RU

Последние новости

00:57Энцо Мареска: "95-дақиқада гол ўтказиб юбориш ёқимсиз"  0 00:28АПЛ. Бруну қизил олган, Онана бурчакдан гол ўтказиб юборган учрашувда МЮ "бўрилар"га мағлуб бўлди  17 00:04АПЛ. "Ливерпуль" - "Лестер". Асосий таркиблар маълум!  4 23:52"Барселона"нинг ёздаги илк трансфери ким бўлади?  3 23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  3 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  4 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  12 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  29 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  28 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  9 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  32 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33

Денис Иванков: "Санжар Қувватов мен билан ишлаган дарвозабонлар орасида энг профессионали" Новости

Денис Иванков: "Санжар Қувватов мен билан ишлаган дарвозабонлар орасида энг профессионали"

“Насаф” футбол клубида дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаб келаётган Денис Иванков жуда талабчан ҳамда меҳнаткаш мураббийлар сирасига киради.

Уни кўпчилик юртимизда ўз соҳаси бўйича энг кучли мураббийлардан бири деб ҳисоблайди. Денис Иванков интервью давомида муваффақиятлари сири, иш олиб бориш услуби ҳақида гапириб берди ҳамда ўзи билан ишлаган дарвозабонларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, футбол мактабларида ёш дарвозабонларни етиштириш борасида алоҳида ишлаш кераклигини уқтирди.

- Келинг, дастлаб мавсум якунлари ҳақида гаплашсак. “Насаф” чемпионатни иккинчи ўринда тугатди, кумуш медалларга сазовор бўлди. Шогирдингиз Элдор Суюнов иккинчи давра арафасида “Пахтакор”га ўтди. Унинг ўрнини “Насаф”да ёш дарвозабон Умид Эргашев эгаллади. Умуман шулар ҳақида...
- “Насаф”да беш йилдан бери ишлаб келаётган бўлсам, охирги мавсум қизиқарли воқеаларга бой бўлди. Айтиб ўтганигиздек, олий лигани иккинчи ўринда тугатдик. Қолаверса, “Насаф” энг кам гол ўтказган жамоалардан бири бўлди. Шундай бўлдики, иккинчи даврада 12та учрашувда ғалаба қозонган бўлсак, шундан ўн биттасида ўз дарвозамиздан тўп ўтказмадик. Бу биринчи навбатда жамоадаги барчанинг хизмати туфайлидир.

Ҳеч ким майдонда бир ўзи жангчи бўла олмайди. Дарвозабонга ҳимоячилар, ҳимоячиларга эса дарвозабон ёрдам бериб туради. Қолаверса, эришилган ютуқларда бош мураббийимизнинг ҳам қўшган ҳиссаси беқиёс. Бежизга Рўзиқул Бердиев 2017 йилнинг “Энг яхши мураббийи” деб топилгани йўқ. Биз мураббийлар эса ўз ишимизни янада яхши бажаришга ҳаракат қилдик. Албатта, Элдор Суюнов кетгунига қадар биринчи рақамли дарвозабон эди, лекин Санжар Қувватов унга етарли даражада рақобат кўрсатиб келаётганди.

Суюнов кетгач, Санжар ўзини янада ишончли ҳис қила бошлади ва 11 ўйинда гол ўтказмади. Мана энди яна бир ёш дарвозабон етишиб чиқмоқда, бу - Умиджон Эргашев. У асосий таркиб билан деярли икки ярим йилдан бери ишлаб келяпти ва ҳаракатлари чакки эмас. Унинг келажаги бор деб ўйлайман, ҳарҳолда ҳаракат қиляпти, ўз ишига муносабати ҳам жойида. Ёшлар доим катталардан ўрнак олиб ишласа кам бўлмайди.

- “Насаф” бошқа клубларга нисбатан кам гол ўтказгани учун сизни, жамоа дарвозабонини клуб алоҳида тақдирладими?
- Яқиндагина бизда мавсум якунларига бағишланган банкет ташкил қилинди. Унда энг яхшиларни тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди. Масалан, Санжар Қувватов энг яхши дарвозабон деб топилди ва унга чиройли Кубок топширишди. Лекин менинг шартномамда бонусга оид алоҳида банд йўқ, аммо раҳбариятнинг чуқур миннатдорчилик билдиргани ҳам кишини хурсанд қилади.


