RU

Последние новости

01:20АПЛ. "Бўрилар" "Қизил иблислар"ни ғажиб ташлади  28 00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  17 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

Дилшод Нуралиев: “Биргина мағлубият ҳаётимга катта таъсир кўрсатди” Новости

Дилшод Нуралиев: “Биргина мағлубият ҳаётимга катта таъсир кўрсатди”

Ҳаёт доим инсон учун бир хил тарзда кечавермаслиги барчага яхши маълум. Буни ҳар соҳа вакиллари мисолида кўришимиз мумкин.

Мазкур мақоламиз эса барчамизга яхши таниш бўлган мутахассис Дилшод Нуралиев ҳақида бўлади. Ўзини мураббийликка бағишлаган Нуралиев ўз вақтида турли ютуқларга эришган. Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан Эрондаги Осиё чемпионатида тенгсиз деб топилишди. Шунингдек, Нуралиев бошчилигида жаҳон чемпионатларида ҳам қатнашиб барчамизни хурсанд қилишди. Шу билан бирга Нуралиев давлат мукофотига ҳам сазовор бўлган. Умуман, у ўзбек футболи учун кўплаб ўйинчиларни ҳам етиштириб берди. Лекин юқорида айтганимиздек, доим ҳам ҳаммаси бир текисда бўлавермайди. Яқинда Нуралиев бошчилигидаги ўсмирлар терма жамоаси Осиё чемпионатига чиқа олмади. Табиийки, натижага мураббий жавобгар ва у истеъфога чиқарилди, шунга яраша танқидлар ҳам бўлди. Бир сўз билан айтганда, олдин кўкларга кўтарилган мураббий бир зумда қаҳрамондан антиқаҳрамонга айланди. Бу билан Нуралиевни оқламоқчи эмасмиз, у ҳақиқатан ҳам ишончни оқлай олмади. Лекин...Яхшиси у билан уюштирилган очиқ мазмундаги суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз. Зеро, суҳбат давомида ўзи ҳақидаги кўплаб масалаларга ва муаммоли вазиятларга жавоб қайтарган.

“Биргина мағлубият ҳаётимга катта таъсир кўрсатди”
-    Мураббийлик фаолиятингиз давомида ўзбек футболи учун қўшган ҳиссаларингизни, янги иқтидорларни етиштириб берганингизни ҳеч ким инкор эта олмайди. Лекин ўсмирлар терма жамоаси билан муваффақиятсизликка учрадингиз. Шундай бўлса-да, сизни қилган меҳнатларингиз самараси ўлароқ қилган ишларингизни унутиб бўлмайди. Хўш, ҳозирда нималар билан бандсиз?

-    Биласизми, мағлубият ҳаётимга, ишимга, умуман ҳамма нарсага катта таъсир қилди. Ҳеч ҳам бундай бўлишини ўйламагандим. Аслида эса биз қўлимиздан келганича меҳнат қилгандик. 2000 йилда туғилган футболчилардан иборат жамоамиз билан Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашиб сўнгра жаҳон чемпионатида иштирок этишни ният қилгандик. Афсуски, бу нарса рўёбга чиқмади. Натижада омадсизлик менга жуда катта таъсир ўтказди. Ҳозирча олимпия захиралари коллежининг футбол бўлимида ишлаб турибман. Насиб қилса, янги йилдан кейин яна мураббийлик фаолиятимни бошлаб, клубларга ўзимни таклиф қиламан. Эх, олдимизда катта мақсадлар бор эди, аммо булар амалга ошмай қолди. Тўғри, мақсадга эриша олмаганимизда биз мураббийлар штабининг айби бор. Натижани эплай олмадик. Лекин жамоамиз ёмон ўйнамаганди. Биз кучли гуруҳдан жой олган бўлсак-да, ўз ўйинимиз билан ёмон фикрлар қолдирмагандик. Қўлимиздан келганича ҳаракат қилганмиз. Биздан кейин 1999 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоамиз Осиё чемпионати саралашида қатнашишди. Уларнинг гуруҳи бизникига қараганда бўш бўлса ҳам қитъа биринчилигига чиқа олишмади. Бу нима дегани? Охирги пайтларда юртимизда болалар футболининг савияси анча пастга тушиб кетди. Энг катта касаллигимиз шу жойда. Терма жамоа мураббийларининг  бир ойлаб ёки ҳафталаб ўтказадиган йиғинлари йўқ. Бирор мусобақага қисқа муддат ичида йигитларни техник ёки руҳий томондан ўзгартиришимиз қийин. Биз фақат уларга йўналиш берамиз ва тактикани ўргатадиган мураббиймиз. Ҳамма вилоятларда зўр ўйинчилар бор деб гапиришади. Лекин бир нарсани тан олиш керакки, уларнинг савияси билан терма жамоа футболчиларининг савияси ўртасидаги фарқ катта.

