Эктор Купер: "Мен фақат МТЖ учун жавобгарман" (тўлиқ)
06 авг 2018 15:35
Новости
Эктор Купер: "Мен фақат МТЖ учун жавобгарман" (тўлиқ)
Ушбу саҳифада матбуот анжуманини кузатиб бориш мумкин.
Матбуот анжумани соат 15:00да бошланади.
14:45. Ҳозирча матбуот анжуманлар хонаси журналистлар билан тўлиб бормоқда.
14:55. Анжуман бошланишига оз қолди.
15:00. Бир неча дақиқалардан сўнг Эктор Купер етиб келади, матбуот анжуманини иккита телеканал жонли равишдга эфирга узатади.
"Ўзбекистонга келганимдан жуда ҳам хурсандман. Ўзбекистон терма жамоаси ўз олдига юқори мақсадлар қўймоқда. Журналистлар албатта менга кўплаб саволлар тайёрлаб қўйишгани аниқ. Биз узоқ йўлнинг бошида турибмиз. Барчамиз бир мақсад йўлида бирлашиб Ўзбекистон терма жамоаси учун энг яхши натижага эришишга ҳаракат қиламиз.
Мени эрта тонгда ажойиб тарзда кутиб олишди. Ўзбекистонга келишимда ЎФА раҳбарияти ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳам ўрни катта бўлди. Буёғига барчамиз бирлашиб, бир мақсад йўлида енг шимариб ишлаймиз. Барчаси учун катта раҳмат", - дейди Эктор Купер.
- Ўзбекистон терма жамоасидаги биринчи қадамларингиз қандай бўлади?
- Аввало танишув. Ўзбекистон терма жамоаси катта бир оилага айланиши лозим. Мен доимо оптимистик руҳда бўлишим учун ўзаро ҳамкорлик яхши даражада бўлиши зарур. Яхши шароит эвазигагина кўзланган мақсадга эришиш мумкин. Биринчи навбатда футболчилар, ходимлар ва сиз журналистлар билан танишиб олишим керак. Бунинг учун миллий чемпионат ўйинларини кузатиб борамиз. Қайси футболчи қандай салоҳиятга эга эканлигини албатта чемпионат ўйинлари орқали билиб оламиз. Барча жойда бўлганидек биринчи қадам танишувдан бошланади. Аста-секин, қисқа ва ишончли қадамлар билан мақсад сари одимлаймиз. Қисқа вақт ичида мўжизалар кутиш керак эмас. Қаерда ишлаган бўлсам доим бир нарсани таъкидлаганман, мен оддийгина мураббийман.
- МОҚ расмий сайтида Умид Аҳмаджонов билан учрашганингиз ҳақида хабарда ЎФА Биринчи вице-президенти сизни олдингизга Токио-2020 ва ЖЧ-2022га чиқиш вазифалари қўйилгани ҳақида айтган. Олимпия терма жамоасини олимпиадага чиқишига сиз жавобгар бўласизми?
- ЎФА билан 3+1 тизимида шартнома туздик. Яъни 3 йиллик шартномани яна бир йилга чўзиш банди мавжуд. Мен фақат миллий терма жамоага жавоб бераман. Олимпия терма жамоасини фақат кузатишим ва уларга ўз тавсияларимни беришим мумкин. Мени олдимга фақат иккита мақсад қўйилган: Осиё Кубоги ва Жаҳон чемпионати. Олимпия терма жамоаси натижаларига мен жавобгар эмасман. Ҳамма мураббийларнинг ўз дастури бўлади ва шунга қараб ишлашади. Мен ҳам ўз дастурим бўйича фаолият юритаман.
Январь ойида Осиё Кубоги бўлади. Терма жамоамиздан яхши натижа кутишимиз мумкинми?
- Ҳозир футболчилар билан танишиш жараёни бошланди. Албатта катта мақсад ва ишонч бор. Ўзбекистон терма жамоаси билан кўзланган мақсадга эриша олишимга ишонганим учун ҳам бу чорловни қабул қилдим. Акс ҳолда бу ерга келмасдим.
