Бизга "Юлдузлар фабрикаси" ярашади
23 янв 11:09
Новости
Бизга "Юлдузлар фабрикаси" ярашади
Ўзбек ўғлони Франциянинг ўртамиёна жамоасидан Англиянинг катта клубига шунчаки эркин агент ёки ижара асосида ўтгани йўқ, балки катта миқдордаги пул эвазига трансфер қилинди. Яқин йилларда ўзбек футболчисини Европанинг қайсидир клуби сотиб олишини тасаввур қила олмасдик. Балки Элдор Шомуродов ўз пайтида шунга яқин келгандир, аммо Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери чинакам "бомба" бўлди. Бу ҳақда ҳамма гапирди ва ёзди. Ҳатто машҳур инсайдер Фабрицио Романони ҳам ушбу ўтиш берфарқ қолдирмади, у бир нечта пост жойлади.
Бугунги мақоламизда Абдуқодир Ҳусановнинг "Манчестер Сити"га йўл олиши орқали бир масалага тўхталмоқчимиз. Эътибор беринг, Ҳусанов Суперлига тугул, ҳатто U-21, U-19 чемпионатларида порламай, фақат четда ўзини кўрсатиб шу даражага эришди. Уни ўз пайтида "Бунёдкор" ўринбосарлари сафига олишмагани ҳақида гапиришяпти. Балки ўша пайт мураббийларга тўғри келмагандир. Ва бу ўринда Ҳусановнинг энг катта ютуғи имкон борида четга чиқиб кетгани. Агар у ўзимизда қолганида ҳозирги даражага чиқмасди. Эҳтимол Суперлиганинг ўртамиёна футболчиси бўлиб юрармиди.
Абдуқодирнинг Беларусь футболига йўл олиши фаолиятида кескин бурилиш юзага келишига сабаб бўлди. Кўриниб турибдики, у ерда ёшларга эътибор бошқа. Ёшларни қадрлашади. Ёшларга мотивация бера оладиган, уларни тўғри йўлга йўналтира биладиган мураббийлар "Энергетик-БГУ"да бор экан. Ҳозирги ёшлар бошқача, уришиб сўксангиз баттар эзилади. Уларга мотивация керак. Шундагина тоғни талқон қиладиган йигитлар етишиб чиқади.
Абдуқодир Ҳусановнинг трансфери Ўзбекистондаги барча клубларга ўрнак бўлиши, ёш футболчиларга мотивация бериши керак. Биз бу орқали ҳамма ёшлар ёппасига Европага йўл олсин, уларнинг бахти ўша ерда очилади демоқчи эмасмиз. Уларни ўзимизда ҳам етук қилиб тарбияласа бўлади. Қолаверса, Ҳусанов "Сити"га ўтганидан кейин Европанинг ўзбек футболига эътибори ортади, энди улар биз томон бўй чўза бошлайди. Бошқа иқтидорлар ҳам бормикин деб скаутлар ишга киришади. Биз эса уларни кутиб олишга, керак бўлса ўз маҳсулотимизни кўрсатишга тайёр туришимиз лозим.
Бу қандай бўлади? Клублар ҳадеб асосий таркибга урғуни беравермасдан бундоқ ўзининг ёшларига ҳам кўз қирини ташлаб қўяди. Бугунги ёшлар - келажак. Ўз пайтида "Аякс"ни "Юлдузлар фабрикаси" дейишарди, чунки клуб жуда кўплаб футболчиларни етказиб берар, "Аякс" тарбияланувчилари Европа бўйлаб сочилиб кетарди. Биз бутун ўзбек футболи "Аякс" бўлишини хоҳлаймиз.
Ишонинг, миллиардлаб пул сарфлаб чемпион бўлиш ҳеч нима бермайди. Тўғри, спорт бу - кураш, чемпионат ўтказишдан мақсад ғолибни аниқлаш, бунга қаршилигимиз йўқ. Лекин чемпион бўлиш учун 100 миллиардлаб пул кетказиш нотўғри деб ўйлаймиз. Ўзбекистон чемпионати 100 миллиарддан воз кечиб чемпиона бўлса арзийдиган даражага ҳали чиққани йўқ. Чунки бу ерда сарф бор-у, фойда йўқ. Майли, 100 миллиард кеткизяпти ҳам дейлик, лекин якунда қайси футболчи четга чиқяпти? Ким ҳеч бўлмаганда 10 миллиардга сотиляпти? Ҳеч ким.
Пулни тўғри тақсимлаш, пулдан тўғри фойдаланиш давр талаби бўлиб қолди. Оддий одамлар пул топиш учун қанчалик машаққат чекаётганини унутмайлик. Футбол эса оддий ҳаётдан ажралиб чиққан соҳа эмас. Футбол ҳам шу ҳаётнинг, жамиятнинг бир бўлаги. Ҳомий менга фалон пул ажратди, энди боплаб ишлатаман дейиш футболга зиён келтириш билан баробар бўлади.
Биз қайси йўлни танлаймиз? Осиёда етакчи бўла олмаслигимиз аниқ. Саудия ва Қатар биздан анча ўзиб кетди. Қатар ўз чемпионатини "Юлдузлар Лигаси" деб атайди. Чунки уларда юлдузларни олиб келиш учун пул бор. Шунинг учун биз "Юлдузлар фабрикаси" бўла қолайлик. Бизда ҳар соҳада истеъдодли ёшлар кўп. Ўзбекистон турли йўналиш бўйича иқтидорларга бой мамлакат. Меҳнат қиламан, ўзимни кўрсатаман деган ёшлар кўп. Фақат шу ёшларни тўғри йўналтира билиш лозим, уларга мотивация бера оладиган зукко мураббийлар керак.
Бу борада клублар катта йўлни босиб ўтиши керак бўлади. Ҳадеб асосий жамоага урғу бермасдан бундоқ ёшларга, ўсмирларга, футбол мактаб тарбияланувчиларига кўз ташлаб қўйилса, балки қимматбаҳо гавҳар оёғингиз остидадир. Балки ҳеч ким уни пайқамаётган бўлиши мумкин. Бизга гавҳарни қидириб топа оладиган, уни ялтиллатиб Европага кўз-кўз қиладиган мураббийлар, скаутлар ва агентлар даркор. Лекин бу ўринда энг бирламчи иш мураббийлар чекига тушади. Чунки гавҳарни топадиган ҳам мураббий. Мураббий гавҳарни топиши учун унга ҳам эътибор, яхши даромад лозимки, у бошқа ишларини бир четга қўйиб, фақат гавҳар қидириш билан машғул бўлсин.
Ўзбекистонда ҳар қанақасига ёшларга бирданига катта пул берилишига қаршимиз. Чунки катта пулни кўрган ёшлар тез бузилади, бу орқали қанчадан қанча ёшларни йўқотдик. ЎФА профессионал футболчилар маошида қандайдир лимит белгилаши керак. Кўпроқ пул топишни хоҳлайсанми, марҳамат четга кет. Бу иш билан ПФЛ шуғуллана олмайди, чунки ПФЛнинг вазифаси мусобақа ташкил қилиш, ўтказиш ва ғолибларни аниқлаш. Ўзбек футболининг бугуни ва эртаси ЎФА қўлида. Ўз пайтида Хитой футбол уюшмаси футболчиларга катта пул тўлашни тўхатиб миллий футболини сақлаб қолганди. Йўқса катта компаниялар банкрот бўлиши мумкин эди. Биз ҳам нимадир қилмасак, тез орада "Металлург" куни бошқалар бошига тушиб қолиши мумкин.
Мақола якунида айтмоқчи бўлганимиз, вақтинчалик совринлар кўп нарса бермайди. Биз ким ўзарга пул ишлатиб чемпион бўлиш даражасида эмасмиз. Биз кам харажат билан ҳам зўр футболчиларни етказиб бера оламиз. Фақат юқорида айтганимиздек, озгина эътиибор ва мотивация бўлса бас. Четда биз ҳақимизда гап борганда Ўзбекистон - "Юлдузлар фабрикаси" дейишларини истаймиз.
Х.Холиқов.
Комментарии
Биринчиладан болса керак чунки футболдаги корупцияни
ёкотмасак умрбод щундай яшаймиз