-    Бўлиб ўтган воқеалардан кейин ҳали ҳам сизда тушкунлик аломати бордек...
-    Тўғри. Менда бу жараён жуда оғир ўтяпти. Чунки ҳеч қачон бундай шароитга тушиб қолмагандим. Шу сабабли ҳам бўлиб ўтган ишлардан кейин жараён менда оғир кечяпти.

-    Сизни терма жамоадан истеъфога чиқаришган пайтда ЎФФ президенти Умид Аҳмаджоновнинг кескин танқидларини эшитдик ва термага жалб қилинган футболчилар асосан “Бунёдкор” ҳамда “Пахтакор” тарбияланувчилари эканлигини айтиб, бу борада жиддий суриштирув ишларини олиб борилиши ҳақида айтганди. Шундан кейин нималар бўлди?
-    Йўқ, бундай ишлар бўлмади. Доим терма жамоага ўйинчиларни жалб қилган пайтимизда ЎФФга албатта ўша рўйхатни тақдим этамиз. Масалан, терма жамоамизга “Бунёдкор” академиясидан 11 нафар ўйинчини қабул қилган бўлсак, шундан 70 фоизи бошқа вилоятлардан келган футболчилар ҳисобланишади. Улар аслида ўз вилоятларида катта футболга қадам босишган ва кейинчалик “Бунёдкор” академиясига келишган болалар эди. “Пахтакор”даги ёшларнинг кўпчилиги ҳам шундай ҳолатда эди. Терма жамоамизда навоийлик, самарқандлик, сирдарёлик, бухоролик, жиззахлик, фарғоналик, наманганлик барча ўйинчилар бор. Шунчаки, улар “Бунёдкор” академиясида таҳсил олишади, боиси шароитлар ва имкониятлар яхши эди. Шунинг учун у ердан кўпроқ ўйинчиларни олгандик. Аммо аксарияти ўша ерга бошқа вилоятлардан келишган. Тошкентнинг ўзидан 2 ёки 3 та ўйинчиси бор эди холос. Боя айтганимдек, рўйхатни ЎФФга берганмиз, ўзлари айтганидек, текшириш бўлдими ёки бўлмадими, билмадим. Биз ҳамма вақт Тошкентда ёки хорижда йиғин ўтказиш учун ҳам кетаётган бўлсак, албатта федерацияга барча рўйхатни берамиз ва ўша рўйхатда футболчининг қайси клубданлиги, қайси вилоятда туғилганлиги, умуман барча маълумотлари бўлади. Менимча, раҳбарият шуларни ўрганиб чиққан бўлса керак. Лекин ўзимга бу борада ҳеч ким ҳеч нима дегани йўқ. Гап-сўз ҳам бўлмади.

“Менга тухмат қилаётганларнинг ўзига бу нарса қайтади”
-    Мураббий сифатида олдин терма жамоа билан Осиё чемпионига эришган ва жаҳон чемпионатида муносиб қатнашган пайтингизда ҳамма сизни осмонга олиб чиққанди. Лекин биргина муваффақиятсизликдан кейин бунинг акси кузатилди. Ҳаётда эса ҳамма нарса бўлиши яна бир бор сизнинг мисолингизда кўринди...
-    Терма жамоани бошқаришга киришган ҳеч бир мураббий ютқазаман деб ишламайди. Ҳамманинг олдида ўзига яраша мақсадлари бўлади. Айниқса, мураббийлар терма жамоа билан катта ютуқларга эришишни орзу қилишади. Лекин шу кунлар ҳам пешонамга ёзилган экан, терма жамоа билан ютқаздик. Энди бўлса мен ёмон мураббийга айланиб қолдим. Бу албатта мен учун жуда оғриқли вазият, аммо мени ёмонга чиқариб қўйишлари нотўғри.

