RU

Последние новости

16:49ПСЖ янги машғулот марказини очди  0 15:42Суперлига. "Нефтчи" - "Насаф" (матнли трансляция)  7 15:32Жорж Микаутадзе фаолиятини "Ювентус"да давом эттириши мумкин  0 15:01"Манчестер Сити" Холандга янги шартнома таклиф қилмоқчи  1 14:40Тимур Кападзе: "Ўйин томонлама "Насаф"ни эътироф этаман, мавсум ўртача ўтмоқда"  13 14:27ПРО-Лига. "Бухоро" - "Арал": Асосий таркиблар маълум!  0 14:15Эшитдик-да! Усмон Тошев ЎФАни тарк этди  13 14:05Хакими ПСЖ билан шартномасини узайтирди  0 13:47Арихиро Сентоку: "ОКМК билан мавсум якунида тарих яратамиз"   0 13:20ОКМК Тошкентда "Пахтакор"ни мағлуб этган учрашувдан галерея  1 13:03Сардор Рашидов учун мавсум тугади   8 12:45ЎзФҲМ нимани яширмоқда? Асимов, Норсафаров ва бошқа ҳакамлар қаерда?  4 12:08"Милан" Меньян ва Эрнандес билан шартномаларни узайтириш устида ишламоқда  0 11:40FIFA.COM: "Аббос Файзуллаев кичик бўйли эканига қарамай, ажойиб техник хусусиятларга эга"  16 11:28"Реал" Дэвис трансферига шубҳа қилмаяпти  2

Архив. Миржалол Қосимовнинг хайрлашув учрашувидан олдин берган интервьюси Новости

Архив. Миржалол Қосимовнинг хайрлашув учрашувидан олдин берган интервьюси

2007 йилнинг 2 июнь куни "Ўзбек Марадонаси" Миржалол Қосимов катта футбол билан хайрлашганди.

Худди кечагидек эсимда, Қосимовнинг хайрлашув учрашуви ҳозирги "Миллий" стадион ўрнида бўлган МҲСК стадионида ташкил этилганди. Хайрлашув ўйинидан бир неча кун олдин Қосимов билан учрашиб, у кишидан интервью олгандим. Суҳбатимиз "Наврўз" радиоси биносида Аброр ака Имомхўжаев ташаббуси билан кечганди.

Ўйлаб қарасам, салкам 15 йилга яқин футбол журналистикаси фаолиятим мобайнида жуда кўплаб таниқли кишилар билан гаплашган эканман. Шу боис бундан буён ҳафтада ҳеч бўлмаса бир марта аввалги интервьюларни навбатма-навбат сайтимиз орқали бериб боришга қарор қилдим. Ўйлайманки, бу ҳам мухлисларга ёқадиган даражада бўлади. Бугун сизнинг эътиборингизга 2007 йилнинг май ойида Миржалол Қосимов билан бўлган суҳбатимизни ҳавола этмоқчиман. Шуни айтишим лозим, интервьюни ўзгартирмасдан борича беришга қарор қилдим.      

Миржалол Қосимов: "Машҳур мураббий бўла оламанми-йўқми, буни вақт кўрсатади"

Очиғи, Миржалол Қосимовдан интервью олиш осон бўлмади. Йўқ, футболимиз юлдузи интервью беришни хоҳламади эмас, шунчаки интервью беришдан олдин ғалати шартни қўйгани учун суҳбатимиз кейинга қолаверди. Қосимовдан интервью олишни анча олдин, олимпия термамиз Жанубий Кореяга қарши баҳсларга тайёргарлик кўраётган бир пайтда ният қилгандим.

Олимпиячиларимиз бош мураббийи Вадим Абрамовга ёрдам бераётган Миржалол Қосимов "Агар жамоамиз Жанубий Корея билан бўладиган ўйинларнинг ҳеч бўлмаса биттасида ғалаба қозонса интервью беришга розиман" деди. Шундан сўнг учрашувлар натижасини кута бошладим ва афсуски, вакилларимиз ҳар иккала баҳсда мағлубиятга учрашди.

