Клубларимиз ОЧЛда қандай иштирок этишди?
20 сен 2016 14:51
Новости
Клубларимиз ОЧЛда қандай иштирок этишди?
Ўз гуруҳларида улар билан деярли бир хил очко жамғарган “Локомотив” клуби гуруҳда пешқадам бўлиб кейинги босқич йўлланмасини нақд қилди. Куни кеча “темирйўлчилар” “чорак финал” жавоб учрашувида БААнинг “Ал Айн” жамоасига қарши ўйинда кичик ҳисобда имкониятни бой бериб қўйди. Ушбу учрашувдан сўнг 4 клубимизнинг ОЧЛда қандай иштирок этгани тўғрисида ёзишга қарор қилдик.
“Бунёдкор”
Бу йил Осиё чемпионлар лигасида бирданига 4 жамоамиз иштирок этди. Бизда миллий чемпионатимиз ҳали бошланмай туриб клубларимиздан биринчилардан бўлиб “Бунёдкор” жамоаси катта саҳнага чиқди. Ўтган йили “плей-офф” босқичидан ўтиб гуруҳ баҳсларига қўшилган “қалдирғочлар” бу йил ҳам ўз анъанасида содиқ қолди. “Қалдирғочлар” “плей-офф” баҳсини ўз уйида ўтказиб БААнинг “Ал Шабаб” жамоасини (2:0) ҳисобида мағлуб этишганди. Ушбу ўйинда “Бунёдкор” клуби ғалаба қозонишига барча бирдек ишонганди. Чунки, бизда ҳали чемпионат бошланмаган, футболчилар эса кучга тўлган пайти эди. БААда эса чемпионат айни қизғин паллага келган эди. “Бунёдкор” клуби ушбу учрашувда “Ал Шабаб” жамоасини мағлуб этиб гуруҳ босқичи баҳсларига қўшилганди. Биз бундан жуда ҳам хурсанд бўлган эдик. Сабаби, ОЧЛда 1 эмас 2 эмас нақд 4 та жамоамиз иштирок этди. Гуруҳ босқичида ҳам “Бунёдкор” клуби ўз юришини қолган жамоамизга қараганда биринчилардан бўлиб бошлаб берди. Гуруҳдаги илк учрашувни “қалдирғочлар” Саудия Арабистонининг “Ал Наср” клубига қарши ўтказди. Ушбу учрашувда вакилларимиз жуда ҳам чиройли ўйин кўрсатиб 2 та тўп фарқи билан олдинга ўтиб олганди. Лекин, ҳимоядаги қўпол хатолар туфайли Мурод Зухуров ўз дарвозасидан 2 та тўп олиб чиққанди. Илк ўйиндаги тайёр ғалаба қўлдан чиқарилганди. Ушбу дуранг натижа рақибни ҳам “Бунёдкор” жамоасини ҳам қониқтирмасди. Тошкентда бўлиб ўтган жавоб ўйинида “Ал Наср” жамоаси “Бунёдкор”ни кичик ҳисобда мағлубиятга учратди ва Тошкентда ўз уйига 3 очко билан қайтди. Ушбу мағлубият “Бунёдкор” жамоаси учун жуда ҳам аламли бўлганди. Ҳар бир жамоа мусобақада кейинги босқичга чиқиши учун ўз уйидаги ўйинларда иложи борича максимал натижа қайд этиш керак. “Бунёдкор” эса гуруҳдаги учрашувларнинг ҳеч бирида ғалаба қозонмади. Эроннинг “Зоб Аҳан” клуби билан бўлган ўйинда “қалдирғочлар” ўз уйида рақибларига 1 очкони тақдим этишди. Жавоб ўйинида эса қашқатқич мағлубиятни қабул қилиб олишди. Гуруҳдаги сўнгги иккита турда эса Қатарнинг “Лахвия” клуби билан баҳс олиб борди. Икки жамоа ўртасидаги дастлабки учрашув Тошкентда бўлиб ўтганди. Ўшанда “Лахвия” жамоаси Тошкентда мухлислар кўз ўнгида “қалдирғочлар”ни 2:0 ҳисобида таслим этишганди. Ушбу баҳсдан сўнг “Бунёдкор” клуби жавоб учрашувида қандай натижа қайд этса ҳам гуруҳдан чиқа олмаслиги ойдинлашиб қолганди. Жавоб учрашуви “Бунёдкор” меҳмонда нурсиз дуранг қайд этиб 1 очко билан қайтиб келди. “Бунёдкор”нинг ўтган йилги ОЧЛдаги иштирокига қарайдиган бўлсак, ўшанда ҳам “плей-офф” босқичидан ўтиб гуруҳда қолиб кетганди. Бу йил ҳам мана шу натижа такрорланди.
