Бир йилда 31та ўйин! Хулоса: Яман ва Индозенияни ютдик, Эрон ва Кореяга ютқаздик
26 фев 15:51
Новости


Бир йилда 31та ўйин! Хулоса: Яман ва Индозенияни ютдик, Эрон ва Кореяга ютқаздик
Ўйин бўйича умуман эътироз йўқ. Охиригача ҳаракат қилдик. Ғалаба учун боримизни бердик. Аммо иш пенальтиларга келганда руҳан кучли бўла олмадик. Кўпчилик пенальтилар сериясини "лотереялар баҳси" дейди, кимга омад кулиб боқса ўша томон ютади дейишади. Охирги пайтларда кўряпмизки, пенальтилар серияси - "асаблар жанги" бўлиб бормоқда. Руҳан устун жамоага кўпроқ омад кулиб боқяпти. Пенальтиларда ютиш осон эмас. Бу ҳам жамоанинг қанчалик бардошли ва асаби таранг эканини кўрсатиб беради.
ЎФА U-20 терма жамоамизга ҳамма шароитни қилиб берди. Йигитлар ўтган бир йил ичида жуда кўп ўйинларда майдонга тушишди. Бошқа ёшдаги жамоаларда ҳам шундай дея оламиз. Яхшиям, миллий жамоа фақат ФИФА кунларида йиғилади. Лекин кичик ёшдагиларга фарқи бўлмай қолди. Футболчи ўз клубидан кўра терма жамоада вақтини ўтказяпти, клубдан кўра терма жамоада кўпроқ ўйнаяпти. Бунинг натижасида терма жамоалар бамисоли клуб каби фаолият юритяпти.
Ўтган бир йил ичида Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг мусобақага тайёргарлик йўлида олиб борган ишларини таҳлил қилиб чиқдик. Ишонасизми, U-20 терма жамоамиз ўтган бир йилда 31та (!) ўйин ўтказибди. Шундан фақат 8таси расмий, қолган 23таси ўртоқлик мақомида кечган. Қойил қолса арзийди. Бир йилда 31та ўйин ўтказишни кўп клублар орзу қилса керак. Лекин терма жамоа буни уддалади.
Мана шу 8та расмий ўйиндан 4таси Осиё чемпионати саралаш баҳсларига тўғри келади. Қолган 4тасини Осиё чемпионатида ўйнадик: учта гуруҳ босқич ва битта чорак финал.
U-20 Осиё чемпионатида ғолиб чиқиш ёки бўлмаса, кучли тўртликка кириб Жаҳон чемпионатига бориш учун шу бир йил ичида нималар қилмадик дейсиз. Футболчиларнинг бормаган жойи қолмади: Индонезия - Хитой - Франция - Хитой Тайпейи - Аргентина - Уругвай - Қатар. Биз ҳатто Хитойдаги U-20 Осиё чемпионатига ўйинимиздан 18 кун олдин кетдик. Хитойга мослашайлик деб ўтган йил бу давлатга икки марта бориб келдик.
Якунда бу терма жамоа эмас, клубга ўхшаб қолди. Йиғин, машғулот, ўйинлар. Фарқи - буларнинг ўйини расмий мақомда эмас. Жаҳон чемпионатига чиқмаган бўлсак ҳам, Франция, Уругвай, Аргентина кабилар билан ўйнадик. Лекин буларнинг ҳеч бири ҳозир ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Булар эсдан чиқди-кетди. Ёдимизда фақат расмий ўйинлар қолади.
Келинг, шу ўринда 2024 йилнинг январь ойидан то 2025 йилнинг 23 февраль санасига қадар Ўзбекистон U-20 терма жамоасининг босиб ўтган йўли ва ўтказган ўйинларига тўхталиб ўтамиз.
20 январь. Тошкентда йиғин бошланди.
25 январь. Индонезияда йиғин бошланди.
28 январь. Индонезия. Ўртоқлик учрашуви. Таиланд - Ўзбекистон 1:1
30 январь. Индонезия. Ўртоқлик учрашуви. Индонезия - Ўзбекистон 2:3
20 март. Тошкентда йиғин бошланди.
26 март. Тошкент. Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон - "Олимпик" 2:2
29 май. Тошкентда йиғин бошланди.
4 июнь. Хитой. Халқаро турнир. Жанубий Корея - Ўзбекистон 1:1
8 июнь. Хитой. Халқаро турнир. Ўзбекистон - Хитой 0:0
10 июнь. Хитой. Халқаро турнир. Ўзбекистон - Вьетнам 2:1
5 июль. Тошкентда йиғин бошланди.
