Мозийга қайтиб... Биз писта чақдик, корейслар эса...
10 фев 2023 10:29
Новости
Мозийга қайтиб... Биз писта чақдик, корейслар эса...
Бу йил - ўзбекистонлик футболчилар учун ўта масъулиятли учрашувларга бой. Шу боис мухлислар ҳар қачонгидан кўра синчковлик билан мавсум ўйинларини кузатиб боришмоқда. Янги мавсумга етакчи жамоаларнинг бирмунча пухта тайёргарлик кўришлари эса чемпионат ўйинларига ҳам қизғинлик бахш этгандек. Аммо мен ҳозир халқаро учрашувлар ҳақида сўз юритишни истардим. Зеро сўнгги икки ҳафтада вакилларимизни хориж жамоалари билан ёнма-ён қўйиб қиёслаш имконига эга бўлдик. Эга бўлганда ҳам озми-кўпми жаҳон талаби даражасида ўйнай оладиган мамлакат вакилларига таққослашга шароит туғилди.
Синчков ўқувчи қайси ўйинлар ҳақида сўз юритмоқчи бўлганимни пайқагандир. Ҳа, МҲСҚда ўтган икки учрашув ва «Ал-Саад» - «Нефтчи» ўйинлари. Сўнгги учрашув сафарда, бунинг устига араб мамлакатларидан бирида ўтди. Шу боис ҳам ундаги воқеаларга жиддий эътибор бермаслигимиз мумкиндир. Яна ўша муаммо - ҳакамнинг очиқчасига ён босиши, асабга тегадиган симуляция ва ҳоказо. Шу ўринда учрашувга яхши тайёргарлик билан келган бўлса ҳам, «Нефтчи»га характер етишмаганини таъкидлаш жоиз. Афсуски, бу нафақат «Нефтчи»га, балки барча жамоаларимизга тегишли муаммо саналади. Шунингдек, юзага келтирилган вазиятлардан фойдаланиш даражаси ҳам ўта паст эканини инкор этиб бўлмайди. Сафарда учта қулай вазият юзага келтириш, бу - юқори даража. Улардан умуман фойдалана олмаслик эса, аксинча, ўта паст кўрсаткич. Бизни юпатадиган ҳолат - «Нефтчи»да ҳамон яхши имкониятнинг борлиги. Мавсум кашфиётига айланиши мумкин бўлган дарвозабон Ҳасановнинг тобора ишончли ўйин кўрсата бошлаши ва биз севган комбинацион ўйинни йўлга қўйишга интилиш ҳам Фарғона жамоасининг янги мавсумдаги туҳфаси десак хато бўлмас. Қолаверса, бу йил ўзининг 60 ёшини ва «Нефтчи»да мураббийлик қилаётганининг 25 йиллигини қаршилаш арафасида турган Юрий Вазгенович Саркисян маҳаллий йигитлардан мустаҳкам жамоа шакллантириш мумкинлигини исботлаб бермоқда.
Энди ўша МҲСҚца ўтган учрашувларга қайтсак. Жанубий Корея ва Ўзбекистон олимпиадачилари ўйинидан кейин кўпчилик мухлислар стадионнинг «омадсизлиги»дан нолий бошлашди. Кейин бу ирим-сирим федерация вакилларига ҳам таъсир ўтказдими, билмайман, терма жамоа навбатдаги учрашувини Бухоро ёки Самарқандда ўтказади, деган миш-мишлар пайдо бўлди. Бу гаплар қанчалик ростлиги бизга аён эмас. Гап стадионнинг «сеҳрланганлиги»да ҳам эмас. Ҳамма гап муносабатда! Биз учрашув ўтишидан бир кун олдин бу ерга келганимизда атрофи фақатгина Корея компаниялари баннерлари (албатта, кўпчилиги уларнинг тилида) билан ўралган майдонда меҳмонларимиз машғулот ўтказаётганлигига гувоҳ бўлдик. Ўша юксак интизом, кучли консентрация. Жамоа гўёки ўзи учун ҳаёт-мамот ўйинига тайёргарлик кўраётганидан далолат берарди (Ваҳоланки, бу ўйин улар учун эмас, айнан биз учун ана шундай аҳамият касб этарди!) Атрофда биронта ҳам маҳаллий журналистлар йўқ. Кореядан келган репортёр ва ТВ ходимлари эса қизғин иш устида. Улар бу ёшдаги футболчилар учун эътибор катта аҳамиятга эга эканлигини жуда яхши билишади-да!
