“Бир футболчи тарихи”. Ривалдо билан бирга майдонга тушган Элдор Шомуродов ҳақида
09 янв 2021 11:48
Новости
“Бир футболчи тарихи”. Ривалдо билан бирга майдонга тушган Элдор Шомуродов ҳақида
Ўша голни кўргач доим мақтаниб юрардим: “Миржалол Қосимов “Ливерпуль”га гол урган” дея. Лекин, ҳеч ҳам ўйлаб кўрмаган эканман, Қосимов ва бошқа ўзбек футболчилари, нафақат “Ливерпуль”, умуман “кучли бешлик” клублари сафида ўйнаб голлар уриши ҳақида. 2020 йилнинг кузида эса бу қарашлар ўзгарди, яхши томонга. Элдор Шомуродов Италия А Сериясига йўл олди. Ҳа, ундан аввалроқ Сардор Рашидов Португалия чемпионатига ўтган эди, бироқ гап “кучли бешлик” ҳақида кетганида Элдор иккинчи бўлди, ҳозирча. Биз эса Шомуродов ҳақида батафсил танишишга қарор қилдик.
Элдор Шомуродов – ким ўзи у?
Қаҳрамонимиз 1995 йилнинг 29 июнида Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида туғилган. Маълумотларга қараганда, унинг отаси Азамат ака ҳам Ўзбекистон чемпионатининг қуйи лигаларида тўп тепган экан. 2011 йили “Насаф” билан ОФК кубогини ютган Илҳом Шомуродов эса Элдор билан амакивачча ҳисобланади. 6 ёшидан бошлаб футбол ўйнашни бошлаган болакай, 11 ёшида Муборакнинг “Машъал” академиясига қабул қилинди. Ўзи ҳам анча аввал берган интервюсида бу ҳақида гапириб ўтган: “Термизда туғилганман, бу Сурхондарё вилоятида жойлашган Ўзбекистоннинг энг жанубий шаҳри. Ўша ерда футбол билан шуғулланишни бошлаганман, чунки оиламизнинг деярли барча вакиллари футболчилар. Отам Азамат қуйи лигада ўйнаган, амаким Илҳом - терма жамоада ўйнаган, "Насаф" билан ОФК Кубогини қўлга киритган ва "Бунёдкор"да Ўзбекистон Кубоги соҳиби бўлган. Ватанимда уларни яхши танишади. Олти ёшимда машғулотларга боришни истаганман, аммо мени фақат биринчи синфда қабул қилишган. Аввалига шунчаки Термиздаги мактабда тўп тепганман, 11 ёшимда отамнинг дўсти - "Машъал" академияси селекционери мени кўриб қолган. У туфайли отам мен ва акамни кўрикка олиб борган. Биринчи ўйиндаёқ мени олиб қолишди”.
Клублардаги фаолияти ҳақида
Футболчилик фаолиятидаги дебют мавсуми 2014 йилда, 19 ёшида бўлди. “Машъал” жамоаси таркибида 10 та учрашувда майдонга тушган Элдор жамоаси билан чемпионатда 5-ўрин соҳиби бўлди. Мавсум якунлангач унга бир қатор гранд жамоалардан таклифлар туша бошлади.
2015 йилнинг бошида Тошкентнинг “Бунёдкор” жамоаси сафига бориб қўшилди. Айнан ўша йилнинг сўнггида тенгдошлари ҳамда жамоадошлари Достон Ҳамдамов ва Забихулло Ўринбоевлар билан “Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси” унвонига даъвогарлар қаторидан жой олди. Ўзидан тассуротлар ҳақида сўрашганида: “Хурсандчилигимни чеки йўқ. Бу ҳақда биринчи бўлиб клубимиз матбуот котиби Баҳодир ака Мирзаев хабардор этди. Жуда ҳм тўлқинланиб кеттим. Ахир бу ҳар бир футболчининг орзуси! Мен учун кутилмаган совға бўлди” – дея таъкидлаган эди. Якунда эса ушбу соврин Достон Ҳамдамовга насиб этди. Шомуродов бундан хафа эмаслигини айтиб ўтган эди: “Бу шахсан мен учун ҳам қизиқ ҳам яхши бўлди. Сабаби номинацияда бошқа дўстим ғолиб чиққан тақдирда ҳам мен бундан сира тушкунликка тушмайман. Аксинча бош совринни ўзим қўлга киритгандек, дўстим учун ҳам хурсанд”.
Элдор “Бунёдкор” сафида жами 96 ўйинда қатнашиб, 20 та гол урди.
2017 йилнинг июл ойида эса Россиянинг “Ростов” жамоаси билан 2,5 йиллик шартномага имзо чекди. Инстаграм саҳифасида “Бунёркор” жамоаси раҳбарияти, футболчилари, мухлисларига миннатдорчилик билдирган эди ўша вақтда. “Россия премьер-лигасига йўл олишимда ўз ёрдамларини аямаган барча инсонларга раҳмат дейман. Алоҳида ташаккурларимни “Бунёдкор” ФК бош директори Мурод Алиевга, бош мураббий Миржалол Қосимовга билдирмоқчиман. Чунки бу инсонлар мени тўғри тушунишиб, кучли чемпионатда тўп тепиш истагимни маъқуллашди ва қароримни қўллаб-қувватлашди кучли чемпионатдан таклиф келса клуб раҳбарияти футболчининг хоҳиш ва истакларини биринчи ўринга қўяди. Менга оқ фотиҳа тилаб, Россия клубига ўтишимда кўмак берганлари учун уларга яна бир-бор миннатдорчилик билдираман” – деб ёзилган ўша вақтда (бугунги кунда топа олмадик ўша сурат ва хатни).
Жамоага келган вақтда берган интервьюсида: “Албатта, мен учун бу ерда бўлиш ёқимли ҳодиса. “Ростов”ни нафақат Россияда, Европада ҳам яхши билишади. Мен “Ростов” мухлисларини хурсанд қилиш учун қўлимдан келган барча ишни қиламан. Мен жамоанинг “Бавария” ва “Манчестер Юнайтед” клубларига қарши ўйинларини томоша қилганман, бу ўйинлар менда катта таассурот қолдирган. Бу “Ростов”ни танлашим сабабларидан биридир. РФПЛдаги ҳужумчилардан менга “Локомотив”даги Арининг, Россия терма жамоаси ҳужумчиси Федор Смоловнинг ўйин услуби ёқади. Жамоада ҳам яхши ҳужумчилар бор ва улардан кўп нарса ўрганиш мумкин” – дея таъкидлаган эди.
“Ростов”даги дебютини ҳам айнан июль ойида, “Амкар”га қарши беллашувда нишонлади. Шартнома муддати якунланишига бир муддат қолганида, “Ростов” жамоаси Шомуродов билан яна 3 йиллик шартнома имзолади, кетинчалик эса бу муддат 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Ўзи учун омадли келган 2019/20 йилги мавсумда Россия чемпионатида 28 учрашувида қатнашиб 11 голнинг муаллифига айланди. У клуб сафида жами 91та ўйинда майдонга тушиб, 18та гол урди.
2020 йилнинг октябрида эса футболчи Италия А Сериясининг “Женоа” жамоаси билан шартнома имзолади. Унинг терма жамоага ўтиши ҳақида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Вадим Абрамов: “Тўғриси айтсам бунгача "Женоа"ни кузатмас эдим. Энди бу жамоа ўйинларини кўрамиз ва Шомуродовнинг ҳаракатларига баҳо берамиз. Тушунарлики "Женоа" Италия футболи етакчиси эмас, аммо барибир бу А Серия. Элдор Шомуродов бу клубда ўйнаб кета олишига ишончим комил. У ерда менимча ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Умид қиламизки айнан шундай бўлади” – дея айтиб ўтди.
19 октябрда “Верона”га қарши дебют учрашувини ўтказди. Дебют голини эса ноябр ойининг сўнггида, “Парма” билан ўйинда урди. Шомуродов шу гол билан ТОП-5 чемпионатларда гол урган илк ўзбек футболчиси сифатида тарихга кирди. Ундан гол ҳақида сўрашганида “Ўйиндан кейин айтарли яхши гап йўқ, сабаби биз мағлуб бўлдик. Кимдир табриклади, кимдир тушкун кайфиятда эди. Шунга бунинг вақти эмасди. Жамоам ҳам ютқизганидан мен ҳам у қадар хурсанд эмас эдим. Кейинги голим жамоага ёрдам бериб, ғалаба қозонишимизга умид қиламан” – дея таъкидлаган. 2021 йил Элдор учун чинакамига омадли бошланди. “Сассуоло” билан бўлган учрашувда А Сериядаги иккинчи голига муаллифлик қилди.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
2016 йилгача Ўзбекистоннинг ёшлар жамоаси сафида бир неча учрашувларда майдонга тушган Шомуродов, 2015 йилнинг 3 сентябрида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги Яман термасига қарши ўйинда майдонга тушди.
2019 йилда Осиё Кубогида иштирок этган терма жамоамиз гуруҳ босқичининг дастлабки ўйини – Уммонга қарши баҳс охирроғида дуранг натижа қайд этаётганди. Захирадан ўйинга қўшилган Элдор эса 86-дақиқада ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди ҳамда терма жамоамизга ғалаба келтирди. Ўйиндан сўнг берган интервюсида "Осиё Кубогидаги биринчи ўйин бўлганлиги учун барчада ҳаяжон билинди. Лекин қийин бўлса ҳам ғалабага эришдик. Бундан барча хурсанд. Худо хоҳласа кейинги баҳсда бундан яхшироқ ўйнашга ҳаракат қиламиз" – дея айтган эди.
