FIFA.UZни ўрганамиз (йўриқнома)
10 мар 2015 18:30
Новости
FIFA.UZни ўрганамиз (йўриқнома)
12 март куни Олий лигамизнинг навбатдаги мавсумига старт берилади ва бу мусобақа учун FIFA.UZда жамоалар тузиш бир неча ҳафта олдин бошлаб юборилган. Ҳар куни виртуал футбол ўйинида (FIFA.UZ) иштирок этмоқчи бўлаётганлар сони тобора ортиб бормоқда. Шу сабабли бу лойиҳада қандай иштирок этиш, очко ишлаш мумкинлиги ва қонун қоидалари борасида йўриқномани эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Кириш ёки рўйхатдан ўтиш
Аввалига FIFA.UZ сайтига ўтамиз. Агар мобил телефонингиздан бу сайтга кирмоқчи бўлсангиз, m.fifa.uz сайтига ташриф буюрасиз.
Рўйхатдан ўтиш учун электрон почтангизни ёзиб, пастроқдаги қаторларга эса сирли сўз(пароль)ингизни киритасиз. Бу киритган маълумотларингизни эслаб қолинг, чунки ҳар сафар шу сўзлар орқали FIFA.UZга кира олишингиз мумкин.
Мусобақалар
Демак сиз FIFA.UZда рўйхатдан ўтдингиз. Кириш сўзининг остига рўйхатдан ўтиш учун ишлатган электрон почтангиз ва сирли сўзингизни киритасиз. Ўз аккаунтингизга кирганингиздан сўнг мусобақани танлайсиз.
Сиз ўзингиз истаган мусобақада жамоа тузиш учун турнир танлайсиз.
Биз тез орада Ўзбекистон Олий лигаси бошланишини ҳисобга олиб, миллий чемпионатимиздан жамоа тузишга қарор қилдик.
Жамоа тузиш ва қонун қоидалар
Жамоа тузиш учун футболчи ва дарвозабонларни танлашни бошлайсиз. Сизга шартли 1000 маблағ берилади.
Бу маблағга футболчи сотиб оласиз. Масалан, "Бунёдкор" ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов 100 , "Насаф" футболчиси Артур Геворкян 95, "Пахтакор" ёш иқтидори Жамшид Искандеров 90 туради. Сиз жамоангизга фақат 15 нафар футболчи сотиб олишингиз мумкин.
Улар 2 нафар дарвозабон, 5 нафар ҳимоячи, 5 нафар ярим ҳимоячи ва 3 нафар ҳужумчи бўлиши керак. Ҳар бир турда 11 та футболчи асосий таркибда ўйнайди, улар орасида 1 нафар дарвозабон, 3 нафар ҳимоячи, 2 нафар ярим ҳимоячи ва 1 нафар ҳужумчи бўлиши шарт. Шундай қилиб, Сизнинг ихтиёрингизда 8 хил тактика мавжуд: 5-4-1, 5-3-2, 5-2-3, 4-5-1, 4-4-2, 4-3-3, 3-5-2, 3-4-3. Тактикани ўзгартириш учун бошқа позициядаги футболчини ўрнига бошқа позициядаги футболчини тушуринг – тактика автоматик равишда ўзгаради.
Сиз ҳар бир турдан олдин кўпроқ очко келтириши мумкин бўлган 11 та футболчини асосий таркибга киритасиз. Қолган 4 та футболчи (3 та ўйинчи + 1 дарвозабон) захирадаги ўйинчи бўлишади. Агар асосий таркибингиздаги бирон-бир футболчи олий лиганинг тур учрашувида майдонга тушмаса, ҳудди шу позицияда захирангиздан ўрин олган футболчига автомат ҳолатда ўзгартирилади. Шу тариқа Сизнинг захира ўриндиғингиздан жой олган футболчи жамоангизга очко келтиради.
Ҳар бир тур олдидан Сиз жамоаингизга сардор танлайсиз. Сардорингизнинг йиққан очколари 2 мартага кўпаяди. Агар сардорингиз турда майдонга тушмаса, уни ўрнига захирадан майдонга тушган футболчининг очколари 2 мартага кўпаймайди.
Масалан: асосий таркибингиздан ўрин олган тўрт ҳимоячидан бири реал футболда майдонга тушмади. Шунда захира рўйҳатингиздан ўрин олган футболчи майдонга тушган бўлса, унинг очколари қайд этилади.
Сиз ўз жамоангизга иложи борича майдонда гол ура оладиган, ёки голли паслар устаси бўлган футболчиларни йиғинг. Нега дейсизми? Ҳозир тушунтириб бераман.
Очколар
Кўрсаткич | Дарвозабон | Ҳимоячи | Ярим ҳимоячи | Ҳужумчи |
60 дақиқадан кам ўйнаса | 1 | 1 | 1 | 1 |
60 ва ундан кўп дақиқа ўйнаса | 2 | 2 | 2 | 2 |
Голли пас | 3 | 3 | 3 | 3 |
Гол | 6 | 6 | 5 | 4 |
Қуруқ ўйин | 4 | 4 | 1 | |
Қайтарилган пенальти | 5 | |||
Урилмаган пенальти | -2 | -2 | -2 | -2 |
Ўтказиб юборилган ҳар 2 та гол учун | -1 | -1 | ||
Сариқ карточка | -1 | -1 | -1 | -1 |
Қизил карточка | -3 | -3 | -3 | -3 |
Автогол | -2 | -2 | -2 | -2 |
Жадвал
Тур ўйинлари якунига етганидан сўнг, кейинги 24 соат ичида очколар ҳисобланади. Сиз рақиблар очкоси билан танишиш учун тепароқда турган жадвал бўлимига кирасиз.
У ерда ўз жамоангизни топиш учун қизилда кўрсатилган "МЕНИНГ ЖАМОАМНИ ҚИДИРИШ"ни босасиз ва ўз жамоангизни осонлик билан топиб оласиз.
Трансферлар
Хар тур якунидан сўнг, ўз жамоангизга янги футболчиларни харид қилишингиз мумкин, аммо трансферлар сони чекланган. Сиз ўз жамоангизда бор-йўғи 2та ўзгариш амалга ошира оласиз, аммо қўшимча имкониятдан (бу борада тўлиқ маълумот пастроқда) фойдалансангиз трансферларингиз сони 4та бўлади.
ҚЎШИМЧА ИМКОНИЯТЛАР (фишка)
Қўшимча имкониятлар (фишкалар) сизга кўпроқ очко ишлаб олишга ёрдам беради. Бу имкониятлар орқали сиз 1000 маблағни 1200 гача кўпайтирасиз, бир жамоадан футболчи сонини 1 нафар футболчига орттирасиз, рақиб жамоа таркибини кўриб олишингиз мумкин (дедлайндан сўнг) ва трансферлар сонини 2тадан 4тага етказиб оласиз. Аммо бу қўшимчалар бепул эмас. Бу фишкаларни харид қилиш керак. Фишка нархи ва уларнинг амал қилиш муддати ҳар бир мусобақада турлича бўлади. Миллий чемпионатларда барча фишкалар бутун мавсум учун амал қилади, плей-офф тизимидаги мусобақаларда (масалан, Чемпионлар лигаси) фишкаларнинг амал қилиш муддати чекланган, шу боис уларни икки бор сотиб олиш керак бўлади. Фишка нархи ва уларнинг амал қилиш муддати ҳақидаги маълумотни кўриш учун профиль саҳифасидаги фишка расмининг устига босиш керак.
Шундай қилиб сиз FIFA.UZнинг тўлақонли иштирокчисига айландингиз ва ютуқлар учун кураш олиб борасиз. Ҳозирча олий лиганинг ютуқлари эълон қилингани йўқ, аммо бу ҳақда тез орада маълум қиламиз.
Жамоа таркибини қачонга қадар ўзгартириш мумкин?
Жаомадаги барча ўзгаришлар (ўзгартиришлар, сардорни танлаш, захирадагиларнинг кетма-кетликни танлаш, трансферлар) “дедлайн”га қадар амалга ошириб бўлиниши лозим. “Дедлайн” – навбатдаги турнинг илк учрашуви бошланишига қадар қолган маълум вақт (масалан 1 соат). “Дедлайн”дан кейин амалга оширилган ҳар қандай ўзгариш, фақат кейинги турдан бошлаб инобатга олинади.
Шошилинг, биринчи тур дедлайни 12 март 14:00да.
Комментарии