Купер ўйиндан кейин нималар деган бўлиши мумкин?
21 ноя 2018 12:10
Новости
Купер ўйиндан кейин нималар деган бўлиши мумкин?
Хабарингиз бор, кечаги баҳсда 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйдик. Бугун эса ОФК расмий сайти кореяликлар устози Паулу Бентунинг ўйиндан кейинги фикрларини чоп этди. Айтиш мумкинки, португалиялик мураббий иш бошлаганидан бери Жанубий Корея унинг қўл остида 6та учрашув ўтказиб, бирортасида мағлуб бўлмади.
Мураббий ўйин ҳақида шундай деди: "Биз бутун учрашувни назорат қилдик. Биринчи таймдан сўнг 2:0 ҳисобида ғалаба қозонаётгандик, танаффус пайтида яна ҳужум қилиш кераклигини айтдим. Бу эса чиройли натижага олиб келди. Ўйлайманки, биз тўғри йўлдамиз. Мен барча футболчилар терма жамоанинг мақсади қаерга бориш эканини тушуниб етишларини хоҳлайман. Биз ўз фалсафамиздан оғишмай фақат мақсад сари ҳаракат қилишда давом этамиз".
Хуллас, Паулу Бентунинг фикри қисқача бўлса ҳам сайтда чиқибди. Лекин ОФК тугул, ўзимизнинг ЎФА сайтида ҳам Эктор Купернинг ўйиндан кейин нималар дегани йўқ. Балки мураббий гапирмагандир, балки матбуот анжумани ўтказилмагандир. Лекин Купер терма жамоа билан Австралияга кетган ташкилот матбуот хизматига икки оғиз гапириб қўйса ҳеч нарса қилмасди. Балки мураббий гапирган-у, аммо матбуот ходимининг ёзишга вақти бўлмагандир. Майли, биз кутамиз. Ҳар ҳолда терма жамоа бош мураббийининг ўйиндан кейин нималар дегани шахсан мен учун жуда қизиқ.
Х.Холиқов
Комментарии