8 августгача вақт сизга Зайниддин Зидан!
03 авг 2017 16:16
Новости
8 августгача вақт сизга Зайниддин Зидан!
Бу "Реал" мухлисларига хуш келмагани турган гап. Шундай экан, қолган қисқа вақт ичида Зидан катта кўламдаги ишни бажариб, жамоани "МЮ"га қарши ўйинга тайёрлай олиши зарур.
Қироллик клуби аввал пенальтилар сериясида ўша "Манчестер Юнайтед"га, кейинроқ 2:3 ҳисобида Испания Суперкубоги учун баҳсдаги бўлажак рақиб "Барселона"га мағлуб бўлди. Вазиятга жиддий қараб, тезкор чоралар кўрилмаса, Зизу ва шогирдлари янги мавсумнинг илк совринларини кўзлари билан рақиб томон кузатиб қўядилар ҳолос!
Бугунги кунгача бўлган ўйинлардан келиб чиқсак, Зиданнинг олдида қуйидаги асосий вазифалар турибди:
Концентрация ва агрессивлик етишмаслиги
Мавсумга тайёргарлик доирасидаги ўртоқлик учрашувларини бевосита кўрганлар сезгани аниқ Чемпионлар Лигасининг амалдаги ғолибига концентрация етишмаяпти. Шунингдек, жамоага яхши маънода агрессивлик етипмаётгандек. Бу нарса айниқса "Манчестер Сити"га қарши ўйин ва "Барселона" билан баҳснинг дастлабки дақиқаларида сезилиб қолди. Стандарт вазиятдаги хатолар, оддий жойда ҳам тўп йўқотилиши УЕФА Суперкубоги учун курашда қимматга тушиши ҳеч гап эмас.
Серхио Рамос тикланиш жараёнини тезлаштириш зарур
Жамоага қолганлардан кечроқ қўшилгани етмагандек, Рамос ундан кейин ҳам Америкада орттириб олган қулоқ касаллигини даволаш билан банд бўлди. Ҳимоячи ҳали яхши спорт формасига кириб улгурмади, бир неча кундан кейин эса муҳим ўйин.
Шу тариқа, Зидан бор йўғи 6 кундан бери умумий гуруҳда шуғулланаётган жамоа сардори масаласини ҳал қилиши лозим.
Самарадорлик йўқлиги
Айни дамда энг ўйлантирадиган саволлардан бири бу: "Ким гол уради?". Қўшимча дам олган Криштиано Роналдо Суперкубок ўйинига тайёрланиб улгурмайди. Карим Бензем ва Гарет Бэйл дуэти эса ҳали чиқишиб кетгани ва натижа бераётгани йўқ. Шу сабабли Зидан масаланинг бошқа бир ечимини топиши зарур.
Янги футболчилар тайёр туришлари зарур
Хамес Родригес, Данило ва Альваро Моратани сотиб юборгач, "Мадрид" янги сотиб олинган футболчилар ҳозироқ жамоага киришиб, мавсум бошиданоқ фойда келтиришларига мухтож. Кетганлар ўтган мавсумда асосий таркиб футболчиси бўлмаган бўлсада, алоҳида олинган учрашувларда ҳал қилувчи ролларни ўйнашди ва қимматли очколарни келтира олишди. Энди бу вазифа Дани Себальос, Маркос Льоренте, Хесус Вальехо ва Тео Эрнандес гарданига тушади.
Амалдаги Испания чемпиони, Чемпионлар Лигаси ғолиби, клублар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган "Реал"да шунча муаммо борлигига нима дейсиз? Шунақа гаплар, 8 августгача вақт сизга Зайниддин Зидан!
Омонжон Тўхтамирзаев
Комментарии