Тошкентда бўлиб ўтган жавоб ўйинидан бир неча кун ўтиб стадионда яна Қосимовни учратиб қолдим ва табиийки интервью ҳақида тағин гап очдим. Миржалол ака ваъдага вафо - марднинг иши оҳангида "Ўзингиз кўрдингиз, гуруҳ пешқадамини енга олмадик, демак интервью беролмайман" деди ҳамда сўзининг охирида "Агар сафарда БААни енгиб қайтсак, интервью беришга тайёрман" деб қўшиб қўйди.

Хайрият, бу сафар олимпиячиларимиз зафар қучишди ва келишганимиздек Қосимов билан бафуржа суҳбатлашиш имкони туғилди. Яхши биласиз, шу ҳафтанинг шанба куни Миржалол Қосимов хайрлашув учрашувини ўтказади. Мазкур баҳс олдидан эътиборингизга ҳавола қилинаётган ўзбек футболи юлдузи билан суҳбатимиз мухлисларни беэътибор қолдирмайди деган умиддаман.

- Миржалол ака, олимпия терма жамоамиз сафарда БААни мағлубиятга учрата олмаган тақдирда ҳам интервью берган бўлармидингиз?
- Эркак киши сўзидан, арслон изидан қайтмайди деган гап бор. Шунингдек, айтилган сўз - отилган ўқ ҳам дейишади. Демак, рақиб жамоани юта олмаганимизда барибир интервью бермасдим.

- Хайрлашув учрашувидан олдин ҳамми?
- Интервью бериш-бермаслик бу - менинг шахсий ишим. Шундай экан, бу борада қандай тўхтамга келиш аввало ўзимга боғлиқ. 

- Интервью беришдан олдин доим шарт қўясизми?
- Тўғрисини айтсам, кўп интервью беришни ёқтирмайман. Қолаверса, мен ҳали Абрамов ё Инилеевга ўхшаб бош мураббий эмасман. Шунингдек, менинг ишим интервью бериш эмас, балки ўзимга юклатилган вазифани бажариш.

- Лекин матбуот билан мулоқот қилиш касбингизнинг бир бўлаги ҳисобланади.
- Тўғри, лекин асалнинг ҳам ози ширин дейишади.

- Совринлар йиғишни-чи?
- Қўлга киритган ютуқларимга бутун фаолиятим давомида эришганман. Ахир ҳар йили ўнталаб соврин ютмаганман-ку. Қолаверса, шу пайтгача ютган совринларим тарихда қолиб кетди. Энди келажак учун қайғуришимз керак. 

- Сиз футболда машҳурсиз, аммо матбуотда камнамосиз?
- Боя айтганимдек, кам гапиришни маъқул кўраман. Футбол ўйнаб юрган кезларимда ҳам ҳадеб интервью бермасдим. Асосий эътиборни ўз ўйинимга қаратардим.

- Хайрлашув учрашувингизга оз қолди. Тайёргарлик қандай кетяпти?
- Ишлар авжида. Туну-кун шунинг ҳаракатида юрибмиз. Мамлакатимиз футбол федерацияси, "Пахтакор", "Машъал", "Қурувчи" клублари, телевидение, газета ва радио қўлдан келганча ёрдам беряпти.

- Шахсан ўзингиз нималар билан машғулсиз?
- Менинг ҳам ўзимга яраша қиладиган ишларим бор. Яқин икки йилдан бери футбол ўйнамаётганим учун ҳар куни югуриб турибман. Футболчи бир ой тўп тепмаса, формадан чиқиб қолади. 

- Ҳозир 90 дақиқа ўйнай оласизми?
- Кислород етса бўлди, югуравераман. 

- Ўйинга борган сари кам вақт қолаётгани учун ҳаяжонланяпсизми?
- Ҳа. Юрагим олдингига нисбатан тезроқ уряпти. Авваллари ҳар куни эрталаб бир дақиқада 36 марта урарди, ҳозир 56 марта уряпти. Бундай ўйинлар олдидан албатта ҳаяжонланиш бўлади, бусиз иложи йўқ. 

