Фарҳод Бекмуротов: "Андижон" яратган тарихни ҳеч ким ўчиролмайди"
07 янв 14:21
Новости
Фарҳод Бекмуротов: "Андижон" яратган тарихни ҳеч ким ўчиролмайди"
2018 йил қисқа вақт жамоада тўп тепган Фарҳод Бекмуротов "темирўйлчилар" сафига қайтди. "Андижон" билан шартномаси якунланган ярим ҳимоячи фаолиятини пойтахт билан боғлайди. Биз Бекмуротов билан боғланиб фикрларини тингладик.
- ОЧЛда иштирок этадиган "Андижон"ни Про лигага тушиб кетган "Локомотив"га алмаштириш қандай бўлди?
- Тўғри айтдингиз. "Андижон" билан ОЧЛда ўйнашни жуда истаган эдим, чунки аввалдан халқаро майдонда ўйнайдиган клубларимизга ҳавас кўзи билан қараганман. Лекин насиб қилмаса қийин экан. "Локомотив" эса қизиқарли таклиф билан чиқди. Якунда уларнинг чорловига розилик бердим. Бор гап шу.
- Шартномангиз якунланганди ва бундан келиб чиқяптики "Андижон" томони сизни ўзида олиб қолишни истамаган?
- Клубдан ҳеч қандай таклиф бўлгани йўқ. Шунинг учун бошқа вариантларни кўриб чиқишга тўғри келди. Юқорида айтганимдек "Локомотив" танлови ҳар томонлама маъқул келди.
- "Темирйўлчилар" либосини кийиш сиз учун бегона ҳолат ҳисобланмайди. Аввалгисида ёш ва тажрибасиз бўлгансиз...
- 2018 йил бир давра ўйнаганман. У вақтда таркиб жуда кучли, чемпионликни ҳеч кимга бермаётган пайтлар. Бекорга кетма-кет 3 йил биринчи ўринда юрмаган. "Андижон" билан Про лигада учинчи ўринни олганимиздан сўнг Андрей Фёдоров кучли клубда ўзимни синаб кўришимни айтган. Рақобат кучли эди. Ўша мавсум барибир иккинчи даврада "Андижон"га қайтиб Про лига чемпиони бўлганман.
- 2024 йил фаолиятингизда янги саҳифа очдими?
- Шубҳасиз энг зўр мавсумимни ўтказдим. Кубокда тасодифан ғолиб чиқиб қолганимиз йўқ. Гуруҳ босқичида яхши жамоаларни чиқариб юбордик. Худонинг қудрати ва ўзимизнинг меҳнатимиз эвазига эришдик. Гуруҳдан кейин фақат кубокка эга чиқишни ўйлаганмиз. Ютқазиб қўйсакчи деган фикр ўтгани ҳам йўқ. Шунчалик ишончимиз кучли эди. Ниятимиз холис экан. Энди "Андижон" яратган тарихни ҳеч ким ўчира олмайди.
- "Локомотив" билан янги мавсумга тайёргарлик ҳақида...
- Ўзимиз қатнашадиган барча мусобақаларда чемпионликни мақсад қилганмиз. "Локомотив"ни ўз ўрнига қайтаришимиз керак. Бу жамоанинг ўрни Суперлигада. Фурсатдан фойдаланиб бутун "Андижон" халқига, Нодир ака Тўйчиев етакчилигидаги мухлисларга, клубимиз, вилоятимиз раҳбарларига миннатдорчилик билдирмоқчиман. ОЧЛда омад ёр бўлсин.
Комментарии