Учрашув кунидаги ҳолатни-ку, гапиришга ҳам тил бормайди. На бир оғзаки информация бор, на табло ишлайди. Учрашув якунлангач, матбуот анжуманига ўтиш учун қилган ҳаракатимизга милиция ходимлари бўралаб сўкиш билан барҳам беришди. Ўтган сафар - «Пахтакор» - «Ал-Ҳилол» ўйинида ҳам худди шу аҳвол бўлган эди. Ана шундай пайтларда шу касбни танлаганингга ҳам пушаймон бўласан, киши. Бу нарса ўзгаришига эса кўз етмайди. Сабаби, биринчи навбатда Федерация ва журналистлар ўртасида бепоён уммон юзага келган бўлиб, у ўз Колумбини кутиб ётибди. Бу борада иккала томонда ҳам етарлича айб бор, деб ҳисоблайман. Хуллас, гапирса гап кўп. Аммо энг асосийсини унутмаслигимиз лозим. Футбол - муҳлислар билан тирик! Футболчилар улар учун ўйнашади, журналистлар ҳам асосан улар учун меҳнат қилишади. Ўша ўйинда бир ҳолатга эътиборимни қаратдим. Ҳаттоки жамоалар таркибини билишдан ҳам маҳрум бўлган ўзбекистонлик муҳлислар писта чақишга зўр беришди (кейин билсак, кичиккина карнай ўрнатилган бўлиб, у фақат марказий ўриндиқдаги меҳмонлар учун эшиттирилган. Аксарият муҳлислар мадҳияларни эшитмаганликлари туфайли ўрниларидан ҳам туришмади. Табло эса ҳамон халқаро учрашувлардаги асрий орзумиз бўлиб қолмоқда). Кореядан келган 300га яқин муҳлис ва журналистлар эса футболчиларга «уй шароити яратишда» жонбозлик кўрсатишди.
Энди учрашувлар ҳақида ҳам икки оғиз. «Пахтакор» - «Ал- Ҳилол» учрашувида жамоамиз танлаган қарши ҳужум тактикаси ўзини оқламади. Энг қизиғи, бир кун олдин бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ал-Ҳилол» бош мураббийи тошкентликлар таркибидаги Жепаровга ўйин бермаслик мақсади борлигини очиқ-ойдин айтиб ўтди. Натижада у ўз сўзи устидан чиқди ва Сервер тўпни ҳужумчиларга етказишдан кўра рақиб қуршовидан ҳалос бўлишга кўпроқ куч сарфлади. Иккинчи ҳолат: Равшан Ҳайдаров ўша анжуманда «Ал-Ҳилол» биринчи рақам остида ўйнашни ёқтиришини таъкидлади. Унда нима сабабдан қарши ҳужум варианти танланди? Кўраяпсизми, жамоа асосан ноўрин тактика туфайли энг муҳим ўйинда мағлубиятга учради ва энди бу аҳволдан чиқиш учун салкам мўъжиза кўрсатиши шарт. Яна бир ташвишли жиҳат - «Пахтакор» футболчиларининг аксариятида чарчоқ аломатлари сезилаётгандай. Агар шундай бўлса, июль ойида ўтадиган Осиё Қубогида Инилеев ҳам танг аҳволга тушиб қолмайдими? Бу муаммо бугуноқ таҳлил қилиниши лозим. Зеро, эртага кеч бўлиши мумкин.
Олимпиадачиларимиз ҳам сўнгги икки учрашувдан кейин қийин аҳволга тушиб қолишди. Жанубий Қорея билан учрашувда менимча ҳужум чизиғидаги футболчиларимиз ишончни оқлай олишмади. Қолаверса, Бикмаев ва Афонинларнинг майдонга тушишлари ҳам ўйинимизга салбий таъсир ўтказди.
Энди барча умид яна Қореядан. Улар ўз уйларида БААни енгишлари шарт. Биз эса Яман билан ўйинда сермаҳсул ғалабага эришишимиз лозим. БААда имкони борича ютқазмаслик, ёки ҳеч бўлмаса кичик ҳисобда ютқазиш ҳам бизни қутқариши мумкин. Иқлим шароити ва ҳакамлар қаршилигини енгиб ютуққа эришиш эса осон иш эмас. Бунинг учун ҳеч бўлмаса Жанубий Корея даражасида ўйнашимиз керак бўлади.
Бу йилги футбол мавсумини футболчиларимиз кўтаринки руҳда бошлаган эдилар. Уларнинг «планкани» баланд ўрнатганлари муҳлислар қалбида футболимизга бўлган қизиқишни янада кучайтирди. Сўнгги учрашувлардаги муваффақиятсизликлар эса яна ҳам баландроқ сакраш учун бўлган бир оз тисланиш бўлиб чиқишини жуда-жуда хоҳлардик.
“Одамлар орасида” газетасининг 2007 йил 26 апрель сонидан олинган.
Давлат ТУРДИАЛИЕВ.
Комментарии