Бу мақолани ўқисангиз Де Брюйнега ҳурматингиз яна бир неча карра ошади!
03 июл 2021 17:56
Новости
Бу мақолани ўқисангиз Де Брюйнега ҳурматингиз яна бир неча карра ошади!
"Сўнгги беш ҳафта мен учун жуда кутилмаган бўлди. Аввал бошида Чемпионлар лигаси финалида жароҳат олдим, кейин Португалияга қарши баҳсда яна жароҳат... Шифокорларга раҳмат айтишим керак, улар сабаб яна майдонга қайтдим, мўжиза юз берди. Тўпиғимдан жиддий жароҳат олгандим – пайларим узилганди. Лекин ич-ичимдан терма жамоам учун ўйнашим кераклигини ҳис қилардим. Кўпроғига эришолмаганимиздан афсусдаман".
Мантиқсиз туюлади. Лекин бу сўзлар Еврода Кевин билан нима содир бўлганини тушунишга ёрдам бериши мумкин. Келинг, аввалидан бошлаймиз.
• 29 май куни Чемпионлар лигаси финалидаги "Челси"га қарши баҳс давомида Де Брюйне бурун суяги ва чап кўзидан зарба қабул қилиб олди. Бу унинг Европа чемпионатига тайёргарлигига ҳам жиддий таъсир қилмай қолмади: футболчилар машғулот базасига 1 июндан бошлаб йиғилишган бўлса, Кевин терма жамоага 7 июнда етиб келди. Умумий машғулотларга қўшилмай, алоҳида шуғулланиб, тикланишни давом эттирди. Ҳатто Россияга қарши ўйинга учишга руҳсат беришмади: футболчининг организми самолётдаги босимга тескари реакция кўрсатиши мумкин эди, бу эса тикланишни янада секинлатарди. Бир ҳафтадан кейингина Де Брюйне умумий машғулотларга қўшила олди.
• Уч кунлик мукаммал бўлмаган тайёргарликдан сўнг Кевин яна майдонга қайтди: Данияга қарши кечган мураккаб ўйиннинг иккинчи бўлимида Роберто Мартинес Де Брюйнени ўйинга ташлади ва у ўз голи ва ассисти эвазига воқеалар суратини ўзгартириб юборди.
• Яна бир муҳим фактор: Кевин майдонда ҳимоя ниқобисиз ҳаракатланди – соғлиқ учун катта ва жиддий таваккал, аммо ўйинда футболчига катта плюс. "Ниқоб Де Брюйнега ҳалақит беради, деб ўйладик. Аҳир у доим майдоннинг ҳар бир нуқтасини кузатишга одатланган – бу Кевин ўйнининг муҳим жиҳатларидан бири", – дейди унинг отаси.
Энди Данияга қарши ўйинда нима бўлганини кўрайлик:
Торган Азарга узатган пассидан олдин Де Брюйне 8 секунд ичида камида 10 маротаба турли томонларга қаради: беш марта – тўпга, беш марта – шеригига. Кевиндан бу ҳақида сўрашганида у шунчаки кулди ва "Ҳа тўғри, мен ҳам нотўғри қарорлар чиқариб тураман. Шунчаки майдондаги футболчилар жойлашуви ҳақида кўпроқ билиб олишни ва шерикларимнинг фикрини ўқишни хоҳлагандим. Мен бошқача услубга ўрганиб қолганман. "Сити"да Стерлинг бўш ҳудуд излайди, бу ерда эса тўпни Эден Азарнинг оёғига ташлаш керак, чунки у шуни маъқул кўради".
• Де Брюйне Дания дарвозасига урган голини нишонламади. "Эриксен билан бўлган воқеа фонида бу нотўғри бўлар эди", – деб қарорини изоҳлади.
• Данияга қарши ўйиндан сўнг футболчи ҳали жароҳатдан тўлиқ фориғ бўлмаганини, бу ярим йил вақт олишини айтди: "Юзимнинг чап томонини деярли сезмаяпман. Ўзимни ҳудди стоматолог қабулидагидек ҳис қиляпман. Жаҳлимни чиқаргани – тикланиш олти ойга чўзилиши мумкин экан. Бу жуда ноқулай, аммо энг муҳими – мен ўйнай оламан. Тўғри, баъзида ҳаводаги курашларда қатнашишдан қўрқяпман. Сўнгги икки ой мобайнида кичик травмаларни бошдан ўтказдим, шу учун бу борада бироз танаффус қилишим керак. Лекин максимал равишда ҳаракат қилиб, тезроқ сафга қайтишга ҳаракат қиламан. Мураббий билан келишиб олгандик: Данияга қарши ўйинда майдонга иккинчи бўлимда тушаман, уёғига шароит тақозо этганча қарор чиқарамиз. 90 дақиқа ҳаракатланишга тайёрманми? Ҳозирча билмайман".
• Тайёр бўлиб чиқди. Финландияга қарши ўйинда тўлиқ ҳаракат қилди ва Лукакуга голли узатма амалга оширди. Бор-йўғи уч бўлим мобайнида майдонда ўйнаган бўлса ҳам, голли вазиятлар яратиш бўйича мусобақа етакчисига айланиб олди (9). Португалияга қарши ўйиннинг ярмини ўтказиб юборганига қарамай, чоракфинал босқичида ҳам етакчиликни сақлаб тура олди (13).
"Агар Де Брюйнени бир сўз билан тасвирлаб бериш керак бўлса, бу сўз, албатта, "сифат" бўлади. У ҳар бир ҳаракатни сифатли бажаради", – фикр билдирди Тоби Алдервейрелд юқоридаги статистикага муносабат билдираркан.
• Португалия билан ўйинда нима юз берганини ҳамма кўрди. Пальиньянинг подкати, заҳирага олиниш, машғулотларсиз бир неча кун – шу билан бирга Кевин кунига уч маҳал физиотерапевт ҳузурига қатнади.
"Ўйнай оладими ёки йўқ, буни билиш учун охирги дақиқагача кутамиз. Ҳозир бирнима дейишга эрта", – деди Роберто Мартинес Италияга карши ўйин бошланишидан бир кун олдин.
"Эҳтимол, тўпиғини боғлаб ўйнай олади. Агар вазият кескинлашса, укол қабул қилиши мумкин. Ҳавф кўп эмас, аммо оғриқ қайталаниши мумкин", – таъкидлади белгиялик шифокорлардан бири.
• Кевин Италияга қарши 90 дақиқа ўйнади, аммо Бельгияни қутқаролмади (1:2). Ўйиндан сўнг Италия номига илиқ фикрлар билдирди: "Юқори даражадаги жамоа билан ўйнадик. Рақиблар биринчи бўлимда биздан яхшироқ ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда эса биз кўпроқ вазиятлар яратгандик, аммо ҳисобни тенглаштириш қўлимиздан келмади".
Умуман олганда, Бельгия терма жамоаси штабидагилар ва Де Брюйненинг ўзи ҳам мавжуд юзага келиши мумкин бўлган ҳавфларни олдиндан билиб турганлар – катта эҳтимол билан, футболчининг майдонга тушиши мураббий, шифокорлар ва футболчи ўртасида келишиб, ҳал қилинган қарор. Агар бирор оғриқ ёки ҳавф туғилганида, Кевин ўша заҳотиёқ алмаштирилган бўларди.
Де Брюйне Бельгия терма жамоаси учун жуда муҳим футболчи экани шу жойда сезилди.
Абдуқаҳҳор Қосимов таржимаси
Комментарии