Биринчи лига. Бўлажак учрашувларда кимда имконият қандай?
17 апр 2016 07:45
Новости
Биринчи лига. Бўлажак учрашувларда кимда имконият қандай?
Энди 17-18 апрель кунлари қолган ўйинлар бўлиб ўтади. Хўш, бўлажак учрашувлар олдидан кимда имконият қандай? Қуйида шу ҳақда фикр юритамиз.
“Косонсой” – “Ёзёвон-Лочинлари”. Имкониятлар 60х40
Косонсойликлар чемпионатдаги дастлабки икки мағлубиятдан сўнг бу сафар ўз уйида мухлисларини қувонтириш учун астойдил харакат қилиши турган гап. “Ёзёвон-Лочинлари” ҳам имкон қадар сафардан қуруқ қўл билан қайтмасликка уриниши турган гап. Лекин мезбонларнинг ғалабага бўлган имконият юқоридек кўринмоқда. Боз устига ўтган йили ушбу жамоаларнинг Косонсойда кечган баҳсида Меҳмон Солихўжаев жамоаси 5:1 ҳисобида зафар қучган. Агарда Ёзёвонликлар бу сафар ғалаба билан қайтишса, у холда шубҳасиз турнинг сенсацион натижаси бўлиши аниқ.
“Хотира-79” – “Цементчи”. Имкониятлар 45х55
Мазкур учрашув қизиқарли ва шиддатга бой тарзда ўтиши кутилмоқда. Рустам Дўрмонов бошқарувидаги “Хотира-79” ўз уйида осонликча очко улашмасликка уриниши аниқ. Аммо “Цементчи” тажриба борасида рақибидан устунроқдек. Боз устига қувасойликлар айни дамда жуда яхши кайфиятда. Боиси чемпионатнинг икки турида ҳам ғалаба қозонган Абдумалик Ҳакимов шогирдлари шубҳасиз Уйчига ҳам уч очко олиш мақсадида бориши аниқ. Лекин ўтган йили “Хотира-79” ўз уйида қувасойликлар устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонганини ҳам айтиб ўтиш лозим.
“Зомин” – “УзДонгЖу”. Имкониятлар 50х50
Шубҳасиз турнинг марказий учрашувидир. Аввал хабар берганимиздек, ўйин Янгиердаги стадионда кечади. Шу боис ғалабага бўлган имкониятни тенг баҳоладик. Зоминликлар сафарда ўтган икки баҳсда 3 очко жамғарди. “УзДонгЖу” эса ҳозирча юз фоизлик натижа билан кетмоқда. Ёдингиздами, ўтган йили Зоминда кечган учрашувда мезбонларнинг 4:1 ҳисобида муваффақият қозонгани? Аммо бу йил ҳар икки жамоа таркибида ҳам ўзига яраша ўзгаришлар юз берди. Қолаверса учрашув ҳам бошқа стадионда ўтади. Кўрамиз бу сафар кимнинг кўчасида байрам бўларкин.
“Динамо” – “Норин”. Имкониятлар 60х40
Ўтган мавсум олий лига иштирокчиси бўлган “Динамо” жорий йил чемпионатда мухлислари кутганичалик старт олмади. Балки Илҳом Шарипов ўзи истаганчалик жамоа туза олмагандир. Аввалига “Цементчи”га имкониятни бой бериб, кейинчалик “Ёзёвон-Лочинлари” билан нурсиз дуранг қайд этган самарқандликлар таркибида ўз вақтида олий лигада харакат қилган футболчилар жамланган бўлсада, ҳамон улар бир-бирларини тушуниши қийин кечаётгандек гўё. Ўз вақтида “Динамо”да футболчи ва мураббий сифатида фаолият юритган Равшан Бозоров собиқ жамоасига қарши қандай тактика ишлаб чиққанини ўйин кўрсатиб беради.
“Машъал-2” – “Орол”. Имкониятлар 45х55
Мазкур учрашувда меҳмонларнинг ғалабага бўлган имкониятини юқорироқ баҳоладик. Боиси “Орол” ўтган турда йирик ҳисобда ғалаба қозонган ва уларнинг кайфияти юқори. “Машъал-2” футболчилари ҳам дастлабки ўйинда ёмон таассурот қолдирмади. Лекин нукусликлар тажриба борасида ҳам ютиб кетиши мумкин. Ўтган йили Муборакда кечган учрашувда “Орол” 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
“Насаф-2” – “Хоразм”. Имкониятлар 60х40
Қаршиликларга осон бўлмаслиги турган гап. Аммо уларнинг ғалабага бўлган имконияти юқори. Нурали Султонов шогирдлари ўтган турда “УзДонгЖу”га ҳам жиддий қаршилик кўрсатганди. Агарда бугун ҳам ўша ўйинни намойиш эта олишса, “Хоразм” мағлуб этилиши мумкин. Лекин урганчликлар ҳам сафардан камида бир очко билан қайтишга харакат қилиши аниқ. Ушбу жамоаларнинг ўтган мавсумда Қаршидаги тўқнашувида мезбонлар йирик – 4:0 ҳисобида зафар қучган.
18 апрель (душанба)
“Локомотив-БФК” – “Нурафшон”. Имкониятлар 50х50
Ушбу баҳс ҳам қизиқарли ўтиши кутилмоқда. Ўтган турда “Оқ-тепа”ни мағлуб этган “Локомотив-БФК” энди бу сафар яна бир фаворит билан тўқнаш келади. Воҳид Холбоев бошқарувидаги “темирйўлчилар”катта эхтимол билан ўз майдонида ютқазмайди. Чунки бу йил улар ўз таркибига олий лигада ўйнаган футболчиларни қўшиб олди. Шерзод Шарипов, Шавкат Раимқулов шулар жумласидандир. Аммо “Нурафшон” ҳам бу борада рақибидан сира қолишмайди. Қисқаси қизиқарли ва жангавор ўйин бўлади. Шуни айтиб ўтиш лозимки, ушбу жамоалар тарихда илк бор тўқнаш келмоқда.
“Оқ-тепа” – “Ғиждувон”. Имкониятлар 70х30
Эътибор беринг 3-турда “Оқ-тепа”нинг имкониятини бошқаларникига нисбатан бироз юқори баҳоладик. Чунки ҳақиқатдан ҳам мазкур учрашувда мезбонларнинг ғалабага бўлган имкониятини юқори. Таркибида етарлича тажрибали ўйинчиларга эга бўлган тошкентликлар катта эхтимол билан чемпионатдаги илк ғалабасини айнан “Ғиждувон” билан баҳсда қўлга киритади. Шерзод Сатторов бошқарувидаги ғиждувонликларни камситмоқчи эмасмиз. Вазиятга реал қарайдиган бўлсак, бу учрашувда мезбонларнинг имконияти юқори. Эхтимол меҳмон жамоа футболчилари ушбу таҳминларимизни йўққа чиқариш учун астойдил харакат қилиб, сенсация қайд этар. Албатта буни вақт кўрсатади. Айтиш керакки, ўтган йили “Оқ-тепа” ўз уйида “Ғиждувон” дарвозасига жавобсиз 7 (!)та тўп киритганди.
Исломбек Рустамбеков
Комментарии