“Андижон” мураббийлари “Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”га ташриф буюрди
26 мая 2016 17:03
Новости
“Андижон” мураббийлари “Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”га ташриф буюрди
Бундан кўзланган мақсад “Андижон” жамоаси
мураббийларининг футбол мактабнинг ҳаёти билан яқиндан танишиш, иш жараёнидан
хабардор бўлиш ҳамда мураббийлар ўртасида ўзаро боғлиқликни юзага келтириб,
ҳамкорликни йўлга қўйиш эди.
Бўстон даҳасида жойлашган “Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”га ташриф буюрар эканмиз, у ерда бир қатор гуруҳларнинг машғулот ўтказаётган жараёнидан чиқдик. Директор Бекзод Каримов ва унинг ёрдамчилари ижодий гуруҳимизни илиқ кутиб олди ва майдонларнинг холати, футбол мактабида яратилган шароитлар тўғрисида атрофлича таништирди. Ўз навбатида Бахтиёр Ашурматов билан Шуҳрат Мақсудов ҳам болаларнинг машғулотини бевосита кузатиб борди ва мураббийларга керакли кўрсатмаларни берди.
Футбол мактабининг мажлислар залида мураббийлар иштирокида ўзига хос очиқ мулоқот ўтказилди. Унда дастлаб сўз Бахтиёр Аъзамовичга берилди.
– Авваламбор барчангизга хайрли кун. “Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”га ташриф буюришимиздан кўзланган мақсад, шуки бу ерда олиб борилаётган ишлар ва иқтидорли болаларни кузатишдир. Барчамизнинг мақсадимиз энг аввало вилоятнинг бош жамоаси “Андижон”ни маҳаллий футболчилар иштирокида барқарор жамоага айлантириш. Клуб вице-президенти Абдисоломов Маъруфжон Жамолдинович вилоятда болалар футболига ҳам катта эътибор қаратмоқда. Футбол мактабига ҳар томонлама ёрдам беришга уринаётганини кўриш мумкин. Мана футбол майдонинглар билан танишиб чиқдик. Ажойиб холатга келтирилганини кўрдик. Бу йўлда ҳамфикр бўлиб, босқичма-босқич пойдевор қуриш ниятидамиз. Шу кунгача ўтказилган йиғилишларда болалар футболига жиддий эътибор қаратиб, мустаҳкам пойдевор қуриш борасида гап борди. Бу йўлда сиз мураббийларнинг ёрдам бизга жуда зарур. Мақсадимиз бирлашиш ва аниқ мақсад сари дадил қадам ташлаш. Афсуски сўнгги йилларда тан олиш керак, Андижон футболида орқага силжиш кузатилган. Жамоанинг қайд этган ўринлари билан танишиб чиқдим. 2010 йилдан кейин орқага кетилганини кўриш мумкин. Қолаверса жамоада иш бошлаган пайтимда таркибда маҳаллий футболчиларнинг камчиликни ташкил этгани мени ҳавотирга солди. Лекин ишонаманки, Андижон вилоятида иқтидорли футболчилар талайгина. Уларни юзага чиқариш эса биз мураббийларга ҳам боғлиқ. Бу ерга шунчаки расмиятчилик учун келмадик. Мақсадимиз сизлар билан дўстона муносабатни йўлга қўйиш ва ҳамфикр бўлиб биргаликда болалар футболини кучайтиришдир. Бу йўлда қўлимдан келганича бор билимим билан ёрдам беришга тайёрман.
Шундан сўнг сўз навбати ёрдамчи мураббий Шуҳрат Мақсудовга берилди. 1994 йили Хиросимада бўлиб ўтган Осиё ўйинлари ғолиби ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Бахтиёр
Аъзамович барчасини тўғри ва аниқ тушунтириб берди ва ўйлайманки бошқа гапга
ўрин қолмади. Шу кунгача “Нефтчи”, “Олмалиқ” ва Ўзбекистон олимпия ва миллий
терма жамоасида фаолият юритдим. Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, ҳар
бир касб эгаси ўз ишига энг аввало меҳр билан ёндошиши керак. Касбига бўлган
меҳр қанчалик кўп бўлса, ишда унум бўлади. Қандайдир саволлар бўлса бемалол
мурожаат қилишинглар мумкин. Биз бунга доим тайёрмиз.
“Андижон” ФК ижрочи директори Санжарбек Якуббеков ҳам сўз олиб, ўз фикрларини билдириб ўтди.
- Ҳурматли мураббийлар бугунги учрашувни ташкил этишдан мақсад, “Андижон” жамоаси мураббийлар штабида фаолият юритиб келаётган мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйишдир. Бу йил жамоада раҳбарият ўзгарди. Болалар футболига, умуман маҳаллий футболчиларга бўлган эътиборни кучайтириш услубини танлаганмиз. Мақсадимиз маҳаллий ёшларни етиштириб чиқариш. Вилоятда футболга мустаҳкам пойдевор қуриш. Бу йўлда сизларнинг кўмагингиз муҳимдир. Биз томондан “Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”га қўлдан келганича амалий ёрдам берилмоқда. Насиб қилса келгусида ушбу мехнатларимизни роҳатини биргаликда кўрамиз деган умиддаман. Бу борада сизларга қуч қувват ва омад тилайман.
Очиқ мулоқот чоғида мураббийлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан меҳмонларга мурожаат қилишди. “Вилоят болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”нинг етакчи мутахассиси Шамшир Қўлдашев бош мураббий Бахтиёр Ашурматовдан ушбу масканга келиб, машғулотлар жараёнида бевосита иштирок этиб беришларини сўради.
- Албатта биз бу ерга ҳали яна кўп келамиз деган умиддаман. Бекзод Каримов билан маслаҳатлашган холда, бирор-бир мусобақанинг финал ёки очилиш учрашуви, қандайдир танлов кунига белгилаб, бу ерга яна ташриф буюрамиз. Қолаверса мураббийлар штабидаги мутахассисларнинг тажрибасидан ҳам фойдаланиш мумкин. Бу борада сизларга Зоҳид Нурматов, Шуҳрат Мақсудов ва дарвозабонлар мураббийи Ҳислат Чилматов яқиндан ёрдам беришга тайёр.
“Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”да жорий йилдан буён мураббийлик қилиб келаётган собиқ футболчи Ислом Аҳмедов ҳам Бахтиёр Ашурматовга мурожаат қилар экан. Жумладан шундай деди – Аввалги йилларни билмадим-ку, лекин бу йил “Андижон” футбол клуби раҳбарияти томонидан бизга бўлган эътибор ва ғамхўрлик сезиларли даражада бўлмоқда. Бунинг учун миннатдорчилик билдираман. Биз мураббийликка энди-энди кириб келмоқдамиз. Олдинда ўрганадиган ишлар кўп. Бу борада сизларнинг тажрибаларинг бизга зарур. Истардикки, “Андижон”нинг машғулот жараёнини четдан бевосита кузатиб, ишлаш услубингизни ўргансак.
-Бу ерга келибоқ майдонлар билан танишиб чиқдим ва
менга ёқди. Кейинчалик “Андижон”нинг
машғулотини шу ерда ҳам ўтказишга харакат қиламиз. Шунда сиз мураббийлар ҳам машғулот
жараёнига гувоҳи бўлишингиз мумкин. Бундан ташқари хоҳлаган пайтда тортинмасдан
мурожаат қилишингларга ҳам қарши эмасман. Битта йўналишни белгилаб олишимиз
керак ва босқичма-босқич маҳаллий ёшларни етиштириб чиқариш лозим. Очиғини айтганда,
Андижонда сўнгги йилларда маҳаллий футболчиларнинг етишиб чиқиши кескин равишда
пасайиб кетгандек гўй. Жуда қийин вазиятда жамоани қабул қилиб олдик ва
эндиликда ушбу жараёндан чиқиб кетиш учун харакат қилмоқдамиз. Андижонлик
мухлислар жуда талабчан. Агарда жамоа кетма-кет мағлубиятга учраса, бош
мураббий истеъфога чиқарилиши ҳеч гап эмас. Биз ҳам бу ерда қанча ишлашимизни
билмаймиз. Лекин қанча вақт фаолият юритсак ҳам самарали ишлаб, ўзимиздан яхши
ном қолдиришни истаймиз. Биздан кейин келадиган мураббийга ҳам тайёр иш
жараёнини яратиб кетишимиз керак.
“Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”да фаолият олиб бораётган мураббийлардан бири Ашурматовга шундай савол берди. – Иқтидорли футболчиларни излаб топиб, уларни тайёрлаб бораётганимизда сал кўзга ташланиб қолса, тезда Тошкент клубларининг академиясига ўтиш пайига тушиб қолмоқда. Уларни ўзимизда олиб қолиш учун нималар қилсак мақсадга мувофиқ бўларди?
- Яхши савол бўлди. Кеча бўлиб ўтган йиғилишда ҳам
ушбу мавзу кўтарилганди. Болалар билан ишлаш осон эмас. Ўз вақтида мен ҳам
маълум муддат “Бунёдкор” академиясида болаларга мураббийлик қилганман.
Болаларга бу ерда ҳудди ота-ака каби бўлиш керак. Уларга қанчалик меҳр берсангиз,
шунчалик ўзингизга яхши бўлади. Бор иқтидорини юзага чиқаришда уялмайди.
Машғулот жараёнингларни қисқа бўлсада кузатдим. Шундан хулоса қилиб айтаманки,
болалар машғулотда зерикиб қолмаслиги керак. Машғулотдан олдин мураббий қўл
остидаги болалар ҳисобидан келиб чиқиб, машғулотда қандай машқлар ўтказилиши
борасида аниқ бир тўхтамга келиб, керак бўлса қоғозга концпект тариқасида ёзиб
олиши керак. Машғулот пайтида болакайлар кўпроқ тўп билан шуғулланса ўзлари
учун шунча яхши бўлади. Улар машғулот пайтида тўхтаб қолиши керак эмас. Имкон
қадар ҳар бир машқ тўп билан бўлмоғи лозим. Шунда уларда ҳам футболга бўлган
меҳр ортиб боради. Қўл остингиздаги болаларни ўзингизда сақлаб қолиш учун
уларга ҳудди ота ва акадек бўлишингиз керак.Иложи бўлса раҳбарият томонидан уларга
бўлган эътиборни кучайтириш керак. Уларни бир хил қилиб спорт кийимлари ва
спорт анжомлари билан таъминлаш муҳим. Футболчиларнинг ота-онаси билан
мулоқотда бўлсангиз, уларга “Андижон” жамоаси ва вилоят футболини юксалтиришда
фойдаси тегиши мумкинлигини тушунтириб ўтсангиз, ёш болаларда ҳам “Андижон”
жамоасига нисбатан меҳр пайдо бўлади ва улар шу ерда ўйнаш учун харакат қилади.
Бизнинг жамоада ўзини кўрсатгудек бўлса, кейинчалик таниқли клубларга ўзимиз
трансфер қиламиз. Яна бир гап. Футбол мактабида иқтидорли болаларни ушлаб қолиш
учун ўзига хос шартномаларни жорий этиш керак. Агарда бирор бир талантли
футболчингиз бошқа жамоага ўтиб кетмоқчи бўлса, марҳамат қилиб, футбол
мактабига маълум бир миқдорда маблағ ўтказиб берсин ёки спорт кийимлари билан
таъминласин. Менимча шунда тўғри бўлади. Чунки ҳозир шундай холатки, ёш болалар
хоҳлаган жамоасига ўтиб кетмоқда. Унга меҳр берган мураббий эътиборсиз қолиб
кетмоқда. Мураббий ва футбол мактаби ҳам мехнатига яраша муносиб
рағбатлантирилиши лозим.
Савол-жавоблар якунига етгач, “Болалар ва ўсмирлар футбол мактаби”нинг тренажёр зали ва умуман маскан билан танишиб чиқилди. Қарийиб икки соат давом этган учрашув ҳар икки томон учун қизиқ ва фойдали ўтди дейиш мумкин. Бу каби учрашувлар вилоятдаги бошқа футбол мактаблари билан ҳам бўлиши мураббийлар штабининг режасидан ўрин олганини айтиш лозим.
Комментарии