-    Бўлиб ўтган ишлардан кейин мураббийлик тақдирингизга жиддий таъсир кўрсатишидан хавотирда эмасмисиз?
-    Менимча, бу албатта таъсир қилади, бусиз иложи йўқ. Аммо ишсиз қолмасман деб умид қиламан. Балки менга ҳам қаердандир чорлов бўлиб қолар. Бирор жойдан иш топилиб қолар, кўрамизда. Бир умр майдонда чанг ютиб мураббийлик қилганман. Бошқа қиладиган ишим йўқ. Мураббийликдан ташқари қандайдир касб билан шуғулланмайман. Мен ўз ҳаётимни фақат мураббийликка бағишлаганман. 25 йилдан бери шунинг ичидаман.

-    Ўша муваффақиятсизликдан кейин ЎФФнинг мутасадди раҳбарлари билан учрашиб гаплашдингизми?
-    Ҳа, гаплашдим. Раҳбарият билан мулоқот қилганмиз. Уларнинг айтаётган гапи – натижа кўрсата олмадик.

-    Сиз ҳам ҳаммасини таҳлил қилаётгандирсиз. Ҳар ҳолда турли гап-сўзлар ҳам пайдо бўлди. Айниқса, ЎФФ раҳбарининг сиз ҳақингиздаги танқидий фикрларидан кейин Дилшод Нуралиев терма жамоага футболчиларни жалб қилишда улардан маълум миқдорда пул олган, деган миш-мишларни ҳам эшитдик.
-    Қаранг-да, Осиё чемпиони бўлганимизда бундай гап-сўзлар бўлмаганди. Қоқилдингизми, энди бировга тухмат қилиш ва иғво гаплар кўп бўлади. Бунинг сабаби, терма жамоага қайсидир футболчиларни олмасангиз ўшаларнинг ота-оналари гап тарқатишади. Ўша ўйинчиларни бир-икки марта йиғинларга чақирасиз. Аммо бошқа вилоятдан ўша футболчидан кучлироқ бола чиқиб қолади. Мураббий эса доим энг яхшиларини таркибга йиғади. Натижада ўша ўйинчи таркибдан четда қолса ота-оналари мен пул берганим учун жамоага қўшаётганди, пул бермаганимдан сўнг таркибдан четга чиқариб қўйди, деган бўлмағур гап-сўзларни тарқатишади. Бундай ёшдаги жамоаларда шундай кўринишдаги гаплар мендан олдин ҳам бўлган ва кейин ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлаверади. Болалар футболида жуда ҳам иғво гаплар кўп. Агар кимнидир олсангиз, бойнинг боласи-да, шунинг учун жамоасига чақириб олди дейишади. Менимча, ҳаттоки аҳмоқ мураббий ҳам терма жамоага бировдан пул олиб футболчи чақирмайди. Мен қўлимдан келганича Республикамиздаги энг иқтидорли ёшларни йиғишга ҳаракат қилдим. Айни пайтда Ўзбекистондаги энг донгдор академия – бу “Бунёдкор”ники. Шу боис 11 нафар муносибини ўша ердан олдим. “Пахтакор”дан эса 5 та футболчини қўшиб олдим. Иккитаси фарғоналик, биттаси “Локомотив”дан, яна биттаси “Насаф” ва яна бир футболчини Тошкент шаҳридаги 16-футбол мактабидан олдим. Ҳа, мен ҳам сиз айтган бўлмағур гап-сўзлар ҳақида эшитдим. Биласизми, мураббий учун бундай тухмат гапларни эшитиш ниҳоятда оғир. Шунчалик меҳнат қилиб ютуқларга эришган пайтларимизда, Акмал Шораҳмедов, Виталий Денисов, Санжар Турсунов, Фарҳод Тожиев, Марат Бикмаев каби футболчиларни катта қилиб вояга етказганимизда яхши мураббий эдик. Бир марта қоқилганимизда эса бу каби ёқимсиз гапларни эшитиш ва уни хазм қилиш оғир. Буни ким айтаётган бўлса ҳам қип-қизил тухмат. Вақти келиб, ўша тухмат қилган инсонларнинг оиласига бу нарса “уради”. Ишонаман, Худо барчасини жой-жойига солиб қўяди. Мен ўзимга 100 фоиз ишонаман. Терма жамоага ҳеч қачон бировдан пул олиб унинг боласи олиб кетилмайди. Юқорида айтдим-ку, аҳмоқ мураббий ҳам бу ишни қилмайди.

“Мени таниган ва билганлар қандай мураббийлигимни билишади”
-    Сиз мураббийлик ҳаётингизда ширин ва аччиқ кунларни ҳам кўряпсиз. Айтинг-чи, футболимизда адолат бор деб ўйлайсизми?
-    Ким билади? Адолат борми-йўқми билмадим-у, сизга фақат бир нарсани айта оламан: терма жамоалар ва “Пахтакор”да юрагимдан чиқариб ишлаганман. Қўл остимдаги бола моҳир футболчи, яхши инсон бўлсин, келажакда ота-онаси фарзандининг роҳатини кўрсин, деган мақсад билан ишлаганман. Буни биров билади ёки билмайди. Бунга энг яхши жавоб – менинг қўл остимда тарбия кўрган футболчилардан сўраш керак. Ёд одамлардан ёки ота-оналардан бўлмағур гапларни эшитиб хулоса чиқариш нотўғри.

-    Ҳаёт шундайки, агар инсон ютуқларга эришиб, ҳурмат эътибори ортиб борса унинг атрофида танимаган дўстлари ҳам кўпайиб қолади. Мабодо, бошига ташвиш тушиб ўзи учун қора кунлар келса ўша яқинлари ўз-ўзидан йўқолиб қолишади. Сизнинг мисолингизда оладиган бўлсак, ҳозирги вазиятда кимдир сизга далда бўляптими ёки атрофингиздаги инсонлар “қочиб кетишдими”?
-    Йўқ, қочишмади. Футбол ичида ишлаётган одамлар менинг қандайлигимни ва қай тартибда ишлашимни яхши билишади. Ана шундай инсонлар ҳар доим ёнимда ва менга далда беришяпти. Шунчаки, федерацияга янги раҳбарият келди ва менинг муваффақиятсизлигим шу жараёнга тўғри келиб қолди. Аммо ҳали ҳаммаси яхши бўлиб кетишига ишонаман. Раҳбарият ҳам мен ҳақимда сўраб-суриштирар. Барибир яхши ният қиламан ва ҳаммаси ижобий томонга ўзгаришидан умидворман. Ҳаммасини вақт кўрсатади.

-    Ҳа, барчасига вақт олий ҳакам...
-    Тўппа-тўғри! Худони ўзи чевар. У ҳаммасини тўғрилаб қўяди.


-    Шу ўринда футболимизда юз бераётган ўзгаришлар ҳақида нимадир дея оласизми?
-    Катта ўзгаришлар бўляпти. Ёш болаларга янада яхшироқ шароитлар яратиб берилса, асосий ютуқ шу бўлади. Бу миллий терма жамоанинг ҳам ютуғига айланади. Асосан пойдеворни мустаҳкам қилиш керак. Ёшларга эътиборни тубдан ошириб, мураббийларнинг малакасини ўстириш учун ўқитиш керак. Албатта, савиямизни кучайтиришимиз лозим. Анчадан бери мураббийлар хорижга чиқиб ўз устида ишлашмаяпти. Олдин биз хорижга кўп борардик ва ўқиб ўрганардик. Ҳозирда футбол бир жойда турмаяпти, янгиликлар ва ўзгаришлар кун сайин содир бўляпти. Болалар футболига тўғри шароит яратилса ва мураббийлар хорижда малакаларини оширишса вазият яхши томонга ўзгаради.

-    Демак, биздаги энг оғриқли нуқта – бу болалар футболи билан боғлиқ, шундайми?
-    Ҳа, шундай. Шу билан бирга олий лигамизнинг ҳам савиясини ошириш долзарб мавзу. Масалан, Фарҳод Тожиев, Садриддин Абдуллаев ва яна бошқа ўйинчиларни 16 ёшида “Пахтакор”га берганман. Ана энди футболчиларнинг ривожланишини давом эттириш клубдаги мураббийларнинг иши.

-    Ҳар ҳолда олдинлари ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатларида иштирок этиб келишаётганди. Аммо охирги йилларда бу анаъана тўхтаб қолди. Демак, бизда болалар футболига эътибор тўхтаб қолгандек...
-    Тўғри. Тожикистон кичкина давлат, қанақасига Осиё чемпионатига чиқишади дейишади. Аммо ҳамма жойда бугунги кунда болалар футболига катта аҳамият қаратиляпти. Шароитлар яхшиланяпти. Менимча, ёшлар футболида муваффақиятларга эришган пайтимизда ўз устимизда ишлашимиз тўхтаб қолди ва шу жумладан мен ҳам. Вақти ўтиб шароитларимиз ҳам талаб даражасида бўлмай қолди деб ўйлайман. Бешта жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олмади, ҳаттоки, Осиё чемпионатларига ҳам чиқа олмай қолдик. Бу болаларимиз учун катта йўқотиш.

“Ёнингиздаги одам бойим кетса, буни кўра олмаймиз”
-    Шунингдек, болалар футболида ишлаётган мураббийлар учун тўланаётган ойлик маошлари ҳам етарли бўлмагани ҳам муваффақиятсизлигимизнинг сабабларидан бирими?
-    Бошқа вилоятларда мураббийларга қанақа тўланишини билмайман. Лекин шуни биламанки, Тошкентда ва вилоятларда пуллик гуруҳлар кўпайиб кетди. Бу ҳам футболнинг ривожланишига таъсир қилади. Бир мураббийнинг 50-60 нафар бола билан ишлаши ҳам нотўғри. Бундай пайтда барибир мураббийнинг ҳаёли чалғиб қолади. Мураббий ҳеч бўлмаганда 20 ёки 24 та болани шуғуллантириши керак. Тўғри, ўша устозларни ҳам тушунса бўлади. Ўзингиз айтганингиздек, ойлик маоши кам, улар ҳам оиласини боқиши керак. Шунинг учун қўшимча маблағ ишлаб топиш мақсадида иккинчи-учинчи жамоаларни ҳам бошқаришяпти. Бу билан болаларга ўргатиш савияси ҳам пасаяди. Ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ. Илгари биз ишлаган пайтда пуллик гуруҳлар бўлмаган. 3-4 та жамоаларимиз ҳам йўқ эди, Аҳмаджон ака Мусаев билан фақат битта жамоани шуғуллантирардик. Кўз тегмасин, ўша пайтда қўл остимизда ўйнаган йигитларнинг 70-80 фоизи миллий терма жамоа савиясигача чиқишди.

-    Дарвоқе, бир нарса ёдимга тушди. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимизнинг муваффақиятли онлари сиз каби мураббийлар билан боғлиқ эди. Яъни, Аҳмаджон Мусаев, Аҳмаджон Убайдуллаев, Алексей Евстафеев...Умуман, жаҳон чемпионатларида қатнашган термаларимизга шундай мутахассисларимиз бош бўлишган. Аммо вақт ўтган сари улар қолмаяпти ва охири бўлиб сиз ҳам ишдан четлатилдингиз. Бизга натижа келтириб, фойда берган мураббийларимиз ҳозир қаерда?
-    Бир нарсани айтаман, фақат тўғри ёзинг: бизда кимдир яхшироқ натижа кўрсатса, ён-атрофидагилар уни кўра олмасдан ковлашни бошлашади. Менимча, ҳаммаси шундан. Мисол учун олдингизда юрган инсон бойиб кетяпти. Шундай одамлар борки, ўша ривожланаётганини кўра олмайди-да, нега бойиб кетяпти деб ўшанинг айбларини қидиришни, ковлашни бошлайди. Яъни, уни кўра олмайди. Мураббийларда ҳам шунақа. Гап-сўзлар кўпайиб кетганидан футболни ҳам йиғиштириб қўйишади. Масалан, шу сабабли Евстафеев Россияга кетиб юборди. Аҳмаджон ака Мусаев эса умуман ишламайдиган бўлди.

-    Мана шундай  фойда берадиган кадрларни йўқотмаяпмизми?
-    Ҳа, йўқотяпмиз. Бу футболимиз раҳбариятига айтиладиган масалалардир.


ФИРДАВСХОН  

Рейтинг: +24   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика