2020 йил қаҳрамонлари ноанъанавий тарзда ёхуд тандем
31 дек 2020 14:24
Новости
2020 йил қаҳрамонлари ноанъанавий тарзда ёхуд тандем
Лекин шунда ҳам, қийин вазиятда болалар футболини ривожи йўлида тўхтаб қолмаган, мавжуд имконият ва вазиятдан келиб чиқиб келажак авлод вакилларини хурсанд қила олган инсонлар жуфтликларига тўхталиб ўтишни лозим топдим. Аслида бундай инсонлар жуда кўп, мен фақат 2020 йил пандемия юмшаганидан кейин ўзаро ҳамкорликда кўз олдимда, қаҳрамонлик кўрсатган инсонлар жуфтликлари борасида тўхталиб ўтишни лозим топдим. Яна бир бор айтаман, аслида бундай мен билмаган инсонлар кўп. Ўз ҳудудларида ишлаганлар кўп. Мен шунчаки, бирга ишлаган инсонларни эътироф этиб кетишни истадим. Демак, уларни ҳеч бирига рейтинг рақамини қўймасдан, кетма-кетликда бераман. Улар биринчи бўлишни эмас, болалар футболига ҳисса қўшишни ўйлаб хизмат қилаётган мутахассислар.
Одил Аҳмедов / Содиқ Аҳмадалиев
Терма жамоамиз сардорининг болалар футболига қўшаётган ҳиссаси ҳақида реклама шарт эмас. Уни 3 йилдан бери қилаётган меҳнати ва интернатдан бери ёнида бўлиб келаётган дўсти, Содиқ Аҳмадалиевни Тўрақўрғонда амалга ошираётган ишлари таҳсинга лойиқ. Бу икки инсон Республика миқёсида бўлиб ўтаётган жуда кўплаб мусобақаларга ҳомийлик қилиш билан бирга, ўйинлар давомида футболчиларни қўллаб-қувватлашдан чарчамаяптилар. Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида қурилган биринчи шахсий академияни бунёд этилишида мана шу икки инсоннинг ҳиссаси жуда катта бўлди. Буни меваларини 5-6 йил ичида кўришимиз аниқ.
Зайниддин Тожиев / Жаҳонгир Усмонов
Ўтмишнинг афсонаси, энди мана шу натижаларини болалар футболида бошлашга ҳаракат қилгани шаҳсан мени қувонтирган эди. 2017 йил бирга-бир ўтириб суҳбатлашиб олганимизда, 5 нафар фарзанднинг отасидан яхши болалар мураббийи чиқишига шубҳам қолмаганди. Унинг тандеми сифатида Жаҳонгир Усмоновни кўтариш мумкин. Адолатсизликлар туфайли мураббийликни тарк этган мутахассис, 2017 йил яна катта саҳнага кирди ва 2020 йилда Тожиев ва Усмонов ўзлари иштирок этган 9та мусобақанинг 8тасида биринчи ўринни қўлга киритдилар. Айниқса 36та жамоа қатнашган, якунда "Милан" ва "Краснодар"нинг финали билан тугаган мусобақада ярим финалига етиб бориши катта натижа бўлди. Бу мутахассислар олдида энди катта масъулият турибди, бу - Ўзбекистон U-14 жамоаси билан Хитойда бўлиб ўтадиган ўсмирлар ўртасидаги Осиё ўйинлари!
Носир Отақўзиев / Расул Йўлдошев
Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев ҳақида турли фикрлар мавжуд. Лекин мен бу кишига болалар футболи йўлида тан бердим. 4та сунъий майдон, 60 кишилик ётоқ, мини футбол бўйича жаҳон стандартларига мос замонавий зал, бассейн ва офис хоналари мавжуд бўлган катта комплекс Фарғона вилояти футбол ассоциациясига тақдим қилинди ва бу ишни айнан собиқ ҳоким болалар йўлида ФФАга совға қилиб юборди. Ташкилот қийналмаслиги учун, уни сақлаш харажатларини ҳокимиятни назоратига қолдирди. Бу масъулиятни ҳис қилган Носир Отақўзиев ўзининг биринчи ёрдамчиси бўлган Расул ... билан кенг кўламдаги ишларни амалга оширишди. 2004 ва 2006 йиллар ўртасидаги Ўзбекистон Кубоги муваффақиятли ўтказдилар. Йил якунида бежизга бу ташкилот йилнинг энг яхшиси деб топилмади.
Равшан Эрматов / Аваз Каримов
2017 йил Республика Олимпия захиралари коллежида футбол бўлимини ёпилиши, бу футболга берилган оғриқли зарба эди. 2020 йил мазкур даргоҳ яна очилди ва у ерга 2007 йилларда таваллуд топган футболчилар таҳсил олиш учун кирдилар. Футбол бўлимини қайта очилишида ўз ёрдамини берган икки инсонни алоҳида қайд этиб ўтишни лозим топдим. Булар, Равшан Эрматов ва ташкилотни ўша пайтдаги раҳбари, бугун спорт вазири ўринбосари Аваз Каримов. Ўз навбатида йиғилган 2007 йиллар болалар раҳбариятни уялтириб қўйишмади ва биринчи уринишни ўзидаёқ Тошкент шаҳар чемпиони деган унвонга сазовор бўлдилар. РОЗСКни 8 нафар футболчиси 18 кишилик Тошкент терма жамоаси сафида Ўзбекистон чемпионати ва Суперкубоги соҳиби бўлдилар.
