“Бир футболчи тарихи”. Ашурматовларнинг кичиги – Рустам Ашурматов ҳақида
21 янв 2021 15:31
Новости
“Бир футболчи тарихи”. Ашурматовларнинг кичиги – Рустам Ашурматов ҳақида
Ўтган йили шу кунларда Олимпияда йўлланмаси учун ёшлар терма жамоамиз Осиё чемпионатида иштирок этишиб муваффақиятсизликка учраган, 2019 йилнинг январида – Қатарда бўлиб ўтган Осиё Кубогида нимчорак финалдан ўта олмай ортга қайтиб келган эдик. Бироқ 2018 йилнинг аввалида U-23 терма жамоамиз Осиё чемпионатида чемпионликни қўлга киритишган эди. Ўша йилги Осиё чемпионатининг муҳим ёки номуҳимлиги, финалдаги рақибимиз ким бўлгани-ю, рақибларимизнинг футболчилари неча ёшда бўлгани ҳозир аҳамиятли эмас. Ўзбек мухлисларининг бир неча йиллик совринсиз мусобақаларни кўрганидан сўнг ушбу турнир барча учун қувонарли бўлгани рост.
Ветнам ёшлари билан бўлган ўша қорли финалда кўпчилик стадионнинг қорга буркангани, биринчи бўлимда оқ рангли футболкаларда ҳаракат қилган вакилларимиз иккинчи бўлимга кўк формада қайтишгани, танаффус вақти 15 эмас, балки 45 дақиқа бўлиб кетгани ҳамда энг асосийси Сидоровнинг голини яхши эслаймиз. Савол, ўша финалдаги биринчи гол муаллифи ким эди? Рустам Ашурматов – тўғри жавоб. Яқинда ҳамюртимиз жамоасини ўзгартирди. Янги клуб номи – “Канвон”. Сайтимизда Ашурматов янги жамоага ўтганидан сўнг берган интервьюсини ўқидингиз, биз эса шу футболчимиз ҳақида яқин тарихдан бошлаб сўзлаймиз.
Рустам Ашурматов – ким ўзи у?
Қаҳрамонимиз 1996 йилнинг 7 июл куни Қўқон шаҳрида дунёга келган. Рустам Ашурматов собиқ футболчи ва айни дамда мураббийлик фаолиятини олиб бораётган Бахтиёр Ашурматовнинг жияни. Рустамдан футболга қандай кириб келгани ҳақида сўрашганида шундай деб жавоб берган эди: “Футболга кириб келишимга биринчи ўринда тоғам, Бахтиёр Ашурматов сабаб бўлганлар. Уларнинг ўйинларини томоша қилиб футболга қизиқишим пайдо бўлган. Бобом худди тоғам синагри футболчи бўлишимни истаган ва Қўқондаги "Кимёгар" футбол мактабига олиб борганлар. 6 ёшимдан "миллионлар ўйини" сир асрорларини ўргана бошлаганман”.
Клублардаги фаолияти ҳақида
Рустам аслида “Бунёдкор” жамоаси биритувчиси ҳисобланади. 2014 йилгача “қалдирғочлар”нинг турли ёшдаги жамоаларида ўйнаган. Интервьюларидан бирида Тошкент клуби сафига қандай келиб қолгани ҳақида сўрашганида: “Ўша пайтда жамоа номи "Қурувчи" эди. Клуб барча вилоятларда ёш футболчилар иштирокида турли мусобақалар ташкил этарди. Қўқондаги мусобақада мураббийлар 20 нафар футболчини танлаб олишган ва Тошкентга келганмиз. Пойтахтда 20 нафар футболчи ўртасида ҳам танлов бўлган ҳамда мураббийлар 3 нафар ўйинчини жамоага қабул қилишни эълон қилишган. Мана шу уч футболчи орасида мен, Акром Комилов ва Иброҳим Ғофуров бор эди” – деган эди.
2014 йилги мавсумда “Қўқон-1912” жамоасида ҳаракат қилган ва бор-йўғи 2 та учрашувда майдонга тушган.
