2016 йилнинг энг муҳим воқеалари ФОТОНИГОҲ
31 дек 2016 16:00
Новости
2016 йилнинг энг муҳим воқеалари ФОТОНИГОҲ
ЯНВАРЬ
12-30 январь
Қатарда U-23 Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Жанубий Корея, Ироқ ва Яман ўрин олган гуруҳда 3-ўринни банд этди.
ФЕВРАЛЬ
10-21 февраль
Тошкентда футзал бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон терма жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Якунда Хосе Мария Мендез шогирдлари финалда Эронга 1:2 ҳисобида мағлуб бўлишди.
17 февраль
Қаршининг "Насаф" клуби Ўзбекистон Суперкубоги учун баҳсда "Пахтакор"ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди.
МАРТ
24 март
ЖЧ-2018 саралаши. Ўзбекистон - Филиппин 1:0. Анзур Исмоиловнинг урган голи жамоамизга ғалаба келтирган.
29 март
ЖЧ-2018 саралаши. Ўзбекистон - Баҳрайн 1:0. Сардор Рашидов киритган тўпи Ўзбекистонга уч очко келтирагнди.
АПРЕЛЬ
12 апрель
ЖЧ-2018 саралаши 3-босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистон Эрон, Жанубий Корея, Қатар, Хитой ва Сурия билан бир гуруҳдан ўрин олди.
МАЙ
8 май
"Ардус" клуби футзал бўйича Ўзбекистон кубоги соҳибига айланди.
14 май
"Олмалиқ" клуби футзал бўйича Ўзбекистон чемпионига айланди.
17 ва 24 май
ОЧЛ нимчорак финалида "Локомотив" ва Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" клубига қарши иккита ўйин ўтказди. Сафардаги баҳсда ҳисоб очилмади. Тошкентда ўтган жавоб ўйинида "темирйўлчилар" Ислом Тўхтахўжаев ва Шерзод Файзиев томонидан урилган голлар эвазига ғалаба қозонишди.
ИЮНЬ
7 июнь
Ўзбекистон терма жамоаси Канада билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди.
ИЮЛЬ
15-23 июль
Таиландда футзал бўйича клублар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Ўзбекистон чемпиони "Олмалиқ" клуби гуруҳдан чиқиб чорак финалда мағлубиятга учради.
24 июль
Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Ироқ билан ўртоқлик учрашуви ўтказиб 2:1 ҳисобида мағлуб этди.
АВГУСТ
23 август
ОЧЛ чорак финали доирасида "Локомотив" сафарда "Ал Айн" билан дуранг ўйнади - 0:0.
25 август - 3 сентябрь
U-16 аёллар терма жамоамиз Вьетнамда бўлиб ўтган Осиё чемпионати саралашида иштирок этди. Қизларимиз ўрин олган гуруҳдан Австралия юз фоизли натижага эришиб Осиё чемпионатига чиқди. Ўзбекистон эса 2та ғалаба 1 дуранг ва 2та мағлубият қайд этиб учинчи ўринни эгаллади.
24 август
Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Африка вакили Буркина Фасо билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Егор Кримецнинг голи жамоамизга ғалаба келтирди - 1:0.
СЕНТЯБРЬ
1 сентябрь
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаши 3-босқичидаги илк учрашувни Сурияга қарши Тошкентда ўтказди. Александр Гейнрихнинг урган ягона голи жамоамизга 3 очко келтирди - 1:0.
6 сентябрь
Ушбу босқичдаги иккинчи турда Самвел Бабаян шогирдлари Қатар билан сафарда беллашишди. Баҳсда Егор Кримецнинг урган голи жамоамизга муҳим ғалабани тақдим этди.
10 сентябрь- 1 октябрь
Колумбия мамлакатида футзал бўйича Жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Унда ўз тарихида илк бор Ўзбекистон терма жамоаси иштирок этди. Хосе Мария Мендез бошчилигидаги жамоамиз Португалия, Колумбия ва Панама жамоалари ўрин олган гуруҳда 1 очко тўплади.
13 сентябрь
ОЧЛ чорак финали жавоб баҳсида "Локомотив" Тошкентда "Ал Айн"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди ва мусобақани тарк этди.
