“Келишилган ўйинлар қироли”. VII боб
03 ноя 2014 17:00
Новости
“Келишилган ўйинлар қироли”. VII боб
Уилсон Раж Перумалнинг "Келишилган ўйинлар қироли" китобининг еттинчи бобини тақдим этамиз.
Давоми. Боши қуйидаги ҳаволаларда:
“Келишилган ўйинлар қироли”. V боб
“Келишилган ўйинлар қироли”. V боб (давоми)
“Келишилган ўйинлар қироли”. VI боб
"Келишилган ўйинлар қироли". VI боб (давоми)«ЎЙИННИ СОТИШНИ ИСТАМАГАН МУРАББИЙНИНГ ЖОМАДОНИГА МАРИХУАНА СОЛИБ ҚЎЙИШНИ КЎЗЛАГАНМАН»
Европа ва Осиёдаги букмекерлик идоралари ўртасидаги фарқ ставкаларнинг қийматларида. «IBCbet», «SBObet» ёки «Crown Net»га ўхшаш сайтлар АПЛ, «А» серия, Ла Лига ва бундеслига каби катта тўртлик чемпионатларидаги ўйин учун биргина ишора қилсангиз, 35 минг еврога қадар пул қабул қиладилар. Иккинчи даражадаги лигалар - Франция, Португалия, Швеция ва Дания биринчиликларидаги беллашувлар учун эса 12 мингдан 20 минг еврогача ставкалар қабул қилишади. Европаликлар сайтларида суммалар осиёликларникидан кўра бироз озроқ. Осиёликлар сайтлари билан Хорватия, Словения, Австрия, Швейцария ва кўплаб кичик чемпионатларни қамраб олганлар.
Сингапурни биринчи бўлиб тарк этиб, Европага йўл олган шахс Палнинг собиқ ёрдамчиси Брайан бўлган. 94-йили Сингапур Малайзия Кубогидан чиққанидан кейин у Англияда тўхташга қарор қилган, кейинчалик бошқа мамлакатларга йўл олганди. У Миланга тез-тез учиб борарди. Бу пайтга келиб Сингапурда ўйнаган европалик кўплаб футболчилар ортга қайтгандилар. Табиийки, Брайан уларни танирди. Уларнинг кўпчилиги фаолиятини якунлаган бўлса-да, барибир футболда қолганди. Айнан улар Брайанга алоқаларни ўрнатишда ёрдам берардилар. Бу вақтга келиб Брайан Дан билан ҳамкорлик қиларди. Брайан Миланга учиб борган маҳалда Дан ўз одамини букмекерларга юборарди.
Муруган 2005 йили Брайаннинг европаликлар гуруҳига кирди. Кейин у Дан билан танишди. Ўша кезларда Брайан швейцарияликларнинг «Кьяссо» клуби иштирокидаги ўйинларни сотиб оларди. У «Stanton Technogies» компанияси орқали қашшоқ клубга ҳомийликни таклиф қилган ва ўйинчиларга таъсир ўтказишни йўлга қўйганди. Харажатлар у қадар юқори эмасди. Яқинда голландларнинг «Веендам» клуби 1 миллион долларга тенг қарз туфайли банкрот бўлганлиги ҳақида ўқидим. Келишилган ўйинларни ташкил этувчи учун миллион доллар нима дегани? Биз бир ўйинда бундан кўпроғига ишлаймиз. «Веендам» биргина келишилган ўйинни ташкил этиш орқали бемалол 2 миллион евро ишлаб олиши мумкин эди. Ютқазиш шарт эмас, шунчаки тотал футбол намойиш этган ҳолда кўплаб голлар киритиши ва ўтказиб юбориши бунга кифоя қиларди. Брайаннинг «Кьяссо» учун йилига 300 минг евродан ортиқ сарфлаган деб ўйламайман. Биз учун бу арзимас пул ҳисобланади. Агар клуб билан келишиб, бошланғич таркибда майдонга тушадиган 5-6 нафар «ўз» футболчинг бўлса, сен исталган натижани қайд эта оласан.
