Эктор Купер: "Ўзбекистон қандай жамоа эканини олдиндан билардик. Натижадан қониқдим"
14 янв 02:10
Новости
Эктор Купер: "Ўзбекистон қандай жамоа эканини олдиндан билардик. Натижадан қониқдим"
- Жаноб Купер, ўйин ҳақидаги фикрингиз қандай?
- Жуда қийин рақибга қарши ўйнадик. Ўзбекистон бир мураббий билан уч йилдан бери ўйнаётган жамоа ҳисобланади, таркибда Европада ўйнайдиган ўйинчилар кўп. Мен йигитларимдан фахрланаман. Улар берилган топшириқларнинг барчасини зўр бажаришди. Натижадан қониқдим. Кейинги ўйинда очколар қўлга киритиб, кейинги босқичга йўл оламиз деб ўйлайман.
- Учрашувнинг энг яхши ўйинчиси Аҳмад Маданиянинг ўйин ҳақидаги фикри қандай?
- Ҳаммага раҳмат. Ўзбекистон қандай жамоа эканини билардик. Барча жамоадошларимга раҳмат айтмоқчиман. Кейинги босқичга чиқиш учун бор кучимизни ишга соламиз.
- Жаноб мураббий, Сурия Ўзбекистонга қарши жуда яхши футбол ўйнади. Биринчи ўйинлигига қарамай, жамоа яхши кўринди. Ал Сома Суриянинг энг зўр ҳужумчиси ҳисобланади. Нега Омар Ал Сома жамоага чақирилмади?
- Қайсидир ўйинчилар бизнинг услубимизга тез кўникиб кетишди. Баъзи ўйинчилар эса йўқ. Балки, Омар Ал Сома айнан шу сабаб билан жамоага чақирилмагандир. Мен аввалроқ бу масалага тўхталгандим. Бу техник қарор эди. Футболчи мураббийнинг услубига тушиши лозим.
- Ўзбекистон термаси майдонда бешта ярим ҳимоячи билан ўйнади. Сиз бу нарсани билишингиз керак эди. Ўйиннинг охирига қадар сиз ҳимоявий ўйин кўрсатдингиз. Нега бундай бўлди?
- Ҳар бир мураббий ўйиндан олдин ўз режасини аниқлаб олади. Мураббий сифатида қисқа вақт ичида ниманидир ўзгартиришим қийин эди. Ҳар бир ўйинда жамоамиз услубини тўлиқ ўзгартира олмаймиз. Уларда кучли ўйинчилар борлигини билардик. Умуман олганда, мен ўйинимиздан қониқдим.
- Биринчи турдан кейин гуруҳдаги вазият ҳақида қандай фикрдасиз?
- Тўртта жамоада ҳам имконият бор. Австралияга қарши ўйин жуда қийин бўлишини биламиз. Бугунги хатоларимизни кўриб чиқамиз ва кейинги рақиб билан ўйинга тайёрланамиз.
- Ўйинчига савол. Кейинги рақиб Австралия. Бу ўйин ҳақида нима дея оласиз?
- Австралия жуда қийин рақиб. Биз кейинги кунларда уларнинг Ҳиндистонга қарши ўйинларини қайта томоша қиламиз ва анализ қиламиз. Албатта, бу ўйинда керакли натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.
Комментарии