Мозийга қайтиб... Азамат Абдураимовнинг бешинчи уриниши
14 июл 2022 11:14
Новости
(“Ўзбекистон футболи” газетасининг 1994 йил 16 февраль сонидан олинган).
Азаматнинг Малайзияга кетиши хақида илк бор укаси - Жасурнинг висол оқшоми куни эшитдим. Амир Темур ҳиёбонидаги "Дўстлик" қахвахонаси меҳмонлар билан тўлган, бироқ келин-куёвдан дарак йўқ эди. Шу сабабли Азамат билан анча суҳбатлашишга улгурдик. Гап орасида у яқинда Малайзияга бориб келгани, насиб бўлса бу йил ўша юртда тўп суриши ҳақида тўлқинланиб гапирди. Фақат ҳали ҳужжатлар расмийлаштирилмаганлиги туфайли, бу ҳакда сир сақлашимни илтимос қилди. Мен рози бўлдим.
Ниҳоят, келин-куёв етиб келиб, ҳамма ўз жойини эгаллади. Маълум бўлишича, куёвнинг буваси бетоблиги туфайли касалхонадан чиқа олмаган. Жасур ва Надяхонлар (уни ўша куни ўзбекчасига Наргиза деб таништиришди) аввал касалхонада 70 дан ошган отахоннинг оқ фотиҳасини олиб, сўнгра шодиёнага қадам ранжида қилишган экан...
Берилган ваъдага мувофиқ, Малайзияга жўнаб кетиши олдидан Азамат таҳририятга қўнғироқ қилиб, учрашув вақтини белгилади. Мен эса суҳбатга яхшироқ тайёрланиш мақсадида, таҳририятдаги ҳужжатлар тўпламидан Азаматнинг катта футболда босиб ўтган йўли ҳақида маълумот ахтардим.
Азамат Абдураимов - 1966 йил 27 апрелда туғилган. 1982-1984 йиллар ФШМ (Москва) командаси таркибида собиқ СССР биринчилиги II лигасида тўп сурган. 1985 йили олий лига иштирокчиси - Ростов шаҳрининг СКА ўринбосарлар таркибини ҳимоя қилган, хизматни келаси йили ЦСКА-2 жамоасида давом эттирган. 1987 йили Тошкентнинг "Пахтакор" командасига таклиф этилиб, ушбу жамоада 1990 йилгача ўйнаган. 1990 йили Москванинг “Спартак" клубига қабул қилинган. 1991 йил олий лиганинг яна бир иштирокчиси - Душанбенинг "Помир" таркибида майдонга тушган.
1992 йил илк маротаба хорижий клуб билан шартнома имзолади. Бангладешнинг "Мухамедам" клубида бор-йўғи тўрт ой туп сурди. Бироқ шу қисқа вақт ичида рақиблар дарвозасини 17 бор нишонга олиб чемпионат тўпурари бўлди ва бу билан у командани миллий биринчиликда 2-ўринни эгаллашида муносиб ҳисса қўшди.
Мавсум якуни бўйича эса унга "Йилнинг энг чиройли голи" муаллифи сифатида соврин топширишди. Бангладешда мухлислар уни стадиондан қўлларида кўтариб олиб чиқишар, эсдалик учун дастхат оладиганларнинг кети узилмасди. Лекин бу юртдаги футбол даражаси юқори бўлмаганлиги туфайли Азамат уйга қайтди. 1992 йили у "Навбаҳор"да, ўтган мавсумда эса МҲСК таркибида отасига ёрдам берди. Лекин хорижий клубларнинг Азаматга бўлган қизиқишлари пасаймади. У Жанубий Корея чемпиони - "Поска" жамоаси, шунингдек, Финляндиянинг "Тампаре" ва Исроилнинг "Маккаби" клубларида кўрикдан ўтиб келди. Охириги маълумотларга қараганда, у “Маккаби” билан шартнома имзолаган ҳам эди, лекин...
- Азамат, Исроилга бориб иккита ўйинда иккита тўп киритганингни, у ердан вакиллар сени олиб кетиш учун келганликлари ҳақида эшитгандик, шу ростми?
- Ҳа, “Маккаби" таркибида иккинчи ўйинда тўп киритишим биланоқ, мени майдондан чақириб олишди ва шартнома шартлари билан таништиришди. Мен баъзи тузатишлар киритгач, уни имзоладим. Унга кўра клуб менга машина ва квартира ажратадиган, ойига 2000 доллар маош ва ўртача 1000 доллардан мукофот пули тўлайдиган, эвазига эса мен бу клуб таркибида 1 йил тўп суришим лозим эди. Аммо бу ерда ҳужжатларим ўз вақтида расмийлаштирилмагач, шартнома ўз кучини йўқотди.
- Кейин сен МҲСК га эмас, "Пахтакор"га қайтдинг...
- Рустам Акрамов "Пахтакор"ни қабул қилиб олиши билан мени шу командага таклиф этди. Мен у кишини жуда ҳурмат қилганим учун бажонидил рози бўлдим. Очиғи, МҲСК менга тўлаган 30 минг сўм маош ҳеч нарсага етмай қолувди, бунинг устига отам ҳам у ердан кетганди. “Пахтакор" клуби раҳбарлари эса менга дарҳол пойтахтнинг хоҳлаган жойимдан квартира ажратиб беришга ваъда беришди. Аммо вақт ўтган сари, бу ваъданинг амалга ошишига кўзим етмай қолди, ниҳоят Малайзиядан таклиф тушгач, Рустам Акрамовдан узр сўраб, командани тарк этдим.
- Бизни ана шу таклифнинг қай тариқа тушгани қизиқтиради...
- Малайзияда Иброҳим исмли менежер бор. Айнан унинг саъй-ҳаракатлари туфайли Мустафо Билолов, Шуҳрат Холмирзаев, Олег Синелобовлар Малайзия клубларида ўйнашмоқда. Билолов ва Холмирзаев ўз клублари - "Перак" чемпионатда учинчи ўринни эгаллаши учун кўп ҳисса қўшишди. Шундан сўнг малайзияликларнинг республикамиз футболчиларига қизиқиши ортди.
Иброҳим мени дастлаб таклиф қилганида, кўрикка рози бўлмадим. Жанубий Корея ва Финляндиядан сўнг бу нарсадан ихлосим қайтганди. Унга чиройли ўйинларим ва киритган тўпларим жамланган 20 дақиқалик видеотасвир топширдим. Иброҳим уни бир неча бор кўргач, мени Малайзиядаги энг кучли жамоа - Куантан шаҳрининг “Паханг" клубига тавсия этибди. Бу клуб ўтган мавсумда ҳам мамлакат чемпионлигини, ҳам кубокни қўлга киритган.
Хуллас, навбатдаги таклифдан сўнг, 19 январь куни Малайзияга йўл олдим. Мени клуб вакиллари кутиб олишди, эртасига эса келишимга атайлаб ташкил этилган ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Мен ўзим севган 10-рақамда майдонга тушдим. Шу куни янги жамоам 5:0 қисобида зафар қучди, унинг 4 тасини эса мен киритишга муваффақ бўлдим.
- Сен шунчалик зўр ўйнадингми ёки қолганлар бўш эканми?
- Уларга паст баҳо бермаган бўлардим, "Паханг"нинг 6 ўйинчиси мамлакат терма командасининг аъзоси, агар австралиялик ҳимоячи ва жанубий кореялик ярим ҳимоячи ҳам ўз давлатлари шарафини ҳимоя этишини инобатга олсак, клубнинг қанчалик кучли эканлигини тасаввур қилиш мумкин. Яна бир иқтидорли ўйинчи, аргентиналик ҳужумчи ўтган йили 14 тўп киритиб, чемпионат тўпурари бўлган, Фақат бу йил жамоани тарк этган экан. Айнан унинг ўрнини тўлдириш учун мени ва Болгариянинг "Левски-Спартак" клубидан яна бир ҳужумчини таклиф этишганди. "Паханг"да қайси биримиз қолишни аниқлаш мақсадида яна бир қўшимча ўйин ўтказилди. Ҳал қилувчи сўзни Малайзия барча ёшлар терма командаларининг раҳбари, Куантаннинг Султони айтиши лозим эди. Бу ўйинда биз 2:1 ҳисобида ғолиб чиқдик. Дастлабки тўпни мен киритдим, иккинчиси эса мен ошириб берган тўп натижасида амалга оширилди. Ана шундан сўнггина Султоннинг рўмолчаси мен томон ҳилпиради.
- Шартноманинг шартлари сир эмасми?
- Қанча олишим ҳақида айтаман, фақат ёзмайсиз (таққослаш учун: "Маккаби"га қараганда икки карра фойдали ва ҳозир Малайзияда тўп сураётган хорижликлар ичида энг яхшиси - А. И.). Қолганлари эса "шунчаки" - денгиз қирғоғи бўйида 2 қаватли уй, машина, текинга бензин, жароҳат туфайли майдонга тушмасам ҳам мукофот ва Ватанга бориб келишим учун йўл ҳақини тўлаш. Шартлар бундан ҳам яхши бўлиши мумкин эди. Клуб раҳбарлари мени Ўзбекистон терма командасида ўйнашдан воз кечишимни сўрашди. Сабаби - Осиё ўйинлари ўтадиган муддатда Малайзияда ҳал қилувчи ўйинлар бўлади. Бироқ мен ўз сўзимда қатъий туриб олдим. Фақат, мураббийлар менга ишониб сардорликни топширишганини, мен бу ишончни оқлашим зарур эканлигини тушунтирганимдан сўнггина, рози бўлишди. Айтгандек, машҳур "Пума" фирмаси ҳам мен билан шахсий контракт тузди. Фирма энди мени ўз маҳсулотлари билан кийинтиради, мен эса "Пума"ни реклама қиламан.
- Шартномадан бу ердаги клублар ҳам “у-бу нарсалик" бўлиб қолишадими?
- "Пахтакор" мен учун ҳеч нарса бермади, МҲСК билан эса ҳар ҳолда бир йил тўп сурдим: малайзияликлар собиқ жамоамга икки тўплам спорт формаси беришади, шунингдек Султоннинг туғилган куни муносабати билан ўтказиладиган турнирга МҲСК ҳам таклиф қилинади.
- Малайзияда футбол мавсуми қачон бошланади?
- Ҳозир уларда ҳам рўза ойи. 27 март куни кубок мусобақалари, апрелнинг биринчи ярмида чемпионат бошланади. Айтганча, "Паханг" мавсумга тайергарликни республикамизда ўтказишни режалаштирган. Клуб 3-17 март кунлари Тошкентда йиғин ўтказишни сўраб федерацияга факс юборибди, агар томонлар келишишса мухлислар янги жамоамни амалда кўришлари мумкиш
- Уйланишинг бу йил ҳам чўзилади шекилли...
- Худо хоҳласа ёзда тўй бўлиши керак. Қиз ҳам топилди, ўзим орзу қилгандек ўзбек маҳалласидан. Насиб этса, албатта таклиф қиламан.
- Сафар қачонга мўлжалланган?
- 9 февраль куни учиб кетишим лозим эди, бироқ яна хужжатлар тўғри бўлмади. Энди 16-га чиптага буюртма берганман. Ишқилиб бу сафар ҳаммаси тўғри бўлсин... „
Бугун 16 февраль. Азамат, агар жунаб кетмаса, суратларни қайтариб олиш учун таҳририятга келишини айтган эди. Аммо мен уни келишини сира-сира истамаяпман. Сабаби - агар келолмаса, демак Малайзияга учиб кетган бўлади. Бу эса унинг ҳозирги кундаги ушалай деб турган орзусидир.
Аброр ИМОМХЎЖАЕВ.
Комментарии