2 ва 3-турларда Туркманистон ва Япония терма жамоаларига қарши баҳсларда тўп киритган ҳамюртимиз турнирда жами 4 гол муаллифига айланди. Элдор Шомуродов Осиё Кубогидаги дебют иштирокидаёқ Ўзбекистон терма жамоасининг қитъа чемпионатлари тарихидаги энг яхши тўпурарлари Одил Аҳмедов ва Максим Шацкихга етиб олди. Ва битта мусобақада 4та гол урган илк ўзбекистонликка футболчига айланди. Туркманистон терма жамоасига қарши ўйинда дубл қайд этган эди Элдор. Қайд этиш лозим, кетма-кет тўртта Осиё Кубогидан буён Ўзбекистон терма жамоасининг бир нафардан футболчиси дубль муаллифи бўлишга эришиб келмоқда. Максим Шацких (2007), Улуғбек Бақоев (2011) Сардор Рашидов (2015) шулар жумласидан.
“Йилнинг энг яхши футболчиси”
2019 йилнинг 24 декабрь куни Тошкентдаги "Зарафшон" залида ЎФА йилнинг энг яхшиларини аниқлади. "Йилнинг энг яхши футболчиси" соврини учун уч футболчи номзод эди. Кучли учликка кирган футболчилар - Одил Аҳмедов ("Шанхай СИПГ"), Элдор Шомуродов ("Ростов"), Жалолиддин Машарипов ("Пахтакор"). Совринни ЎФА президенти Абдусалом Азизов топширди. Элдор Шомуродов "Йилнинг энг яхши футболчиси" деб топилди.
Моуриньо билан фото
Кунлардан бири, ижтимоий тармоқларда Элдор Шомуродовнинг португалиялик мутахассис Жозе Моуриньо билан тушган сурати тарқалди.
Ўзидан бу ҳақида сўрашганида: “Осиё Кубоги тугаши билан "Ростов" сафига қайтиб, турнирда "Локомотив"га қарши 69 дақиқа ўйнадим ва мураббийлар штаби менга кичик танаффус берди. Тасодифан Москвада Моуринью билан учрашиб қолдим. Буни қарангки, Жозе менинг агентим Герман (Ткаченко)ни танир экан. Агентим билан учрашгани ресторанга боргандим, у ерда эса Моуринью ўтирибди! Бу учрашув мураббий Балашихдаги музда йиқилишидан олдин бўлган. Уни жаҳоннинг энг яхши мураббийларидан бири деб ҳисоблайман. Айнан шу сабабли "Юнайтед"га эмас, "Челси"га мухлислик қилсам керак, ха-ха” – дея айтган.
Ривалдонинг қўлидан ушлаб майдонга тушиш
Бразилиялик футболчи Ривалдо “Бунёдкор” сафида тўп тепиб юрган вақтларда Муборакнинг “Машъал” жамоасига қарши учрашувда майдонга тушишда ёш Элдорнинг қўлидан ушлаб майдонга чиққан эди. “Жамоа "Машъал" билан ўйнаганида уни қўлидан ушлаб майдонга олиб чиққанман. Ўша пайтда Ўзбекистон терма жамоасида ўйнаган Игнатий Нестеров, Александр Гейнрих ва Анзур Исмоилов мен учун юлдуз эди. Ривалдони кўриб шокка тушганман. Кечагина уларга тўп олиб берардим, бугун эса терма жамоада ўйнаяпман” – дея эслайди Элдорнинг ўзи.
Шахсий ҳаёти
Футболчи 2019 йилнинг 28 декабрь куни бўйдоқлар сафидан чиқиб уйланди. 2020 йилнинг 16 декабрь куни ўғил фарзандли бўлди. Чақалоққда Мустафо деб исм қўйилди. Элдор Шомуродов берган интервюларидан бирида “Вақти келиб ўғил фарзандингиз бўлса ва у футболчи бўлишни истаса бунга қаршилик қилмайсизми?” – деб берилган саволга: “Худо хоҳласа фарзандлик бўлсам, у футболга бораман деса умуман қаршилик қилмайман, аксинча хурсанд бўламан” – деб жавоб берган эди.
Ўзбек футболчилари ҳақида қанча кўп билсак бу фақат яхши. Бугун кўпчиликка таниш футболчи билан қайтадан танишдик. Ҳозирги даражасига қандай келгани ҳақида сўзладик. Дунё футболчиларидан қолишмайдиган иқтидорлар бизда етарли ва биз улар ҳақида ёзишда давом этамиз.
Оғабек Самисов тайёрлади
Комментарии