Афтидан «Кьяссо»нинг эгалари «Stanton Technogies» билан можаро юзага келишидан қўрққан кўринадилар. Бу компания 2007-08 мавсум учун клубга расмий ҳомийлик қилганди. Ўйинчилар устидан раҳбарлик қилиш учун Брайан ўз одами бўлиши кераклигига эҳтиёж сезади. У шундай таклиф билан Михалга чиқди, аммо у рад этди. Шунда Брайан Сингапурда ўйнаган хорватиялик дарвозабон Сандрони эслаб қолди. Келишилган учрашувларда қатнашгани учун уни дисквалификация қилгандилар. Пал ва Брайаннинг ёрдамида у ҳам Михал каби қайиқда Сингапурдан Малайзияга етиб борганди. Сандро «Кьяссо» дарвозабонларининг мураббийи бўлиб ишга кирганди. Лекин сал нарсага қизишиб кетиши бизнесимизга жуда ҳалақит берарди. Кўп ўтмай Сандрони ишдан бўшатдилар.
Бу вақтга келиб Брайаннинг Швейцариядаги қаллобликлари яққол кўзга ташланиб қолгани боис ҳатто Сингапурда «Кьяссо» иштирокидаги ўйинлар учун ставкаларни қабул қилишни тўхтатиб қўйгандилар. Албатта, бу ҳақда ҳеч ким полиция ёки интерполга хабар бермаган. Агар кимда-ким келишилган ўйиндан воқиф бўлса, шунчаки ўзини пул тикишдан тиярди холос. Ҳозир ҳаммаси бошқача: келишилган ўйинларнинг ташкилотчилари бир-бирлари билан аёвсиз курашадилар. Ўзаро ҳурмат ҳақидаги ёзилмаган қонунга ҳам энди ҳеч ким амал қилмай қўйган.
БРАЙАННИНГ ЎРНИГА ДАН
2008 йили Брайаннинг Европадаги саргузаштлари ниҳоясига етди. У икки нафар мусулмон ака-ука - Хамбо ва Сафет билан бирга ишларди. Уларнинг бири собиқ агент, иккинчиси эса турк клубининг хўжайини ҳисобланарди. У ўйинлар учун жуда кўп тикарди. Бир сафар менга Европадан қорасини ўчириш олдидан унинг «МЮ» учун 500 минг, «Рома» учун эса 300 минг доллар тиккани ҳақида гапириб бергандилар. Унинг самолёти қўнган пайтда ставкаларининг иккиси ҳам иш бермаганини хабар қилганлар. Турк оға-инилар Брайанга ишонишарди. Қолаверса, у шерикларига исломни қабул қилдим, дея ёлғон гапирганди.
Турклар жуда хавфли бўлишади. Агар уларни алдаб, кейинчалик ҳудудига қайтадиган бўлсанг, ўзингни тамом бўлдим деб ҳисоблайвер. Қисқаси, Брайан футболни ташлаб Малайзияга қайтди. Банклар билан боғлиқ кўзбўямачиликлар учун уни қамоққа олдилар. У келишилган ўйинлар учун 500 минг тикиш ўрнига 20 миллион долларга эга бўлишни ўрганган экан. Брайан Европани тарк этганидан сўнг унинг бизнесини Дан бошқарди. У Брайаннинг ҳамкорлари билан алоқа ўрнатди ва қарзларини ҳисоб-китоб қилиш билан шуғулланди. Дан қадам-бақадам янги мамлакатларни ҳам қўшиб олган ҳолда ўз тармоғини йўлга қўйди.
Бизнинг ишда бир жойда тўхтаб қолиш керак эмас: янада чуқурроқ ковлашда давом этишинг шарт. Бир муаммо бор эди: йирик букмекерлик сайтларида Дан Таннинг ўз одами йўқ эди. Осиёлик ҳамма ўйинчилар букмекерлик сайтларида ўз профилларини очгандилар. Бу ўз навбатида уларга 2 миллиондан 10 миллион долларгача кредит олиш имконини ҳавола қиларди. Букмекерлик идоралари бамисоли занжир сингари пулларни агентлар орқали тақсимлаб чиқардилар. Энг ишончли агентлар бевосита идораларда (бундайлар жуда кам) ишлардилар. Улар ўз улушларини бир қисмини субагентларга беришади, улар эса ҳиссаси тобора озроқ бўлганлар ўртасида пулларни тақсимлаб чиқардилар. Ҳаммаси комиссион пуллар орқали ишлаб топишади. Лекин агентларнинг ўзларига пул тикиш қатъий ман этилган. Бу билан улар гиёҳванд моддаларни истеъмол қилмай, уларни сотадиган даллолларга ўхшашиб кетадилар.