- Жаноб Купер, доимий Ўзбекистонда яшайсизми ёки штабингиздаги ёрдамчиларингиз орқали футболчиларни мунтазам кузатиб борасизми? Ёки штабга маҳаллий мураббийларни жалб қилиш орқали буни назорат қиласизми?
- Олдинги хорижий мураббийлар бу ерда қандай ишлаганидан хабарим йўқ. Иш билан Испанияга ёки Аргентинага бориб келишим мумкин. Албатта имкон қадар бу ерда кўпроқ бўлишга ва ўзбек футболини ўзим кузатишга ҳаракат қиламан. Шунингдек, хоҳлаган мураббий билан гаплашишим, маслаҳатлашишим мумкин. Ҳозир бу ерга ўзимни ёрдамчиларим, штабим билан келдим. Аста-секинлик билан ўзимга ёққан маҳаллий мутахассисни ҳам штабга жалб этишим мумкин. Буни ҳали алоҳида муҳокама қиламиз.
- Ўзбекистон терма жамоаси билан 3+1 тизимида шартнома туздингиз. Маош ва бонус ҳақида ҳам маълумот бера оласизми?
Диёр Исаметдинов (ЎФА халқаро алоқалар бўлими) - Буни бош мураббий сир қолишини илтимос қилган. Беришимиз мумкин бўлган маълумот шуки, биз Купер билан 3 йиллик шартнома имзоладик. Агарда ҳаммаси яхши бўлса, унда шартнома яна бир йилга узайтирилиши ҳам мумкин.
- Жаноб Купер, сиз футболчилардан келиб чиқиб тактика танлайсизми ёки маълум тактикага мос футболчиларни жалб қиласизми?
- Буни ҳозирдан аниқ айта олмайман. Барчаси футболчилар билан танишиб олганимдан сўнг маълум бўлади. Баъзан мураббий хоҳлаган тактикага футболчилар мос тушмаслиги мумкин. Ёки аксинча. Шу боисдан ҳам ҳаммаси танишувдан сўнг ойдинлашади.
- Қандай шартлар билан Купер билан шартнома узайтирилади ёки узайтирилмайди.
Диёр Исаметдинов (ЎФА халқаро алоқалар бўлими) - ЖЧ-2022 саралаши 2021 йил ноябрь ойига қадар бўлиб ўтади. Тушунарлики, Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилмаган тақдирда мураббий билан хайрлашамиз. Агарда Қатардаги мундиалга чиқсак, унда шартнома узайтирилади ва Купернинг ўзи жамоани мундиалга олиб боради.
Эктор Купер: - Мен натижа яхши бўлавермаса ҳам ишлайдиган мураббий эмасман. Агар натижа ўхшамаса, унда ўзим раҳбариятга қўл бераман ва уйга кетаман. Муаммо йўқ (кулади).
- Ўзбекистондан таклиф тушганида биринчи хаёлингизга келган нарса? Умуман қарор қабул қилишдан аввал қанча муддат ўйладингиз?
- Таклифни қабул қилишимда иккита фактор асосий ўрин тутди. Бири яқиндагина Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг қитъа чемпионига айлангани бўлса, иккинчиси бу жамоа мундиал иштиёқида ёнаётгани. Жаҳон чемпионатига чиқиш чанқоғи кучлилиги учун ҳам Ўзбекистонни танладим.
- Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишга ваъда бера оласизми?
- Футболда барча нарса бўлиши мумкин. Лекин мен Ўзбекистон терма жамоасини мундиалга олиб чиқишга аниқ ваъда бера олмайман. Шуни ваъда бераманки, бу йўлда бор билим ва салоҳиятимни ишга соламан. Насиб қилса Ўзбекистон мундиал чиптасини қўлга киритади.
Нарзулла Сайдуллаев ёзиб олди
Комментарии