Фантастик тўртлик
26 фев 21:10
Новости
Чемпионлар Лигаси тарихий финалида гол урган футболчи, Евро-2020 юлдузи ва «Арсенал»нинг унутилган иқтидори.
Қишки трансфер ойнаси ҳам ортда қолди ва қатор келишувлар амалга оширилди. Кимлардир клубида қолди, бошқалар ўзига янги жамоа топди. Бироқ эркин агент сифатида қолиб кетган яқин ўтмишнинг ёрқин юлдузлари ҳам борлиги киши эътиборини тортади.
Жесси Лингард
«Манчестер Юнайтед» тарбияланувчиси охирги икки мавсумни Корея чемпионатида ўтказди. «Сеул» сафида тўп тепган футболчи «вақтинча ишсиз» мақомида юрибди. Жанубий Кореядаги даврда Англия миллий жамоаси собиқ футболчиси 67 ўйинда 19 та гол урди, лекин кутилмаганда декабр ойида томонлар ҳамкорликни тўхтатишга қарор қилишди. Лингард хизматларига қизиқаётган аниқ клублар ҳақида маълумот йўқ, лекин унинг Осиёдаги ёмон бўлмаган статистикасидан келиб чиқса, Жесси ҳали фаолиятини Европада давом эттириб кўришга уринади.

Футболчининг АПЛдаги охирги жамоаси «Ноттингем Форест» эди. У «қизил иблислар» сафидан кетиб, эркин агент сифатида янги жамоасига ўтган эди. 2022/2023-йилги мавсумда Жесси АПЛнинг бор йўғи 17 ўйинида майдонга тушди. Натижада, янги қитъани забт этиш сафарига отланди.
Серхио Рамос
«Реал»нинг афсонавий ҳимоячиси майдон ташқарисида ҳам анча фаол. У қадрдон клуби «Севиля»ни сотиб олиш бўйича ишларни амалга оширяпти. Шундай бўлса-да, бу 39 ёшли ҳимоячи фаолиятини якунлади дегани эмас. Баъзи маълумотларга кўра, Серхио бўлажак мундиалда ҳам ўйнашни ният қилган.

Мексиканинг «Монтеррей» клуби билан шартномаси якунланган Рамос Европага қайтишни ният қилган. «Marca» нашрининг хабарига кўра, испаниялик «Севиля» сафида текинга ўйнашга тайёр бўлган. Бироқ Ла Лига регламентига мувофиқ бир вақтнинг ўзида унда иштирок этиш ва клублардан бирининг акционери бўлиш тақиқланади.
Рамосда «Марсел» варианти борлиги ҳақида миш-мишлар тарқалганди. Аммо «Goal» нашри хабарига кўра, ҳимоячи трансферини жамоанинг эндиликда собиқ устози Роберто Де Зерби унчалик ҳам истамаган.
Дивок Ориги
Фаолияти давомида бир қатор ғалаба голларини урган ҳужумчи эндигина 30 ёшда, лекин анчадан буён у ҳақда маълумотлар учрамай қўйгандек. «Ливерпуль» чемпионга айланган Чемпионлар Лигаси-2018/19 мавсуми финалида «Тоттенхэм» дарвозасига урилган иккинчи голга ҳам айнан Дивок муаллифлик қилган. Яна кўпчилик уни ўша тарихий камбэкда урган голи, бурчакдан узатма ва жарима майдончасида эътиборсиз қолдирилган Ориги тўпни дарвозага тўғрилаб юбориб, стадионни «портлатгани» билан эслаб қолган. Ўзига хос карьера ва голлар...

Ориги ҳеч қачон мерсисайдликлар асосий форварди бўлмаган, аммо захирадан майдонга тушиб, муҳим голларни урган. Шунга қарамай, 2022 йилда унинг фаолиятида янги саҳифа очилди – «Милан»га трансфер. Лекин Италиядаги бир мавсумда у бор йўғи 2 та гол урди; «Ноттингем Форест»га ижара ҳам форвардни «уйқонишига» сабаб бўла олмади. 2023/2024-йилги мавсумда АПЛда 6 ўйин ва 0 та гол.
2024/25-йилги мавсум олдидан Ориги D Серия вакили бўлган «Милан» ўринбосарларида рўйхатдан ўтказилди, лекин у ерда ҳам ўйнамади ва индивидуал дастур бўйича шуғулланиб юрди. Натижада, ўтган йил декабр ойида «россонери» ёмон бўлмаган маош олаётган Дивок билан шартномани муддатидан олдин тўхтатишга қарор қилишди. Бир ярим йилни амалда майдондан ташқарида ўтказиб юборган белгияликнинг кейинги макони қаер бўлиши ҳозирча номаълум. Ким билади дейсиз, балки яқин келажакда уни Россия чемпионати, АҚШ ёки араб мамлакатларидан бирида кўрармиз.
Аарон Рэмcи
Агарда Гарет Бэйл бўлмаганида Гиггздан кейинги авлоднинг шубҳасиз энг ёрқин юлдузи бўладиган Аарон Рэмси ҳам Рамос сингари 2025 йил ўзини Мексикада синаб кўришга қарор қилди. Ўзи тарбия топган «Кардифф»га 2023/2023 ва 2024/2025-йилги мавсумларда қайтиш «Арсенал» собиқ юлдузларидан бири учун унчалик омадли чиқмади. Барчасига кетма-кет жароҳатлар сабабчи бўлди, мисол учун «Пумас»даги илк даврни тиззаости мушаклари ҳали тўлиқ тикланиб улгурмагани сабабли майдондан ташқарида ўтказди.

Рэмси учун яна бир оғир зарба бу севимли кучугинининг йўқолиши бўлди: ижтимоий тармоқда бўлган воқеани ёзиб қолдириш ҳам, ваъда қилинган мукофот пули ҳам ёрдам бермади
Натижада куз фаслига келиб Аарон «Пумас» билан шартномасини бекор қилди ва Буюк Британияга қайтди. Умумий ҳисобда у Мексикада 6 та ўйин ўтказди.
35 ёшли яримҳимоячи фаолиятини якунлагани ҳақида ҳозирча эълон қилгани йўқ, шунингдек, унга қайсидир клуб қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумот ҳам учрамаяпти.
Похожие новости
championat.asia
ЕЧЛ. "Реал Мадрид" ўзини ўтиш ўйинларида ўйнашга мажбур қилган "Бенфика"ни мағлуб этиб, нимчорак финалга йўлга олди
EЧЛ 1/8 финал жуфтликлари маълум
ЕЧЛ. "Интер" сенсацион тарзда Норвегия клубига ютқазиб мусобақани тарк этди, "Ньюкасл" ва "Байер" 1/8 финалда!
ЖЧ-2026 можароси якунланяпти: Конго ДР ўрнига Нигерия ўйнайди
Комментарии