RU

Последние новости

00:43Мбаппеда бир неча ойдан бери руҳий муаммолар бор (L’Equipe)  0 00:16Тайрелл Маласиа 17 ой деганда майдонга қайтмоқда. У бугун ўринбосарлар сафида футбол ўйнайди  0 23:33Шомуродов, Ашурматов ва Файзуллаев ҳам қўшилди. Ўзбекистон МТЖнинг бугунги машғулотидан ГАЛЕРЕЯ  2 23:19Фрэнк Лэмпард мураббийликка қайтиши мумкин, аммо...  0 22:50Лисандро Мартинес жароҳат сабаб Аргентина терма жамоаси ўйинларида иштирок этмайди  0 22:10Родри "Олтин тўп"да кимларга овоз берган бўларди? Футболчининг ўзи жавоб берди  10 21:42Элдор Шомуродов: "Қатарга қарши ғалаба учун майдонга тушамиз, аммо гол ўтказиб юбормаслик ҳам жуда муҳим"  14 21:07"Ливерпуль" академияси: Сен ёлғиз эмассан  1 20:51Рустам Ашурматов: "Жамоавий ўйин бўйича Қатардан устунроқмиз"  3 20:0112 йиллик армон ёхуд "Насаф"ни чемпион қилган Рўзиқул Бердиев билан эксклюзив интервью   7 19:32ПСЖ бу сафар Тибо Куртуани сотиб олишга уриниб кўрмоқчи  3 19:13Рафинья Ямалга 10 минг фунтлик тилла "iPhone" совға қилди  6 18:41Неймар: "Шу ҳафтанинг ўзида 3 та фейк хабар чиқди. Бразилия менга бундай муносабатда бўлаётганидан хафаман"  12 18:10Беларусь терма жамоаси ҳужумчиси виза билан муаммо туфайли Миллатлар Лигаси учрашувини ўтказиб юборади  0 17:46"Бавария" Ян Кристиан Дризен билан шартномани узайтирди  1

Ислом Рашидхонов: «Олий лигада 18 ёшда гол уриш - қаҳрамонлик эмас» Новости

Ислом Рашидхонов: «Олий лигада 18 ёшда гол уриш - қаҳрамонлик эмас»

Якунига етган мавсумда Қаршининг «Насаф» ярим ҳимоячиси Ислом Рашидхонов рақиб дарвозасини ишғол қилган энг ёш футболчига айланди.

Олий лиганинг 8-туридан ўрин олган «Насаф»-«Қизилқум» учрашувида Рашидхонов ўз номини таблога ёздириб қўйди. Бу унинг олий лигадаги илк голи эди. Якунда ўша гол Наманган футбол мактаби тарбияланувчисига олий лигада рақиб дарвозасига йўл топа олган энг ёш гол муаллифи мақомини олиб берди. «Қизилқум» дарвозасини ишғол қилган куни Ислом 18 ёшу 198 кунлик эди. Бу йил олий лигада энг ёши катта гол урган футболчи эса Анвар Бердиев бўлди. «Андижон» ҳужумчиси 38 ёшу 198 кунлигида тўп киритиб, бу мавсум рекордини қайд этди. Биз ««Насаф»»нинг истеъдодли ёш ярим ҳимоячиси билан дилдан суҳбатлашдик. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Ислом Рашидхонов шу пайтгача умуман интервью бермаган экан.

- Ислом, бу йил олий лигада гол урган энг ёш футболчи бўлдингиз. Бу ҳақда ўзингиз маълумотга эгамисиз?


- Ҳа, бундан хабарим бор. Одатда, мавсум якунланганидан сўнг матбуотда турли статистик маълумотлар тақдим этилади. Интернет сайтларида жорий йил тўп киритган энг ёш футболчи бўлганим ҳақида ўқидим ва бундан қувондим. Лекин бошқа томондан, 18 ёшда олий лигада рақиб дарвозасини ишғол қилиш - қаҳрамонлик эмас.

- Келинг, ўша ўйинни эсга олайлик. Адашмасам, тезкор гол урилганди?


- «Қизилқум» билан бўлиб ўтган учрашувнинг 2-дақиқасидаёқ рақиб дарвозасини ишғол қилгандим. Эътиборлиси, бу олий лигадаги илк голим эди. Мураббийлар менга бошланғич таркибда майдонга тушиш имкониятини тақдим этишганди. Билдирилган ишончни оқлашга астойдил интилдим.