Маъмур Саидқосимов / Маъмур Султонов
Собиқ ҳакам ва унинг ёшлигидан тарбия қилиб келган шогирдлар. Адашлар ўртасида ташкил топган ЎФАнинг болалар футболини ривожлантириш бўлими пандемия шароитида қийин вазиятга тушиб қолишига қарамай, 2019 йилнинг декабрь ойида режа қилинган (пандемиядан аввал) барча болалар футболига оид мусобақаларни бекам-у кўст, кеч бўлсада ўтказа олдилар. Аввалги йиллардан фарқли равишда бу йилги мусобақалар анча тартибли ўтди. Аввалгидек очиқдан, очиқ ўйинларга аралашувларга деярли барҳам берилди. Адолат биринчи ўринга чиқа олишида мана шу икки мутахассиснинг меҳнати катта бўлди. Улар қаторида бўлимда ишлаган, Жаҳонгир Григорий ва Отабекларни ҳам алоҳида айтиб ўтишим мумкин.
Бахтиёр Ширинов / Ойбек Икромов
ЎФА томонидан энг катта қилинган ишлардан бири, бу ҳудудий ассоциацияларни молиявий ҳолатини яхшилаш бўлди. Мазкур ишни дўндириб маромига етказган ва илк маротаба барча ҳудудий ассоциацияларни молиявий таъминотини "беш" қилиб қўйган мутахассис, бу Бахтиёр Ширинов. Унинг бўлимдаги ягона ёрдамчиси Ойбек Икромов билан биргаликда йил давомида жуда катта ишлар қилинди. 2-лига мусобақалари тартибга солинди. Йил якунида бўлиб ўтган пулька ўйинларига масъул шахс сифатида, барча ўйинлар тартибли ўтишини таъминлашни уддасидан чиқа олдилар. Энг муҳими, ассоциациялар ўртасида дўстона ҳамкорликлар йўлга қўйилди.
Аскер Жадигеров / Азизхўжа Каттахўжаев
Тошкент вилояти географик жиҳатдан жуда катта бўлиб, шаҳар ва туманлари ўртасида қатнов бироз қийин. Шунга қарамай, 2020 йил иккинчи лига мусобақасини ажойиб тарзда ташкил қила олган вилоят футбол ассоциациясининг ишига ижобий баҳо бериш мумкин. Айниқса болалар лигасини қайта ташкил қилинганлиги вилоят ўсмирлари учун ютуқ бўлди. Тошкент шаҳар ФА билан янги лойиҳага қўл ураётган Аскер Жадигеров бошчилигидаги ташкилотнинг асосий қуролларидан бири бу Азизхўжа Каттахўжаев бўлди.
Ориф Аноров / Мади Бадалов
Юртимизнинг олис нуқталаридан бири бўлган Сурхондарё 90-йиллар бошида бизга не-не юлдузларни тақдим этмаган эди, тўғрими? Бугун Италияни забт этган футболчимиз ҳам, айнан шу ўлка фарзанди. Рўйхатимдан ўрин олган икки нафар мураббий, айнан мана шу вилоят вакиллари, бири Термиздан, "Тож" жамоаси раҳбари Ориф Аноров, иккинчиси тизим хатолиги туфайли эндигина "Д" лицензияни олган, аммо тинмасдан истеъдодларни тайёрлаётган Мади Бадалов ва Ориф Аноровнинг тандемига Наманганда бўлиб ўтган 2008 йиллар мусобақасида тан бердим. Денов ва Термиз футболчилари негизида ташкил топган терма жамоа мухлислар олқишига сазовор бўлди. Ориф Аноров 2007 йиллар ўртасида бўлиб ўтган БЎСМ терма жамоалари мусобақаси ғолибига имкониятни бой берган бўлса, футзал бўйича Республика Кубогида биринчи ўринни қўлга киритди. 4 нафар шогирди эса Тошкент шаҳар чемпиони деган номга сазовор бўлди. Мади Бадаловнинг сардори 2008 йиллар ўртасида бўлиб ўтган пойтахт чемпионатида биринчи ўринни олди. У бошчилигидаги Денов Сурхондарё 2 лигаси кубоги соҳиби бўлган ҳолда, Кубок пулькасида ғалаба қозонди.
Бегзод Каримов / Насибулло Мадраҳимов
Республикадаги энг яхши футбол маҳорат мактаби шубҳасиз Андижонда. Шунинг учун ҳам 2007, 2005 ва 2003 йиллар ўртасида бўлиб ўтган академиялар ўртасидаги Республика Кубоги ва чемпионатида ғолиб чиқдилар. ЎФА Суперкубогида кимсан, Тошкент терма жамоаси мағлуб этилди. Шубҳасиз, бу меҳнатда ташкилот раҳбари Насибулло Мадраҳимов томонидан тузилган аҳил коллектив ва АФА биринчи Вице-президенти Бегзод Каримовнинг хизматлари катта бўлди.
Қаҳрамон Маҳамаджанов / Нуриддин Акбаров
Бу икки мутахассисни бугунги кунда Тўрақўрғонда тутган ўрни катта. "Одил Аҳмедов ФА" стадионида бўлиб ўтадиган барча тадбирларни бошидан охиригача турадиган, кадр орти қаҳрамонлари бўлган Қаҳрамон Маҳамаджанов ва Нуриддин Акбаровлар бугун у ерда кенг кўламдаги ишларни амалга ошираётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Акбаров 10 ёшгача бўлган авлод вакилларига масъул бўлса, Маҳамаджанов 16 ёшгача бўлган футболчиларни тарбия топишида муҳим роль ўйнаяпти. Уларнинг олдида турган энг катта вазифа, энди 2032 йили бўлиб ўтадиган Олимпияда ўйинларига яхши савиядаги футболчиларни тарбиялаб бериш.
Шуҳрат Мирхолдиршоев / Ғолиб Охунов
Тақвимдан ташқари мусобақаларни ўтказиш бўйича, бугун Наманган вилояти, Тошкентдан кейинги иккинчи ўринга чиқиб олди деб айта оламан. Айниқса Тўрақўрғон тумани, водий марказига айланиб бўлди. У ерда нафақат водийнинг, балки Республиканинг энг яхши мусобақалари ўта бошлади. Бу борада Наманган вилояти футбол ассоциацияси томонидан ҳам кенг кўламдаги ишлар амалга ошириляпти. Барча мусобақаларда Шуҳрат Мирхолдиршоевнинг шаҳсан ўзи иштирок этиб келяпти. Унинг бош ёрдамчиси Ғолиб Охунов ҳам бу борада четда тураётган йўқ. Шунинг учун ҳам 2007 ва 2008 йиллар ўртасидаги Республика Кубоги яхши савияда ўтди. "Олимжон Аҳмедов" Кубоги эса йилнинг энг яхши мусобақаси бўлиб ўтди десак муболаға бўлмайди.
Искандар Анарқулов / Жовҳар Хатамов
Тошкент футбол академиясига ФИФА томонидан янги майдон қуриб берилгач, пойтахтдаги энг яхши финал ўйинлари айнан шу стадионда ўта бошлади. Бошқа ҳамкасбларимиздан фарқли равишда, истаган пайтда стадионни болалар ва 2-лига жамоалари учун VIP қилиб берган ва ўзи тепасида туриб амалий ёрдам кўрсатиб турган ташкилот раҳбари Искандар Анарқулов ва стадионда бўлиб ўтадиган ташкилий ишларда ёрдам бериб келган Жовҳар Хатамов.
Алишер Аҳмедов / Шуҳрат Алиев
Самарқанд футболи битта катта мавзу! Ҳаттоки ЎФА томонидан ечилиши қийин бўлаётган мураккаб вазифа. Аммо шундай шароитда ҳам болалар футболи равнақи йўлида тиним билмай меҳнат қилаётган ва имкон қадар қўлидан келганича мусобақалар ўтказиб келаётган Алишер Аҳмедов ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмасам бўлмайди. Йўқ шароитда ишлашига қарамай, 2 нафар шогирди бугун 2007 йилларда таваллуд топган Ўзбекистон терма жамоасининг бўлажак аъзолари сифатида қайд этиляпти. 2009 йилларда тарбияланаётган 3 нафар футболчиси эса Тўрақўрғонда лойиҳалаштирилаётган Олимпия-32 лойиҳасига гранд асосида ўтди. Жуда кўп қийинчиликларга қарамай меҳнат қилиб келаётган бу мутахассисни ёнида турган Шуҳрат Алиевга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдириб ўтардим.
Элёр / Хушбек Қосимов
Фарғона вилоятида биринчилардан бўлиб хусусий клубни ташкил қилиб, қатор мусобақаларда иштирок этиб келаётган "Фаровон" жамоаси билан бир пайтлар шахсан келиша олмаган бўлсам-да (у одамлар йўқ ҳозир) аммо бугун болалар йўлида биз келиша олдик. Яъни, ҳар қандай адоватни четга суриб, бу жамоа болалари учун яна мусобақаларимиз эшикларини очдик. Клуб раҳбари Элёр ва унинг катта мураббийи Хушбек Қосимов томонидан тузилган 2007 йиллар жамоасини водийда реклама қилиш шарт эмас. Клуб вакиллари имкон қадар барча мусобақаларда иштирок этишни истайдилар ва бунинг натижасида болалар ҳудудда энг кўп мусобақаларни кўраётган жамоалардан бири ҳисобланади.
Комментарии