Мозийга қайтиб... Қарор ва ижро: АГАР “ПАХТАКОР” ЧЕМПИОН БЎЛОЛМАСА...
10 июн 2022 10:20
Новости
Мозийга қайтиб... Қарор ва ижро: АГАР “ПАХТАКОР” ЧЕМПИОН БЎЛОЛМАСА...
Қарорда юртимизда футболни ривожлантириш, уни иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун ҳуқуқий асослар белгиланганди. Афсуски, ундан ҳамма ҳам фойдалана билмади. Бугун икки клуб мисолида ана шундай вазиятни ўрганамиз.
Қарор ва ижро: АГАР “ПАХТАКОР” ЧЕМПИОН БЎЛОЛМАСА...
(Ўзбекистон футболи” газетасининг 1993 йил 29 сентябрь сонидан олинган)
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг футболни янада ривожлантириш тадбирлари тўғрисидаги қарори март ойида матбуотда эълон қилиниши билан кўпчилик "Пахтакор"ни муддатидан олдин чемпион деб таҳмин қилди. Бунинг сабаби, қарорда "Пахтакор" командасига кенг ўрин берилганлигида эди. Уни баъзи бандларини ёдга олайлик: 2-банд. "Ўзбекистон Республикаси Давлат физкультура ва спорт қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги, Адлия вазирлиги билан шу- нингдек, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши билан биргаликда 1993 йилда "Пахтакор" командасининг, Ўзбекистондаги бошқа терма ва професссионал футбол командаларининг мақомини тасдиқласин".
6-банд. "Ўзбекистон Республикаси Давлат физкультура ва спорт қўмитаси Республика футбол федерацияси билан биргаликда "Пахтакор" командасининг анъаналарини тиклаш учун зарур чора-тадбирларни кўрсин, командани юқори малакали мутахассислар ва умидбахш футболчилар билан мустаҳкамласин, "Қибрай" таълим-машқ комплекси асосий база қилиб белгилансин. 1993-1994 йилларда "Пахтакор" Марказий стадиони, "Қибрай" ва "Чиғатой" спорт базалари яхшилаб таъмирлансин".
Қарорнинг ана шу бандлари юзасидан қатор ишлар амалга оширилди: команда юқори малакали мутахассислар билан мустаҳкамланди, "Қибрай" базаси яхшилаб таъмирланди.
Лекин бу ўзгаришлар командага негадир... ижобий таъсир кўрсатмади. Чемпионатнинг дастлабки 6 учрашувида 100 фоиз очко тўплаган "Пахтакор" биринчи даврани "Нефтчи"дан икки очко кам ҳолда якунлади. Сентябрь ойида бу фарқ бештага етди. Команда ўйинчилари рақибларига қўполликда, ҳакамлар билан тортишувда қолган жамоаларга "дарс" бера бошладилар. Намангандаги мағлубият ана шу салбий ҳолатларнинг мантиқий якуни бўлди.
Хўш, "Пахтакор"га нима бўлди?
***
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, "Пахтакор" ҳозирги таркиби билан мамлакатдаги энг кучли жамоа ҳисобланади. Айниқса, унинг асосини маҳаллий миллат вакиллари ташкил этиши қувонарли ҳол. Мурод Алиев, Фарҳод Магомедов, Ёрқин Назаров, Ҳикмат Эргашев, Илҳом Шарипов, Нўъмон Ҳасанов, Абдуқаҳҳор Маъруфалиев, Миржалол Қосимов, Шуҳрат Мақсудов, Маҳмуд Собиров, Собир Ходиев... Ахир ишқибозлар '‘Пахтакор"да ана шундай номларни кўришни ўн йиллаб орзу қилишган эди-ку. Ҳозирги мураббийларнинг барчаси бир вақтлар командада футболчи сифатида довруғ қозонишган. Эски мухлислар дарвозабон Николай Любарцевнинг маҳоратини, Баҳодир Иброҳимов, Аҳрол Иноятов, Зафар Расуловларнинг ўзига хос ўйинларини ҳанузгача эслашади. Ўзбекистон миллий ва Олимпия командаларига энг кўп футболчилар "Пахтакор" командасидан жалб қилинган. Унда командага чемпион бўлиш учун нима етишмайди?