- Ўз вақтида қўл остингизда Ўткир Юсупов, Алибек Туропов, Элдор Суюнов каби дарвозабонлар шуғулланарди. Лекин улар ҳозир жамоада эмас. Дарвозабонлар клубни тарк этганда уларнинг ўрнини тўлдириш қанчалик қийин бўлди?
- “Машъал”да ишлаганимда ҳам, ҳозир “Насаф”да ҳам дарвозабонлардан аввало битта нарсани сўраганман: бир-бирлари билан аҳил бўлишни. Аслида бутун жамоа бир оиладек бўлиши керак. Лекин мен ўзимни дарвозабонлар билан кичкина оила деб ҳисоблайман. Чунки бизнинг машғулотларимиз алоҳида. Бу - футбол, жамоага кимдир келади, кимдир кетади. Неча йилдан бери дарвозабонлар мураббийи бўлиб ишлаётган бўлсам, қайсидир дарвозабон кетганида биз оиладан кимнидир йўқотгандек бўлганмиз, аммо бу ҳеч қачон катта муаммо туғдирмаган.

Суюнов кетгач, Қувватов дарҳол унинг ўрнини эгаллади. Ва айтишим мумкин, у Элдорнинг ўрнини билдириб қўймади. Статистика ҳаммасини айтиб турибди: Суюнов 10та ўйинда 11та тўп ўтказиб юборган бўлса, Қувватов 20та ўйинда 7та гол ўтказди. Жамоада ҳар бир дарвозабоннинг ўз ўрни бўлади. Масалан, Қувватов қайсидир клубга ўтадиган бўлса, унинг ўрнини Эргашев эгаллайди.

- Олиб борадиган машғулотларингизни кузатиб деярли такрорланмас ҳолатларга дуч келамиз.
- Менда машқлар ўзгариши мумкин, лекин машғулотдан кўзланган мақсад ўзгармайди. Дарвозабонлар зерикиб қолмаслиги учун ҳар хил машқларни бериб бораман, бу уларнинг ўзига ҳам қизиқ туюлади. Албатта, ҳар бир мураббийнинг ўз дунёқараши ва иш услуби бор. Менда умуман ўзгармайдиган нарса бу - ўйиндан бир кун олдинги машғулот жараёни. Яъни фақат ўйиндан олдинги машғулотни бир хил тарзда ўтказаман. Лекин ҳафта давомидаги машқларни тез-тез янгилаб тураман.

- Ўйиндан олдин якуний машғулотда эътиборни кўпроқ нималарга қаратасиз?
- Айтайлик, эртага ўйин, демак дарвозабон бугундан ўзини яхши ҳис қилиши шарт. Бунинг учун эса мен кўпроқ улар хоҳлайдиган машқ турларини бераман, ўзим хоҳлаганимни эмас. Негаки дарвозабонлар ўйиндан олдин ўзларига ёққан машқларни бажаришни хуш кўришади. Агар дарвозабон ўйиндан олдинги машғулотда шу етади, бошқа ишламасам бўладими деса, мен бажонидил дейман ва шу заҳоти тўхтатаман, яъни уларнинг кўнглига қарайман.

Чунки ўйинга яқин қолган бир пайтда ҳар бир дарвозабоннинг руҳий ҳолатига жиддий эътибор бериш керак. Масалан, машғулот пайтида футболчилар дарвоза томон тўпни тепишади, агар Қувватов барча тўпларни ўтказиб юборса, бундан жаҳлим чиқади. Лекин Санжарнинг ўзи бунга хотиржам муносабатда бўлади. Хавотир олманг, ўйинда бунақа бўлмайди дейди. Суюновда эса акси эди. У ҳар бир ўтказиб юборилган голда асабий бўларди. Асабийлик унда ўйиндан олдин бошланарди. Мана бу томонлама Санжар Қувватов Элдорга нисбатан устун дея оламан. Шу боис дарвозабонлар учун энг муҳими ўйиндан бир кун олдинги ҳамда ўйин бошланишига бир соат қолганида ўтказиладиган чигалёзди машқларида чарчаб қолмаслик, кўп куч йўқотмаслик ва асабий бўлмаслик. Нима учун? Чунки дарвозабон ўйинга тайёр бўлмаса, кўп ҳолларда жамоа ютқазади.



- Машғулот ўтказиш тартибини қаерда ўргангансиз?
- Бунинг учун баъзи адабиётларга мурожаат қилганман, ўзим ҳам нимадир янгилик ўйлаб топишга ҳаракат қиламан. Лекин интернетга кириб бошқа дарвозабонларнинг машғулотини кўрмайман, кўрсам ҳам улардан ўрнак олмайман. Интернетга кириб Де Хеа, Буффон, Ван дер Сар, хуллас ҳамманинг машғулотидан лавҳалар топасиз. Бироқ мен улардан ёппасига кўчира олмайман. Чунки менинг қўл остимда Буффон ёки Ван дер Сар йўқ.

Улар жаҳон даражасидаги дарвозабонлар, биздагилар эса Ўзбекистон даражасида, шу боис машғулот ўтказиш тартиби ҳам фарқли бўлиши керак. Масалан, мен Нойер ва Куртуага бериладиган юкламани Санжар Қувватовга берсам, бола синиб қолади. Бундан кимга зарар? Албатта, ўзимизга. Бизда кўп клубларда дарвозабонлар асосан қандай қилиб дарвозабон бўлишга ўргатилади. Яъни, биз уларга таълим берамиз, тўғри сакрашни ўргатамиз, тўпни диагонал тепишни кўрсатамиз. Европада эса улар тайёр дарвозабон. Уларга нимадир ўргатиш шарт эмас.  

- Бизда кўпчилик футболчилар кунига бир-икки соат шуғулланади, кейин бекор юради дея нолийди. Бу борада дарвозабонлар билан ҳолат қандай?
- Мен ҳеч қачон кунига бир маҳал машғулот ўтказмайман. Мусобақа давом этаётган пайтда ҳам, мавсумга тайёргарлик жараёнида ҳам. Кўпинча бир кунда уч маҳал машғулот ўтказаман. Кимлардир айтиши мумкин, бу эскича метод, ҳеч ким фойдаланмаяпти деб, лекин бу менинг услубим ва ундан воз кечмайман. Мадомики бундай машғулот фойда бераётган экан, воз кечиб нима қиламан. Эрталабки машғулот менда бир соату 15 дақиқа давом этади. Бунда дарвозабонлар югуради, кейин эса реакцияга ишлашади. Машғулотни кўпинча теннис тўплари билан ўтказаман.

Баъзилар айтади: тезкорлик, тўпга сакраш устида кечки пайт ишласа ҳам бўлади-ку деб. Ҳа, бўлади, лекин мен учун реакция бўйича кундузи ишлашни маъқул кўраман, чунки кечки пайт дарвозабонлар шундоқ ҳам чарчаган бўлади ва бу нарса кўп фойда бермаслиги мумкин. Эрталаб эса мия ва организм тетик пайтида ҳам яхши ишлайсан, ҳам нима машқ бажарганинг эсда қолади. Иккинчи машғулот кундузги пайтга тўғри келади ва унда бутун жамоа билан майдонга чиқамиз. Бунда бош мураббий дарвозабонларга деярли тегмайди. Учинчиси эса кечки машғулот бўлади, бош мураббий баъзи тактик ҳаракатларни синаб кўриши мумкин ва дарвозабонлардан ҳам фойдаланади. Чемпионат давом этаётган пайтда ҳам қўл остимда шуғулланаётган дарвозабонлар эрталаб мен билан алоҳида машғулот ўтказиши шарт. Эътиборни кўпроқ тўп билан ўйнашга қаратишимиз мумкин. Чунки Ўзбекистонда 90 фоиз дарвозабонларда тўп билан оёқда ўйнаш муаммоси бор.


- Дарвозабон оёқда худди майдондаги футболчи каби тўп билан ўйнай олиши керак дейишади. Бу шунчалик зарурми?
- Албатта. Тўғри, дарвозабон тўп билан финт қилмайди, ундан энг яхши футболчилар бажарадиган трюкларни кутманг. Лекин дарвозабон тўпни тўхтатишни билиши, тўпни узата олиши, керак пайтда рақиб ҳужумчисини алдай олиши керак. Бундан ташқари, тўпни узоққа аниқ тепиш маҳорати ҳам зарур. Таваккал олдинга тепсанг, билгинки бу ўз дарвозанг томон қарши ҳужум билан тугайди. Шу боис дарвозабон кучли бўлиши учун оёқлари билан яхши ўйнай олиши шарт. Шунингдек, ҳаводан келаётган тўпларга вақтида ва тўғри чиқиш ҳам муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

- “Қўқон-1912” бош мураббийи Нўъмон Ҳасанов матбуот анжуманларидан бирида бизда ҳужумчилардан кўра кўпроқ дарвозабонлар муаммоси борлиги ҳақида гапирганди. Сиз бу фикрга қандай қарайсиз?
- Тўғри, бизда яхши дарвозабонлар жуда кам, ҳатто бармоқ билан санарли. Энг кучли дарвозабон Игнатий Нестеров деб оладиган бўлсак, у қайси клубда ўйнамасин, доим ўзининг энг яхши жиҳатлари билан ажралиб турган. Нестеров мана неча йиллардан бери юқори савиядаги дарвозабон ҳисобланади. Унга ўхшаган яхши дарвозабонлар етишиб чиқиши учун аввало футбол мактабларида ёш посбонларга катта эътибор бериш керак. Кўпинча олий лига клубларига ҳали тайёр бўлмаган дарвозабонни олиб келишади, начора улар билан алоҳида ишлашга тўғри келади.

- Агар тарози палласига қўядиган бўлсак, бизда дарвозабонлар кучлими ё ҳужумчилар кўпроқ тош босадими?
- Бизда яхши ҳужумчилар ҳам, яхши дарвозабонлар ҳам бор дея оламан. Билмадим, бу таққослаш қанчалик тўғри, лекин мен шуни айтишим мумкин, доим дарвозабонлар томонида бўламан.


- Маълумки, сиз машғулот жараёнида кўп машқларни видеога олиб ижтимоий тармоқдаги саҳифангизга юклаб борасиз. Сизда интернетга қўймайдиган сирли машғулотлар ҳам борми?
- Йўқ. Мен бемалол барча машғулотларимни ижтимоий тармоққа қўйишим мумкин ва бунинг сирли жойи йўқ. Нима учун? Чунки бошқалар ҳам кўрсин, фикр билдирсин дейман ва агар кимгадир маъқул келса бундан ўзим ҳам хурсанд бўламан.

- Машғулот ўтказиш дастурингиз қўл остингиздаги дарвозабонлар савиясига боғлиқми? Ёки ҳаммага бир хил юкламалар берасизми?
- Албатта, боғлиқ. Масалан, мен билан энди ишлашни бошлаган ёш дарвозабонга бирданига қийин машқ бериб уни зўриқтириб қўйишим мумкин. Шу боис ҳаммасини секин-аста бошлаган маъқул. Бунда машғулотдан кўра тушунтириш кўпроқ роль ўйнайди. Масалан, Элдор Суюнов, Санжар Қувватов ва Умид Эргашев мен тузган дастур орқали бемалол ишлай олишади. Аммо жамоага янги келадиганлар ундай эмас. Уларга вақт керак. Муаммо шундаки, кўпчилик ёш дарвозабонлар бирданига олий лигада ўйнаб кетишга тайёр эмас. Уларнинг футбол мактабларида жиддий ишламагани шундоқ кўриниб туради. Бу ўринда менинг ишим уларни олий лига даражасига тайёрлаб бориш.

- “Машъал” ва “Насаф”да сиз билан ишлаган дарвозабонлар орасида энг профессионали ким?
- Санжар Қувватов. Ҳеч шубҳасиз айта оламан, Қувватов ҳам ўзини тутиши, ҳам ишига бўлган ёндошуви сабаб мен билан ишлаган дарвозабонлар орасида энг кучлиси.
- Денис Александрович, мазмунли суҳбат учун раҳмат. Кейинги фаолиятингизда омад тилаб қоламиз.
- Сизларга ҳам катта раҳмат. Шу ўринда фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни кириб келган Янги йил билан табриклайман. Ҳамма соғ-омон бўлсин. Ўзбек футболи бу йил кўплаб ютуқларга эришишига тилакдошман.

Хайрулла Холиқов ва Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.

Рейтинг: +21   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика