Милан Митрович: "Сўғдиёна" футболчиларига "Жентра" совға қилинади? Ҳозир бир нарса дейишим қийин”
23 ноя 2019 12:37
Новости
Милан Митрович: "Сўғдиёна" футболчиларига "Жентра" совға қилинади? Ҳозир бир нарса дейишим қийин”
- Милан, дастлаб бўлажак баҳс ҳақида икки оғиз...
- Олдинда осон бўлмаган ўйин кутиб турибди. Қолган баҳслар ҳам шундай қийин ўтишига шубҳам йўқ. Аъло кайфият, яхши тайёргарлик билан Термизга йўл оляпмиз. Мақсадимиз ўзимиз истаган футболни намойиш этиб, уч очкога эга чиқиш. Учинчи ўринни қўлга киритиш учун ажойиб имкониятга эгамиз. Биз қадам ва қадам, босқичма-босқич бунга интилиб келяпмиз. Ўйиндан ўйинга ниятимиз сари яқинлашмоқдамиз.
- Бир ҳафтада учта ўйин ўтказасизлар. Икки бор сафарда. Боз устига, сўнгги тур энг яқин таъқибчингиз “Бунёдкор”га қарши бўлади...
- Ҳамма ўйинда бор кучимиз билан ҳаракат қиляпмиз. Бизда аниқ бир ажралиб турадиган ўйинчи йўқ. Барчамиз бир оиламиз. Биргаликда ва бирлашган ҳолда тўп тепсак,учта ўйинда ижобий натижа қайд эта оламиз. Ҳозиргача шунинг эвазига муваффақиятга эришиб келяпмиз.
- Эшитшимизга қараганда жамоа кучли учликни забт этса "Жентра" автомобиллари берилар экан...
- Яратганнинг кўмаги шунингдек, ўз ўйинмиз, курашувчанлигимиз, фидойилигимиз билан шу даражага кўтарилдик. "Жентра" ва бир қатор бонуслар ҳақида аниқ бир нарса дейишим мушкул. Агарда, учинчи поғонада мавсумни якунласак тарихда биринчи маротаба бундай мавқега эга бўламиз.
- Кўп ҳолларада футболчилар сизнинг дарвозангизни узоқдан ишғол қилишга уринишади. Суперлига клубларидаги қайси футболчиларни бу борада маҳоратли деб ҳисоблайсиз?
- Ҳа, бундай ўйинчилар етарлича топилади. Славко Лукич, Азиз Ғаниев, Шароф Муҳитдинов кабилар исталган вақтда кутилмаган зарба билан рақиб дарвозасини ишғол қилишади. Дарвозабонларга бундай вазиятларда ўта қийин бўлади. Улар йўллайдиган зарбалар оддий бўлмайди, тўп траекторияси ҳам ўзгариб кетади, натижада унинг йўналишини топа олмайсиз. Юқорида келтирилган футболчилар бизга шу каби ажойиб голларни уришган. Қўшимча сифатида айтишим мумкинки, яхшигина дриблинг, тезкорлик ва индивидуал ҳаракатлар эвазига рақибини мураккаб аҳволга соладиган ўйинчилар ҳам етарли Суперлигада. Мисол учун, бугунги кунда "Пахтакор" сафида ўйнаётган Драган Черан ва Жалолиддин Машарипов киперлар учун ноқулай футболчилар ҳисобланишади
- Милан, самимий суҳбат учун ташаккур. Мухлисларга айтадиган сўзингиз бўлса, марҳамат.
- Эътибор қаратиб, интервьюга таклиф қилганингиз учун сизга ҳам раҳмат. Ишқибозлардан ҳар доим жамоамизни қўллаб-қувватлашларини сўраб қоламан. Уларсиз футбол ўз жозибасини йўқотиши турган гап.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди
Комментарии