- Бу асосий таркибдаги дебют ўйинингиз эдими?


- Йўқ, биринчи ўйин «Обод»га қарши учрашувда қайд этилганди. Лекин ўша баҳсда гол уролмагандим.

- Асосий таркибда майдонга тушиш, барибир, бошқача таассурот ва ҳис-ҳаяжонни юзага келтиради. Сизда бу ҳолат билиниб қолганми?


- Албатта, ҳаяжон бўлган. Очиғини айтаман, дебют учрашувимни ўтказганимда ўйиним ўзим хоҳлаганчалик чиқмаган, ҳаракатларимдан умуман қониқмаган эдим.

- «Обод»га қарши учрашув олдидан Рўзиқул Бердиев сизга нима деганди?


- Рўзиқул Сайдуллаевич менга ишонч билдираётганларини айтиб, майдонда қўрқмасдан ҳаракат қилишимни сўрагандилар.

- Унгача ёшлар лигасидаги ўринбосарлар жамоасида ўйнагансиз. Фарқ осмон билан ерчалик эканлигини тушуниб етдингизми?


- Шубҳасиз. Бу икки лига ўртасидаги тафовут яққол кўзга ташланди. Буни илк ўйинимдаёқ сездим. Олий лигада ўйин суръати юқори. Тактик жиҳатдан фикрлаш, қарор чиқаришда элита футболчилари устунликка эгалар. Қолаверса, жисмоний тайёргарликда ҳам фарқ бор. Футбол тили билан айтганда, олий лигада ҳар томонлама мукаммаллик мавжуд.

- 27-рақамни танлагансиз. Бунинг ўзига яраша сабаблари борми?


- Рўзиқул Бердиев жамоамиз маъмурига 27-рақамли футболкани менга беришини айтган. Мураббийимизнинг тавсияси билан шу рақам остида тўп суриб келяпман. Бундан хурсандман. 27-санада дадам таваллуд топганлар. Шу боис, бу мен учун ҳар томонлама қадрли рақам.

- «Насаф» бу йил ҳам бронза медалини қўлга киритди. Жамоангизнинг 3-ўриндан юқорига кўтарила олмаётганига нима сабаб деб ўйлайсиз?


- Бу саволингизга жавоб беришга қийналсам керак. Чунки олий лигада ҳали кўп ўйин ўтказмадим. Қолаверса, шу пайтгача ҳали ҳеч кимга интервью бермагандим. Бу такаббурликдан эмас. Шунчаки, катта футболда ҳали ҳеч нарса қилганим йўқ. Тўғри тушунасиз, деган умиддаман. Лекин сиз сўраган экансиз, ўзимнинг шахсий фикримни билдиришга уриниб кўраман. Бу йилги чемпионатда жамоамиз тактик-техник, жисмонан, умуман, ҳар томонлама мукаммал тайёргарликка эга эди. Шуларни инобатга олиб, мавсум аввалида клуб олдига мамлакат кубогини қўлга киритиш, чемпионатда ўтган йилги натижани яхшилаш вазифаси қўйилганди. Афсуски, яна 3-ўрин билан кифояландик. Кубок финалида эса «Локомотив»га имкониятни бой бердик. Бундан биз футболчилар тегишли хулосаларни чиқариб олдик.

- Рўзиқул Бердиев қандай мураббий? Қаттиққўлми ёки кўнгли бўш мутахассисми?


- Бир нарсани аниқ айта оламан - Рўзиқул Сайдуллаевич ўз ишининг устаси. Бу мураббий қўл остида футбол сир-асрорларини ўрганишда давом этаётганимдан хурсандман. Ҳам қаттиққўл, ҳам талабчан, ҳам жуда яхши дўст. Уларнинг инсоний жиҳатларини ҳурмат қиламан.

- «Насаф»даги шароит, клубга тегишли базага кўплаб футболчиларнинг ҳаваси келади. Марказий стадионда кенг кўламдаги қурилиш ишлари кетяпти. Энди натижа ҳам шунга монанд бўлиши керак...


