"Арсенал"ни стандартлар бўйича Европанинг энг кучли жамоасига айлантирган мураббий
14 окт 16:36
Новости
"Арсенал"ни стандартлар бўйича Европанинг энг кучли жамоасига айлантирган мураббий
Кенг жамоатчилик учун бу ном унчалик маълум эмас. Бу албатта адолатсизликнинг ўзгинаси, чунки Жовер – мураббийлар оламида ҳақиқий супер юлдуз. Тушунишингиз учун айтаман, у ўз йўналишида Пеп Гвардиола ёки Юрген Клопп даражасида. 42 ёшли француз стантдарт вазиятлар бўйича энг яхши мутахассис.
Айнан Жовер бурчак ва жарима зарбаларини "тўпчилар"нинг асосий қуролига айлантирган. Клубдаги уч мавсуми давомида "канонирлар" АПЛда стандарт вазиятлардан сўнг пенальтиларни ҳисобга олмаганда 54 та гол уришга муваффақ бўлган (ҳа, пенальти ҳам расмий равишда стандарт деб аталади, аммо бу бутунлай бошқа нарса). Умуман олганда, "Арсенал" бу даврда 242 та гол урди, демак, 54 та гол умумий голнинг 23 фоизини ташкил қилади. "Арсенал" ўтган мавсум бу кўрсаткич бўйича АПЛда биринчи бўлди.
Охирги уч мавсумни оладиган бўлсак, "Арсенал" стандартлардан урилган голлар сони бўйича ҳам АПЛда 51 тадан тўп киритишга эришган "Манчестер Сити" ва "Ливерпул"ни ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллаб турибди. Қолаверса, лондонликлар учун бу кўрсаткич ҳар йили ортиб борди (15+16+23), рақобатчиларда эса, аксинча, камайди: "Сити"да 21+14+16 ва "Ливерпул"да 19+17+15.
Корнерлардан кейин 44 та гол
Агар биз фақат бурчак зарбаларини олсак, "Арсенал" рақобатдан холи — уч йил ичида нақд 44 та гол. Бу иккинчи ўриндаги "Ливерпул"дан беш марта кўп.
Таққослаш учун: Жовер келишидан олдинги учта тўлиқ мавсумда (2018-2021) "Арсенал" стандартлардан кейин 33 марта дарвозани ишғол қилган. Бу, албатта, унчалик ёмон эмас, лекин фарқ сезиларли. Айтиш мумкинки, "Арсенал" ўша пайтда жамоа сифатида нисбатан кучсизроқ эди, аммо бу стандарт ҳолатларга унчалик таъсир қилмайди. Мисол учун, ўтган мавсум голлар сони бўйича "канонирлар"дан кейин иккинчи ўринда турган жамоа "Эвертон" эди – 19 та гол. Сўнгги уч йил давомида ўртамиёна "Брентфорд" доим топлар қаторида (жами 41 та гол).
Стандарт деганда дарвоза дахлсизлиги, ҳимояси ҳам киради. Бунда ҳам "Арсенал"нинг Жовери анча порлоқ кўринади. Охирги икки мавсумда "канонирлар" ўтказиб юборилган голлар сони бўйича пастдан иккинчи ўринни эгаллаб турибди – 8 ва 7 та гол. Умуман олганда, францияликнинг уч йиллик фаолияти давомида лондонликлар стандартлардан сўнг 23 та гол ўтказиб юборган. Бу кўрсаткичда фақатгина "Манчестер Сити" (11) ва "Ливерпуль" (22) олдинда.
Ушбу мавсумнинг боши ҳам стандартлар нуқтаи назаридан "Арсенал" учун зўр бошланди. Лондонликлар дастлабки олти турда уч марта шу тарзда гол уришга эришди ва бу "Тоттенхэм" (1:0) ва "Сити" (1:1)га қарши муҳим ўйинларда ҳам содир бўлди. Икки ҳолатда ҳам Габриэл Магальяэс гол муаллифига айланди ва голлар бир-бирига жуда ўхшаш: унинг жамоадошлари ҳимоячилар ва дарвозабонни тўсиб турди, бразилиялик эса жарима чизиғидан югуриб келиб, ҳеч қандай қаршиликсиз отилиб чиқди. Такрорларни қараб чиқсангиз, "Арсенал" футболчиларининг барча ҳаракатлари мазмунли ва олдиндан ишлаб чиқилганини яққол кўзга ташланади.
