Ҳали етарлича тезлик олмаган "Бунёдкор"ни олдинда нималар кутмоқда? Жалолиддинов катта йўқотишми?
25 июл 2020 09:41
Новости
Ҳали етарлича тезлик олмаган "Бунёдкор"ни олдинда нималар кутмоқда? Жалолиддинов катта йўқотишми?
Янги келган футболчилар "Бунёдкор"ни кучайтирдими ёки кучсизлантирди?
Ушбу мавсум аввалида "Бунёдкор"ни бир нечта муҳим футболчилари тарк этди. Хуршид Ғиёсов, Жавоҳир Қаҳрамонов, Мурод Зуҳуров, Санжар Турсунов, Шоҳруҳ Гадоев. Ҳа, мазкур футболчилар ўтган мавсумда бронза медалларига эга чиқишда катта ҳажмдаги ишни бажаришди. Кетганларни омадини берсин. Табиийки, уларнинг ўрнини босиш мақсадида бир нечта футболчилар таклиф қилинди. Янги келганларнинг аксарияти ОЧЛ бошланмасдан олдин қўшиб олинди. Клуб халқаро майдонда муносиб иштирок этишни мақсад қилгани боис қисқа вақтда таркибни кучайтиришга эришди. Бошқа томондан бу вақтда жамоанинг беш нафар асосий таркиб аъзоси олимпия терма жамоамиз билан Осиё чемпионатида иштирок этаётганди. Қайсидир маънода янги келганлар вақтинчалик асосий таркибдагиларни ўрнини тўлдириб турди дея оламиз. Қишки трансферлар ойнаси вақтида жамоага қўшилган футболчилардан бугунги кунда яъни менинг назаримда Селим Нурмурадов ва ижарадан қайтган Расул Юлдашевлар билдирилган ишончларни оқлашмоқда. Энди қолган футболчилар ҳам ҳаракат қилишмоқда. Масалан, Ҳумоюн Муртазоев мавсум бошида жамоага тез киришиб кетгандек кўринганди. Бир нечта голлар ҳам урди. Лекин, қолган баҳсларда маҳоратли ҳужумчи майдонда кўринмай қолди. Айрим учрашувларда ўзининг даражасида тўп тепмади. Сардор Абдураимов ва Ғуломҳайдар Ғуломовларга эса фақатгина ОЧЛ баҳсларида имконият берилди. Суперлигада уларнинг нималарга қодирлигини кўрмадик. Вадим Абрамов асосан ўтган йили тўп тепган футболчиларга ишонч билдириш билан кифояланмоқда.
Рестартдан сўнг эса терма жамоамиз бош мураббийи яна бир кутилмаган сюрпризларни тақдим қилди. "Пахтакор" билан ўйиндан сўнг кутилмаганда асосий таркибдан Иброҳимҳалил Йўлдошев жой эгаллади. Мавсум бошида айнан шу позицияда ўйинчи етишмаётганди. Гоҳида Санжар Қодирқулов, гоҳида эса бошқа бир футболчи қанот ҳимоясида ҳаракат қилишга мажбур бўлганди. Афтидан Абрамов 19 ёшли ёш футболчи билан бу муаммони ҳам ҳал қила олди. Баҳодир Пардаевга эса имконият деярли берилмади. Тан олиш керак айни пайтда "Бунёдкор"нинг ҳужум чизиғида рақобат юқори даражада. Умумий ҳисобда олти нафар форвард ўзаро рақобат олиб бормоқда. Сўнги учрашувларда голлари билан ғалабаларга ҳисса қўшиб келаётган, трансфер пайтининг охирги кунида заявкадан ўтказилган Шаҳбоз Эркинов ҳозирча ёмон тўп тепмаяпти ва ўзига юклатилган вазифани бажаряпти. Бундан буён август ойида тақвим жуда тиғизлигини ҳисобга олсак мураббий қолган футболчиларга ҳам имконият бериб кўриши мумкин.
"Бунёдкор" ҳали ўтган мавсумдаги каби тезлик олганича йўқ.
Буни нафақат биз, балки, кўп мутахассислар таъкидлашмоқда. Дарҳақиқат, жамоада яқин яқингача ўйинида бир қатор камчиликлар кузатилаётган эди. Аниқроғи, рестарт ва рестартдан сўнг ҳам бу борада бирон бир ўзгариш сезмадик. Биринчи галда жамоада ҳужумни якунловчи, охирги қарорни қабул қилувчи футболчи етишмаётганди. Бу "Қўқон-1912", "Пахтакор", ундан олдинги "Машъал" ва АГМК билан учрашувларда яққол билинаётган эди. Иккинчидан қанот ва марказни боғлаб турувчи эркин футболчини йўқлиги ҳам жамоага айрим учрашувларда панд бераётганди. Бу вазифани ўтган мавсумда Хуршид Ғиёсов ва Жавоҳир Қаҳрамонов жуда яхши уддалашганини билсангиз керак.
Бугунги кунда ушбу масъулиятни туркманистонлик Селим Нурмурадов бўйнига олишга ҳаракат қилмоқда. Ҳарқалай унинг ҳаракатларида аниқлик ва қарорни тезда қабул қилиш борлигини кўрдик. Учинчидан марказий ҳужум чизиғида тўпни эгаллаб олган ҳолатда бир нечта футболчини ўзи билан олиб юрадиган ва тезкорлик билан қарор чиқарадиган форварни ҳам учратмадик. Ҳумоюн Муртазоев, Шаҳбоз Эркинов эса асосан тайёр пасларни кутиш билан чекланишмоқда. Ҳозирги кунда тикланиш жараёнини бошидан ўтказаётган Миржаҳон Мираҳмадовда тезлик ва дриблинг бор. Ортга қайтиб ҳам шерикларига ёрдам бера олади, қанотларда ҳам ўзини эркин ҳис қилган ҳолда ўйнайди. "Бунёдкор" "Пахтакор"дан қабул қилиб олинган йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг бироз ўзига ўхшамоқда. Охирги учта турда жамоа аъзолари мухлислар кутган ўйинни намойиш эта олишди. Абрамов эса юқорида келтириб ўтган камчиликларни секин-аста бартараф этишга уринмоқда. Менимча "Бунёдкор" давралар оралиғида бирон бир футболчини қўшиб олмайди. Чунки, таркибда рақобат юқори. Заҳирада эса яхши савиядаги футболчилар бор.
Жасур Жалолиддинов катта йўқотишми?
Менинг фикримча Жасур Жалолиддиновнинг Россияга йўл олиши "Бунёдкор" учун у қадар катта йўқотиш ҳисобланмайди. Эсингизда бўлса 2015 йилги мавсумнинг иккинчи даврасида Сардор Рашидов "Ал Жаиш"га йўл олган. Кўпчилик унинг кетиши жамоага салбий таъсир қилади деганди. Рашидовнинг ўрнини ўша мавсум Достон Ҳамдамов эгаллади. У "Анжи"га ўтиб кетгач эса Хуршид Ғиёсов яққол ажралиб чиқди. Жалолиддиновнинг йўқлиги бир, икки тур сезилиши мумкин. Унинг ўрнини билинтирмайдиган футболчилар заҳирада, ўринбосарлар жамоасида, академияда етарлича топилади. Яъни бундай катта академияга эга клубда бирон бир кетган футболчининг ўрни осонликча тўлдирилади. Четдан ортиқча ўйинчи олиб келишни хожати йўқ. Боиси, академия иқтидорли футболчиларни асосий таркибга етказиб беришда фаол. Бундан муаммо бўлмайди деб ўйлайман.
Вадим Абрамов аксарият учрашувларда Жалолиддиновнинг ўрнига бошқа бир футболчини синовдан ўтказиб кўрмоқда. Дейлик Фаррух Икромовни Жалолиддиновга захира варианти сифатида кўрсак бўлади. Бошқа томондан ўйлаб қаралса Абрамов Икромовни захира қуролига айлантириб улгурди. Ушбу футболчи бўлажак баҳсларда Жасурнинг ўрнида асосий таркибда тушса ажабланмайман. Икромовда жамоадошидаги каби ҳислатлар бор. Тезлик, дриблинг, ўткир паслар ва ҳоказо. Агарда навбатдаги беллашувларда ҳам ундан мураббийлар захира қуроли сифатида фойдаланишса у ҳолда Санжар Қодирқулов асосий таркибда Жалолиддиновни ўрнини тўлдиради. Ушбу футболчини Абрамов турли позицияларда ўйнатиб кўрмоқда. Балки, Карленовичдан яна кутилмаган сюрпиризлар кўрармиз. Барчасини вақт кўрсатади.
"Бунёдкор"нинг "Бухоро" билан ўйини қолдирилди. Шунингдек 10-турдан жамоалар қисқа танаффусга чиқишди. Бу тўхталиш жамоанинг зарарига ишлаши табиий. Бироқ, бугунги кунда вазият шуни тақозо этмоқда. Агарда "қалдирғочлар" олдинда кутаётган учрашувларда ишончли ҳаракат қилишда давом этишса турнир жадвалида юқорига кўтарилиб олишлари мумкин. Боз устига август ойидаги барча учрашувлар марказлашган ҳолатда ўтади. Яъни "Бунёдкор" қолган рақибларни ўз майдонида қабул қилади. Бу эса муҳим очколарни жамғариб олишлари учун айни муддао. Ушбу мавсумда улар ҳали ўз уйларида очко йўқотишмади ва дарвозаларидан битта тўп олиб чиқишди. Демак, воқеалар ривожи қандай давом этишини кўрамиз ва кузатамиз.
Абдулазиз Искандаров.
Комментарии