“Пахтакор”
ОЧЛнинг гуруҳ босқичида “Пахтакор” клуби Ўзбекистон чемпионатининг амалдаги чемпиони сифатида иштирок этди. Бошқа икки жамоамиз қайд этган натижаларга қараб ҳулоса қиладиган бўлсак, бу йил ОЧЛнинг гуруҳ босқичида “Пахтакор”га шунчаки омад етишмади. Чунки, бошқа бир жамоамиз “Локомотив” ўз гуруҳида 10 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринни эгаллаб “плей-офф” босқичига йўлланмани қўлга киритган эди. “Пахтакор” эса ўз гуруҳида 10 очко жамғариб учинчи ўрин билан кифояланиб кейинги босқичга йўлланмани қўлга кирита олмаганди. Энди “Пахтакор”нинг гуруҳдаги иштирокини кўриб чиқсак. Гуруҳдаги илк учрашувда “Пахтакор” ўз уйида Саудия Арабистони клуби “Ал Ҳилол”ни қабул қилиб Даврон Ҳошимовнинг сўнгги дақиқада рақиблар дарвозасига киритган голи эвазига мағлубиятдан қутилиб қолганди. Агарда “шерлар” ушбу учрашувда ғалаба қозонганда балки гуруҳдан чиққан бўлармиди, билмадим. Саудияда бўлган жавоб учрашувида эса “Пахтакор” ОЧЛдаги илк мағлубият аламини тотиб кўришди. Эроннинг “Тракторсози” жамоаси билан Тошкентда бўлган илк ўйинда “Пахтакор” ягона гол эвазига 3 очкони қўлга киритган бўлса, Табризда бўлган учрашувда “шерлар” 2:0 ҳисобида мағлуб бўлиб Тошкентга қайтиб келишганди. Сўнгги 2 та тур учрашида “Пахтакор” клуби БААнинг “Ал Жазира” жамоасига қарши баҳс олиб борди. Икки ўйин натижасига кўра “шерлар” рақибларини 6:1 ҳисобида таслим этишди. Шундай бўлсада “Пахтакор”да гуруҳдан чиқиш учун имконият сақланиб қолган эди. Фақат “шерлар” бор эътиборларини гуруҳдаги иккинчи учрашувга қаратишлари керак эди. Ўша баҳсда “Тракторсози” Табризда “Ал Ҳилол”ни қабул қилганди. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек эди. “Пахтакор” клубини улар қайд этадиган дуранг натижа ҳам қониқтирарди. Лекин учрашувнинг 71 дақиқасига келиб “Ал Ҳилол” таркибида ҳаракат қилган Аилтон рақиб дарвозасини ишғол қилди ва ўз жамоасига муҳим бўлган ғалабани тақдим этди. “Пахтакор” жамоасини гуруҳдан чиқишлари учун 1 очко етмади. Шу тариқа “Пахтакор” ҳам ўз юришини гуруҳ босқичидаёқ тўхтатди.
