Абдусамад Дўрмонов: “Бу йил олий лигага тўғридан-тўғри “Обод” чиқса керак”
31 окт 2015 12:46
Новости
Абдусамад Дўрмонов: “Бу йил олий лигага тўғридан-тўғри “Обод” чиқса керак”
Мухлисларга яхши маълумки бу йил 1-ўринни эгаллаган жамоа тўғридан-тўғри элитага йўл олади. 2-ўрин соҳиби эса регламентга кўра олий лиганинг 15-ўриндаги жамоаси билан плей-офф баҳсида майдонга тушади. Айни дамда биринчи лиганинг иккита клуби 1-ўрин учун жиддий курашмоқда. “Оқ-тепа” ва “Обод” ўртасидаги очколар фарқи 1тани ташкил этмоқда. Хўш, 1-ўринга бўлган имконият кимда юқорироқ? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида ўз вақтида биринчи лигада фаолият юритган Абдусамад Дўрмонов билан суҳбатлашдик.
- Абдусамад ака, биринчи лига ўйинлари ҳам ҳадемай поёнига етади. Нима деб ўйлайсиз, 1-ўрин қайси жамоага насиб этаркин?
- Аввало биринчи лигада ҳам ҳудди олий лигадаги каби интрига авж олгани ижобий хол эканлигини таъкидлаб ўтган бўлардим. Ҳақиқатдан ҳам 1-ўрин эгаси катта эхтимол билан сўнгги турда аниқ бўлади. “Оқ-тепа” ва “Обод” ўзи иштирок этаётган чемпионатнинг ҳақиқий топ клубларидир. Шароит ва таркиб жиҳатдан улар бошқалардан бир поғона устундир. Саволингизнинг асосий қисмига келадиган бўлсак, менимча “Обод” бу йил олий лигага тўғридан-тўғри йўл олса керак. Унинг қолган икки рақиби бу – “Хотира-79” билан “Косонсой”дир. “Оқ-тепа” эса “Машъал-2”ни қабул қилиб, сўнгра “Хоразм” майдонига сафар уюштиради. Урганчликлар ҳам яхши жамоа. Улар ҳам бежизга 4-ўринда бораётганини исботлаш учун сўнгги турда жиддий қаршилик кўрсатади деб ўйлайман. Яна ким билади дейсиз. Бу – футбол. Унда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
- Пойтахтнинг ушбу икки клубини жорий мавсум кузатдингизми? Ўйин борасида улар қандай?
- Йўқ, унчалик кўп ҳам кузатиш имкони бўлмади. “Ёзёвон-Лочинлари” жамоасини бошқараётганимда ўз майдонимизда “Оқ-тепа” билан ўйинда кўргандим бу жамоани. “Обод” билан эса қишда синов-назорат баҳсида майдонга тушгандик. Ўшандаёқ билгандим уларнинг жамоавий ўйини яхши шаклланганлигини.
- Агарда “Оқ-тепа” сиз айтгандек 2-ўринни эгалласа улар кейин олий лиганинг 15-ўриндаги жамоаси билан плей-офф баҳсида иштирок этади. Бу борада уларнинг имконияти қандай деб ўйлайсиз?
- Элита билан биринчи лиганинг фарқи бор. Тўғри, “Оқ-тепа” таркибида ҳам илгари бир неча йил олий лигада ўйнаган йигитлар жамланишган. Аммо бугунги кунда олий лига клублари барибир кучлироқ.
- Умуман олганда бу йилги биринчи лига чемпионати ҳақида фикрингиз қандай?
- Бу ерда ҳам 4та клуб жиддий курашмоқда. Юқорида номлари келтириб ўтилган Тошкент клубларидан ташқари “УзДонгЖу”, “Хоразм” ва “НБУ-Осиё” ҳам яхши жамоалардир. Шунингдек “Зомин” ҳам. “Банкирлар”нинг олдига элитага чиқиш вазифаси қўйилмаган бўлсада, улар доим етакчиларга жиддий қаршилик кўрсатиб келади. Қолган клубларнинг савияси деярли бир хил дейиш мумкин.
- Собиқ жамоангиз “Ёзёвон-Лочинлари”нинг ўйинларини кузатиб боряпсизми?
- Деярли йўқ. Биргина “Машъал-2”га қаши ўтказган баҳсига бориб кўриб келдим. Жамоа дебютант саналади. Йигитлар иккинчи босқичда янада ўсишга эришди деб ўйлайман. Биринчи мавсумидаёқ 8-ўринни эгаллаш менимча ёмон натижа бўлмаса керак. Мавсум бошида бир қатор муаммолар юзага келганди. Эндиликда эса ҳаммаси изига тушиб бораётир. Нима бўлганда ҳам бу жамоага омад тилайман.
- Айни дам ўзингиз қандай юмушлар билан бандсиз?
- Уйдаман. Дам оляпман. Яширишни кераги йўқ, таклифлар бўлишини кутяпман. Қайсидир жамоа хизматимга эхтиёж сезса, ёрдам беришга тайёрман. Мураббийнинг қисмати шу эканда, бугун кимгадир кераксан, эртага эса аксинча.
Исломбек Рустамбеков суҳбатлашди.
Комментарии