Илҳом Мўминжонов бир йилга футболдан четлатилган Ойбек Қиличев ҳақида қандай фикрда?
24 окт 2017 15:58
Новости
Илҳом Мўминжонов бир йилга футболдан четлатилган Ойбек Қиличев ҳақида қандай фикрда?
Ўйиннинг 39-дақиқаси ўтиб бораётган бир пайтда жуда хунук иш рўй берди. "Навбаҳор" етакчиларидан бири Ойбек Қиличев аввалига рақиб футболчисини тирсаги билан юборди. Бироқ бу ҳам камлик қилгандек, ерда ётган ўша футболчини тепишга ҳаракат қилди. Натижада учрашув бош ҳаками Ҳасан Рўзиев Қиличевга шу заҳоти қизил карточка кўрсатди.
Кейинчалик ЎФФ ва ПФЛ ушбу вазиятни ўрганиб чиқиб, Ойбек Қиличевга 10 миллион сўм жарима солиш билан бирга уни бир йил муддатга катта футболдан четлатди. Айтиш мумкинки, бу Қиличевнинг ушбу мавсумдаги биринчи "қизили" эмас. У биринчи бор "Динамо" - "Навбаҳор" 0:1 учрашувида қизил карточка олганди. Ўша ўйинда жиззахлик ярим ҳимоячи ҳам гол урган, ҳам "қизил" олганди. Бу воқеа 4-турда содир бўлган.
Кейинчалик 11-турда Ойбек Қиличев яна қизил карточка олди. У Бухорода кечган "Бухоро" - "Навбаҳор" учрашувида ҳам майдондан четлатилган. Ўйин 3:3 ҳисобида якун топганди. Лекин унинг учинчи "қизили" қимматга тушди. Чунки бир йилга футболдан четлатилиш ҳар қандай футболчига оғир ботади.
Бугун Илҳом Мўминжонов билан боғланганимизда, "Навбаҳор" бош мураббийи Ойбек Қиличевнинг дисквалификация қилиниши борасида ўз фикрини билдирди:
"Мен ЎФФ ва ПФЛ чиқарган қарор бўйича ҳеч нарса дея олмайман. Чунки улар футболни бошқарувчи ва назорат қилувчи ташкилот. Фақат шуни айтишим мумкин, Ойбек Қиличев жамоамиз учун керакли ўйинчилардан бири эди ва эндиликда унинг хизматидан фойдалана олмаймиз. Қўқондаги учрашувда Қиличев четлатилгач, биз биринчи таймдаёқ бир киши кам бўлиб қолдик ва ўйин тугашига ўн дақиқадан сал кўпроқ вақт қолган бир пайтда иккита тўп ўтказиб, бунинг натижасида ютқазиб қўйдик".
"Федерациянинг қароридан сўнг мен Ойбек билан гаплашдим, у жудаям тушкун ҳолатда. Бир йилга футболдан четлатилганидан хафа. Олий лигада бу турни уйда "Бухоро"га қарши ўтказамиз. Мен Ойбекка шу ўйинга кел, гаплашамиз дедим".
Х.Холиқов.
Комментарии