Стандарт вазиятларнинг замонавий футболдаги ўрни жуда катта аҳамиятга эга. Ҳозирги кунда футболчи ва мураббийларнинг бу вазиятларга бўлган тайёргарлиги жиддий ўрганилади, чунки кўплаб ўйинлар натижаси шу орқали ҳал бўлиб кетади.
Замонавий футболда стандарт вазиятлардан самарали фойдаланиш учун ўйинчилар маълум техник ва жисмоний тайёргарликка эга бўлишлари керак. Жарима зарбаларида тажрибали тўпурарлар катта роль ўйнайди, бурчак зарбаларида эса тўпни аниқ узатиш ва ҳаводаги курашдаги устунлик муҳимдир.
Стандарт вазиятлар рақибга босим ўтказиш имконини беради. Масалан, бурчак зарбаси ёки узоқдан берилган жарима зарбаси рақиб ҳимоячиларини ҳушёр бўлишга мажбур қилади ва улар хатога йўл қўйиши мумкин.
Умуман олганда, стандарт вазиятлардан тўғри фойдаланиш жамоага катта фойда келтиради, шунинг учун уларнинг футбол стратегиясидаги ўрни йилдан йилга кучайиб бормоқда.
Канададаги университет ва ертўладаги схемалар
Жовер деярли 15 йил олдин бу соҳада биринчи қадамларини қўйганида, ҳозирги мартабага эришишини фақат орзу қилган бўлса керак. У Берлинда туғилган, аммо кейинроқ ота-онаси билан Францияга қайтиб келган. Жовер ҳаваскорлар даражасида футбол ўйнаб, Монпелье университетининг спорт бўлимида таҳсил олган. Ва 20 ёшдан бироз ошганида Канадага – Монпелье коллежи билан ҳамкорлик қилган Квебек провинциясидаги Шербрук университетига борган. Бу француз тилида сўзлашувчи муҳитда юрган ва ўзининг комфорт зонасидан чиқишни хоҳлайдиган инсон учун инглиз тилини ўрганишнинг энг яхши усули эди.
Канадага кўчиб ўтган Жовер Шербрук университети жамоаси таркибида футбол ўйнашни давом эттирган. Ва ўша пайтда у стандартларни амалга оширишнинг турли усулларини ўйлаб топган. У ертўлада сақлаган ишланмаларини ўзи билан яқин муносабатда бўлган устози Ришар Пьер-Жилль билан бўлишди.
"Ўшанда мен жамоага учинчи мураббий қидираётган эдим ва Николялан сўрадим. У ажойиб ўйинчи эди ва ҳатто охирги йилида сардор этиб сайланганди, шунинг учун у билан кўп гаплашардик. Бошқа нарсалар қаторида, биз учун стандартлар бўйича баъзи ғояларни ҳам ўйлаб топарди. Кейин мен унга тўлиқ ваколат бердим ва бу у орзу қилган энг яхши лаборатория эканлигини айтдим. Николя француз тилида тўрт-бешта вариантни ҳаракатлар кетма-кетлиги билан тушунтириб берарди. Аввалига бу бироз қўрқинчли эди, чунки у Америка футболига жуда ўхшаш эди, лекин кейинроқ Николя нимани хоҳлаётганини тушуниб етдим. У Шимолий Америка маданиятини Европа футболига интеграция қилган", – дейди Пьер-Жилль.
Магистрлик даражасини олган Жовер профессионал футболда ишлаш орзуси билан Монпельега қайтди. Муаммо шундаки, агар сиз каттароқ даражада ўйнамаган бўлсангиз, бу дунёга кириш жуда қийин. Жовер яхши ноутбук ва дастурий таъминот сотиб олиб, таҳлилий кўникмаларини оширишга сармоя киритди ва шу билан бирга мураббийлик курсларига ёзилди. Унга омад кулиб боқди. Курс давомида у "Монпелье" собиқ футболчиси, клуб сафида 200 дан ортиқ ўйин ўтказган Паскаль Байс билан танишиб қолди, кейин эса клуб тизимида ишлай бошлади. Байс Жовер учун бир нечта учрашувлар уюштирди, натижада у видеотаҳлилчи лавозимини эгаллади.
"Николя – даҳоларнинг даҳоси"
Кейинроқ Жовер каби яхши қарашга эга одамга ҳаммаси осон бўлди. "Монпелье"даги олти йиллик фаолияти мобайнида 20211/12 йилги мавсум Франция чемпионлигини қўлга киритди, "Брентфорд"да уч мавсум, сўнгра "Манчестер Сити"да икки йил фаолият юритди ва "Арсенал"га ўтди. Унинг "Брентфорд"даги фаолияти муваффақиятли чиқмаган бўлса-да, француз Англияда анча-мунча обрў орттириб олганди.
Жовер физикадан билимга эга тадбиркор Мэтью Бен билан танишди. Бен – физикадан хабардор, ўз бойлигини профессионал пул тикувчилар учун статистик дастурий таъминот ясашдан топган тадбиркор.
"Мен ўша пайтда Николя билан маслаҳатлашдим ва унинг синчковлиги ва майда деталларга эътиборлилигидан ҳайратда қолдим", – дейди "Брентфорд"нинг ўша пайтдаги устози Дин Смит.
"Николя – фикрлаш ва режалар тузиш нуқтаи назаридан даҳо. У билан ўтириб, турли стандартларни муҳокама қилар экансиз, ҳар бир нарсанинг ортида аниқ бир ғоя борлигини ҳис қиласиз. Ва бу ҳеч қачон юзаки бўлмаган. Муайян бурчак зарбасини бир соатдан кўпроқ муҳокама қилишимиз мумкин эди. Биз жамоамизнинг ҳар бир ҳаракати ва рақибнинг нима қилишини таҳлил қилиб чиқардик. Бу икир-чикиригача ўрганиларди", – деди Жовер билан "Брентфорд"да ишлаган Мадс Бутгерайт.
"Жовер ўз ғояларини футболчиларга тезда етказишни биларди. Видеони 10 дақиқа томоша қилиб, кейин майдонда 15 дақиқа бунинг устида ишлаш – шунда ҳаммаси аён бўларди", – деди ўшанда "Брентфорд"да ўйнаган испаниялик Жота.
Артета билан дўстлик
Ғарбий Лондон клуби Жовернинг уч йиллик бошқарувида 46 та гол урганидан сўнг кейинги босқичга кўтарилиши кутилганди. 2019 йилнинг ёзида франциялик мутахассис "Манчестер Сити"га йўл олди ва у ерда "Арсенал"нинг ҳозирги бош мураббийи, ўша пайтда Пеп Гвардиоланинг ёрдамчиси бўлган Микель Артета билан танишди.
Тўғрироғи, ўша пайтга қадар катта ваколатларга эга бўлган Артета Жоверни "Сити"га чақирган эди.
"У уни Балеар оролларидаги вилласига таклиф қилди. У ерда улар бир неча соат суҳбатлашишди ва тезда умумий тил топишиб кетишди. Кейин Артета Жоверни унинг одами, унга керак бўлган одам эканлигини тушунди. Бундан ташқари, иккаласи ҳам испан, инглиз ва француз тилларини билади, шунинг учун мулоқотда ҳеч қандай муаммо йўқ эди", – деб эслайди Жовернинг узоқ йиллик дўсти Пьер-Жилль.
"Сити"даги фаолият Жоверга икки марта чемпионлик унвонини олиб келди, аммо у Гвардиола билан бир хил ғояга эга инсон эмасди, чунки Пеп учун стандартлардан кўра кўпроқ прессинг ва жамоавий иш муҳим. Шу сабабли Жовер 2021 йилнинг ёзида Артетанинг олдига – "Арсенал"га ўтди.
"Николя – ўз ишининг устаси ва ажойиб инсон. Ўртамиздаги муносабатлар уни "Сити"га, кейин эса "Арсенал”га таклиф қилишимнинг сабабларидан бири. У футболчилар онгига ўйинларда ғалаба қозонишнинг кўп йўллари борлигини сингдирган. Стандартлар – муваффақият келтирувчи йўллардан бири ва улар бизга жуда кўп ёрдам беради", – деганди Артета "Тоттенхэм" билан баҳсдан кейин.
Шерзод Нурматов
Комментарии