АПЛ қувғиндиларининг А Сериядаги муваффақиятлари
13 фев 2020 21:00
Новости
АПЛ қувғиндиларининг А Сериядаги муваффақиятлари
Кўпчилик бундан ҳайрон бўлгани йўқ. Авваллари - ҳа, ушбу қарор турли саволларга сабаб бўларди, аммо ҳозир АПЛ юлдузлари қўрқмасдан А Серияга - кучсизроқ лига, бироқ сўнгги ойларда барчанининг диққатини ўзига қаратаётган чемпионатга кўчиб ўтишмоқда. Айни дамда ушбу лигада Эшли Янг, Асмир Бегович ва Виктор Мозес каби АПЛда ўзини кўрсатган футболчилар тўп тепмоқда.
Бу йигитларнинг янги лигадаги муваффақияти ҳақида гапиришга эрта, аммо А Серияга аввалроқ ўтган йигитлар ўзини кўрсатишга улгуришди.
Аарон Рэмзи
Клуб: "Ювентус"
Аввалги клуби: "Арсенал"
Нарх: Бепул
Аарон Рэмзи худди Маурицио Саррининг "Ювентуси" каби тезда ёрқин ўйин намойиш этмади. Уэльслик янги жамоадаги фаолиятини жароҳат билан бошлади ва ҳозир тикланишни давом эттирмоқда. Унинг "Верона"га урган дебют голи умид берди, бироқ айни дамда у асосий таркиб футболчиси эмас. Рэмзи жорий мавсум бирорта учрашувда 90 дақиқа ҳаракат қилмади.
Ҳозирча Аарон Туринда ўзини кўрсатиб, мухлисларнинг ёқимтойига айланади дейиш қийин.
Ромелу Лукаку
Клуб: "Интер"
Аввалги клуби: "Манчестер Юнайтед"
Нарх: 74 млн. фунт
Антонио Конте Ромелу Лукакуни харид қилишга жуда қизиқиб қолган эди. Мухлислар эса Лукаку бундай катта пулга арзишига ишонқирамай туришганди, бироқ бельгиялик барча писсимистларнинг оғзини ёпа олди. 26 ёшли ҳужумчи Италияда қайта туғилгандек бўлди: У энди бир жойда турадиган "дарахт" эмас, Ромелу яна жилмайяпти, голлардан роҳат олмоқда.
Лукаку Лаутаро Мартинес билан А Серияда 26та гол урди, "Юнайтед" собиқ форварди ҳисобида 14та гол мавжуд.
Крис Смоллинг
Клуб: "Рома"
Аввалги клуби: "Манчестер Юнайтед"
Нарх: Бир мавсумлик ижара
Смоллингнинг машҳурлиги ва ажойиб формаси туфайли маҳаллий мухлислар уни "Смолдини" деб чақиришмоқда. Нега бундай лақаб қўйилганини тушунган бўлсангиз керак.
30 ёшли ҳимоячи "Юнайтед"да ўзига ўхшамай қолди, аммо "Рома"да сэр Алекс Фергюсон кўрган иқтидорни намойиш эта бошлади. Ҳозир у - Пауло Фонсека жамоасининг энг барқарор ва ишончли футболчиси.
Генрих Мхитарян
Клуб: "Рома"
Аввалги клуби: "Арсенал"
Нарх: Бир мавсумлик ижара
Жорий мавсум арманистонлик учун осон кечмаяпти. Ҳаммаси яхши бошланганди, футболчи жароҳатидан қутилиши билан "Сассуоло" дарвозасини ишғол қилган эди.
"Рома"да жисмоний ҳолат бўйича жиддий муаммолар бор ва Мхитарян бундан энг кўп азият чеккан ўйинчи. Октябрдан декабргача жароҳат, кейин январгача чўзилган тикланиш. Унинг омади келмаяпти.
Ярим ҳимоячи майдонга тушишга муваффақ бўлганида у ўзини ёмон кўрсатмаяпти, хатто 9та учрашувда 3та гол уришга эришди.
Данило
Клуб: "Ювентус"
Аввалги клуби: "Манчестер Сити"
Нарх: 34,1 млн. фунт
Данило каби ўзини янги клубда тез кўрсата олган футболчилар кўп эмас.
Бразилияликни "Наполи"га қарши баҳсда жароҳатланган Маттиа Де Шильо ўрнига майдонга туширишди ва у 26 сония ўтиб гол урди.
Натижада "Юве" 4:3 ҳисобида ғалабага эришди, бироқ бу баҳсдан сўнг Данило асосий таркиб футболчисига айланмади. Баъзида таркибда пайдо бўлиб турадиган ҳимоячи асосий таркибдаги жой учун Хуан Куадрадо билан рақобатлашмоқда. Умуман олганда Сарри ҳали ҳам унга ишонмоқда.
Давид Оспина
Клуб: "Наполи"
Аввалги клуби: "Арсенал"
Нарх: 3,1 млн. фунт
Оспина ўтган мавсум ижара асосида "Наполи" дарвозасини қўриқлади. Неаполликлар Давидни яхши кўриб қолишди ва трансфер амалга оширилди. Колумбиялик жорий мавсум аввалгидек зўр эмас, айни дамда Алекс Мерет асосий таркиб футболчисига айланган.
Аммо 31 ёшли голкипер ҳаммасини тушуниб турибди: Хатто у майдонга тушганида ҳам муваффақиятли ўйин кўрсата олмаяпти. Буни "Лацио"га қарши баҳсдаги қўпол хатодан билиб олиш мумкин.
Фернандо Льоренте
Клуб: "Наполи"
Аввалги клуби: "Тоттенхэм"
Нарх: Бепул
Карло Анчелотти Фернандо Льорентедан захирадан майдонга тушувчи форвард сифатида фойдаланди ва Женнаро Гаттузо ҳам аввалги ҳамкасбининг ишини такрорламоқда. Фернандо 17та учрашувнинг 3тасида асосий таркибда ўйнади. Унинг ҳисобида 3та гол мавжуд.
Шунга қарамай форвардни деярли ҳар ҳафта майдонда кўряпмиз. У Чемпионлар лигасининг 6та учрашувида иштирок этди ва хатто "Ливерпуль" дарвозасини ишғол қилди.
Январда уни "Интер"га ўтади дейишганди, аммо трансфер амалга ошмади.
Маттео Дармиан
Клуб: "Парма"
Аввалги клуби: "Манчестер Юнайтед"
Нарх: Номаълум
Маттео Дармиан "Парма"нинг афсонасига айланмади ва "Торино"даги юришларини такрорламади, шунга қарамай ушбу рўйхатдагиларнинг баъзиларидан фарқли ўлароқ, у асосий таркиб футболчиси.
30 ёшли ҳимоячи жорий мавсум 17та учрашувда иштирок этди. "Парма" у билан 7-ўринга кўтарилиб олди ва жамоадагилар жиддийроқ ҳаракат қилишса, еврокубоклар ҳақида ўйласа ҳам бўлади.
Давиде Заппакоста
Клуб: "Рома"
Аввалги клуби: "Челси"
Нарх: 6 ойлик ижара
Жароҳатдан қутила олмаётган "Рома"нинг яна бир футболчиси Давиде Заппакоста ҳалигача ўзининг имкониятини кутмоқда. У жароҳат олишдан аввал А Серияда бор-йўғи 12 дақиқа ўйнашга улгурди. Футболчи ҳали ҳам тикланиш жараёнида.
Алексис Санчес
Клуб: "Интер"
Аввалги клуби: "Манчестер Юнайтед"
Нарх: Бир мавсумлик ижара
Бечора Алексис Санчес. Унинг ижараси футболчига ишончини қайтариши керак эди, аммо навбатдаги жароҳат уни 3 ойга сафдан чиқарди. Чилилик ҳужумчи 5та учрашувда 1та гол уришга улгурди, кейин қизил карточка олди. Ҳозирча "камбэк" ҳақида гапиришга эрта, аммо мавсум якунлангани йўқ.
Комментарии