RU

Последние новости

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

Анвар Бердиев:”Бунёдкор”да хали ўз сўзимни айтаман!” Новости

Анвар Бердиев:”Бунёдкор”да хали ўз сўзимни айтаман!”

Анвар Бердиевнинг “Бунёдкор” клубига ўтиши ортиқча шов-шувга сабаб бўлгани йўқ.

“Нефтчи”ни чорак асрдан зиёд бошқарган Юрий Саркисян клубдан четлатилганидан сўнг жамоа парчаланиб кетиши таҳмин қилинганди. Мураббийлар штаби тўлалигича алмашди. Футболчилардан эса фақат Бердиев жамоани тарк этди. Кетганда ҳам ўз хоҳиши билан эмас, балки унга ҳам чиқиш эшиклари кўрсатилди. Орадан кўп ўтмай, Анвар “Бунёдкор”да пайдо бўлди ва ҳозир тўлақонли “қалдирғоч” ҳисобланади. Биз ҳам клубнинг янги аъзоси билан яқиндан танишишга жазм қилдик.

ФУТБОЛГА КИРИБ КЕЛИШИ
Болалигим қолган тенгқурларимдан фарқ қилмаган, барчамиз бўш қолдик дегунча “кўча чангитиб” тўп тепардик. 10 ёшга тўлганимда уйимиздан узоқ бўлмаган Косон туман Болалар-ўсмирлар спорт мактабининг футбол бўлимига қабул қилинганман. Биринчи мураббийим – Анвар Тукаев. Кейинчалик Абдураҳмон Юмангулов қўл остида шуғулланганман. 13 ёшимда, яъни 1991 йилда, маҳсус имтиҳонлардан сўнг, Самарқанд вилояти Олимпия заҳиралари билим юртига қабул қилинганман. У ерда футбол сирларини ўзлаштиришимда устоз-мураббий Шавкат Абдуллаевич ҳизматларини таъкидлаган бўлардим.


Катта футболга дастлабки қадамларни барвақт ташлашимга ёшларга бўлган эътибор сабаб бўлган. Ўша пайтлар 1-лига жамоаларига таркибдан икки ўсмирга жой ажратиш мажбур қилиб қўйилганди. Шу тариқа 11-синфни битирмай туриб, Муборакнинг “Машъал” клубига таклиф этишган. Орадан икки йил ўтиб “Машъал” олий лига аъзосига айланди ва энди менга катта футбол учун катта эшиклар очилган эди.

«МАШЪАЛ»-«НАСАФ»-«НЕФТЧИ»-«НАСАФ»-«НЕФТЧИ»
Ўша пайтда олий лигада Қашқадарё шарафини фақат “Машъал” ҳимоя қиларди. Биз дастлабки икки йил фақат олий лигадаги ўрнимизни сақлаб қолиш учун курашдик ва буни уддасидан чиқдик ҳам. Қаршининг “Насаф” клуби эса, аксинча, хар йили олий лига йўлланмасидан қуруқ қоларди. Ниҳоят, вилоят ҳокимининг буйруғига кўра, Қашқадарёда битта, лекин кучли жамоа тузиш ғояси амалга оширилди ва мен қатори “Машъал”нинг 70-80 фоиз ўйинчилари Қаршига кўчиб ўтишди. Худди ўша пайтда, аниқроғи 1997 йилда менга мамлакатнинг энг донгдор жамоаси – Фарғонанинг “Нефтчи” клубидан таклиф тушди. Фарғонага бориб қишки ўқув-йиғинларда қатнашдим. “Нефтчи” бош мураббийи Юрий Саркисян ёш бўлишимга қарамай менга далда бўлар, мени ёрқин кунлар кутаётганини айтиб руҳлантиришга интиларди. Лекин 4-5 карра чемпионлар орасида ўзимни ноқулай хис қилардим. Бир куни ўзаро иккига бўлиниб ташкил этилган ўйинда, Юрий Вазгенович мени асосий таркибда майдонга туширди ва биз Сергей Завальнюк билан ҳужумчилар тандемини ташкил этдик. Очиғи, ўша куни ўйиним қовушмади ва Завальнюкдан қаттиқ сўкиш эшитдим. Қатъий қарорга келишим учун шунинг ўзи етарли бўлди. Эрталаб барвақт турдим, нарсаларимни йиғиштирдим ва... Қаршига қочиб кетдим.
Менимча бу яхшиликка бўлди. Сабаби, “Насаф”да яна икки йил ўйнаб анча пишдим. Олимпия терма жамоаси аъзосига айландим. Бу орада Юрий Саркисян яна бир неча бор Фарғонага чақирди, лекин хар сафар турли бахоналар билан рад этавердим. Ниҳоят, олимпиячиларнинг сўнгги йиғини пайтида Юрий Вазгенович атайин Тошкентга келди. Биз узоқ суҳбатлашдик, ҳаммасини торозига солдик ва мен “Нефтчи”га ўтишга рози бўлдим. Биринчидан, “Нефтчи” мамлакатнинг энг обрўли жамоаларидан бири ва у ерга ўтишим, фаолиятимдаги олдинга ташланган қадам бўларди. Иккинчидан, клубда иш профессионал йўлга қўйилгани сабабли вазият доимо барқарор эди ва жамоа олдига энг юксак вазифалар қўйиларди. Учинчидан, Юрий Саркисян мамлактдаги энг кучли мутахассислардан бири ва мен айнан шундай устоз қўл остида янада ўсишимга ишонч бор эди.
Кейинги воқеалар ривожи мен ўйлагандан ҳам аъло бўлди. 2000 йил илк бор кумуш медаль соҳибига айланган бўлсам, кейинги йил мамлакат чемпиони деган шарафли номга ҳам эришдим! Афсуски, бу менинг биринчи, “Нефтчи”нинг эса сўнгги чемпионлиги эди...

ЖАРОҲАТ
2003 йил мен учун жуда омадли бошланди. Дастлабки 11 турда рақиблар дарвозасини 16 бор нишонга олдим ва мавсум тўпурарлигига асосий даъвогар эдим. 12-турда Фарғонада «Насаф»ни қабул қилган эдик. Стадион лиқ тўлган. Барча фарғоналиклар мендан навбатдаги гол ва жамоадан ғалаба кутганлар. Учрашув жуда шиддатли кечди ва биринчи бўлимда ҳисоб очилмади. Бизда гол уриш учун бир неча бор бор имкониятлар бўлди, бироқ “Насаф” дарвозабони Петр Гизимчук (ҳозирда миллий терма жамоада дарвозабонлар мураббийи - муаллиф) бошлиқ ҳимоя қўрғони жуда ишончли харакат қилди.


Ўйин тугашига 15 дақиқалар қолганда меҳмонлар жарима майдонидан узоқроқда жарима тўпи белгиланди. Равшан Маталиев тўпни хаводан дарвоза томон оширди. Мен унга бошим билан зарба бериб, ҳисобни очдим. Стадион ларзага келди! Голни ишқибозлар билан бирга нишонлаш мақсадида улар томон ошиқдим. Мақсадим орамизни тўсиб турган панжарага осилиб, уларнинг қўлларини, чақириқларини ҳис этиш эди. Лекин панжарага сакраб чиқаман деганимда оёғим сирпаниб кетди ва панжара ўрнатилган бетон пойдеворга тиззам билан бориб урилдим. Бетон ҳам оддий эмас, мармар бурчаги усулида ғадир-будур қилинган бўлиб, ўткир тиғлардан иборат эди. Оғриқдан кўз олдим қоронғулашиб кетган. Тиззамга қараб қон аралаш суяк бўлаклари чиқиб турганини кўриб фалаж ҳолатига тушганман. Кейинчилик тизза суягим олти бўлакка бўлиниб кетгани аниқланган. Мени тез ёрдам машинасида шаҳар касалхонасига олиб кетишди. Ўша пайтдаги оғриқ азобини душманимга ҳам раво кўрмайман. Касалхонада оғриқни камайтирадиган уколлар қилишди, рентген сурати олишди ва хабар бериб соҳа мутахассисларини чақиртиришди. Бу орада фарғоналик мухлисларнинг бир гуруҳи касалхонага етиб келди. Ўша кунги ғалаба барчани хурсанд қилганди. Ишқибозлар менга далда бериб, кўнглимни кўтаришди. Қандай ёрдам лозим бўлса, ҳаммасини етказишга шай туришди.


Клубимизда Тимофей Владимирович исмли корейс миллатига мансуб тажрибали травматолог бор эди. Шу киши бошқа ҳамкасблари билан маслаҳатлашган ҳолда Фарғонанинг ўзида жарроҳлик операцияси ўтказишга қарор қилишган ва ўша куни кеч соат 23 да бу муолажа амалга оширилган. Шифокорлар рентген суратини кўрибоқ футбол билан ҳайрлашишим лозимлигини, оёқни юра оладиган даражага келтиришса ҳам катта ютуқ бўлишини таъкидлашганди.


Операция бўлди. Оёғимга гипс қўйишди. Лекин бу билан муаммо бартараф этилмади. Уч ҳафта ўтиб, навбатдаги операция амалга оширилди. Бу сафар гипсни очиб, тиззамга Илизаров аппаратини ўрнатишди. Сабаби, юра бошлаганимда ҳар бир нотўғри ҳаракат битаётган суякларни яна ажралиб кетишига олиб келиши мумкин экан. Илизаров аппарати эса суякларга мустаҳкамланган бўлиб, уларни худди ямоқ сингари бирлаштириб турарди. Аппарат суякларни тешиб бирлаштирилгани учун бутун танамга оғриқ берарди. У билан ўтган 3 ой ҳаётимдаги энг мудҳиш дамлардан бири бўлган десам муболаға бўлмайди. Тасаввур қилинг, 3 ой давомида туни билан уйқу бўлмасди. Хар сафар ўгирилганимда оғриқдан уйғониб кетардим. Кундузи дам оламан деганимда ҳам худди шу ахвол. У пайт бир ўзим яшардим. Яқин оғайним деярли хар куни келиб иссиқ-совуғимдан хабар оларди, лекин у ҳам дардимни енгиллаштира олмасди. Яратганга шукр, 3 ойдан сўнг навбатдаги операция натижасида аппарат олиб ташлангандан кейин, оғриқ азобларидан қутулганман.


Кейин бемалол юра бошладим. Бироқ синган тиззам букилмасди. Тимофей Владимирович буни мунтазам уқалаш орқали хал қилиш мумкинлигини тушунтирди ва бу соха бўйича мутахассисни ҳам топиб берди. Тиззам букилса нафақат бемалол юришим, балки яшил майдонга ҳам қайтишим мумкинлигига умид қилган холда энди Валентина Ивановнадан муолажа ола бошладим. Бу ҳам 3 ой давом этди. Демак жароҳат олган муддатдан ҳисоблаганда, яшил майдонга ярим йилдан сўнг қадам қўйганман. Унда ҳам фақат югуриш учун. Тўлақонли футболга қайтишим учун эса, умуман ҳисоблаганда 2 йил вақт керак бўлди.


Шу ерда яна бир воқеани элаб ўтишим лозим. Касалхонада даволанаётганимда жуда кўпчилик қаторида Пётр Гизимчук ҳам мени йўқлади. Шунда мен шифокорлар рентген суратини кўриб айтган хулосалари, яъни майдонга қайтмаслигим ҳақидаги фикрларини келтириб, “демак сўнгги голни сенга урган бўп қоларканман” деганимда, “мана кўрасан, яшил майдонга қайтгач, илк голингни мен қўриқлаётган дарвозага киритасан!” деб қатъий ишонч билдирганди. Илк учрашувим “Нефтчи” – “Қизилқум” ўринбосарлари ўйинига тўғри келган. Қарасам, рақиб дарвозасида Пётр Гизимчук! У менга “сенга нима дегандим?” дегандек жилмайиб турарди. 2 йилдан сўнг илк мартта яшил майдонга қайтганим сабабли, ҳаяжон жуда катта бўлган. Қолаверса дард яна қайтарилмасмикан деган қўрқув ҳам бор эди. Шу боис, ўша куни тўп киритмаган бўлсам-да, Гизимчукнинг башорати деярли рўёбга чиққан.


Ҳаяжон ва миямдаги қўрқувнинг кетиши ҳам анчага чўзилган. Майдонда кўп югурганим билан кескин тўқнашувларга деярли бормасдим. Мураббийлар ҳам шундай кўрсатма беришганди. Мухлислар қўллаб-қувватлашса-да, аввалги Анвар Бердиев қайтишига унчалик ишонишмасди. Лекин мен албатта қайтишим керак эди. Нафақат ўзим, балки устозим Юрий Вазгенович учун ҳам қайтишим лозим эди. У касалхонада ҳам, уйда даволанганимда ҳам мени мунтазам йўқлар, хар сафар менга ишонишини ва қанча керак бўлса, шунча кутишини таъкидларди. Ойлик ўз йўлига, мукофот пулларини ҳам ўз вақтида олардим. Ўйнамаган ўйинларим учун ҳам. Бундан ҳижолат бўлганимда “сен кўчада кетаётганингда эмас, майдонда жамоанг учун муҳим гол киритиб олгансан бу жароҳатни, демак бу ишлаб чиқариш жароҳати ҳисобланади ва сен бошқалар қаторида рағбатлантиришга муносибсан” дейишдан чарчамасди. Кейинчалик, яна голлар ура бошлаганимдан кейин бошқа жамоаларга ҳам чақира бошлашди. Катта пуллар эвазига. Бу пайтга келиб “Нефтчи”да молиявий аҳвол аввалгидек эмас эди. Лекин мен энди пул учун эмас, мажбурият учун ўйнашим керак эди. Оғир пайтда мендан юз ўгирмаган, менга ишонч билдирган инсонлар учун ўйнашга аҳд қилгандим. Хатто Вазгеновичнинг ўзи “жуда катта пул таклиф қилишмоқда, бу ёғига оиланг ва келажагингни ҳам ўйлашинг керак” деганда, “фақат Сиздан кейин!” деб жавоб қайтарардим. Ҳақиқатдан шундай бўлиб чиқди. “Яхши ниятга ҳам, ёмон ниятга ҳам фаришталар “омийн” дейишади” ақидаси шу бўлса керак...

ОИЛА
Оилада 5 фарзанд бўлганмиз. Уч синглим ва бир укам бўлган. Онамиздан жуда барвақт ажралиб қолганмиз. 33 ёшларида бу дунёни тарк этганлар. Мен ўша пайтда 13 ёшда эдим, ука ва сингилларим эса хали мурғак. Тўсатдан бўлгани учун барчамиз довдираб қолганмиз. Йиғидан бошимиз чиқмасди. Мен-ку, Самарқандга ўқишга кетиб, футбол билан чалғиганман. Қолганларга жуда қийин бўлган. Кичкинтойлар онасиз ўсишга қийналмасин деб отам бошқа аёлга уйландилар. Яна биттадан ука ва сингилли бўлдим. Ўзим уйлангандан кейин қолган фарзандларни уйли-жойли қилишда отамга имкон қадар кўмаклашдим. Фақат онамдан 10 йил ўтиб, яна бир жигарбандимиз бизни ташлаб кетди. Синглим фарзандни дунёга келтираётиб, ўзи 18 ёшда бу дунёни тарк этди. Ёлғиз жияним ундан ёдгорлик бўлиб қолди. Қолган 2 синглимни ҳам узатдик. Ўтган йили укамни ҳам уйлантирдик. Энди навбат 2 кичкинтойга. Ўзим бахтимини Фарғонадан топдим. Ўша ерда уйландим, ҳозирда 2 ўғилнинг отасиман. Каттаси 5, кичиги 3 ёшда. Шунча йил Фарғонада кўп қаватли уйда яшаб, энди ҳовли сотиб олгандим ва мавсум тугагач у ерга кўчиб ўтиш ниятида эдик. Лекин тақдир тақазоси билан энди пойтаҳтдан уй ахтараяпман.

САРКИСЯН ДАВРИ ТУГАШИ ВА ФАРҒОНАДАН КЕТИШ
Футболда молиялаштириш асосий омиллардан бири экани ҳеч кимга сир эмас. “Нефтчи”да иқтисодий муаммо бўлмаган пайтда, жамоа доимо юқори ўринлар учун курашган. Лекин клубга эътибор раҳбарларнинг футболга қизиқиши ва имконияти билан чамбарчас боғлиқ. Масалан “Нефтчи” сўнгги бор 2001 йил чемпион бўлган. Кейин “Пахтакор” гегемонлиги бошланди. “Бунёдкор”нинг пайдо бўлишигина бунга чек қўйди. Энди “Насаф” ва “Локомотив” бу баҳсга қўшилишди. Ушбу жамоаларда молиялаштириш яхши йўлга қўйилгани туфайли ҳозирда энг яхши футболчилар айнан шу клубларда фаолият юритишмоқда. Бир вақтлар мамлакатнинг энг кучли футболчилари тўпланган “Нефтчи” эндиликда бақувват клубларни ўйинчилар билан таъминламоқда. Саркисянга энг вафодор ўйинчилардан бири Акмал Холматовнинг “Нефтчи”дан кетиши қандай шов-шувларга сабаб бўлган эди?! Энди эса бу оддий холга айланиб қолди. Ғайрат Хасанов, Ислом Тўхтахўжаев, Руслан Мельзиддинов ва бошқа иқтидорларнинг Фарғонани тарк этиши жамоа мавқеига таъсир этмай қолмади. Натижада “Нефтчи” совриндорлар қаторидан тушиб қола бошлади. Бу маҳаллий раҳбарларга маъқул келмагани тушунарли. Лекин буни давра столида, фикр алмашиб хал қилиш лозим эди деб ҳисоблайман.


Амалда қандай бўлди? Чемпионатнинг хали учдан бири ўтмай туриб вилоят газетасида буюртма мақола чоп этилди. Унинг буюртмалигини аввалги юутқлар кўрсатилмай, “Нефтчи”да аҳвол борган сари оғирлашаётгани, қандайдир кескин ўзгаришлар қилишга шама қилинганди. Унда футболга умуман алоқаси бўлмаган тўрт мухлиснинг фикрлари келтирилиб, “Нефтчи” шарафини муносиб ҳимоя қилган шахсларга нисбатан кескин муносабат билдирилганди. Бу жамоа ичида катта норозиликка сабаб бўлди. 11 май куни биз “Гулистон”ни қабул қилдик. Ўйиндан аввал барчамиз ғалаба қозониб кимлигимизни кўрсатиб қўйишни ва биринчи тўпни киритган муаллиф газетани намойишкорона йиртиб, биз бундай танқидларга нолойиқлигимизни кўрсатиб қўйишга келишиб олгандик. Бу қарорга мураббийларсиз, ўзимиз келдик. Мақсад вилоят газетасини обрўсизлантириш эмас, бизга нисбатан нохақ фикр билдирган ўша 4 мухлисга қандай ўйнай олишимизни исботлаш эди. Ҳисобни Дилёрбек Эрматов очди ва аввалдан ўйланган режани амалга оширди. Биз ўша куни йирик ҳисобда ғалаба қозондик. Афсуски, ғалаба бир чеккада қолиб, газетанинг йиртилиши биринчи планга чиқиб кетди. Аниқроғи уни сиёсат даражасига олиб чиқишди.


Биз бундан бехабар кейинги ўйинга тайёргарлик кўраётгандик. Бирдан “Клуб раҳбарияти ўзгараркан, Саркисян ишдан кетаркан” деган гап-сўз тарқалди. Ҳақиқатан ҳам 3-4 кундан кейин клуб базасига вилоят ҳокими ўринбосари бошчилигидаги делегация ташриб буюриб йиғилиш ўтказди ва унда клубнинг янги раҳбари таништирилди. Сўнгра жамоанинг кўрсаткичлари пасайиб кетгани сабабли бош мураббий Юрий Саркисян ўз вазифасидан озод этилганлиги ҳақида қарор ўқиб эшиттирилди. Йиғилишга Вазгеновичнинг ўзи келмаганди. Шу сабали барча футболчилар нима қилишини билмай, ҳайратдан қотиб қолишди. Шунда мен сўз сўрадим. “Бу қанақаси бўлди? Юрий Саркисян Фарғона футболи ривожи ва довруғига энг кўп ҳисса қўшган инсон бўлса, уни қилган меҳнатлари учун миннатдорчилик билдириб, чиройли кузатиш ўрнига, шунақа қилиб ҳайдаш инсофданми?!” Фикрим, қисқача изоҳлаганда таҳминан шундай бўлди. Мендан кейин Санжар Асқаралиев ҳам сўз олди у ҳам фикрларимга қўшилишини билдирди. Бундан ҳоким ўринбосарининг жаҳли чиқди, “Бу норозиликларингни ҳокимнинг ўзига билдирасизлар” деди ва йиғилишни тарк этди.


Эртасига кечқурун машғулот тугагач, бизга ҳеч қаёққа жилмаслигимизни, қароргоҳга ҳокимнинг ўзи ташриф буюришини айтишди. Дарҳақиқат, кўп ўтмай, вилоят ҳокими етиб келди. У киши “жамоа сардори ким?” деб сўради. Сардор Мансур Саидов эди, лекин ҳеч ким садо бермади. Савол иккинчи маротаба, баландроқ оҳангда янгради. Шунда Мансур менга имлаб, “жамоа номидан сиз гапиринг” деди. Мен олдинга чиқдим. Ҳокимнинг “Ким бу бола?” деган сўровига ўринбосари “Кеча Сизнинг қарорингизга қарши чиққан йигит шу бўлади” деб жавоб қайтарди. Шунда ҳоким мен томон юзланиб “Сизга ҳам бугундан жавоб, кетаверинг” деди. “Икки оғиз гапирсам майлими?” деган сўроғимга “Менга гапларингизни кечанинг ўзида етказишган, бўлди кетаверинг” деди. Ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ эди. Мен нарсаларимни йиғиштириб, қадрдон базани тарк этдим.


Ўша кунлари асосан оила даврасида бўлдим. Хабар тез тарқалган шекилли, кўп ўтмай бошқа жамоалардан қўнғироқлар бўла бошлади. Шунда Юрий Вазгенович билан боғланиб, маслаҳат сўрадим. Назаримда бу ерда қандайдир тушунмовчилик бўлаяпти ва эрта-индин Саркисян яна жамоага қайтади деган умид бор эди. Вазгенович мустақил қарор қабул қилиш ёши ва даражасида эканлигим, шунинг учун қайси жамоага ўтишимни ўзим ҳал қилишим лозимлигини уқтирди. Бу орада жамоани Амет Мемет қабул қилиб олди, зудлик билан мени излаб топди. Ҳеч қаерга кетмаслигим, муаммо ечимини раҳбарият билан ўзи хал қилиши мумкинлигини билдирди. Лекин ғишт қолипдан кўчган эди. Ўша куни барчанинг, айниқса ўзимдан ёш футболчиларнинг олдида базадан хўрланган холда чиқиб кетганимдан кейин қайтиб бу ерга кела олмаслигимни англаб етгандим.

“БУНЁДКОР”
Юқорида айтганимдек, бир қанча жамоалардан таклифлар бўлди. Амалга ошмагани учун уларни номма-ном санашим шарт эмас. Ўзимни умуман бошқа жамоада тасаввур қилолмаётган эдим. Лекин бир қўнғироқ ҳақиқатда ҳаяжонлантирди. Бу Миржалол Қосимовнинг қўнғироғи эди. У киши гапни чўзиб ўтирмади ва “Бунёдкор”га келсам, хурсандчилик билан кутиб олишларини билдирди. Ҳаяжонланганимнинг сабаби, биринчидан бу инсонни жуда ҳурмат қиламан. Нафақат футболчи ва мураббий, балки инсон сифатида. Иккинчидан олдига энг юқори мақсадларни қўйган клуб, Осиё чемпионлар лигасининг мунтазам иштирокчиси сафида тўп суриш кейинги фаолиятимда олдинга ташланган катта қадам бўларди. “Нефтчи” – “Бунёдкор” учрашувидан сўнг Миржалол ака билан учрашиб гаплашиб олдик. У киши терма жамоа билан Хитой – Корея сафарига жўнаб кетаётгани, мен “Бунёдкор”га давралар оралиғида бориб қўшилишим лозимлигини билдирди.


“Нефтчи”дан кетишимда ҳуқуқий жиҳатдан муаммо бўлмади. Клубнинг янги раҳбари билан учрашиб, сўнгги шартнома бўйича кўтарма пулларнинг ярмини ҳали олмаганим, агар мени эркин агент сифатида қўйиб юборишса, ҳеч қандай эътирозим йўқлиги ҳақида тилхат ёзиб беришимни билдирдим. Музокаралардан сўнг томонлар шу тўхтамга келишди (кулади). Қиргулидаги 15 йиллик қадрдон базага сўнгги мартта бордим, барча билан самимий ҳайрлашдим ва Тошкентга учиш учун аэропортга йўл олдим.
“Бунёдкор” сафига Чимёндаги “Арчазор”да, иккинчи даврага тайёргарлик пайтида бориб қўшилдим.

МОСЛАШИШ

Орзу билан реал воқелик орасида катта фарқ бор. Юқорида “Бунёдкор”га ўтсам, фаолиятимда ўсиш бўлиши тўғрисида энтикиб қарор қилганим тўғрисида гапиргандим. Лекин “Нефтчи”даги 15 йиллик фаолиятимдан сўнг умуман бошқача муҳитга киришишим қийин кечиши мумкинлиги ҳақида жиддий бош қотирмаган эканман. “Бунёдкор”да мени жуда яхши кутиб олишди. Иш профессионал даражада йўлга қўйилган. Жамоа аҳил. Лекин бошқача. Машғулотлар ўтказилинишидан тортиб, ўйинга тайргарлик борасигача. Бири яхши, иккинчиси ёмон эмас, шунчаки бошқача. Талаб бошқача. Фарғонада тўп жамоамизга ўтиши билан мени қандай топишларини яхши билардим. Бу ерда ноанъанавий қарорлар кўп. Тезда фикрлашга урғу берилади. Бу борада анча қотиб қолган эканман. Шунинг учун бошида қийналдим. Имкон беришганда ҳам ўз ўйинимни кўрсата олмадим. Ўйиним чиқмаётганидан сиқилиб Юрий Вазгеновичга ҳам телефон қилдим. “Ха, бу ердан ҳам қочиб кетмоқчимисан?” деб ҳазилга олди ва жиддий равишда меҳнат, меҳнат ва яна меҳнат қилишимни уқтирди. Ман кўрасан, ҳаммаси жойида бўлади деб кўнглимни кўтарди. Ҳақиқатдан ҳам ҳозирда киришиб кетдим. “Бунёдкор” таркибида биринчи голимни уришга ҳам уваффақ бўлдим. Лекин асосий таркибда ўз ўрнимга эга бўлишим учун яна кўп тер тўкишим ва изланишим лозимлигини яхши англаб турибман. Ҳаёт менга янги чақириқ билан чиқди ва мен уни қабул қилдим. Бу ёғига ортга йўл йўқ. Шу пайтгача кубок финалида 3 мартта ўйнаб, бирортасида ҳам уни бош узра кўтармагандим. Бу ерда битта ўйиним билан шунга эришдим. Демак “Бунёдкор” менга совринларни қўлга киритишмда, мен эса жамоага голларим билан ёрдам беришимда ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосида иш юритишмиз лозим. Миржалол Қўшоқович “Бор нарса бирдан йўқолиб қолмайди, сенда маҳорат бор ва у яна албатта юзага чиқади. Сабр қил, имкон кут ва ўз сўзингни айт! дедилар. Бу ерда бир уринишда биринчи совринни олдим. Лекин ҳозирча ҳеч нарса берганим йўқ. Лекин ишонинг, “Бунёдкор”да ҳали ўз сўзимни айтаман!

Аброр Имомхўжаев ёзиб олди.

Рейтинг:    

Комментарии

championat.asia
< посмотреть последние новости
Яндекс.Метрика