум давомида Кассано майдонга жуда кам тушди. Скудетто учун курашда Златан Ибрагимович, Робиньо ва Алешандре Пату эса Макс Аллегри тизимидаги асосий форвардлар эди. 2011 йил октябрда "Милан"нинг "Рома" устидан қозонилган ғалабасидан (3:2) бир қанча вақт ўтиб, Антонио самолет бортида ўзини бирданига ёмон ҳис қилди. Шифокорларнинг аниқлашича, Кассанода туғма юрак касаллиги бор экан: ўнг ва чап юрак қоринчаси орасидаги бўлинма тўлиқ ёпилмагани туфайли юрак тизимининг фаолияти нормал ҳолатда ишламаган. Бир неча кун ўтиб, уни операция қилишди. Ўлимдан қўрқиш, шунингдек, севги сўзи, мухлислар ва ҳамкасбларининг қўллаб-қувватлаши уни яна яшашга ундади. Қалбининг туб-тубидан майдонга қайтишга интилди. Орадан 5 ой ўтиб, у "Фиорентина"га қарши ўйинда захирадан майдонга тушди. Соғлом, ажойиб формада ва ўз мақсади бор Барида туғилган йигит кутилмаганда Евро-2012да иштирок этиш учун Чезаре Пранделли жамоасига чақирилди.

Евро пайтида 29 ёшли футболчи газеталарнинг биринчи муқовасидан жой эгаллади, аммо яна жанжаллар сабабли: ундан Италия терма жамоаси таркибида ўзгача ориентациядаги футболчилар борми деб сўрашганида: "Умид қиламанки, йўқ", деб жавоб беради. Лекин жамиятнинг маълум қисми муносабати ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчиларнинг кескин эътирози оқибатида Кассано кейинроқ ОАВ унинг гапларини нотўғри талқин қилганини айтиб, қуйидагича фикр билдирган: "Гапларим кўплаб баҳс-мунозарага сабаб бўлганидан афсусдаман. Ҳеч кимни хафа қилиш ёки бошқаларнинг танлов эркинлигини чеклаш ниятим йўқ".

УЕФА италияликни айтган сўзлари учун уни 15 минг евро миқдорида жаримага тортди. Лекин бу нарса Польша ва Украинага қарши баҳсларда майдонга тушишига тўсқинлик қилмади. 10-рақамли футболка кийган Кассано турнирнинг барча учрашувларида муносиб ўйин кўрсатди ва Италия финалга чиқишида катта ёрдам берди. Биттагина гол урганига қарамай (у ҳам гуруҳ босқичида ирландларга қарши ўйинда), энг яхши ўйини ярим финал доирасида немислар билан баҳсда бўлди. Ўша учрашувда СуперМарио учун биринчи голга замин яратиб берди.

Ёзда Сильвио Берлускони асосий активларини сотишни бошлади: Ибра ва Тьягу Силванинг кетидан Кассано ҳам ўзига янги жамоа излашига тўғри келди. "Интер" Кассанонинг ўрнига "россонери"га Паццини ва 5 млн евро таклиф қилди. Натижада "ФантАнтонио" қўшни жамоа сафида тўп тепа бошлади. Асосан жамоа мураббийи Андреа Страмаччони билан бўлган тинимсиз жанжаллар туфайли Кассанонинг "нерадзурри"даги сафари узоққа чўзилмади, атиги бир мавсум. Ўша ички низолар бутун жамоага салбий таъсир кўрсатди ва натижада жамоа мавсумни 9-ўринни эгаллаган ҳолатда якунлади.

Кассано июлда "Парма"га ўтди ва 2013/14 йилги мавсумни яхши ўтказди: ўзини формада ушлаб туришга ва жанжаллашмасликка ҳаракат қилди. Албатта, бунинг кетидан ижобий натижалар бўлди: шахсий (12 гол ва 8 узатма — бу унинг "Сампа"даги иккинчи мавсумидан кейинги рекорди эди) ва жамоавий ("Крестоносцлар" 6-ўринни олиб, Европа Лигасига чиқди). Аммо кўп ўтмай "Парма" молиявий инқирозга учради ва футболчи ҳамда клуб ўртасидаги шартнома бекор қилинди.

Фаолиятини тамомлаши мумкин бўлган янги клубни излаб, 2015 йилда "Сампдория"га қайтди ва икки йиллик шартномага қўл қўйди. Бироқ орадан бир йил ўтиб, клуб президенти Массимо Ферреро: "Кассано клубнинг бир бўлаги эмас", — дея хабар беради. Антонио ярим йил давомида "Блучеркъяти" ёшлар жамоасида шуғулланди. Бу 2017 йил январигача, томонлар ўзаро келишув асосида шартномани бекор қилгунларига қадар давом этди. Ўша йилнинг июлида "Эллас Верона" эркин агентга таклиф билдирди. Бироқ футболчи "Мастиф"лар билан битим имзолаганидан 2 ҳафта ўтиб, Кассано иккинчи марта нафақага чиқиши ҳақида маълум қилди. Кейинроқ унинг рафиқаси Каролина Марчиалис ижтимоий тармоқларда Антонио янги клуб излаяпти деб ёзади, лекин футболчи буни рад этади: "Каролина нотўғри айтди. Обдон ўйлаб кўриб, бир қарорга келдим: Антонио Кассано бошқа футбол ўйнамайди. Верона шаҳри, мухлислар ва президентдан узр сўрайман. 35 ёшли эркак учун мотивация зарур, бироқ ҳозир менга аёлим ва фарзандларим муҳимроқ".

Катта истеъдодга эга Кассано 17 ёшидан бошлаб бутун Аппенин ярим оролининг безагига айланган. У ўз даврининг энг яхши итальян футболчиларидан бири бўлиш учун барча нарсага эга эди, иқтидорига эса шубҳа йўқ. Унинг нотинч Эски Баридан Кальчо чўққисига етиб бора олгани Италиядаги кўплаб болакайлар учун мотивация вазифасини бажармоқда. Аммо афсуски, Кассано майдон ва унинг ташқарисида кўрсатганлари, қандайдир тушунарсиз таъсир қилади ва бутун фаолиятига нисбатан бир савол очиқлигича қолмоқда: "Нима бўларди агар...".


Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент вақти билан 23:45 дан Италия терма жамоаси Миллатлар Лигаси ярим финалида Испанияга қарши тўп тепади.


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +6   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика