Даврон Файзиев: "Жамоанинг мақсади ўзгармайди"
12 июл 2022 10:44
Новости
Даврон Файзиев: "Жамоанинг мақсади ўзгармайди"
- Даврон Орипович жамоага бош мураббий этиб тайинланганингиз билан табриклаймиз.
- Ассалому алайкум, табрик учун раҳмат. Жамоа раҳбариятининг қарорига кўра жамоага бош мураббий этиб тайинландим. Биласиз бунга қадар жамоадан Бахтиёр Ашурматовга ёрдам бериб келаётгандим. Бахтиёр Аъзамович жамоани тарк этгач, жамоани бошқариш вазифаси менга юклатилди. Жамоада ҳамма футболчилар ҳамда ходимлар билан шу кунга қадар бирга ишлаб келаётганимиз учун ишга киришиб кетишда муаммо бўлгани йўқ, худди аввалгидек ишлашда давом этяпмиз. Фарқи шуки бундан буёғига катта маъсулият бўйнимизда ва жамоанинг натижаларига бевосита жавоб бераман. Тўғри ҳозирги вазиятда турнир жадвалидаги холатимиз кўнгилдагидек эмас. Лекин ҳали барчаси ўз қўлимизда, вазиятни ўнглаш имконимиз бор, демак бундан буёғига бўш келмасдан астойдил ишлашимиз керак бўлади.
- Жамоа раҳбарияти сизга қандай мақсад ва вазифаларни юклади ?
- Жамоамизнинг йил бошидаги мақсади ўзгармайди. Чиройли футбол кўрсатиб мухлисларимизни хурсанд қилиш. Албатта турнир жадвалида ўтган йилгидан кўра юқори бўлган ўринни эгаллаш. Ички имкониятларимиздан тўғри фойдаланган ҳолда аста-секин жамоани ёшартириш. Келгусида мавсумга бу йилдан тайёргарлик кўриб борган ҳолда, кейинги йилда олдимизга юқори мақсадларни қўйиш йўлида иш олиб борамиз.
- Жамоа мураббийлар штабида ҳамда футболчилар таркибида қандай ўзгаришлар бўлади?
- Мураббийлар штабида ҳозирча Хислат Чилматов ҳамда Исломжон Мусулмоновлар ёрдам бериб туришибди. Штабимизни маҳаллий мураббийлар ҳисобига тўлдириш мақсадимиз бор. Муҳсин Низомиддинов ҳамда Азиз Тўхтабоевларни асосий таркибга жалб қилмоқчимиз.
Футболчиларга тўхталадиган бўлсам, албатта ўзгаришлар бўлади, лекин у қадар катта эмас. Чунки регламентга биноан бор йўғи 5 та футболчини таркибга жалб этиш имкониятига эгамиз. Энг биринчи навбатда ҳужум чизиғини кучайтиришимиз лозим. Ҳозирги кунда икки нафар ҳужумчи жамоа машғулотларига жалб қилинган, биттаси мухлисларимизга яхши таниш бўлган Шоҳназар Норбеков ҳамда бир нафар нигериялик легионер ҳужумчи Лонгжи Сонг ни машғулотларга жалб қилдик. Тошкентдаги йиғин давомида бу ҳужумчиларни таркибда қолиш қолмаслиги ҳақида сўнгги қарорга келамиз. Жароҳати сабаб 1-даврани ўтказиб юборган ҳужумчимиз Хамиддило Абдухамидов ҳам машғулотларга қўшилган. Ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиғимизга ҳам янги футболчилар жалб қилиш режамизда бор , селекция ишлари давом этмоқда.
- 2-даврага тайёргарлик режаси ҳақида гапириб берсангиз
- Иккинчи даврага тайёргарликни 10 июль кунидан бошлаганмиз. 23 июлга қадар Дўрмон посёлкасида машғулотларни олиб борамиз. Бу йиғин давомида иккита назорат учрашуви ўтказишни режа қилганмиз. Дастлабкиси Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасига қарши, 18 июль куни ўтказилади. Йиғин сўнггида эса яна бир назорат учрашувини ўтказамиз ва футболчиларга қисқа муддатли ҳордиқ берамиз. Ундан сўнг Қўқон шаҳридаги қароргоҳимизда тўпланиб , иккинчи давранинг биринчи тури доирасидаги “Нефтчи”га қарши “дерби”га ҳозирлик кўрамиз. Қўқондаги йиғин давомида ҳам битта ўртоқлик ўйини ташкил қилиш режамизда бор ва бу ўйинни ташкил этиш учун мутахассисларимиз иш олиб боришмоқда.
Комментарии