9 июль. Франция. Ўртоқлик учрашуви. Франция - Ўзбекистон 3:0
12 июль. Франция. Ўртоқлик учрашуви. Франция - Ўзбекистон 1:1
4 сентябрь. Хитой. Халқаро турнир. Малайзия - Ўзбекистон 0:2
7 сентябрь. Хитой. Халқаро турнир. Ўзбекистон - Вьетнам 2:0
10 сентябрь. Хитой. Халқаро турнир. Хитой - Ўзбекистон 0:0
23 сентябрь. Хитой Тайпейи. U-20 Осиё чемпионати саралаш. Камбоджа - Ўзбекистон 0:7
25 сентябрь. Хитой Тайпейи. U-20 Осиё чемпионати саралаш. Ўзбекистон - Непал 6:0
27 сентябрь. Хитой Тайпейи. U-20 Осиё чемпионати саралаш. Хитой Тайпейи - Ўзбекистон 1:3
29 сентябрь. Хитой Тайпейи. U-20 Осиё чемпионати саралаш. Ўзбекистон - Баҳрайн 5:0
11 октябрь. Аргентина. Ўртоқлик учрашуви. Аргентина - Ўзбекистон 2:0
13 октябрь. Аргентина. Ўртоқлик учрашуви. Аргентина - Ўзбекистон 1:1
15 октябрь. Уругвай. Ўртоқлик учрашуви. Уругвай - Ўзбекистон 1:1
17 октябрь. Уругвай. Ўртоқлик учрашуви. Уругвай - Ўзбекистон 3:1
12 ноябрь. Тошкентда йиғин бошланди.
15 ноябрь. Тошкент вилояти. Ўртоқлик урашуви. Ўзбекистон - Ироқ 2:1
18 ноябрь. Тошкент вилояти. Ўртоқлик учрашуви. Ўзбекистон - Ироқ 1:1
10 декабрь. Тошкентда йиғин бошланди.
12 декабрь. Туркияда 12 кунлик йиғин бошланди.
26 декабрь. Терма жамоа Қатарга йўл олди.
29 декабрь. Қатар. Ўртоқлик учрашуви. Саудия Арабистони - Ўзбекистон 1:2
3 январь. Қатар. Ўртоқлик учрашуви. Саудия Арабистони - Ўзбекистон 1:0
10 январь. Тошкентда йиғин бошланди.
14 январь. Терма жамоа Қатарга йўл олди.
17 январь. Қатар. Ўртоқлик учрашуви. Сурия - Ўзбекистон 0:0
22 январь. Қатар. Ўртоқлик учрашуви. Қатар - Ўзбекистон 1:0
27 январь Терма жамоа Хитойга йўл олди.
2 февраль. Хитой. Ўртоқлик учрашуви. Хитой - Ўзбекистон 2:2
6 февраль. Хитой. Ўртоқлик учрашуви."Гуангжу ГЗ-Повер" - Ўзбекистон 0:2
13 февраль. Хитой. U-20 Осиё чемпионати. 1-тур. Ўзбекистон - Яман 1:0
16 февраль. Хитой. U-20 Осиё чемпионати. 2-тур. Индонезия - Ўзбекистон 1:3
19 февраль. Хитой. U-20 Осиё чемпионати. 3-тур. Ўзбекистон - Эрон 1:2
23 февраль. Хитой. U-20 Осиё чемпионати. 1/4 финал. Жанубий Корея - Ўзбекистон 3:3 (пенальтилар 3:1)
Саралашдан қийинчиликсиз чиқишимиз маълум эди. Мақсад фақат Осиё чемпионатига қаратилди. Вазифа камида чорак финалдан ўтиб, Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритиш бўлди.
Лекин якунда нимага эришдик? Яман ва Индонезияни мағлуб этдиг-у, Эрон ва Жанубий Кореяга келганда имкониятни бой бердик. Биргина Яман билан Индонезияни ютиш учун шунча ташвиш қилиндими деган савол юзага келади.
Энг катта муаммо нимада биласизми? Бу болаларнинг терма жамоада юравериб, клубдан узоқлашиб кетганида. "Кўздан йироқ, кўнгилдан йироқ" деб бекор айтишмаган. Футболчи ҳадеб терма жамоага кетаверса, қайси клуб мураббийи уни эслайди? Мураббийлар бошқа ўйинчига эътибор қаратади, натижада ўша футболчи терма жамоадан қайтиб келса ҳам кўпинча вақтини клуб захирасида ўтказади. Чунки бошқаси аллақачон унинг жойини эгаллаган бўлади.
Йиғин ўтказиш клубларга ярашади. Давлатма давлат терма жамоаларни олиб юриш афсуски, ҳеч нима бермаяпти. Турли йиғинлардан умуман наф йўқ. Футболчи ўз клубида пишади. Уни Суперлига, Пролига, U-21, керак бўлса U-19 чемпионатлари пишитади, энг машҳур жамоаларга қарши ўртоқлик ўйинлари эмас.
Ҳеч нарсанинг баҳоси расмий ўйиндаги ғалабага тенг келмайди. Бу ерда футбол очко учун, юқорига кўтарилиш учун ўйналади. Футболчи мана шу ўйинларда тобланади, пишиб етилиб боради. Ҳадеб меҳмонхонага йиғиб, ҳар қайси томонларга олиб кетиш, 10-12 кунлаб йиғин ўтказиш футболчини фақат ва фақат бездиради деб ўйлаймиз.
Х.Холиқов.
Похожие новости

Комментарии
мураббийлар четда колди ва ёш бир мураббийга (агар мураббий деса бу́лса) топширишди . Натижа шунга яраша бу́лди . Болларни ичида яхши салохиётли футболчилар бор эди лекин колган Насаф , Навбахор , Нефтьчи ва Пахтакордан яна яхши футболчиларни топса бу́ларди . Афсус бу галги Жч У́збекистонсиз у́тади . У́фа бунга жавоб берадими ёки йу́кми. Макола жуда ту́гри ёзилган .