2015 йили эса мавсумни “Бунёдкор”да бошлаган Ашурматов ўша йилдан бошлаб баъзан захира футболчи сифатида майдонга тушиб юрди. Кейинчалик, жамоанинг асосий, алмаштириб бўлмас ҳимоячисига айлана олди. 2018 йилнинг сўнггигача Тошкентликлар сафида ҳаракат қилган Рустам жами 121 ўйин ўтказиб, 5 та гол уришга муваффақ бўлган.
2019 йилда Жанубий Кореянинг “Гвангжу” жамоасига кўчиб ўтди. Жамоага келган чоғда "Менга "Гвангжу" ўйин услуби ёқди. Янги жамоамга тезроқ қўшилиш ва ўзимнинг яхши ўйинларимни намойиш этишни истайман" – деган фикрларни билдирган эди. “Гвангжу” жамоасидаги илк голини “Сувон Сити” билан бўлиб ўтган ўйинда киритди. Жамоаси билан биргаликда Кореянинг К-2 лигасида чемпионликни қўлга киритган.
Терма жамоадаги фаолияти ҳақида
2013 йилдан бошлаб Ўзбекистоннинг турли ёшдаги жамоаларида ҳаракат қилган Рустам Ашурматов, 2013 йили U-17 сафида ҳамда 2015 йили U-20 сафида Жаҳон чемпионатида иштирок этди. 2017 йилнинг ёзида эса миллий терма жамоага чақирув олган. 2018 йили бўлиб ўтган Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати чемпиони бўлди. Ўзи бу мусобақадан сўнг қуйидаги фикрларни билдириб ўтган эди: “Бу бутун жамоанинг меҳнати ва унинг кетидан келган муваффақияти, деб ҳисоблайман. Мураббийлар штаби, шифокоримиз, массажчимиз, футболчилар ва бошқа барча ходимларнинг ушбу ғалабада ҳиссалари бор. Яхши меҳнат қилинмаганида, бундай натижага эришмаган бўлардик. Кейин аҳилликда ҳам гап кўп”.
Рустам Ашурматов ижтимоий тармоқларда
Қаҳрамонимиз Инстаграм тармоғида фаол. Футбол ўйинларидаги ҳаракатлари, машғулот қилаётганидаги лавҳалардан ташқари оилавий тушган суратларини ҳам жойлайди.
Шахсий ҳаёти
Рустам Ашурматовнинг акаси ҳам футболчи бўлган. Нодиржон Ашурматов дарвозабон сифатида Ўзбекситоннинг бир қатор жамоаларида тўп тепган. Рустамнинг ўзи акаси ҳақида 3-4 йил аввал берган интервьюсида шундай деган эди: “Акам Алексей Евстафеев бошчилигидаги 1994 йилда туғилган футболчилардан иборат терма жамоада Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида иштирок этганлар. Тўғри майдонга тушмаганлар, аммо таркибда бўлгандилар. Туркиядаги йиғинда акамнинг қўли синган ва операциядан сўнг даволаниш анча чўзилиб кетган. Яна олдинги ҳолатга қайтишда қийинчиликка дуч келдилар. "Пахтакор" ёшлар жамоасида яхши ўйнаб келаётгандилар. Жароҳатдан сўнг кўплаб клубларда фаолият олиб бордилар. Аммо ишонаман акам ҳам бир кун ўзини кўрсатади”.
Жаҳон футболига қараб туриб у ердаги ҳимоячилар ҳақида кўп гапирамиз. Серхио Рамос, Карлос Пуйол, Виржил ван Дейкларни эслаб улардек ҳимоя қўрғонлари бизда ҳам бўлишини истаймиз. Ҳозир ҳам ва яқин йилларда ҳам терма жамоамизнинг асосий таянчи сифатида Рустам Ашурматов ва бошқа ҳимоячиларимизни кўра олишимизга умид қиламиз.
Оғабек Самисов тайёрлади
Комментарии