Бу саволга бирдан жавоб бериш қийин. Лекин аҳвол жиддий таҳлил қилинса, оғриқ нуқтани топиш мумкин. Бунинг учун йил бошидан бери рўй берган ўзгаришлар эсланса, кифоя.
***
Ўтган йили республика чемпионатида бир йўла қўш чемпион эълон қилиниши, очиғи кўпчиликни қониқтирмади. Мамлакатда энг кучли команда.қайси эканлигини исботлаш бу йилги биринчиликка қолдирилди. Одатда, ғолиб команда таркибини ўзгартирмайди. Аммо Москвага - Ҳамдўстлик мамлакатлари чемпионлари турнирига "Пахтакор" янги раҳбарлар билан жўнаб кетди. Аҳрол Иноятовнинг бош мураббийликдан кетиши кўпчиликни таажжублантирди. "Чет элга кетармиш..." Қизиққанларга фақат шундай жавоб қайтаришди. "Пахтакор"га Аҳмад Убайдуллаев команда бошлиғи, Рустам Мирсодиқов бош мураббий, Баҳодир Носиров эса техник директор этиб тайинланди. Москвага команда билан хориждан қайтган Миржалол Қосимов ҳам жўнаб кетди.
У турнирда чиройли ўйинлари билан кўпчилик диққатини ўзига жалб қилди. Ўша пайтда чемпионлар ўртасидаги учрашувларни кўплаб хорижий мутахассислар кузатишганди. Уларнинг баъзилари Миржалолни ўз клубларига таклиф қилишди.
Миржалол Тошкентга қайтди-ю, боши қотди. Куни-кеча уни ўзбек футболчилари орасида ягона жаҳон ва Оврўпо чемпиони сифатида ардоқлаб, у билан ғурурланганлар уни сотқинликда айблашгача бориб етишди. Ўша пайтлари ёш футболчи унга қаратилган таъна ва эътирозларни руҳий жиҳатдан кўтаролмади. Испанияга бирмунча кечикиб борди, натижада яна ортга қайтди. Вақтинча "Пахтакор"да ўйнашга розилик берди, бу эса клуб раҳбарларини қониқтирмади. Хуллас, уч ойлар чамаси у вақтини сарсон-саргардонликда ўтказди. Бу орада "Пахтакор" уч очко йўқотди. Агар Миржалол ўйнаганида эҳтимол ўша йўқотишлар бўлмасди.
***
Футболни янзда ривожлантириш тўғрисидаги қарорда '‘Пахтакор"ни юқори мутахассислар билан мустаҳкамлаш вазифаси қўйилди. Тайинланганига икки ой ўтмасдан Мирсодиқов-Убайдуллаев-Носиров учлиги "ўз хоҳишига кўра" ишдан кетишди. Биз уларнинг қандай мураббий эди-ю, нега бўшатилгани ҳақида мулоҳаза юритмоқчи эмасмиз. Буни биздан кўра мутасаддилар яхши билишади. Эътиборингизни фақат натижага қаратмоқчимиз холос: юқоридаги учлик раҳбарлигида "Пахтакор" чемпионатда кетма-кет олти марта ғалаба қозонди, шу жумладан ўтган мавсумдаги бронза медали совриндори "Сўғдиена"ни Жиззахда доғда қолдирди. Сўнгра сафарга ёрдамчи мураббий Любарцев бошчилигида кетган "Пахтакор" у ердан 4 имкониятдан 1 очко олиб қайтди. Тўғри, рақиблар ҳам кучли бўлиб, "Наврўз" ва "Нефтчи" ўз майдонларида камдан-кам очко йўқотишади. Бироқ "Пахтакор"да муҳит ўзгарган эди.
Бош мураббий ўрни кўп бўш турмади. Бу лавозимга таниқли мутахассис, хорижда фаолият кўрсатиб қайтган Баҳодир Иброҳимов тайинланди. Афсуски, кутилмаганда унинг иш бошлаши қийин кечди. Бошида кўпчилик футболчилар унга қарши чиқишди. Фақат учинчи йиғилишдан сўнггина улар қўл силтаб қўя қолишди. Ўша пайтда футболчилар билан суҳбатлашганмизда, улар Баҳодир акага ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини, фақат мураббийларнинг тез-тез алмашинуви уларни безор қилганини айтишганди. Тўғри-да, "Пахтакор"нинг 37 йиллик тарихида "бор-йўғи" 26 мураббий алмашган бўлса, Иброҳимов сўнгги 8 йил ичида 8чи бош мураббий эди!
Орадан бирмунча вақт ўтгач, команда бошлиғи лавозимига чет элга кетмаган (балки кетолмагандир) Аҳрол Иноятов таклиф қилинди. Иккинчи давра арафасида эса команда мураббийлигига яна бир собиқ пахтакорчи Зафар Расулов қабул қилинди.
Клуб раҳбариятида ҳам жиддий ўзгаришлар рўй берди. Уни Тошкент шаҳар ҳокимияти ўз қўлига олди. Шаҳар ҳокими Адҳамбек Фозилбеков "Пахтакор" клубига фахрий раис, ҳоким ўринбосари Шуҳрат Жалилов раис этиб сайланди. Лекин улар клубга раҳбарликни жамоатчилик асосида олиб боришар, маош олиб ишлайдиган раҳбар - клуб раисининг биринчи ўринбосари Давид Берлин эди. Биринчи давра якунланмасдан Берлин хам ўз вазифасидан бўшади. Бу лавозимга бир вақтлар республика спорт қўмитасида хорижий бўлимни бошқарган Аҳрор Азимов тайинланди.
***
Раҳбарларнинг тез-тез алмашинуви энг муҳим нарса - футболчилар билан шартнома имзолашни кейинга сураверди. Ўзи чемпионат Низомига кўра, клуб билан контракт тузмаган футболчи мусобақага қўйилмаслиги керак эди. Аммо "Пахтакор" учун истисно тариқасида рухсат берилди. Чунки клубнинг собиқ бошлиғи Д. Берлин контрактлар нусхасини такдим этиш муддатини кейинга суришни сўраб республика футбол федерациясига 3 марта расмий равишда мурожаат қилганди.
Биринчи марта контракт ҳақида Кечинов "Спартак"ка қочиб кетгач, баралла айтилди. Дастлаб бизга "Кечиновнинг кетиши қоидага зид, у барибир "Спартак"да ўйнамайди, чунки биз ФИФА ва УЕФА га мурожаат қиламиз" деган фикрни сингдиришди. Бироқ, Кечинов барибир “Спартак"да майдонга тушди. Бунинг сабабини эса кейин билдик - маълум бўлишича, Валерий "Пахтакор" билан ҳеч қандай контракт имзоламаган экан! Мамлакатнинг ўтган йилги энг яхши ўйинчиси ва тўпураридан шу тариқа ажралиб қолавердик.
Кечинов баҳонасида контрактлар масаласи энг долзарб мавзуга айланди. Маълум бўлишича "Пахтакор" клуби нафақат Кечинов, балки яна бир неча ўйинчи билан контракт тузмаган экан. Буни билган бошқа командаларнинг раҳбарлари қоидага риоя этилишини, контракти йўқ футболчилар мусобақага қўйилмаслигини талаб эта бошладилар. Ниҳоят республика футбол федерациясининг бир қанча сўровидан кейин, иккинчи давра бошланишига бир кун қолганда команда бошлиғи А. Иноятов футболчилар билан имзоланган контрактлар нусхасини федерацияга элтиб берди. Бир-икки ўйинчини ҳисобга олмаганда пахтакорчиларнинг кўпчилиги клуб билан фақат шу мавсум охиригача контракт тузган. Бу - мавсум охирида барча етакчи футболчилар хохлаган томонига кетиши мумкин дегани эканлигини англатади. Ана сизга "Пахтакор" командасининг анъаналарини тиклаш учун зарур чора-тадбирларнинг кўрилиши!
***
Шу кунгача клуб билан контракт имзоламаган икки футболчи қолди - Миржалол Қосимов ва Дилмурод Назаров. Дилмурод-ку ҳали ёш, асосий таркибдан жой олганича йўқ, лекин Миржалол масаласи бизни қаттиқ ташвишлантиради. У нега контрактга қўл қўймагани маълум - талаб қилган шарт-шароитга клуб кўнмаяпти. Ҳамма қатори маош олишга эса Миржалол рози бўлолмайди — ота-онасининг ёлғиз ўғли, турмуш ўртоғи уй бекаси: яна икки фарзанди бор, хуллас оила тебратиш унинг зиммасига тушган. Ўйин даражаси у билан тенг еки ундан пастроқ ўнлаб футболчилар (Пятницкий, Кечинов, Денисов, Шквирин, Синелобов, Холмирзаев, Билолов ва бошқалар) унга нисбатан бир неча баравар юқори маош (яна валютада ) олмокдалар. У эса кеча мактабни тугаллаган ўйинчилар билан бир хил маош олиши керак. Бу масалада "Пахтакор" раҳбарлари билан суҳбатлашиб, қарама- қаршиликнинг гувоҳи бўлдик. Ўтмишда ўзи ҳам футбол ўйнаган, ҳозирда мураббий бўлиб ишлаетганлар "Миржалол бизга сув билан ҳаводек зарур, у талаб қилган шароитни яратиб бериш керак" дейишса, клуб раҳбарлари "у керагидан ортиқча сўраяпти, одам инсофли бўлиши лозим" қабилида фикр билдиришяпти.
Хорижда кучли футболчиларни керагидан ортиқча эъзозлашади, чунки клуб шу футболчилар ҳисобига бойийди. Агар улар шу командага ўйнасалар, демак, очколар кўпаяди, севимли футболчиларини кўриш учун стадионга мухлисларнинг келиши ортади. Борди-ю, клубнинг молиявий аҳволи оғирлашса, "юлдуз"лардан баъзиларини катта пул эвазига "сотиб" аҳвол ўнглаб олинади. "Пахтакор" клуби эса Миржалол Қосимов билан на унисини қилди, на бунисини. Ваҳоланки, мураббийлар бирор учрашувга командани Миржалолсиз туширишни тассаввур ҳам қила олмайдилар. Унинг бир ўзи учрашув такдирини ҳал этиши мумкинлигини кўпчилигимиз яхши биламиз. Лекин... ҳозирча ундан фақат фойдаланиляпти - контракт тузилмаган, демак мажбурият йўқ. Агар "Пахтакор" ютса - у ҳам бошқалар қаторида мукофот пули олади, мағлуб бўлса - ҳеч вақо. Агар эрта-индин у жиддий жароҳат олса—чи?!
***
"Пахтакор" клуби нега Кечинов ва Қосимовлар билан контракт тузмади, хоҳламаганданми ёки имкони йўқлигидан? Менимча, иккинчиси. Чунки -қлубниннг ҳозирги молиявий аҳволи ҳавас қиладиган даражада эмас.
Мавсум бошланишидан олдин шаҳар ҳокимияти йирик корхоналар раҳбарлари иштирокида "Пахтакор" клубига ҳар томонлама ёрдам бериш лозимлиги ҳақида фикр билдириб, катта йиғин ўтказган эди. Бу йиғинда "Пахтакор" клубига бир эмас, 7 ташкилот ҳомийлик қиладиган бўлди - тағин қандайлари: шаҳар ҳокимияти, "Тошкент-коттон" қўшма корхонаси, Қишлоқ хўжалик вазирлиги, "Малика" трикотаж ишлаб чиқариш бирлашмаси, "Ўзбекгаз" бирлашмаси, Енгил саноат вазирлиги ва "Ўзбекпахтатаъминот" бирлашмаси. Бундан ташқари 7 корхона клубнинг жамоа аъзолари бўлишди, клуб шунингдек шаҳардаги 11 та ҳокимиятликка бириктирилди. Ўша пайтда улар биргаликда "Пахтакор" клуби ҳисобига 100 миллион сўм атрофида пул ўтказишлари керак эди. Аммо вақт ўтган сари уларнинг кўпчилиги ўз-ўзидан тинчиб кетди. Ҳар сафар футболчиларга ойлик маош ёки мукофот пул бериш лозим бўлса, клуб раҳбарлари рўйхатдаги ташкилотларга югуриб келадилар...
***
Футболчиларга маош учун зўрға маблағ топиб бераётган клуб улар билан қандай контракт тузиши мумкин? Контракт бўлмагач эса, ўйинчиларда масъулият бўлмайди. Улар бемалол машғулот қўйиб юбориши ёки йиғинга келмаслиги мумкин. Ўз-ўзидан тартиб-интизом ишдан чиқади. Баҳодир Иброҳимов бош мураббий этиб тайинланганида мен ҳамма шароитни қилиб бераман деб ваъда берган эди. Ўшанда тажрибали футболчилардан бир нечтаси "ваъда беришга шошилманг, сиздан аввалгилари ҳам худди сиздек ваъда беришган" деб шаъма қилишганди. Бахтга қарши вақт ўтиб, улар ҳақ бўлиб чикдилар. Агар шароит яратилганда-ку, натижани қандай талаб қилишни Баҳодир ака яхши биларди...
Команда бошлиғи А. Иноятов ҳам шундай аҳволда. Командада тарбиявий ишлар учун у масъул . "Пахтакор" эса тартиб-интизомни бузишда бошқа командаларга нисбатан анча илгарилаб кетган. Чет элда қизиққон футболчиларга шундай жарима солинадики, ўша ўйинчи яна қайта "карточка олишга" безиллаб туради. Бизда ўзи зўрға ушлаб турилган ўйинчиларга жарима солишдан мураббийларнинг ўзлари безиллаб туришади.
"Пахтакор" бу йил чемпион бўлолмаслиги бизни ажаблантирмайди. Ташкилий ишларни қойилмақом қилиб уддалаган "Нефтчи" ҳақиқий маънода ғолиб бўлишга арзийди. Лекин энг номдор командамиз ҳисобланган “Пахтакор"нинг бундай ҳолга тушиши кўпчиликни ранжитмоқда. Қолаверса, республикамизда футболни янада ривожлантириш тадбирлари тўғрисидаги қарорда “Пахтакор"нинг шонли анъаналарини тиклаш, уни довруғли командага айлантириш вазифаси қўйилганди-ку. Бизнингча, команда ичидан емирилаётганга ўхшайди. Бунинг олди олинмаса кеч бўлади.
Аброр ИМОМХЎЖАЕВ.
...“СУРХОН” ЭСА ОЛИЙ ЛИГАГА ҚАЙТОЛМАСА – БИЗ АЖАБЛАНМАЙМИЗ
Миллий чемпионат ўйинларини кузатар эканман, “Сурхон“ кучли жамоалар сафида тўп сурмаётганлигидан ачиниб кетаман. Назаримда фақат мен эмас, кўпчилик бу ҳақда ўйлаётган бўлса керак. Аслида “Сурхон“ ҳозир олий лига пешқадамлари сафида бўлиши мумкин эди. Агар унинг футбол мактабидан чиққан истеъдодлари ўз вилоятларини тарк этишмаганда. Бугунги Сурхондарё футболчиларини республикамиз ва бошқа мамлакатлар жамоаларида учратиш мумкин. Бунинг асосий сабаби - “Сурхон“нинг иқтисодий жиҳатдан эътиборсиз қолдирилиб келинаётганида.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг футболни янада ривожлантириш тадбирлари тўгрисидаги қарори туфайли оғир аҳволда қолган жамоалар ўз қадларини тикламоқдалар. Жойларда амалий ишга киришилди ва бу ўз самарасини бераётир.
Термизда ҳам қарорга мувофиқ клуб тузилди, ҳисоб рақами очилди. Жамоа раҳбарлари, мураббийлар ўз вазифаларини бажаришяпти. Лекин команда асосий муаммоларидан қутулганича йўқ. Ҳанузгача команданинг ўз қароргоҳи (база) йўқ. Бир қанча югур-югурлардан сўнг ажратилган эски автобуснинг юрганидан бузуқ кунлари кўп. Футболчилар сафар учрашувларига поездда бориб келишга мажбур бўлаяптилар. Ана шулар туфайли барча командалар қошида тузилган, ҳозирда саралаш учрашувларини якунлаб, Наманганда финал баҳсларида тўп сураётган ўринбосарлар жамоаси “Сурхон“да тузилмади. Негаки, футболчиларга камида иккита мураббий, транспорт, дўхтир ва ҳоказолар керак. Турган гапки, клубнинг бунга қурби етмайди.
Устига-устак жамоанинг қарзи кундан-кунга “болалаб“ бораяпти. Мавсум бошидан буён берилган ваъдаларнинг бирортаси ҳам бажарилмади, ҳисоб. Яхшиямки, футболчиларнинг бахтига Термиздаги “Кураш“ фирмаси, вилоят “Нефтмахсулот" корхонаси ҳамда шаҳар солик инспекцияси бор экан. Хозирча жамоа юқоридаги ташкилотларнинг ёрдамлари туфайли бир амаллаб кун кечирмоқда.
- Бундан ҳам яхшироқ ўйин кўрсатишимиз мумкин эди, - дейди жамоа бошлиғи Клим Герфанов. - Йигитларга маошларини вақтида беролмаганимиз учун (футболчилар икки ойлаб маош олишмаган, мукофот ҳақида гапирмаса ҳам бўлади) биринчи давранинг охириги ўйинларини бўш ўтказдик. Ҳозир барча имкониятларни ишга солиб, футболчилдрга ойликларцни вақтида бериш ва сафардаги ўйинларга муддатида етиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Акс ҳолда кўзланган маррага етишимиз қийин.
Жамоа бошлиғининг гапларини тинглаб, унинг шогирдларига ҳурматим ошди. Чунки улар профессионалларга ўхшаб, махсус қароргоҳларда машғулот ўтказишмайди, алоҳида ошхона, дам олиш масканлари ҳам йўқ. Лекин улар яшаб турган шаҳарлари шон-шуҳратини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Ушбу қийинчиликлар ўткинчилигини, вақти келиб воҳада спортга, айниқса футболга эътибор берилишини, мутасаддилар, раҳбарлар ваъдабозликдан амалий ишга ўтишларига умидворлар.
Ўтган мавсумда етакчи футболчилар жамоани тарк этишгач, “Сурхон" қайтадан тузилди. Бугун унинг таркибини асосан ёшлар ташкил этади. Б. Бозоров, Ш. Хўжақулов, А. Максаков каби жамоа фахрийлари, Р. Дўрмонов, А. Бозоров, В. Бойчук, М. Сайфиев, Р. Асқаров каби ёшлар билан “Сурхон“нинг аввалги мавқеини тиклаш мақсадида тўп суришмоқда. Тўғри, уларга ҳам кўп жойлардан “совчи“лар чиқишди. Акаларига ўхшаб ёғли жойларга кетиши мумкин эди. Аммо улар бу йўлдан воз кечишди. Чунки уларнинг ҳаммаси маҳаллий йигитлар.
Ҳа, жамоа олий мақсад - кучлилар сафига қайтишга ҳаракат қилмоқда. Аммо жамоа бугунги кунда ҳомийсиз узоққа боролмаслиги аниқ. Вилоятда 14 та туман, қанчадан-қанча завод, фабрика ва корхоналар бор. Наҳотки уларнинг бошини қовуштириб, воҳа обрўйи учун яшил майдонларда тер тўкаётган жамоани қўллаб-қувватлайдиганлар топилмаса? Йўқ, топилади. Топилмаса, “Сурхон" олий лигага қайтолмаслиги мумкин. Қайтолмаса ажабланишга ўрин йўқ.
Зарифжон ХИДИРОВ.
Комментарии