15 сентябрь - 2 октябрь
Ҳиндистон мамлакатида U-16 Осиё чемпионати бўлиб ўтди. Унда Темур Олимхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон гуруҳда учта ўйинда ҳам ғалаба қозонди. Чорак финалда эса ўсмирларимиз Ироққа мағлуб бўлишди (0:2) ва Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга кирита олишмади.
ОКТЯБРЬ
6 октябрь
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги навбатдаги ўйинни Эронга қарши ўтказди. Учрашувда меҳмонлар 1:0 ҳисобида зафар қучишди.
11 октябрь
Ўзбекистон терма жамоаси ЖЧ-2018 саралаши доирасида ўз уйида Хитой билан ўйнади. Марат Бикмаев ва Отабек Шукуровнинг урган голлари жамоамизга ғалаба келтирган - 2:0.
13-30 октябрь
Баҳрайн мамлакатида U-19 Осиё чемпионати ўтказилди. Унда Жасур Абдураимов бошчилигидаги ёшларимиз гуруҳ баҳсларида 7 очко тўплаб биринчи ўринни олди. Чорак финалда жамоамиз Эронга 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйиб Жаҳон чемпионати йўлланмасидан мосуво бўлди.
27-31 октябрь
Тожикистонда U-19 аёллар ўртасида Осиё чемпионати саралаш баҳслари ўтказилди. Баҳром Норсфааров бошчилигидаги қизларимиз Тожикистон, Гонгконг ва Хитой Тайпеи жамоаларини мағлуб этиб гуруҳда биринчи ўрин билан қитъа чемпионатига йўл олишди.
НОЯБРЬ
10 ноябрь
Ўзбекистон терма жамоаси Тошкентда Иордания билан ўртоқлик учрашуви ўтказди. Биринчи бўлим охирида Игорь Сергеев урган гол жамоамизга ғалаба келтирди - 1:0.
15 ноябрь
ЖЧ-2018 саралаши доирасидаги йилнинг энг сўнгги учрашуви Жанубий Кореяга қарши сафарда ўтказилди. Сеулдаги учрашувда Марат Бикмаев ҳисобни очганди. Бироқ иккинчи бўлимда мезбонлар 2та гол уриб ғалабани илиб кетишди - 2:1.
17 ноябрь
Тошкентнинг "Локомотив" клуби расман Ўзбекистон чемпионига айланган кун. Шу куни "Бунёдкор" "Навбаҳор" билан дуранг ўйнади ва "темирйўлчилар"га ета олмаслиги аниқ бўлди. Эртаси куни "Локомотив" ўз уйида "Металлург"ни мағлуб этиб чемпионлик кубогини қабул қилиб олди.
23 ноябрь
2016 йилги олий лига баҳслари якунига етди. "Локомотив" чемпион, "Бунёдкор" вице-чемпион, "Насаф" бронза медали соҳибига айланди. "Андижон" клуби олий лигадан тушиб кетди. Бу йил биринчи лигада ўйнаган "Динамо" клуби эса яна элитага қайтди.
30 ноябрь
Самарқанд шаҳрида 2016 йилги Ўзбекистон кубоги финал учрашуви бўлиб ўтди. Унда "Насаф" ва "Локомотив" клублари тўқнаш келишди. Учрашув аввалида Темурхўжа Абдухолиқов томонидан урилган гол "Локомотив"га Ўзбекистон кубогини келтирди - 1:0.
ДЕКАБРЬ
13 декабрь
Куала-Лумпур шаҳрида 2017 йилги Осиё чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Кейинги йил Ўзбекистонга 1+2 кўринишида квота ажратилди. "Локомотив" мусобақани гуруҳ босқичидан, "Насаф" ва "Бунёдкор" эса плей-оффдан бошлайдиган бўлди.
26 декабрь
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Санжар Турсунов "Ворскла"ни тарк этиб Қатарнинг "Ал Харийтият" клубига ўтди. Турсунов ўз вақтида Қатарда "Умм Салал" клубида ҳам ўйнаган эди.
30 декабрь
Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов "Краснодар"ни тарк этиб Хитойнинг "Шанхай СИПГ" клубига кўчиб ўтди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Аҳмедов 7 миллион эвазига Андре Виллаш-Боаш бошқараётган, Халк ва Оскар ўйнаётган жамоага ўтган.
Кириб келаётган 2017 йил барчага муборак бўлсин! Янги йил футболимиздаги ютуқларимиз 2016 йилдагидан кўпроқ бўлсин!
Комментарии