- 2 июнь куни сиз тузиб чиққан жамоа миллий термамизга қарши майдонга чиқади. Шу кунги баҳс хайрлашув учрашувига хос тарзда байрамона руҳда кечадими ёки ўртоқлик учрашувидек жиддийми?
- Эътибор берган бўлсангиз, ЕвроОсиё термаси рўйхатидан ҳозирги пайтда ҳам катта футболда фаолиятини давом эттираётганлар ўрин олган. Улар шу куни миллий термамизнинг ҳозирги таркиби билан баҳс олиб боришади. Бундан кўзланган мақсад, бир томондан ўйиннинг шиддатли кечишини таъминлаш. Иккинчидан, бош жамоамиз мазкур ўйин орқали Осиё чемпионатига тайёргарликнинг бир қисмини ўтайди. Ўзим ҳам учрашув жуда яхши кечишини хоҳлайман. Ниятим ким ғалабага лойиқ бўлса, ўша ютсин. Тўғри, ўйин мен билан боғлиқ бўлгани учун ҳам қисман шоуга ўхшаб кетади. Лекин шоу унчалик узоқ давом этмайди. Ўйин кескин тус олади деб умид қиламан.

- Рўйхатга киритилганлардан Тошкентга кела олмаймиз деганлар бўлдими?
- Ҳа. Негаки ҳозир Россия ва Беларусда миллий чемпионат давом этаётгани боис мен таклиф қилган баъзи ўйинчиларга клуб раҳбарлари рухсат беришмаяпти. Ваҳоланки, уларнинг ўзи келишга рози. Баъзиларида эса жароҳат бор. "Локомотив" Москва, "Луч-Энергия", "Зенит" клублари мураббийлари ҳозирча футболчиларни қўйиб юбормасликни айтишди.

- Рўйхатни тузиб чиқиш қийин бўлмадими, чунки кимдир жой олиб, кимдир қолиб кетиши мумкин эди.
- Тўғри. Аммо бир томондан мен билан ўйнаган ҳаммани ҳам таклиф қила олмайман, нега деганда майдонда 11 киши тўп суради. Шу боис ҳали тўп тепишни тўхтатмаган ўйинчиларга таклифнома юбордик, ўйин яхши ўтсин деган мақсадда. Ҳозирча аниқ келамиз деганлар сони ўнтадан ошди. Бундан ташқари, ўзимиздан Сергей Лушан, Февзи Давлетов сингари футболчилар бор. Шу куни миллий термамиз сафида Андрей Фёдоров ва Максим Шацкихнинг ҳам ўйнаши кутиляпти. Ўзим эса бир тайм терма жамоамиз, бир тайм ЕвроОсиё термаси таркибида ҳаракат қиламан. 

- Сиз футболда кўпчилик орзу қиладиган совринларга эришгансиз. Аммо бу ютуқлар орасида жаҳон чемпионати иштирокчиси ва ва Осиё Кубоги ғолиби совринлари йўқ. Шунга қарамай, фаолиятингиздан нолимасангиз керак?
- Албатта нолимайман. Биргина нолийдиган жойим - мен ўйнаган пайтда миллий терма жамоа жаҳон чемпионатига чиқа олмади. Энди бу нолиш эмас, балки орзулигича қолиб кетди. 

- Бу армонми ёки ушалмас орзу?
- Нега энди ушалмас орзу бўлиши керак? Бу ерда гап фақат менинг жаҳон чемпионатида ўйнай олмаганим ҳақида эмас, балки бутун жамоамизнинг чиқа олмагани устида кетяпти. Агар жаҳон биринчилигида қатнашишга шахсий иш деб қараганимда бокс ё курашни танлаган бўлардим. Мен ҳар доим терма жамоамизнинг мухлиси бўлиб келганман. Шундай экан, бир кун келиб биз ҳам албатта жаҳон чемпионатида қатнашамиз деб умид қиламан. 

- Фаолиятингизни тугатиш арафасида "Бўлди, энди бошқа ўйнамайман" дейиш қийин бўлмадими?
- Ишонасизми, ҳалигача футбол ўйнашни тўхтатмасам дейман. 25 йил шуғулланган ишингдан бирданига воз кечиш қийин экан. Аммо нима ҳам қила олардим, буни футбол дейдилар. Барибир бир кун келиб футбол билан ўйинчи сифатида хайрлашишимга тўғри келарди. 

- Фаолиятни тугатишдан олдин кимдандир маслаҳат сўраганмисиз? Бунга оилангиз қандай муносабатда бўлган?
- Аввало ўз танамга қулоқ солганман. Яъни, соғлигим кўп ҳам кўтара олмагани учун футболни тугатишга мажбур бўлдим. Оиламга ҳам биринчи навбатда менинг соғлигим кераклиги боис ҳеч ким фикримга қарши чиқмаган. 

- Нима сабабдан катта футболдаги охирги мавсумни ўзингиз ёшликдан тўп сурган "Пахтакор"да эмас, балки "Машъал"да ўтказдингиз?
- Биринчидан, мен Россиядаги фаолиятимни якунлаб бу ерга қайтганимдан сўнг "Пахтакор"га бориб мени ҳам олинглар дейишга ҳаққим йўқ эди. Оддий мисол, сизни биров тўйга айтмаса, индамай бориб даврада ўтирмайсиз-ку. Футболда ҳам шундай: таклиф этилмаган жамоага борилмайди. Иккинчидан, "Алания" билан тузган шартномам тугашига икки ой қолганида, яъни шартнома муддати ҳали тугамай туриб "Машъал"дан таклиф тушди. Ўшанда ўзим ҳам футболчилик фаолиятимни Ўзбекистонда якунлашни ният қилиб юрардим. Агар "Пахтакор"дан қизиқиш бўлганида, сўзсиз ўзим ўсиб-улғайган жамоага қайтган бўлардим. Лекин бу пайтда "Пахтакор" асосий эътиборни ёш ўйинчиларга қаратиб таркибни янгилаётган эди. "Машъал" менга қизиқиш билан чиққач, дастлаб Муборакка бориб шароит билан танишдим. Ўшанда клуб раҳбарлари Ўзбекистонда "Машъал" мисолида яна бир кучли клубни шакллантириш мақсадида жиддий ишларни олиб боришаётган эди. Муборакдаги шароитлар менга маъқул келганидан кейин "Машъал"га ўтишга рози бўлдим. Фаолиятимни "Машъал"да тугатганимдан афсусланмайман. 

- Футбол ўйнашни тўхтатгач сизни қандай ҳислар қамраб олди: севимли касб билан хайрлашиш аламими ёки ҳаётингизда янги босқич бошланаётганидан хурсанд бўлиш ҳиссими?
- Албатта, кўпроқ алам қилган. Охирги марта 2005 йилнинг ноябрида майдонга тушган бўлсам, шундан бери четда туриб ўйинларни кузатяпман. Тез-тез ўзимнинг ҳам тўп тепгим келади, аммо на илож. Шуни айтишим мумкин, футболдан кетишимга ҳеч ким тўсқинлик қилмаган, ўзим шундай қарорга келганман. 

- Ўз вақтида сиз билан тўп сурган қайси футболчилардан кўпроқ миннатдорсиз?
- Уларнинг ҳаммасидан миннатдорман. Кимнидир алоҳида ажратиб кўрсатмоқчи эмасман, чунки футбол аввало жамоавий ўйин бўлгани учун ҳамма бир мақсад сари ҳаракат қилади. Мен билан ўйнаганлардан кимдир дарвозада турди, кимдир ҳимояда, ярим ҳимояда ва ҳужумда тўп сурди, яъни ҳамма ўз ишини бажарган. Шу боис агар қолган шерикларим бўлмаганида мен ҳам ўйнай олмасдим. 

- Кўпчилик Миржалол Қосимов футболдан кетганидан бери терма жамоамизда унинг ўрнини боса оладиган ўйинчи чиқмади деяпти. Ўзингиз ворис сифатида кимни кўряпсиз?
- Мен ўйнаган чизиқда ҳозир Сервер Жепаров, Тимур Кападзе ҳаракат қиляпти. Менимча, бу саволга жавобни кўпроқ халқдан сўраш керак. Негаки бу борада тайинли бир гап айта олмайман. Олимпия термамизда ҳам яхши ўйинчилар бор. Масалан, Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов. Агар футболчилар ўз устиларида тинмай ишласа, менинг жойим ҳеч қачон бўш қолиб кетмайди. 

- Айнан Жепаровнинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?
- Жепаров ҳам яхши футболчи. У майдонни кўра олади, жарима тўпларидан фойдаланиши ҳам чакки эмас. Аммо янада юқорига кўтарилиш учун ҳали кўп ишлаши керак. Шунингдек, фақат "Пахтакор"да тўп тепмасдан бошқа жойда, масалан Россияда ҳам ўзини синаб кўриши лозим. 

- Жепаровни четга чиқишга тайёр деб ҳисоблайсизми?
- Ҳа. Чунки у энди ёш бола эмас. Назаримда, у Россия чемпионатида ўйнашга тайёр футболчи, лекин у ёққа бориш-бормаслик ўзига ҳавола.

- Ҳозир  қайси футболчиларнинг ўйини кўпроқ қувонтиряпти?
- Юқорида айтганим - Одил Аҳмедов, Анзур Исмоилов, шунингдек Шавкат Саломов, Аҳрол Рисқуллаев, Камолиддин Мурзоевларнинг ҳатти-ҳаракати яхши. Олимпия терма жамоамизда яхши ўйинчилар кўп. Фақат улар бундан-да ўсишни хоҳлашса, хоҳ клуб ё терма жамоа сафида бўлсин, мунтазам ўз устиларида ишлашлари керак.

- Ортга қарайдиган бўлсак, сиз футбол орқали кўп нарсага эришдингиз. Аммо нимани йўқотдингиз?
- Менимча, ҳеч нарса йўқотмадим. Аксинча, футбол туфайли турли жойларни кездим, дўстлар орттирдим. Худога шукур, бахтимга ота-онам соғ, оилам, фарзандларим тинч. Футбол ўйнаш орқали халқимга хурсандчилик тақдим этганимдан, ўзбек футболи ривожига озгина бўлса-да ўз ҳиссамни қўшганимдан жудаям бахтиёрман. 

- Сиз учун қайси бири қийин - футбол ўйнашми ё ҳозирги ишингизми?
- Ҳар бир ишнинг ўзига яраша қийинчилиги бўлади. Футбол ўйнаш осон эмас, шу жумладан мураббийлик ҳам.

- Мураббийликни танлагач, ўзингиз учун нималарни кашф қилдингиз?
- Бола боғчага чиқса, кейинчалик мактабга боришни хоҳлайди. Мактабда ўқиётганида институтга киргиси келади. Футболда ҳам шунақа. Ҳамманинг юқорига интилгиси келади. Мураббийликнинг ҳам ўзига яраша қизиқ томонлари бор экан. Бунда назарий билимга эга бўлиш, ўқиш, йигитларга тактика, техникани ўргатиш, машғулот жараёнини ўтказиш, жамоани ўйинга тайёрлаш каби жиҳатлар муҳим ўрин тутади. 

- Олимпия термамиз бош мураббийи Вадим Абрамов расмий ўйинлардан олдин асосий таркибни аниқлаш борасида сиз билан маслаҳатлашадими?
- Ўзаро маслаҳат қиламиз, лекин барибир охирги сўзни айтиш бош мураббийнинг ўзига қолади. 

- Деярли барча Миржалол Қосимов албатта бир кун келиб миллий терма жамоа бош мураббий бўлади ва жаҳон чемпионати сари бошлаб боради деяпти. Бу сизга ортиқча босим ўтказмайдими?
- Энди бу футбол ишқибозларининг фикри. Эртага нима бўлиши ёлғиз Худога аён. Шундай экан, бундай гап-сўзлар ҳозирча менга ҳеч қандай босим ўтказмаяпти. Бугунги кунда ҳам олимпия термамиз, ҳам бош жамоамизда мураббий бўлиб ишлаётган бўлсам, шунчаки ўз ишимни бажаряпман. Тўғриси, мен қўлимдан келган ишни қиламан, агар эплолмасам, демак ўша ишни қилишга ўзимни тайёр эмас деб ҳисоблайман. Бу - футбол, унда кимдир ютади, кимдир ютқазади, олдиндан нима бўлишини башорат қила олмайсиз. 

- Сизнингча, терма жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқиши учун яна қанча вақт керак?
- Буни фақат Аллоҳ билади, бандаси айтолмайди. 

- Футболдан янада кўпроғини уддалай олишим мумкин эди деган ҳис билан кетяпсизми?
- Мен қўлимдан нима келса, ўшани бажардим деб ўйлайман. Нимадандир афсусланадиган жойим йўқ, қолаверса барибир ўтмишни ортга қайтариб бўлмайди.

- Ўтмишга назар ташлаб фаолиятингизнинг энг юқори чўққиси қачон бўлганини айтсангиз.
- Ютуқларни қўлга киритган, хурсандчилигимни мухлислар билан баҳам кўрган пайтлар бўлса керак. Айниқса, 1994 ва 1995 йилги мавсумлардан яхши хотиралар қолган. (Миржалол Қосимов 1994 йил миллий терма жамоамиз билан Осиё ўйинларида зафар қучган, орадан бир йил ўтиб "Спартак-Алания" сафида Россия чемпиони бўлган - Х.Х). 

- 1994 йилги Осиё ўйинларида ҳар бир ғалабадан кейин футболчиларга атиги 100 доллардан берилган экан.
- Ким айтди? 

- Ўша йили термамизни бошқарган Рустам Акрамов.
- Ҳа, мукофот тариқасида беришганди. Тўғриси, биз ўшанда пул тўғрисида ўйламаганмиз. Биз кўпроқ бир ёқадан бош чиқариб ўйнаш ва ғалаба қозониш ҳақида қайғурардик. 

- Нима сабабдан терма жамоамиз 1994 йилдан бери ҳеч нарса юта олмаяпти?
- Эҳтимол, ўшанда бизни ҳеч ким менсимагандир. Ҳозир эса футбол бир жойда турмаяпти. Ҳамма ютиш учун майдонга чиқяпти. Шу боис кучсиз деб қаралган жамоалар ҳам грандлар билан охиригача кураш олиб боряпти.

- Футболимиздаги ривожланишни қандай баҳолайсиз?
- Биз ҳам секин-аста ривожланяпмиз. Олимпия термамиз Олимпиада ўйинларининг олдинги саралаш баҳсида биринчи босқичдаёқ ўз юришини тўхтатарди. Бу йил эса кейинги босқичга ўтишга яқин турибмиз. Демак, футбол ривожланаётганини шундан ҳам билса бўлади. 

- Лекин "Пахтакор" билан "Нефтчи" Осиё чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқа олмади.
- "Пахтакор" ўз майдонида "Ал Ҳилол"ни, "Нефтчи" эса "Ал Нажаф"ни мағлубиятга учратганида гуруҳдан чиқа оларди. Шунга қарамай, тан олайлик фарғоналиклар мусобақада юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишди. Шу фурсатдан фойдаланиб, "Нефтчи" устози Юрий Саркисянни қутлуғ 60 ёши билан табриклаб қоламан. Яна бир гап. Ҳозирда кўпчилик олимпиячилар кейинги босқичга чиқиб бўлди деяётган бўлса-да, барибир 6 июндаги ўйинни кутишга мажбурмиз. Чунки футболда олдиндан нималар бўлишини айтиш қийин. 

- Сизни майдондаги шерикларингиз нима деб чақиришган?
- Ҳар хил. "Жалол", "Жол", "Касим", "Касимчик". Тўғриси, исмим бироз узун бўлгани учун Миржалол дейишмасди. 

- Ҳеч мураббийлар билан келиша олмай қолган пайтингиз бўлганми?
- Йўқ. Агар мени ўйинга туширишмаса, ўз вақти-соатимни кутиб машғулотларда ишлаб юраверардим. Захирада қолсам, бунинг сабабини фақат ўзимдан қидирардим. Биласиз, кимни майдонга тушириш бош мураббийга боғлиқ, чунки натижа учун у жавоб беради. Агар кимки ўз манфаати йўлида ўйнашга тайёр футболчини захирада қолдирса ўша мураббийни аҳмоқ дейман. 

- БААнинг "Ал Шабаб" клубидаги фаолиятингиз ҳақида нима дея оласиз?
- Тан оламан, у ёқда бир мавсум тўп тепган бўлсам, ўйиним унчалик муваффақиятли чиқмади. Ҳозир мени БААда яхши танишадими? Буни улардан сўраш керак.

- Машҳур футболчи бўлиш учун тинмай машқ қилиш кифоя қиладими ёки Худо томонидан берилган истеъдод ҳам бўлиши керакми?
- Истеъдод ҳам бўлиши керак деб ўйлайман, негаки Аллоҳ бермаса, етукчи футболчи бўлиш қийин кечади. Лекин Худо томонидан берилган тақдирда ҳам шунинг ўзи кифоя қилар экан деб юрган билан меҳнатсиз ҳеч нарса амалга ошмайди.

- Миржалол Қосимов машҳур футболчи эди, энди машҳур мураббий бўла оладими?
- Машҳур мураббий бўлиш-бўлмаслигимни вақт кўрсатади. Мен бу борада аниқ бир нарса дея олмайман. Қолаверса, мен машҳур бўлишдан кўра, ўз ишимни астойдил бажаришга ва кўпроқ ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламан. 

- Мураббийнинг асосий қуроли - майдондаги шогирдлари дейишади. Шу фикрга қўшиласизми?
- Албатта. Сабаби, мураббий ўйин пайтида фақат оғзаки кўрсатмалар бериш билан чекланади. Унинг айтганларини амалга ошириш эса футболчиларнинг вазифаси. Сиз шунча ўргатсангиз-у, лекин майдондагилар ўйнамаса, бу ҳам тўғри келмайди. Майдонда охирги сўзни айтиш футболчиларнинг ўзида қолади. 

- Сиз ҳақингизда гап кетганда 4-рақам алоҳида тилга олинади. Бу рақам сиз учун қандай аҳамиятга эга?
- 4 рақами мен учун қадрдон бўлиб қолган. Нафақат футболда, балки ҳаётда ҳам. Масалан, тўртта фарзандим бор. Шунингдек, ўзимиз ҳам оилада тўрт фарзандмиз. Учта опа-сингил ва бир ўғил. Энг қизиғи, хайрлашув кечасини ҳам тўртинчи бўлиб ўтказяпман. Аввалига Азамат Абдураимов, кейинчалик Шуҳрат Мақсудов билан Илҳом Шарипов ўзларининг хайрлашув учрашувини ўтказишди. Мана энди тўртинчиси бўлиш менга насиб қилди. Ёшлигимдан шу рақамни ёқтираман. "Ал Шабаб"да ўйнаган пайтда либосимдаги рақам 26 эди. Мен 2 ва 6 рақамларининг ўртасига минус белгисини чизиб қўярдим. 

- Фарзандларингиз ҳам футболни танлашдими?
- Ҳа. Катта ўғлим Миркамол 15 ёшда. "Қурувчи" ўринбосарлари сафига киришга ҳаракат қиляпти. Кичик ўғлим Миржамол 1995 йилда туғилган "Пахтакор" тарбияланувчилари билан шуғулланяпти. У аввал ҳам футбол, ҳам каратэ билан шуғулланаётганди. Кейин унга маслаҳат бериб, фақат футболни танлашини айтдим. 

- Жуда кўп ёшлар сизга ўхшаб ўйнашни хоҳлашади. Уларга қандай маслаҳат берган бўлардингиз?
- Маслаҳатим, аввало ўзларининг соғлигига қарашсин. Футбол ўйнаш - майкани кийиб олиб шунчаки тўп орқасидан чопиш дегани эмас. Майдонга чиққандан кейин астойдил ўйнаш керак. Футболчи эринчоқ бўлмаслиги, машғулотлардан ўзини олиб қочмаслиги лозим. Э бугун бўлмаса, эртага югураман деса, бу билан иш битмайди. Асосийси ўз касбига меҳр бериб ишлаши керак. 

- Миржалол ака, самимий суҳбат учун раҳмат. Келажакда ишларингизга омад ва зафарлар тилаймиз.

Хайрулла Холиқов суҳбатлашди.

Автор : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +32   

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика