Клоппнинг буюк "Ливерпуль"и янгилай олмаган 6 рекорд
02 мар 2020 14:50
Новости
Клоппнинг буюк "Ливерпуль"и янгилай олмаган 6 рекорд
Аммо ушбу омадсизлик Юрген Клопп ва унинг жамоаси учун ёқимсиз ҳолат, чунки "қизиллар" баъзи бир рекордларни янгилай олишмади. "Викарейж Роуд"даги мағлубият "Ливерпуль"ни қайси рекордлардан маҳрум қилди?
Мағлубиятсиз ўйинлар серияси бўйича АПЛ рекорди
"Ливерпуль" Англия чемпионатининг кетма-кет 44та учрашувида мағлубиятга учрамади. Клоппнинг ушбу серияси 39та ғалаба ва 5та дурангдан иборат. Бунгача "қизиллар"нинг сўнгги мағлубияти 2019 йилнинг январида, "Манчестер Сити"га қарши баҳсда (1:2) содир бўлган. "Ливерпуль" "Арсенал"нинг 49та ўйинлик рекордини янгилашга яқин эди. Аммо "Уотфорд" АПЛ етакчисига тарихга биринчи рақам бўлиб кириш имкониятини бермади.
Мағлубиятсиз кунлар сони бўйича рекорд
413 кун давомида "Ливерпуль"ни Англияда ҳеч ким мағлуб эта олмади. "Арсенал" рекордига анча вақт бор эди, аммо назарий жиҳатдан Клопп жамоаси буни уддалай оларди. Лондонлик "тўпчилар" 2003 йилнинг майидан 2004 йилнинг октябригача 539 кун мағлуб бўлмаган.
АПЛда кетма-кет ғалабалар сони бўйича рекорд
Клопп жамоаси "Уотфорд"га қарши баҳсгача АПЛда кетма-кет 18та учрашувда зафар қучди. "Ливерпуль" Хосеп Гвардиола қўл остида қайд этилган"Манчестер Сити" натижасини такрорлади. Агар "қизиллар" "Викарейж Роуд"да ғалаба қозонганида, рекордни янгилаган бўларди. Бу содир бўлмади, шу сабабли айни дамда рекордга икки клуб эгалик қилмоқда.
ТОП чемпионатларда кетма-кет ғалабалар сони бўйича рекорд
"Ливерпуль" Европаанинг барча топ лигаларида ғалабалар серияси сони бўйича рекордга даъвогарлик қилаётган эди. "Манчестер Сити" натижасини такрорлаган "қизиллар" "Бавария"дан бир қадам орқада тўхташди. Мюнхенликлар 2013-14 мавсумда кетма-кет 19та баҳсда зафар қучишган.
Меҳмонда мағлубиятсиз ўйинлар сони бўйича АПЛ рекорди
"Ливерпуль"нинг меҳмондаги мағлубиятсиз серияси 21та ўйин билан тўхтади, ғалабалиси эса 8та ўйин. Иккаласини "Уотфорд" якунига етказди. Ушбу натижа бўйича энг яхши кўрсаткич "Арсенал"га тегишли. "Тўпчилар" 2003 йилнинг апрелидан 2004 йилнинг сентябригача меҳмондаги 27та баҳсда мағлуб бўлмаган. "Чели" (2008) ва "Манчестер Сити" (2017) бегона майдонларда кетма-кет 11та ғалабага эришган.
Кетма-кет ўйинларда гол уриш бўйича АПЛ рекорди
Клопп жамоаси АПЛнинг кетма-кет 36та учрашувида майдонни голсиз тарк этмаган. "Ливерпуль" ушбу натижа бўйича "Арсенал"нинг (2001 май - 2002 ноябрь) кўрсаткичларига яқинлашиб олди. Ўшанда Лондон клуби кетма-кет 55та баҳсда гол киритишга муваффақ бўлган. Бу ерда ҳам "Уотфорд" ҳаммасини йўққа чиқарди.
"Ливерпуль" яна қайси рекордларни янгилаши мумкин?
"Ливерпуль" чемпионатни муддатидан аввал якунлаши аниқ. Бу борада "қизиллар" рекорд ўрнатиши мумкин. Турли йилларда энг яхши натижани "Манчестер Юнайтед" ва "Манчестер Сити" қайд этган. Улар чемпионат якунланишига 5 тур қолганда олтин медалларни нақд қилишган эди. "Юнайтед" - энг эрта чемпион бўлган жамоа ҳисобланади (14 апрель).
"Ливерпуль"да 79 очко бор. Чемпионатда энг кўп очко тўплаган жамоа "Манчестер Сити" ҳисобланади (2017/18 мавсумда 100 очко). Мусобақа якунланишига 10та тур қолган, демак, Клопп жамоаси ушбу натижани яхшилаши мумкин.
Чемпионат давомида энг кўп ғалабага эришиш бўйича ҳам "Манчестер Сити" етакчи. Гвардиола жамоаси сўнгги икки мавсумни 32тадан ғалаба билан якунига етказган. "Ливерпуль" жорий мавсум 26та баҳсда зафар қучган - ҳали "Сити"дан ўтиб кетса бўлади.
"Қизиллар" мусобақа охиригача 22 очколик фарқни сақлаб қолса, янги рекорд қайд этган бўлади. "Манчестер Сити" 2017/18 мавсумда энг яқин таъқибчисидан 19 очко кўп йиққан эди.
Комментарии