Иқтидорли италияликларни тўплаётган "Милан"нинг трансфер сиёсати ҳақида
03 сен 2020 14:55
Новости
Иқтидорли италияликларни тўплаётган "Милан"нинг трансфер сиёсати ҳақида
"Милан" яна "Фиорентина" вингери Федерико Кьезага жиддий равишда қизиқмоқда.
22 ёшли италияликка "россонери" бефарқ эмаслиги ҳақида хабарлар бундан бир ойча аввал ҳам ОАВда янграганди. Аммо кейин клуб бошқа чизиқларни кучайтиришга тушди ва Кьезанинг "Милан"га трансфер борасидаги гаплар тинчиб қолганди. Аммо энди...
Маълумотларга қараганда, Мальдини Кьеза ва унинг отаси билан музокараларни бошлаб юборган, агент Фали Рамадани – ўртадаги инсон
Corriere della Sera газетасининг манбааларга таяниб берган хабарига кўра, "Милан" Федерико Кьеза ва унинг атрофидагилар билан ушбу трансфер борасида фаол музокарага киришган. Газетанинг таъкидлашича, музокараларда анчайин машҳур агент Фали Рамадани ҳам иштирок этяпти. Кьезанинг умуман агенти йўқ.
Нега айнан Рамадани? Бу ҳақида кейинроқ.
Журналист Луис Жирардининг айтишича, "Милан" ва Кьеза шартнома шартлари борасида аллақачон келишиб олишган.
Шунингдек инсайдернинг таъкидлашича, музокараларда Рамадани, футболчининг отаси Энрико Кьеза ва яна бир номаълум ўртадаги инсон иштирок этмоқда. Унинг кимлиги ошкор этилмаяпти, лекин айнан унинг борлиги футболчи "россонери" таркибига ўтишида ҳал қилувчи ролни ўйнайди дейилмоқда.
Қизиш қизиш биланку, лекин "Милан" Кьеза трансферига пулни қаердан олади?
Шу ўринда, "Фиорентина" президенти Рокко Комиссо яқиндагина Кьезани фақатгина чиндан яхши таклиф тушсагина қўйиб юборишларини айтиб ўтганди. Яхши таклиф деганда у 70 млн еврони назарда тутган шекилли.
Шу рақамларни Sport Mediaset ҳам тасдиқламоқда, улар шунингдек флоренцияликлар охирги кунларда Кьеза шу ёз кетишига тан бериб, талаб қилинаётган суммани 50 млн еврогача туширганлар.
"Фиорентина" ва Комиссонинг музокараларда "мулойимроқ" бўлишига яна бир сабаб футболчининг ўзи раҳбариятга кетиш ниятидалигини айтиб бўлган.
Яқин кунларда "Милан" "Фиорентина"га 20-30 млн евро + Лукас Пакетани таклиф қилиши мумкин.
Кьезага шу билан бирга "Ювентус" ҳам қизиқмоқда, лекин туринликлар "Милан" учун тўсиқ бўлолмасалар керак
Аммо, катта эҳтимол билан агар ҳал қилувчи сўз Кьезага қолдирилса, футболчи айнан "Милан"ни танлайди, чунки шу кунларда "россонери"га қўшилган Сандро Тонали каби у ҳам ёшлигидан жамоага мухлислик қилган, деб ёзмоқда Sempre Milan.
Масаланинг бошқа томони ҳам бор, туринликлар мавсумлар оралиғида катта трансферларни амалга оширишлари учун ундан кам бўлмаган сотишларни амалга оширишилари зарур. Бу эса маълум вақтни талаб қилади. Айнан шу жиҳат "Милан"га қўл келиши мумкин. Шунга ўхшаш вазият Тонали билан ҳам содир бўлди, "Интер" бироз вақтни ўтказиб юборди ва футболчидан айрилди. Мальдини буни яхши билади ва иккинчи бор рақибдан тезроқ ҳаракат қилиб қолиш ниятида.
Баъзи манбааларнинг хабар беришича, Энрико Кьеза (футболчининг отаси) "Милан" директори Паоло Мальдини билан жуда яқин дўстона муносабатларда ва ва у шаҳсан ўғлини "россонери"лар сафида кўришни истайди.
Мальдини қўшимчасига ўша айтилган агент Фали Рамадани билан ҳам ажойиб муносабатда, музокараларда эса шу каби деталлар ҳам муҳим роль ўйнаши мумкин – Рамадани жуда узоқ вақтдан буён Кьеза оиласининг дўсти ҳисобланади.
Агар у футболчининг агенти бўлмаса, бу келишувда Рамаданининг нима кераги бор? Унинг Кьеза оиласи билан яхши муносабатдалигидан "Милан"га нима фойда?
Фали Рамадани кўпчиликнинг дўстилигидан ташқари, "Милан" вингери Анте Ребичнинг агенти ҳисобланади. Хабарингиз бўлса керак, "россонери" хорватиялик футболчини "Айнтрахт"дан тўлиқ сотиб олиш борасида иш олиб бормоқда.
Энди эътибор беринг, ишнинг қизиқарли қисмига келдик. "Айнтрахт" ўз вақтида Ребични айнан "Фиорентина"дан 2 млн еврога сотиб олганди. Ўшанда клублар италияликларга кейинги трансфер суммасидан 50% тегишини ҳам белгилаб қўйишган. Яъни "Милан" немисларга Ребич учун тўлайдиган пулнинг тенг ярми кимга кетишини тушуниб олдик.
Гапни қаёққа бурганимизни тушундингиз деб ўйлаймиз: "Милан" Кьезанинг мураккаб трансфер операциясида уч томонлама шартномага ўхшаш усулни қўллаб, Ребични ҳам атайин шу ишга аралаштирмоқда.
Мана қаранг: Айтайлик, "Милан" Ребични 30 млн еврога сотиб олади, уларнинг 15 млн "Фиорентина"га ўтказилади (+15 млн клуб ғазнасига), кейин Кьезани нисбатан арзонроққа, ўзбекча қилиб айтганда, "ўзимизникилар учун" нархида харид қилади – мисол учун 40 млн евро (яна +40 млн "Фио" ғазнасига). Натижада, "Айнтрахт" вақтида 2 млнга олган футболчисидан яхши пул ишлаб олади, "Фиорентина" улкан компенсацияга эга бўлади, "Милан" эса фойдали ва муҳими ойлиги туфайли катта оғирлик тушмайдиган икки футболчини қўлга киритади. Ҳамма хурсанд!
Айтганча, охирги вақтларда тарқалган хабарлар ҳам бу каби эҳтимолий теория фойдасига янграмоқда. "Милан" ҳали ижара муддати тугашига яна бир йил бўлишига қарамай, Ребични тўлиқ сотиб олиш борасида "Айнтрахт" билан музокараларга киришган. Хорват камида яна бир йил Италияда бўлиши аниқ бўлса, миланликлар эса бошқа чизиқларни кучайтириши зарур вақтда нега бунча шошилишмоқда? Ёки бизнинг айтганларимиз ҳақиқатга яқин-ми?
Шу ўринда, Рамадани "Фиорентина" марказий ярим ҳимоячиси Никола Миленковичнинг агенти эканлигини ҳам эслатиб ўтиш лозим деб ҳисобладик. Эшитмаган бўлсангиз, "Милан" Миленковични шу трансфер ойнасидаёқ сотиб олишни режалаштирмоқда.
Агар Кьеза "Милан"га ўтса, "россонери"лар таркибидаги тўртинчи ёш топ-италияликка айланади. Ёмон эмас-а?!
Кейинги мавсум "Милан"нинг таркиби шундай кўринишда бўлиши мумкин:
Бу таркиб билан "Милан" энг юқори ўринлар учун курашишига ишонасизми?
Нозима Зарипова таржимаси
Комментарии