Осиёда букмекерлик сайтларининг икки тури бор: гонконгликлар ва сингапурликларники. Сингапурда бош агент букмекерлик идорасининг раҳбарияти билан савдолашади. Айтайлик, улар келишиб олдилар. Агент ўз ўйинчисининг ютқазишидан 20 фоиз олади, қолган пул идорага тегади. Мабодо ўйинчи ютса, у ҳолда идора агентнинг 80 фоиз зарарини қоплайди. Гонконгликлар сайтларида агент ҳеч қандай суғуртасиз ўйинчилар билан курашади. Барча йўқотишлар - фақат уники. Агентлар ўйинчининг кимга тикканини диққат билан ўрганадилар. Агар ўйинчи «МЮ» - «Ливерпуль» ўртасидаги учрашув натижасини тўғри топган бўлса, агент ҳеч қандай муаммосиз ютуқни унга топширади ва янада кўпроқ пул тикишни таклиф қилади. Аммо ўйинчи Малайзия чемпионатига ўхшаш майда лигалардаги учрашувлар учун тикадиган бўлса, агент биринчи сафар ютуқни беради. Лекин олдиндан ставкаларни қабул қилмайди.
Ҳеч бир агент кўчадан келган кишига миллион доллар қарз бермайди. Шунинг учун Дан кредитсиз қолганди. Унинг ўзи агент эди, бироқ бир сафар қарзни қайтаришни кечиктириб юборгани учун бу ҳол обрўига жиддий путур етказган эди. Дан ҳурмати анча баланд бўлган Гари исмли агентга чиқди. Гарига бемалол 2-3 миллион долларни ишониб топширардилар. Афтидан Гарининг ўзи ҳам келишилган ўйинлар орқали кўпроқ пул топишни мақсад қилган кўринади. Шу боис иккиси Европа бўйлаб саёҳат қилишга тушди. 2008 йилга келиб Дан Брайаннинг барча алоқаларини ўзиники қилиб олди. Гари уни пуллар билан таъминларди.
МЎЛЖАЛДА ЖЧ-2010 САРАЛАШИ
Биз ЖЧ-2010 саралаш баҳслари доирасида африкаликлар билан ишлашга киришдик. Дан қандайдир пулларни олиб келиш учун Муруганни Словенияга юборди. У билан бирга кетишни сўрадим. Люблянада Даннинг ҳамкорлари ҳисобланадиган Винко, Адмир ва Дино биз келиб тўхтаган меҳмонхонага ташриф буюрдилар. Муруган уларга мени таништирди. Винко исмли кал йигит Загребнинг «Динамо»сида ўринбосарлар билан ишларди. Адмир билан Дино словениялик футболчилар эди. Адмир Сулжич марказий ҳимоячи бўлиб, ўша кезларда Венгрияда тўп сурарди. Дино эса дарвозабон бўлиб, кипрликлар клуби сафида майдонга тушарди. У жуда баҳайбат йигит эди. Винкодан ташқари қолган ҳаммаси инглизчада жуда яхши гапирарди. Биргаликда овқатландик ва бошимиздан ўтказган қизиқарли воқеалар билан ўртоқлашдик. Масалан, Адмир футболчини эмас, балки унинг отасини сотиб олганини гапириб берди.
Даннинг европалик шериклари Швейцария чемпионатида фаол ишлашарди. Улар «Беллинцона»нинг италиялик дарвозабонини эслатдилар. У ўйинни «топшириш»га қарор қилди, бироқ керакли натижани таъминлаб беришни зиммасига олмади. Улар ўша йигитга босим ўтказганларидан кейин у полицияга арз қилди. Винко, Адмир ва Дино ҳамроҳлигида ўтган бир неча кундан сўнг Муруган билан бирга Цюрихга учиб кетдик. Кейин Муруган пуллар билан Сингапурга қайтди, мен эса бир неча кун Швейцарияда қолиб кетдим. Сингапурда кимнидир Адмир билан боғланганидан хабар топдим. У менинг ўтмишим ҳақида Адмирга ҳаммасини ҳикоя қилиб берганди. Ивица Рагузга ҳужум қилганим учун қамоқда ўтириб чиққаним ҳам унутилмаганди. Адмир маълумот қанчалик тўғри эканлигини билиш мақсадида Муруганга қўнғироқ қилди. Ҳаммасини обдон ўйлаб олганимдан кейин мени Дан сотганлигини тушуниб етдим. У европалик ҳамкорлари билан танишганим учун бизнесини тортиб олишимдан чўчирди. Дан Тан ўта эҳтиросга берилган одам ҳисобланади. Унинг бизнесига аралашишни истамасдим. Сездирмасдан зимдан иш қилиш менинг характеримга тўғри келмайди. Қолаверса, европалик ҳамкорларнинг Данга қанчалик ишонишларини билмасдим. У кўпинча ўзини худди эсдан оғиб қолган кишидек тутарди.
БИЗНЕСГА ҚАЙТИШ
2008 йилнинг октябрида бизнесга қайтдим. Покистон терма жамоасини Малайзиядаги ўртоқлик ўйинига олиб келдим.
- Жамоани катта қийинчилик билан йиғдик, - дейишди Покистон футбол ассоциациясидагилар менга. - Бизга ишонинг, ёрдам бермасак ҳам Малайзия устимиздан бемалол ғалаба қозонади. Ахир биз жуда кучсизмиз.
Покистонликлар Куала-Лумпурга учиб келганларидан сўнг уларни ишонтиришга ҳаракат қилдим. Аммо улар кутилмаганда ўйинни «топшириш»дан бош тортдилар. Ҳиндистон билан Покистон сайёрамиздаги коррупция жуда кенг ривожланган етакчи мамлакатлардан бири ҳисобланишади. Уларнинг крикет бўйича ўтказиладиган чемпионатларида ўйинлар ўнг-сўлга қарамасдан жуда кўп сотилади. Лекин футболчиларни сотиб олишнинг иложи йўқ. Қолаверса, улар иштирокидаги учрашувга ставкаларни мен қабул қилмагандим. Хуллас, пулларни йўқотдим. Покистондан кейин Дан, Адмир ва Дино билан Мердека Кубоги - 2008ни ўтказиш режасини туздик. Биз яна Малайзия футбол ассоциациясига ўз ҳисобимиздан иккита терма жамоани олиб келишни таклиф қилдик. Словенияликлар ҳатто ўзларининг европалик ҳамкорларидан воз кечиб Дан билан ишлашга қарор қилгандилар. Биз Сьерра-Леоне ва Мозамбикнинг U-20 терма жамоаларини таклиф қилдик. Мен ҳатто Сьерра-Леонега учиб бормадим. Улар ҳеч қандай муаммосиз таклифимизни қабул қилдилар. Уларнинг футбол ассоциациясида Абу Бакар исмли шахс билан алоқа ўрнатдим. Унга қуйидаги мазмунда электрон хат ёздим: «Жамоани йиғ, ҳаммаси учун тўлайман. Уилсон Раж».
Абу Бакар бизнинг сурнайимизга ўйнайдиган терма жамоани йиғди. Мозамбик пойтахти Мапутуга боришимга ҳам тўғри келмади. Мен уларга қўнғироқ қилиб, инглизча гаплашишни биладиган одамни топдим. Уларнинг терма жамоасини ўз ҳисобимиздан Малайзияга таклиф қилдик. Мулоқот чоғида уларга молиявий истиқболларни эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда тушунтириб бердим. Мозамбикликлар аввал авиачипталарни сотиб олишимиз кераклигини талаб қилдилар. Бунинг учун базўр пул топдик. Мозамбик терма жамоасининг голландиялик устози Март Нуи билан меҳмонхонада учрашдим.
- Биз тотал 3га тикамиз. Айтишим керакки, барча голлар иккинчи таймда киритилиши шарт. Сизлар гол уришинглар ёки ўтказиб юборишинглар мумкин. Буниси муҳим эмас.
Мураббий бу шартимга кўнди. Мен унга 5 минг доллар миқдорида гаров пули қолдирдим. 2008 йилнинг 16 октябрь оқшомида Мозамбик Бангладеш билан ўйнади. Мозамбик терма жамоасининг захира ўриндиғида ўтириб парадни бошқардим. Дино билан Муруган эса ўйинни трибунада томоша қилдилар. Дино жуда ҳайрон бўлди:
- Бу қанақаси? Сизларда захира ўриндиғида бемалол ўтириш мумкинми? Бизнинг Европада бунақасини хаёлингизга келтира олмайсиз. Бу жуда кулгули.
Бу пайтда Дан, Адмир, Даннинг агенти ва унинг хитойлик курьери меҳмонхонада онлайн орқали пул тикардилар. Дан билан Гарининг муносабати бузилиб қолди. Биринчи бўлим 0:0 ҳисобида ниҳоясига етди. Иккинчи бўлим бошланганидан кейин 5 дақиқа ўтгач мураббийга мурожаат қилдим:
- Бизга учта гол керак. Жамоаларнинг қайси бири бу ишни амалга оширади, фарқи йўқ. Шундай йўл тутгинки, шогирдларинг голлар ўтказиб юборишсин. Вақт ўтмоқда.
У худди телбадек ўтирар ва бирор-бир чора кўрмасди. Нима деяётганим уни мутлақо қизиқтирмасди.
- Гапимга қулоқ сол. Мен сенга қўшимча 10-15 минг доллар бераман. Аммо сеникилар учта гол ўтказиб юборишлари керак.
- Пулларни ҳозирнинг ўзида берасанми? - Кутилмаганда у мендан сўради.
- Эсинг борми? Пулларни ҳозир қаердан оламан? Ўйин тугасин.
Мураббий шунчаки майдондаги ўйинни кузатганча бамайлихотир ўтирарди. Уни уриб юбормаслик учун ўзимни базўр босиб ўтирдим. Кейин ташкилотчилардан бири ёнимга келди. Мени захира ўриндиғидан чиқариб юборишди. Мозамбик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Аламзада ҳолда меҳмонхонага йўл олдик. Йўлдан кетар эканман, ҳаммасини бир бошдан ўйлашга тушдим: жамоаларга тўладик, футбол ассоциациялари ҳам қуруқ қолишмади, терма жамоаларни бу ерга олиб келдик ва аванс бердик. Аммо ҳаммаси бир пул бўлди.
Динонинг телефони жиринглаб қолди. Словениядан кимдир қўнғироқ қилган кўринади. Суҳбатни якунлаганидан кейин у биргина сўз айтди: «Ҳалокат». Биз барибир меҳмонхонага кирмадик. Чунки Даннинг агенти ғазаб отига минганини билардик. Ўйиндан олдин у мендан ҳаммаси режа асосида кетмаган тақдирда уни ниҳоясига етказишига йўл қўймаслигинг мумкинми, деб сўраганди. Ва мен унга бундай иш қўлимдан келишини айтиб жавоб бергандим. Дан туни билан мен ва Муруганга қўнғироқ қилиб, аслида нима бўлганини билишга қизиқди. Эрталаб меҳмонхонага қайтдик. Агент менга ташланди, уни итариб юбордим ва хонадан чиқиб кетдим. Дан ортимдан чиқди ва мени тўхтатиб шундай деди:
- Кел, энди бутун эътиборимизни қолган ўйинларга қаратайлик. Ҳали ҳаммаси бой берилгани йўқ.
Мозамбик терма жамоаси бош мураббийини меҳмонхонанинг ўзида ўлдиришга тайёр эдим. Чунки ҳаётимда биринчи марта пулларимни олган одам мени чув тушириб кетди. Захира ўриндиғидаги суҳбатимизни қайта-қайта хаёлимдан ўтказавердим. Муруган мени тўхтатиб қолди:
- Агар уни дўппослайдиган бўлсанг, можаро юзага келади ва биз кейинги ўйинларда ишлай олмай қоламиз.
Шунда ўйинни сотишни истамаган мураббийнинг жомадонига марихуана солиб қўйишни ва полицияга қўнғироқ қилишни кўзлаганман. Малай қамоғида ўтадиган уч кундан кейин у ҳаммасини тўғри тушуниб олган бўларди. Бахтимизга Сьерра-Леоне Малайзияга қарши ўйнаши керак эди. Абу Бакар бизнинг жангчимиз эди. Чунки футболчилар унга сўзсиз бўйсунардилар. Дастлабки учрашувдаги омадсизликдан сўнг Адмир, Дино ва Дан барчамиз Абу Бакар билан учрашишга қарор қилдик. Иккинчи бор ютқазишимиз керак эмасди.
(Давоми бор)
Ж.ЗАЙНОБУТДИНОВ тайёрлади.
(Футбол-Экспресс газетасидан олинди)
Комментарии