“Насаф”
Қаршининг “Насаф” клуби клубларимиз ичида ОЧЛда омадсиз иштирок этган учинчи жамоа бўлди. “Аждарлар” бу йил ОЧЛнинг гуруҳ босқичида бир маротаба ғалаба нашидасини суришди. Қолган учрашувларнинг 2 тасида дуранг натижа қайд этган бўлса, қолган 3 тасида мағлубият аламини тотиб кўрди. Қаршиликлар ОЧЛнинг гуруҳ босқичидаги илк учрашувида Саудия Арабистонининг “Ал Аҳли” клубига қарши баҳс олиб борди. Ушбу баҳсни кузатган бўлишингиз табиий. Ўша ўйинда япониялик ҳакам Рюжи Сато “Насаф” клуби футболчиларини бир неча бор огоҳлантирди, хаттоки Эркин Бойдуллаевга 76 дақиқада йўқ жойдан иккинчи сариқ карточкани кўрсатиб майдондан четлатганди. Нима бўлганда ҳам “аждарлар” сафардан аламли мағлубият билан уйларига қайтиб келишди. Жавоб ўйинида ҳам илк ўйиндаги натижа қайд этилди. Фақат, бу сафар “Насаф” ғалаба қозонди. Ушбу ўйиндаги голларга “аждарлар” футболчилари Мақсуд Каримов ва Бобур Абдуҳолиқов муаллифлик қилишди. Ўйин қаршиликларнинг тўлиқ устунлигида ўтди. Гуруҳдаги 3-турда “Насаф” жуда ҳам кучли рақибга қарши мехмонда баҳс олиб борди. Қатарнинг “Ал Жаиш” клуби ўз уйида Қаршининг “Насаф” жамоасини қабул қилди. Учрашув тенг курашлар остида ўтди. Ўйиннинг сўнгги дақиқасига келиб рақиб жамоа футболчиси Сардор Рашидов Элдор Суюнов қўриқлаётган дарвозани ишғол қилади. “Насаф” ушбу баҳсда ҳам очко йўқотади. Жавоб ўйинида эса томонлар нурсиз дуранг қайд этиб 1 очкодан бўлишиб олишади. Гуруҳдаги сўнгги икки турда “Насаф” БААнинг “Ал Айн” клубига қарши баҳс олиб боради. Қаршида бўлган ўйинда жамоалар 1:1 дуранг натижасини қайд этишади. Голларга “Насаф” клубидан Мақсуд Каримов муаллиф қилган бўлса рақиб жамоасидан эса Данило Асприлла Элдор Суюнов дарвозасини ишғол қилади. жавоб ўйинида эса “Ал Айн” жамоаси “Насаф”ни 2:0 ҳисобида мағлубиятга учратади. Шу билан “Насаф” ОЧЛнинг бу йилги мусобақасида гуруҳда 5 очко жамғарган ҳолда қолиб кетади.
“Локомотив”
Юқорида айтиб ўтганимиздек Тошкентнинг “Локомотив” клуби ўз тарихида илк ОЧЛ мусобақасида чорак финалга қадар етиб келди. “Темирйўлчилар” гуруҳ босқичидан шу ергача қандай иштирок этганини сарҳисоб қилиб чиқсак.
“Локомотив” клуби ўтган йили ОЧЛнинг гуруҳ босқичида жуда ҳам омадсиз иштирок этганди. Бу йил эса ўз гуруҳларида биринчи ўринни эгаллаб “плей-офф” босқичига йўлланмани қўлга киритди. “Темирйўлчилар” “Ал Наср” (БАА), “Ал Иттиход” (Саудия Арабистони), ва “Сепахон” (Эрон) жамоалари билан “А” квартетидан жой олишганди. “Локомотив” гуруҳдаги илк учрашувни ўз уйида “Ал Иттиход”га қарши ўтказиб (1:1) ҳисобидаги дуранг натижани қайд этишди. Саудия Арабистонида бўлиб ўтган жавоб учрашувида ҳам биринчи ўйиндаги каби ҳисоб қайд этилди (1:1). 2-турдаги учрашувни “темирйўлчилар” Эронда “Сепахон” меҳмони бўлишди. ноқулай ов-ҳаво бўлишига қарамай “Локомотив” сафар “Сепахон”ни 2:0 ҳисобида мағлуб этиб 3 очко билан Тошкентга қайтишди. Ушбу ғалабадан руҳланиб кетган тошкентликлар жавоб ўйинида ҳам “Сепахон”ни мағлуб этишди 1:0. Гуруҳдаги сўнгги 2 та турда “Локомотив” клуби БААнинг “Ал Наср” жамоаси билан беллашади. Илк учрашувда “темирйўлчилар” сафардан 1 очко билан қайтишади. Тошкентда бўлиб ўтган жавоб ўйинида эса нурсиз дуранг қайд этилади. Шундай қилиб “Локомотив” ўз гуруҳида 10 очко жамғарган ҳолда гуруҳда биринчи ўринни эгаллаб “плей-офф” йўлланмасини қўлга киритади. “Плей-офф”да эса Саудия Арабистонининг “Ал Ҳилол” жамоасига тўқнаш келади. Саудияда бўлган илк учрашувда томонлар нурсиз дуранг қайд этишади. Тошкентда бўлиб ўтган жавоб баҳсида эса ”Локомотив”нинг қўли баланд келади (2:1). Ушбу ўйиндаги голларга “Локомотив” жамоасидан Ислом Тўхтахўжаев ва Шерзод Файзиев муаллифлик қилган бўлса “Ал Ҳилол” клубидан Муҳаммад Ал Шлхуб ўйин якунланишига бир неча дақиқа қолганида Игнатий Нестеров дарвозасини ишғол қилади. “Локомотив” клуби тарихда илк бор чорак финал йўлланмасини қўлга киритади. Ушбу босқичда “темирйўлчилар”га БААнинг “Ал Айн” жамоаси тўқнаш келади. БААда бўлган дастлабки ўйинда иккала жамоа ҳам ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолади (0:0). Тошкентда бўлган жавоб учрашувида “Локомотив” жуда ҳам аламли мағлубиятни қабул қилиб олади. Ўйиннинг 38-дақиқасида “Ал Айн” клуби футболчиси Лукас Фернандес Каио Игнатий Нестеров қўриқлаётган дарвозани ишғол қилади. ушбу гол ўйинда ягоналигича қолади ва “Ал Айн” ярим финал йўлланмасини қўлга киритади. “Локомотив” эса ўз юришини мана шу ерда тўхтатади.
Клубларимизнинг ОЧЛда қайд этган бундай натижаларидан сўнг ОФК жамоаларимизнинг кейинги йилда ОЧЛ мусобақасида иштирок этишлари учун бизга 1+2 квотасини тақдим этди. Бу клубларимиз учун бироз ёқимсиз ҳолат. Сабаби, бу йил ички чемпионатимизда биринчи ўринни эгаллаган жамоа тўғридан-тўғри ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этиши мумкин. Иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган жамоалар “плей-офф” босқичида ўтиш ўйинида иштирок этади. Айни дамда чемпионатимизда “Локомотив” якка пешқадамлик қилмоқда. Ундан кейинги ўринларни “Бунёдкор” ҳамда Қаршининг “Насаф” жамоалари эгаллаб турипти. Бу йилги чемпионатда иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаш учун “Металлург”, “Бухоро” ва “Қизилқум” жамоаларида имкониятлар етарлича. Лекин “Пахтакор” клубининг ишлари бу йил унчалик ўхшамаяпти. Агарда “шерлар” чемпионатда шундай йўсинда кетишда давом этса, кейинги йилги ОЧЛ мусобақасида иштирок этишдан ҳам қуруқ қолиши мумкин.
Жаҳонгир Сотволдиев
Комментарии