- Шубҳасиз. Жамоа мухлислари янги мавсумда биздан юқори натижаларни кутишади ва бунга улар ҳар томонлама ҳақлилар. Ҳақиқатан ҳам, сиз айтгандек, базамизга аксарият футбол клублари ҳавас билан қарайди. Келаси йили кўрсаткичларни яхшилашга ҳаракат қиламиз.

- Кубок финалида ўтказиб юборилган тезкор гол «Насаф»нинг мағлубиятига сабаб бўлди, деб ўйлайсизми?


- Фикримча, бундай эмас. Чунки бизда ўйиннинг охирги дақиқаларигача имконият бор эди.

- Йил сўнгида энг яхши мураббий ва футболчиларни аниқлаш одат тусига кирган. Бу борада шахсий танловингиз қандай? Ҳар икки йўналишда кимларга ўз овозингизни берган бўлар эдингиз?


- Мураббийлар номинациясида биринчи ўринни Рўзиқул Сайдуллаевичга бераман. Иккинчи ўринга «Бунёдкор» бош мураббийи Сергей Лушанни муносиб, деб ўйлайман. «Бухоро» устози Жамшид Саидовни эса учинчи ўринда кўришни истардим. Футболчилардан иккинчи даврада жамоамиз сафига келиб қўшилган Драган Черанни мавсумнинг энг яхши футболчиси сифатида танлайман. Кучли учликда жамоадошим Баҳром Абдураҳимов ва «Бунёдкор» ҳужумкор ярим ҳимоячиси Элдор Шомуродовни кўришни хоҳлардим.


- Дарвоқе, Черан ва Красич жамоада қоладиган бўлишдими?

- Тўғриси, бундан хабарим йўқ. Лекин уларнинг «Насаф»да қолишларини истайман.

- Энди бироз ортга қайтиб, футболдаги илк қадамларингизни эслаймиз. Миллионлар ўйинига кириб келишингизга кимлар сабабчи бўлган?


- Биринчи сабабчи отам бўладилар. Уларнинг ўзлари ҳам яшил майдонда тўп сурганлар. Дадам мен ва акамни ««Навбаҳор»» клубига қарашли футбол мактабига олиб бориб, Аъзам Ражаббоев қўлига топширганлар. Акам иккимиз футболнинг илк сир-асрорларини шу мураббийдан ўрганганмиз. Акам Акбаршоҳ Рашидхонов «Навбаҳор» аъзоси ҳисобланадилар. Афсуски, жароҳат сабаб бу йилги мавсумни ўтказиб юбордилар.

- Наманган футболи тарбияланувчисисиз. Лекин «Насаф»га қандай келиб қолдингиз? Нима учун «Навбаҳор»да қолмадингиз?


- 2011 йили «Насаф» академияси мураббийлари Наманганга келиб, мен ва дўстим Абдулазиз Нишонбоевнинг ўйинларини кузатишган. Шундан сўнг «Насаф» академиясига таклиф қилишганди. Ота-онам бунга рози бўлишган. Мана беш йилдирки, «аждарлар» аъзосиман.

- Асосан ҳужумчи ортида ҳаракат қиласиз, чап қанотда ҳам бемалол ўйнайверасиз. Бу позицияларда қайси футболчиларга ҳавас қиласиз?


- Хорижликлардан Лионель Месси ва Эден Азарнинг ўйинлари жуда ёқади. Ўзимизнинг футболчилардан жамоадошим Баҳром Абдураҳимовнинг ҳаракатларига юқори баҳо бераман.

- Клублардан-чи?


- «Челси»га мухлислик қиламан. Лондонликлар бу йил Антонио Конте бошчилигида ажойиб мавсумни ўтказишяпти.

- «Навбаҳор» ўйинларига ҳам бефарқ бўлмасангиз керак. Сизнингча, Наманган жамоаси нима сабабдан аутсайдерга айланиб қолди?


- Фикрингизга тўлиқ қўшиламан. «Навбаҳор» иштирокидаги ўйинларни кузатиб бораман. Бу клубга ҳурматим баланд. Боиси, дадам, акам ва мен футболнинг илк сирларини шу клубда ўрганганмиз. Бугунга келиб «лочинлар»нинг шундай ҳолатга тушиб қолишгани жуда ҳам ачинарли. Бундан 20 йил аввал жамоа Ўзбекистон чемпиони бўлган. Ана шундай юбилей мавсумда «Навбаҳор» бир амаллаб олий лигадаги ўрнини сақлаб қолди. Клубнинг муаммолари эса бизга аён эмас.

- Ислом, «Насаф» ОЧЛни Тошкентда ўтказиладиган «плей-офф» ўйини билан бошлайди. Рақиб ҳақида нима дея оласиз? Бу жамоа тўсиғидан ўта оласизларми?


- Мавсумни бошқа клубларимизга қараганда эртароқ бошлаймиз. Тайёргарлик кўриш учун қисқа вақт қоляпти. Мураббийлар рақиб жамоани ўрганишни бошлаб юборишди. «Насаф» олдидаги энг биринчи вазифа - «Бунёдкор» стадионида ўтказиладиган учрашувда ғалаба қозониш. Менимча, рақибни бемалол мағлуб этса бўлади. Бунинг учун барча футболчилар ягона мақсадни кўзлаб майдонга тушишлари шарт. Насиб қилса, албатта, «Ал-Ҳидд» клубидан устун келамиз. Баҳрайн жамоаси кучли, улар ҳам ўз олдиларига ОЧЛнинг гуруҳ босқичига чиқиш вазифасини қўйишган. Бу йилги Чемпионлар Лигаси баҳсларида йўл қўйилган камчиликлардан тўғри хулоса чиқариб олдик, деб ўйлайман. Буни амалда исботлашга ҳаракат қиламиз.

- Учрашув Қаршида эмас, Тошкентда ўтказилади. Бу «Насаф» учун қўшимча муаммо туғдирмайдими?


- Асло йўқ. Биз Ўзбекистонда ўйнаймиз. Хабарингиз бор, Қаршидаги Марказий стадионда реконструкция ишлари давом этяпти. Шу боис ҳам, «Ал-Ҳидд»га қарши ўйинимиз 31 январь куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

- Агар мазкур учрашувда ғалаба қозонсанглар, 7 февраль куни сафарда Саудия Арабистонининг «Ал-Фотиҳ» жамоаси билан куч синашасизлар...


- Ҳозир Саудия клуби ҳақида ўйлаётганимиз йўқ. Тўғри, хаёлимизнинг бир четида «Ал-Фотиҳ» ҳам бор. Лекин бунинг учун, аввало, Баҳрайн жамоаси тўсиғидан ўтишимиз шарт. Биз ҳар бир учрашувда майдонга фақат ғалаба илинжида тушамиз.

- Ёшлар терма жамоасига таклиф этилган эдингиз. Лекин...


- Жасур Абдураимов мураббийлигидаги ёшлар терма жамоасига таклиф қилишган эди. Лекин мураббийларга менинг ўйин услубим маъқул келмади шекилли, кейинги йиғинга чақиришмади. Бунинг сабабини ҳам айтишмади.

- «Насаф» билан амалдаги шартномангиз қанча муддатга имзоланган?


- Буни айта олмайман, кичик сир, десам бўлади. Клуб билан тузилган битимда келишув шартларини ошкор этмаслик бўйича шундай банд бор.

- Миллий термамизнинг бу йилги саралаш баҳсларидаги иштироки сизда қандай таассурот қолдирди? Кейинги учрашувлардан нима кутяпсиз?


- Биргина Эрон термаси билан Тошкентда ўтган учрашувни инобатга олмасак, миллий жамоамиз ёмон ўйнамади. Тан олиш керак, пойтахтимизда бўлган баҳсда эронликлар омад туфайли ғалаба қозонишди. Футболчиларимиз томонидан юзага келтирилган кўплаб хавфли вазиятлар самарасиз якунланди. Корея термаси билан ўйинда ҳам ижобий натижага умид бор эди. Ҳисобни очиб олгандик. Афсуски, учрашув якунидаги хато жамоамиз учун қимматга тушди. 2017 йилги саралаш ўйинларидан барча қатори мен ҳам ижобий натижалар кутяпман. Термамизнинг жаҳон чемпионатига чиқишига ишоняпман. Энг муҳими, мураббийлар штаби ва футболчиларнинг ўзлари ҳам бунга ишонишлари керак. Шунда кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Ўз навбатида, 2017 йилги мавсумдан шахсан ўзимнинг умидларим катта. «Насаф»нинг асосий таркибидан муқим жой олиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг: +5   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика